Новая литература Кыргызстана

Кыргызстандын жаңы адабияты

Посвящается памяти Чынгыза Торекуловича Айтматова
Крупнейшая электронная библиотека произведений отечественных авторов
Представлены произведения, созданные за годы независимости

Главная / Художественная проза, Малая проза (рассказы, новеллы, очерки, эссе) / — в том числе по жанрам, Внутренний мир женщины; женская доля; «женский роман» / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
© Баходир Шералиев, 2012. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 11 ноябр 2013 йил.

Баходир Салайдинович ШЕРАЛИЕВ

Қизгина

(Бўлган воқеа)

Рассказ о том, как нелегко быть женщиной, что каждое рождение ребенка – это почти смерть для его матери.

 

Қизгинанинг турмуш қурганига ҳадемай тўрт йил бўлади.

Тотув оиласи, шириндан-шакар ўғли бор.

Шу кунларда у яна фарзанд кутади. Врачларнинг гапига ишонса, бу сафар эгизаклар дунёга келиши керак. УЗИ шундай кўрсатган, яна бир аллоҳнинг ўзи билади. Шу ой ичида кўзи ёриши керак, кун санайди, танасидаги ҳар бир ўзгаришга эътиборини қаратади. Аксига олгандай, туққан ойиси узоқда, аниқроғи Москвада. Замонанинг зайли билан, у тирикчилик куйида юрган дадаси ва укаларининг мушкулини осон қилиш учун ўша томонга кетганига олти ой бўлиб қолади. Тўғри қайнонаси ёнида, тинмай ҳолини суриштириб туради, анча-мунча маслаҳат беради, лекин Қизгина туққан онасини кўпроқ қўмсайди, қайнонасига айтолмайдиган гапларини ойисига айтгиси келади.

Бугун эрталабдан кир ювишга уннаб кетди. Ўғлининг ва эрининг кийимлари, чойшаб-сочиқ дегандай, ҳаш-паш дегунча, кун тушликка яқинлаб қолибди. Қизгина шундагина қорнидаги оғриққа эътибор берди. Кир ювиш чўзилиб кетиб, оғир келганга ўхшайди. У бирозгина чўзилиб дам олмоқчи бўлди, балки ўтиб кетар… Йўқ, қайтанга оғриқ кучайиб, Қизгинани беҳаловат қила бошлади.

Бахтига бугун дам олиш куни, ҳамма уйда, йўқса эрини ёки қайнонсини ишдан кутиши, зарур бўлса чақиртириши керак. Бунинг учун эса яна ҳийлагина вақт лозим бўларди. Апил-тапил тайёргарликни кўришгач, уччаласи туғруқхонага қараб йўлга чиқишди. Ўғилчаси ухлаб ётганидан билмай қолди, йўқса у ҳам эргашарди. Қайнотаси уйда, амаллаб туради, бунинг устига, иккаласи жуда яхши чиқишади. Бобосининг эркатойи, ёлғизгина ўғил невараси бўлганидан, ер-кўкка ишонмайди, ўзи тарбия қилади.

Туғруқхонадагилар Қизгинани кўздан кечиришгач, бироз вақти бор экан деб, палатага ётқизишди. Худди мана шу кунга ойиси ҳам билет олган, ишқилиб улгириб келса яхши бўларди. Вақт ўтиб боряпти, оғриқ бир кучайиб, бир сусайиб қолади. Ойиси ҳам телефон қилди, самолетга ўтирибди, беш-олти соатлар чамасида келиб қолиши керак, улгирсайди, улгирсайди…

Эри аэропортга кетган, Қизгинанинг ойисини кутиб олиш учун, Қизгинанинг ёнида эса қайнонаси қолган. Олдинги сафар кўзи ёриганда ҳам иккаласи ёнида бўлган. Қайнонаси бироз жаҳлдор бўлса ҳам, лекин меҳрибон, тилёғламаликни ёқтирмайди, бировларга «пахта» қўйишга ҳуши йўқ.

Оғриқ борганча кучайиб боряпти. Туғруқхонага келишганига ўн беш – йигирма соат бўлиб қоляпти, ана ойиси ҳам келиб қолди, хайрият.

– Қизгинани олиб киринглар, – эшитилди ичкаридан.

Бошланди, – хаёл ўтди Қизгинадан, худойим ўзинг енгиллик бергин.

Кўринди-кўринди… Доя аёлнинг овозини Қизгина ҳам қўрқув ҳам интиқлик билан тингларди. Танасидаги оғриққа чидаб бўлмасди, лекин чидаш керак. Қизгина тишини тишига қўйиб, оғриқни енгишга ҳаракат қилади, чида олмай бақиради ҳам.

– Туғилди, ўғил экан, суюнчисини тайёрла Қизгина, – эркалайди доя аёл.

Иккинчиси ҳам бор экан, эгизакка ўхшайди, аммо чақалоқ нотўғри келяпти, энди Қизгина яна бироз чидашингга тўғри келади.

– Майли, бақирсанг ҳам майли, мени уришиб-сўксанг ҳам розиман, фақат ўзингдан кетма…

– Қизгина оғирлашяпти, наркоз беринг… сунъий нафас, у бизни эшитмаяпти. Чақалоқни тўғриланг, ҳеч бўлмаса биттасини асраб қолишимиз керак…

…Қизгина кўзини очди, лекин ҳеч нарсани тушунмади…

У бегона жойда эди. Руҳида қандайдир енгиллик, вақт тўхтаб қолгандай, атрофида оппоқ кийимдаги мавжудотлар.

Ҳа адашмади, мавжудотлар, чунки уларнинг қўл ва оёқлари йўқдай, бамисоли ердан узилиб, сузиб юргандай. Қизгина улар орасидан кимнидир излагандай бўлади, ҳаёлида кимдир ёки нимадир, нималарнидир тушинтирмоқчи бўлгандай.

Чиндан ҳам улар орасида аммаси бор эканлиги танг қолдирди, чунки аммаси анча олдин вафот этганди. Ёшлик пайтларида уларникида юришни жуда ёқтирарди Қизгина. Аммаси бор-будини тўкиб соларди унинг олдига, жуда меҳрибон, ажойиб аёл эди. Лекин бу ерда у нима қилиб юрган экан?

Қизгина аммаси томон югурди, ўша болалик пайтларини эслаб, аммасининг бағрида бир оз бўлса ҳам соғинчини қондирмоқчи бўлди… аммо, аммасининг ниятини тушинмади. У жигарини бағрига босиш ўрнига, ҳатто яқинига йўлатмади. Икки қўлини олдига чўзганча, Қизгинанинг йўлига тўсқинлик қилди, бир оғиз гапирмади ҳам. Ноилож қолган Қизгина, аммасига ҳайрон бўлиб қараб қолди, у эса бурилиб қаёққадир ғойиб бўлди. Аста-секин бошқалар ҳам изларига қайта бошлашди. Ҳалиги жойда Қизгинанинг ўзигина, ёлғиз туриб қолди…

Шу дамда қулоғига ёш гўдакнинг чинқириғи, тушунарсиз ғала-ғовур чалинди.

– У ҳушига келди, ҳайрият тирик экан, аллоҳнинг қудрати улуғ.

Қизгина мажолсиз кўзларини очди. Оқ халат кийган ҳамширалар, ойиси, қайнонаси. Икки гўдак ёнида, янги дунёнинг ҳайбатидан чинқириб йиғларди.

Қизгина яна кўзларини юмди. Бу сафар чарчоқдан ва соғ-омон фарзандларини кўрганидан кўнгли тўлиб, кўзларини юмди, бироз бўлсада тин олиш керак. Ҳали бутун хаёт олдинда.

 

2012 й. Ўш ш.

 


Количество просмотров: 1964