Главная / Драматургия и киносценарии, Драматургия
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 10 апрель 2014 йил
Аччиқ хақиқат ёки Нодирнинг ҳаётидан бир лавҳа
Ушбу инценировкада Ўшнинг Ўнадир даҳасида истиқомат қилаётган кўплаб ўзбек оилаларидан бирининг қашшоқ ҳаёти тасвирланади. Пул топиш мақсадида ота-онаси Россияга жўнаб кетган оиланинг тўнғич ўғли мактабдан қолиб бўлса ҳам опа-укаларининг қорнини тўйдириш кўйига тушиб қолади. Асарнинг иккинчи сюжет линиясида эса қаҳрамоннинг Россияга кетган ота-онасининг машаққатли ҳаёти ишонарли акс эттирилади. Шунга қарамай, бу оилани ўша болалар таҳсил оладиган мактаб директори, маҳалла қўмитаси раиси, қўни-қўшнилари ўз қанотлари остига олиб, уларга кўмаклашишади.
Қатнашувчилар:
Нодир — 13 ёшда
Салима, Нодирнинг опаси — 15 ёшда
Нозим, укаси — 10 ёшда
Сардор, укаси — 8 ёшда
Муҳаббат Каримовна — мактаб директори
Қодир амаки — маҳалла қўмитаси раиси
Мурод, Санжар, Мамадали, Усмон — Нодирнинг тенгдошлари
Воқеа шу кунларда, бизнинг орамизда бўлиб ўтмоқда.
Вақт алламаҳал бўлиб қолган, шом азонининг айтилганига ҳам ярим соатлар чамаси ўтди. Кун бўйи шаҳар кезиб, тирикчилик кўйида ҳориб-толган Нодир, қўлидаги хитой халтасига топган насибасини жойлаб уйига қайтмоқда. Унинг ёши 13 да бўлса ҳам, баъзи бир катта одамлар аранг эплаб кун кўраётган бир вақтда, бутун бошли оила аравасини судраб келади. Нодир умрида бирон марта спорт тўгаракларига бормаган, ўқишда ҳам аъло баҳога ета олмайди, жуссасини ҳам паҳлавонларникига солиштириб бўлмайди, лекин шундай бўлишига қарамай, у оила бошқаради.
Нодирлар етим эмас, ойиси билан дадаси тирик, фақат улар Россияда, катта пул ишлагани кетишган, яқинда икки йил бўлади.
Нодир лим тўла «Бус»да тебрана-тебрана Амир Темур шаҳарчасининг охирги бекатига етиб келди. Чала битган икки хонали уйларига кириб борганида, атрофни қоронғулик чулғаган эди.
Укалари югуриб қарши олишди. Кечгача акасини соғинишганиданми, хар куни уни сабрсизлик билан кутишади, кўргач эса терисига сиғмай қувонишади. Катта укаси кела солиб бугунги янгиликлардан ҳабардор қилди;
Нозим — Ака, бизникига мактаб директори келди, эртага мактабга борармишсиз, яна ҳалиги монтёр амаки ҳам келиб кетди. Бизларни роса уришди, агар пул тўламасанглар токни узиб кетаман, — деб айтди.
Бу орада Салима ҳам чиқиб келди. Нодирнинг қўлидан халтани олар экан, укасини мақтади.
Салима — Ўзимнинг укагинамдан айланай. Бахтимизга Худойим сени бизга бериб қўйганига шукрлар бўлсин.
Халтани очиб кўргач, унинг ичидагиларни жойлашга уннади. Картошка, пиёз, озроқ помидор, тўртта нонвой нони. Уларнинг асосий тирикчилик рациони. Гўшт каттароқ байрамларда, шунда ҳам нари борса ярим килогина олинади.
— Нонни кўпроқ олсанг бўларкан, хозир ейилса, эрталабга тугаб қоляпти, укаларинг кун бўйи кўзи кўчада, сени кутишади, овқат кўзларидан ўтади.
Нодир — Бирон тайин иш бўлганда яхши бўларди. Ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа ўзимни урганим билан фойда чиқмаяпти. Бир нонвой иш бераман деганди, пул бермаса ҳам 10 та нон берармиш. Уни ҳам аввалига 4 тадан, бир ҳафта ишлагандан кейин ҳаммасини, агар ишим ёқса.
Салима – Мен ҳам бирон иш излаб кўрсаммикан, сенга озроқ ёрдам бўлармиди? Ҳаммамиз бир сенинг елкангга ўтириб олсак, сенга жабр бўляпти.
Нодир — Йўқ, унда Нозим билан Сардорнинг куни кўчада қолади. Унингсиз ҳам укаларим қорни нонга тўймай катта бўлишяпти.
Салима— Сенга айтмай дегандим, бошқа кимга ҳам айтардим. Нариги маҳаллада яшайдиган бир амаки, Россияда дадамизни кўрган экан. Озгина чидаб туришсин, энди бир ишнинг бошини тутдик, насиб қилса яна бир-икки йилда пуллик бўлиб борамиз, деганмиш. Аёли келиб айтиб кетди.
Нодир — Озроқ пул бериб юбормабтими?
Салима — Йўқ, хозирча топгани ейишга, турар жойга аранг етармиш.
Нодир — Ундай бўлса қайтиб келишса ҳам бўларди. Янги бозордаги дўконларга савдо қилгани одам сўрашяпти, каттароқ одам бўлса ишонишади. Дадам билан мен савдо қилган бўлардик, ойимга ҳам бирон иш топиларди.
Салима — Эртага мактабга ҳам бир учраб кетгин, директор опа, бормаса участковойга ёзиб бераман, қора тизмага тушиб қолади, деяпти.
Нодир — Қодир амаки ҳам кўчада тўсиб олиб анча гапирди, бу кетишингда кўча боласи бўласан, ўқишинг керак, одам бўлишинг керак, дейди. Укаларимни ким қарайди десам, ота-онангга хат ёзиб чақиринглар, бўлмаса милиция орқали излов соламиз, деди.
Салима — Чарчагандирсан, чой ичиб олгач, ётиб дамингни ол, эртага бир гап бўлар.
***
Кеч куз бўлганидан ҳаво анча салқин, шунинг учун Нодирлар ечинмай ухлашади. Салима бошқа хонада, укалари эса Нодир билан етишади. Ҳар оқшом укалари Нодирдан эртак айтиб беришни сўрашади, эртак қаҳрамонлари эса ўзларининг оиласи, дадалари кўп пул ишлаб келгандан кейин бахтли турмуш кечирган оила ҳақида бўлади.
Қўшнининг хўрози қичқириғидан уйғонган Нодир, кўзларини ишқалаб очди, укалари совуқдан жунжикиб бир-бирининг пинжига кириб кетишибди. Нодир уларнинг устига тўшак ташлади. Юз-қўлини ювгач, чой қўйди, нон идишга қараган эди, у ерда иккитагина нонвой нони бор экан. Агар у чой ичса, яна укаларига нон етмай қолиши мумкин. Майли кўчадан бирон нарса топиб ер.
Нодир ташқарига чиқди. Қўшни билан ўртадаги девор ёмғирлардан ювилиб бир чети ағанай деб қолибди. Қиш бошланиб қолса, кейин қўл тегиши амри-маҳол, озроқ ғишт бўлганда, кеч келса ҳам укалари билан амаллаб қўярмиди.
У мактаб томон йўл олди. Агар ҳозир бормаса, яна директор келиб опаси билан укаларини хижолат қилади. Нодирга қолса, у ҳам мазза қилиб мактабда ўқирди, тенгдошлари билан копток тепарди, топ-тоза мактаб формасини кийиб яйраб юрган бўлмасмиди…
Нодир мактаб дарвозасига яқинлашганда синфдош дўстлари Мурод, Санжар, Мамадали, Усмон ва яна бир неча болалар чопқилаб юришар, кимдир копток юмалатиб, бақир-чақир авжида эди.
Нодирни кўришгач, болалар унинг олдига югуриб келишди.
Мурод – Оғайни ўқишга келяпсанми, китобларинг йўқ-ку. Синф раҳбаримиз Нодир синф кўрсаткичларини орқага тортяпти, агар ўқимаса ариза ёзиб кетсин деганди, участковой рўйхатига олиб қўярмиш.
Мамадали — Ўртоқ, ўқиганинг яхши, келажакда барибир билим керак бўлади, ҳеч бўлмаса 9 синф хужжатларини олишинг керак-ку.
Усмон — Қаранглар, биз томонга директор келаяпти, болалар қочиб қолинглар. Зумда қий-чув қилиб юрган мактаб ўқувчилари кимиси синф хоналарига, кимдир эса директор кўзидан четроққа ўзини олди.
Муҳаббат Каримовна — Келиб яхши қилибсан, бугун ҳам келмасанг ҳужжатларингни ИДН га топшираман деб тургандим. Бир сени деб, бутун бошли синфингнинг кўрсаткичлари пастлаб кетяпти. Дўстларингдан неча марта айттирдим, сен кўчадан нари келмайсан.
Ота-онангни чақиртириб, мажлисда хўп одобингни бериб қўйиш керак экан. Хозир мен билан юр, хонамда сен билан бафуржа гаплашиб олай.
Директор хонасига кирар экан, Нодир ҳали нима дейишини билмасди, ҳатто қочиб қолишни ҳам ҳаёлидан ўтказганди, бироқ бугун бўлмаса, эртага ҳам шу ҳолат такрорланишини ўйлаб кўргач, ноилож киришга мажбур бўлганди.
Директорнинг саволларига бирма-бир жавоб берар экан, Муҳаббат Каримовнанинг ғазаби пастлаб, мулойим сўзлай бошлади.
Муҳаббат Каримовна — Гапингга қараганда, шаҳарда қариндош-уруғларинг йўқ, ота-онанг икки йилдан бери Россияда, укаларингнинг мактаб формасига, китоб-дафтарларига пулинглар йўқ, — шундайми? Хозир ҳам сен ўқиш учун эмас, мажбур бўлганингдан мактабга келгансан?
Унда бундай қиламиз. Бугун шанба, сенга жавоб. Ишларингни битириб, душанбадан чиройли бўлиб мактабга ўқишга кел. Укаларингни ҳам мактабга олиб келасан, улар учун ҳам бир амаллаб иложини топарамиз.
Нодир директор хонасидан чиқар экан, қулоқларига ишонмасди. Наҳот ҳаммани зир титратадиган Муҳаббат Каримовна шундай мулойим ва меҳрибон аёл бўлса.
Россия шаҳарларидан бири
Чеккароқ қишлоқда жойлашган дачаларнинг бирида Қирғизистондан келган ўзбек оиласи ҳийладан бери яшаб келади. Оила бошчиси 40— 45 ёшлардаги ўрта бўйли, қорачадан келган, озғингина киши.
Тайин бир касби бўлмаганидан, аввалига нима иш тўғри келса бажариб юрди. Ҳаммоллик қилди, қурилишда ғишт, лой ташиди, вокзалда цемент туширди, қисқаси, қорни тўйса бўлди. Кейинчароқ, бир одамнинг дачасида ҳам қоровуллик, ҳам боғбонлик ишини топгандан кейин, озроқ қарз кўтариб, хотинини ҳам чақириб олди. Унинг фикрича, хотини ҳам бировнинг боласини боқса ёки бирон ошхонада идиш ювувчи бўлиб ишласа ҳам, бир-икки йилда оёққа туриб олишади, сўнгра ишлар юришиб кетса, каттароқ пул тўплаб, юртидаги чала битган уйини тиклайди.
Одамларнинг айтишига қараганда, Россияда бой бўлиб кетиш жуда осон, фақат ўша ишни топа олса бўлгани экан. Баъзи бир қирғизистонликлар Россияда кафе-ресторанлар қурганмиш, кимдир бозорларда бир неча контейнерларни сотиб олиб, бировларни ишга ёллар эмиш. Ўшалар бояги айтган ишни топа билганлар бўлса керак.
Тўғри, бунинг учун энг аввало тил билиш керак, ишни юргизиш учун билими ҳамда киссада қанчадир пули ҳам бўлиши лозим, бироқ бу нарсани кўпчилик тан олишни хоҳламайди. Уларнинг фикрича эплаб Россияга етиб олса бўлгани, у ёғи ўз-ўзидан амалланиб кетаверади.
Усмонжон ҳам ҳуди шундай фикр қилган. Россияга иш излаб келган танишлари жуда кўп мақтанишган, мабодо келмоқчи бўлсанг иш ҳам, турар жой ҳам топишга ёрдамлашамиз дейишганди.
Озроқ қарз кўтариб Екатеринбург деган жойга етиб борганда, ёрдам ваъда қилган танишларининг ўзлари ҳам, бугун еса эртага нима бўлишини билмайдиган ҳолатда экан. Нима сабабдан ваъда қилдинглар деса, йигитлик ориятидан, паст кетгимиз келмади, — деб жавоб қайтаришди.
Шундан сўнг Усмонжон ўз аравасини ўзи судраганча, улардан ажралиб кетганди. Бошда айтгандай, нима иш дуч келса қилиб, ризқини териб юрди.
Уч-тўрт ой деганда бир ўрис одам билан танишиб қолди. У бир дўстига дала ҳовлиси учун қоровул кераклигини айтиб, ўша жойга кузатиб ҳам қўйди. Ҳовли эгаси Усмонжонни кўргач, бундай одам ўғирлик ва зиён етказишга қодир эмас, — деб, уни ишга ёллади.
Қоровуллик билан бирга боғбонлик ва ҳовли ишларини ҳам юргиза бошлагач, Усмонжоннинг қорни овқатга тўйиб, анча-мунча ҳаммомга ҳам тушадиган бўлганди. Шундан сўнг хотинини ҳам чақиртирди, уй эгаси бўлажак ойлик ҳаққидан озроқ қарз ҳам бериб турганди. Аёли ҳам келди, бироқ, Усмонжон ўйлагандай хотинига иш топилмади. Қишлоқдагиларга бола боғча аёл керак эмас экан. Шаҳарга бориб ишлаб келиш учун ҳам вақт, ҳам йўлкира керак. Унинг устига яхши тил билмаган, ҳужжатлари нобоп одамга биров ишониб на боласини ва на пуллик ишига яқинлаштирмас экан. Шундай қилиб хотини эрининг кирини ювиб, овқатига қараб, кун ўтса бўлди ҳисобга тушиб қолганди. Бир киши учун аталган ойлик маоши энди икки кишини боқарди, яхшиямки ётоқ жойи текин, бўлмаса тез кунда кўчада қолишармиди?
Баъзи-баъзида эр-хотинлар юртида қолган тўрт норасида гўдакни эслаб қолишади. Хотини озроқ йиғлаган кунлари ҳам бўларди, аммо дадил отланиб йўлга чиққани юрак дов бермасди. Бир томони йўл ҳаражати оғир бўлса, иккинчи томондан, қўни-қўшниларга бир халта пул билан келишини мақтаниб қўйганлиги уни шаштидан қайтариб турарди.
***
Мактаб директори Муҳаббат Каримовна махалла қўмитаси раиси Қодир амаки билан Нодирлар оиласи ҳақида суҳбатлашмоқда.
Муҳаббат Каримовна – хатомизни тан оламан, улгуриш, кўрсаткич деб, баъзида тирик одамларни кўрмай қоламиз. Нодирни ҳам оддий прогулчи деб ўйлаб юргандим. Кеча уй шароитини, бугун эса ўзи билан суҳбатлашгандан кейин фикримни ўзгартирдим. Чиндан ҳам уларга осон эмас экан. Биргалашиб уларга қандай ёрдам бера олишимизни маслаҳат қилиб олсак яхши бўларди.
Мактабнинг шароити оғир ҳамда ярим етим болалар учун аталган фондидан уларга мактаб формаси ва китобдан ёрдам уюштирсак, сиз ҳам ўз томонингиздан бирон нарса ўйлаб кўрсангиз.
Қодир амаки — Хозирги пайтда бирон нарса дейиш қийин, ҳамма тирикчилик билан овора. Аммо нима бўлганда ҳам уларнинг ота-онаси номаъқул иш қилиб юришибди.
Ўша томонга кетгандан буён ҳали сариқ чақа ҳам жўнатишгани йўқ. Янаям тирик қўйган бандасини, Худойим қуруқ қўймас экан. Шу тўрт норасида гўдакнинг куни қандай ўтганига мен ҳам баъзида ҳайрон қоламан. Рост ишинг юришмабди, қайтиб келавер, ҳеч бўлмаса бола-чақанг кўзингда бўлади-ку, ахир.
Майли мен маҳалла фаоллари билан маслаҳат қилиб кўрай, бироз пулданми, кийим-кечакданми, ишқилиб нимадир ўйлаб топармиз. Лекин нима бўлганда ҳам, уларнинг ота-онасини қайтаришга уриниб кўриш керак. Кўрган-билганлар бор экан.
***
Нодир мактаб директорининг ёнидан чиққач, мактаб биносига суқ билан тикилиб қаради. Ўқувчилар дарсда бўлганлиги сабаб, мактаб ҳовлиси сув қуйгандай жимиб қолган, фақат фаррош аёлгина эриниб, майдончадаги хазон ва қоғоз парчаларини катта супурги билан тозаларди.
Энди яна бир катта муаммо, электр қарзини тўлаш керак.
Кўпчилик қўшниларнинг симини узиб кетишибди, мабодо уларникини ҳам узса, кейин улатиш учун ҳам пул тўлаш керак экан. Нодирларда эса бунга имкон йўқ. У яна дадаси ва ойисини эслади, ҳеч бўлмаса мана шунга пул жўнатишса ҳам майли эди. Нодир жуда қийналиб кетган, лекин ҳеч кимга айта олмайди. Айтганда ҳам нима ўзгаради, ким мана буни бирон камчилигинга ишлатарсан деб 50-100 сўм берармиди?
Энди камига мактабининг ғалваси. Бормаса ҳам бир бало, борса тирикчилик нима кечади. Эээ, Аллоҳга таваккал, душанбагача бир гап бўлар… Нодир шу ўйлар билан яна кундалик ишларига уннаб кетди.
***
Муҳаббат Каримовна Нодирнинг синф раҳбарини чақириб, ҳийла таъзирини бериб қўйди. Синф раҳбари ҳар бир ўқувчисининг турмуш шароитини ўрганиб, ўқишини назорат қилиб туриши керак. Нодирнинг шунча вақтдан бери ўз ёғига қовурилиб юрганини наҳот синф раҳбари билмаса. Шу баҳонада бошқа синфларни ҳам текшириб қўйиш керак.
Дарсдан сўнг мактаб ота-оналар қўмитасининг раиси бир ёш ўқитувчи кўмагида Нодирнинг укаларига мактаб формаси, баъзи бир ўқув қуроллари ҳамда китоб-дафтарлар солинган қутичани етказиб беришди. Болаларнинг қувончини таърифлашга сўз топилмасди.
***
Маҳалла қўмитаси аъзолари раис бошчилигида маҳалладан баҳоли қудрат кўмак тўплашди. Кимдир очиқ кўнгил билан атаганини берса, баъзилар, — ўзимиз ҳам ошиб— тошиб кетмаяпмиз, ота-онаси тирик, болаларини боқиб олсин, — деганлар ҳам бўлди. Ундайлардан ҳеч нарса талаб қилинмади. Тушган маблағни шундайгина бериб қўймасдан, керакли нарсани олиб беришликни маслаҳат қилишди. Жумладан, электр токи қарзини ҳамда бир-икки қоп бўлса ҳам кўмир олинса, мақсадга мувофиқ бўлишини айтишди.
Нодирларнинг ота-онасини Россияда учратган қўшниси, уларнинг каерда ва қандай топишликни тушинтириб берди.
«Кўпдан қуён қочиб қутулмас» ёки «Маслаҳатли тўй тарқамас» деганларидай, бир оиланинг мушкули, бироз бўлса-да, кўпчиликдан чекинди.
Ҳа, бир оиланинг, лекин атрофимизда бундай оилалардан яна қанчаси бор экан?...
2005 йил
© Баҳодир Шералиев
Количество просмотров: 2457 |