Главная / Критика и литературоведение, Критика / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
© "Ёшлик" журнали, №2 2018-й
Маънавий комиллик тасвири
“Адабиёт — маънавият ва мустақил фикр шакллатириш омили”, “Таҳлил — адабиётни англаш йўли”,”Кийиксўқмоқдаги йўловчи” (ҳаммуаллифликда) монографиялари, қатор дарсликлар ва методик қўлланмалар, юздан ортиқ илмий ва илмий-методик мақолалари чоп этилган.
ХХ асрнинг сўнгги чорагидан эътиборан нафақат Ўзбекистон, балки мамлакатимиздан ташқарида ўзбек тилида яратилаётган адабиётда туб сифат ўзгаришлари содир бўлди. Аммо адабий алоқаларнинг кўнгилдагидай йўлга қўйилмаганлиги сабабли ўзбек ўқирманлари мавжуд янгиликлардан ўз вақтида хабардор бўла олмадилар. Эндиликда адабий алоқалар ҳам сезиларли жонлана бошлади. Қўшни қирғизистонлик ўзбек ёзувчиси Раҳимжон Каримов қаламига мансуб “Комила” номли романнинг Ўзбекистонда чоп этилишини ана шу ҳолатнинг жонли мисоли сифатида кўрсатиш мумкин .
Раҳимжон Каримов номи ўзбек китобхонлари учун етарлича таниш бўлмагани сабаб адиб ҳақида қисқача маълумот бериш ўринлидир. Ёзувчи, шоир, публицист, таржимон,Халқаро русийзабон ёзувчилар федерациясининг (Лондон-Будапешт) Қирғизистондаги расмий вакили, «Олтин қалам-2003» танловининг ғолиби, Мўлдўнияз номидаги республика адабий мукофотининг лауреати Раҳимжон Каримов бирваракайига ўзбек, қирғиз ва рус тилларида ижод қиладиган уч тилли адибдир.
Унинг шеър, новелла, ҳикоя, қисса ва романлари «Ёш ленинчи», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Литературная газета», «Юность», «Учкун», «Молодость», «Ёш куч», «Ала-Тоо», «Литературный Киргизстан», «Шарқ юлдузи», «Ёшлик», «Пресс-парк», «Кабар-Юг», «Южный рынок», «7х7», «Ваша газета» каби турли мамлакат нашрларида босилиб чиққан.
Р. Каримовнинг «Рангли рўё», «Бешинчи фарз», «Ҳайвонот боғи», «Комила», «Хилқат», «Хиёнат», «Лаъли Бадахшон» каби асарлари ўзбек, қирғиз ва рус тилларида дунё юзини кўрган. Унинг сизга ҳавола этилаётган «Комила» романи 2005 йили Қирғизистон Миллий Китоб палатаси томонидан уюштирилган «Китоб санъати» республика танловида «Миллий бестселлер» дея эътироф этилган.Мазкур роман Қирғизистон, Қозоғистон, Беларусь, Буюк Британия, Канада каби давлатларда чоп этилган.
Менинг назаримда, дунё кезган “Комила”да кўтарилган етакчи фикр инсон маънавий мезонларга ҳиёнат қилмай яшаса, албатта, Яратганнинг марҳаматига сазовор бўлади, деган қарашдир. Одамзод ёруғ дунёга келибдики, муаммолар оғушида уларни бартараф этиш учун курашиб яшайди. Курашдан, интилишдан тўхтаган одамнинг ўликдан фарқи йўқ. Шу маънода романда оддий инсоннинг ўз руҳияти, дунёқараши ва савиясидан келиб чиққан ҳолда мукаммалллик ва бахт сари интилиши гўзал тасвирланган.
Комиланинг изтироблари жуда самимий акс этгани билан диққатни тортади. Китобни ўқиган юртдошларимиз қўшни мамлакатда яшаётган ўзбекларнинг турмуш тарзи, маънавий-ахлоқий тутумлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўладилар. Гап шундаки, инсон қайси маконда, қандай жамиятда умр кечирмасин, одам деган номга муносиб яшаса, албатта муродига етади. Муаллиф романда мана шу ҳаётий ҳақиқатни илгари сурган. Асар ўқирманни ўз ҳаётини тафтиш қилишга, турмуш тарзи қандайлигини доим элакдан ўтказиб юришга йўналтиради. Ўйлашга ундайди.
Роман мутолаасига киришган ўқувчининг кўнглидан дастлаб: “Туғилиб, онасининг дийдорини кўришга, она сутининг таъмини тотишга улгурмаган мурғакнинг айби нима-ю, ҳаёти қандай кечади?”, — деган ўй ўтади. Чақалоқнинг онаси Гуландом ҳаёти ҳақидаги қисқагина тасвир ўқувчида унга нисбатан салбий муносабат пайдо қилади. Лекин ёзувчи ўқирман кўнглидаги бу муносабатни аста-секинлик билан кечирим томон ўзгартира боради. Бунга илк уриниш сифатида:“Туғуруқхонадагилар, у ерга келиб-кетаётган ёшу қари кечадан буён Гуландомнинг аччиқ қисмати, унинг етим қолган гўдаги ҳақида куйиниб гапиришар эди” тасвирини кўрсатиш мумкин. Одамларнинг Гуландом ҳақида уни қарғаб ёки ғийбат қилиб эмас, айнан “куйиниб” гапиришлари ўқувчининг кўнглини юмшатади, аёлга муносабатини ижобийлаштиргандай бўлади. Бундан ташқари,Гуландом руҳининг қизи ва опасини тарк этиб кетолмагани, яъни суянчиқсиз қолган жигарбандларидан хотиржам бўлолмагани, қизалоғини ҳар хил бало-қазолардан асраш йўлидаги курашлари ҳам ўқувчини унинг қилган гуноҳи учун қораламасликка ундайди.
Асарда Мақсуднинг тўйи билан чақалоқ ҳолатининг ёнма-ён тасвири,юлдузчалар билан ажратилган ҳолда кичик-кичик бўлимларда баён этилиши ўқирман туйғуларини қўзғатишга хизмат қилади. Баъзи бўлимлар иккитагина жумладан иборат бўлса-да, уларга катта бир бобнинг юки ортилган. Романни ўқиш асносида китобхон ачиниш ва шодлик ҳисси орасида безовта ҳолатга тушиб, руҳий мувозанатдан чиқади. Ўқирман асарда акс этган бир қалтис руҳий ҳолатнинг таъсиридан чиқиб улгурмай, ундан кучлироқ иккинчиси тасвирига дучор қилинади.Шу боис ўқувчи туйғулари жуда тез алмашиб туради.
Ҳаёт тарзи бир-бирига тамомила қарама-қарши ҳолатда бўлган икки хонадоннинг мувозий тасвирланиши, яъни бирининг “атрофи эски-туски чипта лахтаклар билан бир амаллаб ўраб қўйилган”и иккинчисининг эса “ўн олтита хонасининг ҳар бири шифтига қимматбаҳо биллур қандиллар осилгани, деворларининг кўзни қамаштирадиган бежирим нақшлар билан безатилган”и тасвири ҳам ўқувчининг руҳий безовталигини кучайтиради. Бу параллел чизилган оқ-қора тасвирлар ўқирман диққатини матнга михлайди. Жунбушга келган туйғулар эса табиий равишда китобхонда эзгу маънавият шакллантириб, мустақил фикр ва муносабат пайдо қилади.
“Ичганлари атала-ю, еганлари чевати” деган биргина жумла Комила улғаяётган хонадоннинг қай даражада қашшоқлиги ҳақида тўлиқ тасввур беради. Бир қараганда, бугунги кунда шу даражада қашшоқ яшаш мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Лекин Ойбарчин опанинг ҳаддан ташқари соддалиги, ҳаёт синовларига, унинг қилвирликларига мутлақо тайёр эмаслиги ўқирманни тасвирга ишонтиради. Бу ҳол китобхонни қишлоқ одамларининг турмуш даражаси ва бунинг сабаблари ҳақида ўйлашга мажбур қилади. Оғир оилавий шароитда умр кечирган болаларнинг кўпчилиги меҳнаткаш экани, қийинчиликлардан қўрқмаслиги сабаб яхши ўқишга интилиши ҳам кишини ишонтиради. Шундай муҳитда катта бўлган Комиланинг олий ўқув юртига киришга астойдил интилгани–ҳаётий ҳақиқат.
Романда Мақсудларнинг ҳовлисига сув ичгани кирган болалар орасида фонтанга тушиб кетган дўпписини олиб берган одам отаси эканлигини хаёлига ҳам келтирмаган Комиланинг туйгани:“У мурғак қалбида дунёда илк бор эркак кишининг болаларга нима учун кераклигини болаларча тафаккури билан ҳис этди” тарзида тасвирланади. Лекин шундай ёки шунга яқин туйғу Мақсудни безовта қилмагани ўқирманда норозилик уйғотгандай бўлади. Ота билан қизнинг илк учрашувида юз кўрсатиши мумкин бўлган туйғулар тасвири акс этмаган. Муаллиф ҳаётда юз бериши мумкин бўлган ҳолатни боридай тасвирлаш билан кифояланган. Яъни ўғлига эргашиб, ҳовлиларига кириб келган болалардан бири билан юз берган мазкур вазиятда ҳар қандай одам қилиши мумкин бўлган хатти-ҳаракат тасвирланган, холос. Ўқирман шу ўринда қандайдир руҳий чақнаш юз беришини кутади. Асарда ота-онасиз катта бўлаётган Комиланинг бу ҳолатда ҳис этган жўнгина туйғуси ҳам ҳаққоний тасвирланган. Бундай ҳаққоният ҳеч қандай бадиий тўқимага ҳожат қолдирмайди.
Комиланинг гўзал бир ҳилқат бўлиб вояга етгани, атрофида ошиқларнинг айланиши, бу ҳақда гап-сўзларнинг кўпайиши тасвири жуда ишонарли тасвирланган. Романда ўзбекнинг ҳамма жойда ҳам ўзбек экани ҳаққоний кўрсатилган. Бу ҳол Комилани онасига ўхшаб йўлдан озганликда айблаганлари тасвирида яққол кўринади. Одатда, ота-онанинг қилмиши учун болалар жавоб бермаслиги керак. Чунки ота-она – оғоч, фарзанд эса – мева. Мева – оғочнинг маҳсули. Лекин, ҳаётда бунинг акси бўлиши, катталарнинг хатолари учун болалар, кўпинча, ҳаётлари, келажаклари билан, руҳий оғриқлар, изтироблар билан жавоб беришлари асарда жуда таъсирли кўрсатилган. Бу ҳаётий ҳолат асарда: “Ҳа, бу дунё сирли бир хилқатки, баъзан унда бир умр яшаб ўзинг ҳақингда ҳеч нима билмаслигинг мумкин. Атрофингдагилар эса, аксинча, сен ҳақингда сендан кўра кўпроқ нарсаларни билишади ”тарзида тасвирланади. Романда ҳам етимлик, ҳам онасининг гуноҳлари, ҳам отасининг вафосизлиги қизнинг кичкинагина жонига жуда оғирлик қилиши ғоят таъсирли акс эттирилган. Қизиғи шундаки, Комила на онасидан ёзғиради, на отасини лаънатлайди. Адиб асар қаҳрамонини бундай кир тутумлардан баланд этиб тасвирлайди. У Комилани ўзи камбағал бўлса-да, ички дунёси бой инсон сифатида кўрсатади.Асарнинг барча ўринларида қаҳрамон ўзи ва ўзлигига яраша иш тутади. Романда ичдан баланд, руҳияти тоза одамнинг ўйлари, туриш-турмиши, тутуми, ҳатто изтироблари ҳам покиза экани моҳирлик билан кўрсатиб берилган.
Асарда Комила ҳақида ҳар хил ғийбатларни тарқатиб юрган кишилар у бадавлат отанинг фарзанди эканимаълум бўлгач, жим бўлишгани,ҳатто унга ҳавас қилиб мақтай бошлашгани тасвирланади. Одамзод табиатидаги бундай тайинсизлик тасвири китобхон руҳий дунёсига кучли таъсир қилади. Не-не машаққатлар, кўнгил оғриқлари билан катта бўлган Комиланинг йўқ ердан, худди эртаклардагидек, ҳаётий бир тасодиф туфайли, бирданига ҳам оталик бўлиб қолиши, ҳам бойнинг қизига айланиши ўқирманда бир оз ишончсизлик пайдо қилади. Лекин, асарда Аллоҳга муҳаббат қўйган, кўнглига бу дунёнинг кирларини юқтирмаган бандасини Яратган ҳеч қачон ташлаб қўймаслигидайбир ҳақиқатга ишора бор.Романда шу ҳақиқатни алоҳида таъкидлаб кўрсатмоқчи бўлган муаллиф ниятига эришган.
Романдаги: “Қиз отасининг гапларини тинглаб, ерга қараганча жим ўтирарди. Унинг шу пайт дадасининг бўйнидан қучиб, юз-кўзларидан тўйиб-тўйиб ўпгиси келарди”, “У ҳар қанча уринмасин, бошини ердан кўтаролмасди”, “Бироқ риоя-андишали бу қиз бахтиёрлигини еру кўкка намойиш қилишга одатланмаган. У ич-ичидан куйиниб, ич-ичидан суйиниб яшайди” тарзидаги тасвирларда Комиланинг табиатига хос қирралар яққол акс эттирилган. Синиқ кўнгил эгасининг тортинчоқлиги, андишали одамнинг ҳамиша ўз-ўзини тафтиш қилиб яшашга маҳкумлиги юқоридаги сингари тасвирларда ишонарли кўрсатилган. Комиланинг: “Баъзи дугоналарим оталарига эркаланиб, ҳаттоки аччиқ ҳам қилиб туришади. Мен унга зарда қилиш уёқда турсин, балки эркалана ҳам олмасам керак”,— шаклидаги иқрори унинг табиатидаги асл хусусиятларни ёрқин намоён қилади. Ўн саккиз йил “ташландиқ”, “ҳароми”, “етим”, “асранди” каби дашномларни эшитиб улғайган қизнинг отасини топгач, бирданига ўзгариб қолиши мумкин эмас.Муаллиф Комиланинг ҳар бир хатти-ҳаракатини феълидан келиб чиқиб тасвирлайдики, табиийлиги сабабли бу ҳолат ўқувчини қаноатлантиради.
Комила учун бойлик ва тўкисликдан кўра отасининг топилгани муҳим.Романда Комила ўзига ошиқ бўлган уч йигит орасидан “ўзи сингари қашшоқ”ликда ўсган Қобилни танлаши ҳам ўзига хос. Комила ўта бой Асрор ёки ҳаётда ўрнини топиб олган врач Аброрни эмас, Қобилни танлашида ақлининг эмас, тозадан-тоза кўнглининг амрига бўйсунади.Унинг бахт сари қўйган қадами ўзининг мезонлари асосида эканлиги романда ишонарли асосланган. Россиялик ёзувчи Сергей Грачев «Новая литература Кыргызстана» номли электрон кутубхонада ушбу асар ҳақида: «Комила» романи шуниси билан қимматлики, унинг бош қаҳрамони буюк шахс ҳам, аллома ҳам, Жанна д'Арк ҳам эмас. Лекин у атрофидаги инсофсизлик, имонсизлик, ишончсизлик ва куфрни енгишни уддалади ҳамда аёллик бахтига эришди» ,— деганида тўла ҳақ эди.
Романдаги Мақсуд тимсоли ўқувчида дастлаб у ҳақда иродасиз, масъулиятсиз бир одамдек тасаввур уйғотади. Мақсуд Гуландомнинг фалокати, фарзандининг вафоти ҳақида эшитганларига ортиқча уринишу изтиробларсиз ишониб қўя қолади. Ўз иши ва оилавий ташвишлари билан яшайверади.Асарда Мақсуд ва унинг оиласи «бой» экани бот-бот такрорланади. Кўпчиликда бойларга нисбатан бир қадар салбий муносабат шакллангани маълум. Биз бой одам яхши бўлиши мумкин эмаслигига ишонамиз. У ҳамиша зиқна, шафқатсиз, пул учун ҳар қандай пасткашликлардан тоймайдиган инсофсиз кимса сифатида тасаввур қилинади. Адабиётда ҳам шу ёндашув етакчилик қилиши маълум. Раҳимжон Каримов шу қолип-ёндашувни бузароқ бойларда ҳам инсоф борлигини, уларда ҳам виждон, кўнгил бўлишини, улар ҳам Худодан қўрқишларини, қилмишлари учун жазоланишлари мумкинлигини «Комила» романидаги Мақсуд образи мисолида ишонарли кўрсатиб берган.
Р. Каримов талқинида маънан баланд одамлар пулнинг, бойликнинг кетидан қувмайдилар, бундай кишиларнинг меҳнати ва инсофи туфайли пул билан бойлик уларни ўзи топиб келади. Ҳамма гап ҳалоллик, тўғрилик, ақл, билим билан меҳнат қилишда эканини муаллиф Мақсуд тимсоли орқали ишонарли акс эттира олган.Комиланинг ўз қизи эканини билганда Мақсуднинг бу қувончни кўтаролмай инфаркт бўлиши, Ойбарчин опанинг сигирини ўғирлаб кетишганда уларга иккита сигир олиб бориб бериши, Қобилни Асрор билан бирга милиция пунктидан жарима тўлаб чиқариб уйига олиб келиши, Комиланинг Қобилга турмушга чиқишига ҳеч иккиланмай розилик бериши, қудаларининг ҳурматини жойига қўйиши, хашарларда эл қатори қатнашиши сингари тасвирларда унинг бой бўлиш билан бирга маънан юксак шахс бўлиш ҳам қўлидан келадиган одам экани кўрсатилган.
Асардаги Дилфуза ҳам – ўқувчининг диққатини тортишга арзийдиган образ. Бир умр оддий аёл, андишали келин бўлиб яшаб келган Дилфузанинг аслияти уйларига Комила кўчириб келтирилганидан сўнг намоён бўла бошлайди ва бу табиий. Бундай ҳолатни ҳазм қилиш ҳар қандай аёл учун ҳам осон эмас. Асарда Дилфузанинг норозилиги акс этган ўринлар жуда ишонарли чиққан.Ҳар бир одамнинг асл «мен»и шундай синов вазиятларда яққол кўринади. Дилфуза тақдирга тан бериб, Комилани ўз болалари сафида кўриб, қайнонаси Васила опа айтмоқчи эрининг омон қолганига шукур қилиб яшаши мумкин эди. Бу тўғри йўлдан юролмаган Дилфузанинг тутумларини муаллиф холис туриб тасвирлайди. Унинг табиатига баҳо беришни ўқувчининг ўзига ҳавола қилади. «Ғарибнинг ёри Худо», деганларидек, Комилани Дилфузанинг найрангларидан Аллоҳнинг ўзи асрайди. Бу дунёда ҳар нарсанинг ҳисоб-китоби бор. Эзгулик сийловсиз, ёмонлик жазосиз қолмайди. Қизи Гуландомнинг ўғирлаб кетилиши, ўғли Шоҳруҳнинг вафот этиши ва ўзининг руҳий касалликка чалиниши тасвири ҳаққонийлиги билан ўқувчини сергак торттиради. Бу тасвирлар ўқирманни ўйлашга, ўз ҳаётини тафтиш қилишга, оқни қорадан, ҳалолни ҳаромдан ажратишга, маънавий соғлом йўлни топишга ундайди.
Асарда Комиланинг бутун икир-чикирлари билан батафсил тасвирланган ҳаёти, турли синовлар ичида кечган умри ҳамда эришган бахти катта бир пўртана сабаб бир бор чиқиб кетгани кўрсатилганда, романнинг таъсир кучи бир неча бор ортган бўларди, назаримда.Тўғри, муаллифнинг мақсади бутунлай бошқа бўлган ва у ўз мақсадига эришган. Лекин, менимча, шундай катта бир фожеа фонида тасвирланганда романдаги образларнинг маънавий дунёлари авж нуқтада кўрсатилган бўларди. Масалан, қаҳрамонлар тақдирини, воқеаларни бир оз яқинлаштириб (бадиий асарда бу мумкин) Ўш-Ўзган можаролари фонида тасвирлаш мумкин эди. Муаллиф икки қардош миллат орасида юз берган бу қаро кунларни ўз кўзи билан кўрган одам сифатида мазкур фожианинг инсонлар тақдиридаги машъум изини бадиий тадқиқ этиши мумкин эди.Ўз тирикчилиги билан яшаётган одамларнинг турмуш тарзи, фикрлаш йўсини не сабабдан мувозанатдан чиқиб кетгани ёки кимлардир томонидан чиқариб юборилгани Комила ва Мақсудларнинг ҳаёти мисолида тасвирлаганда романнинг ижтимоий аҳамияти ошиб, бадиий қиммати ортган бўларди. Негаки, халқларимиз тарихидаги бу қонли фожиадан кўз юмиб бўлмайди. У одамлар хотирасидан изсиз кетиши мумкин эмас. Қандайдир машъум тўдага кириб қолган кимсаларнинг қонхўр қиёфаси бор ёвузликлари билан кўрсатилиши романнинг ижтимоий-тарбиявий аҳамиятни неча баравар оширган бўларди.
Нима бўлганда ҳам қардош Қирғизистонда яшаётган миллатдошларимиз ҳаёти ҳаққоний кўрсатилган таъсирли бир асар ўзбек ўқувчиларига тақдим этилди. Номланишидаёқ инсоннинг бахти унинг маънавий камолотида эканига ишора қилинган бу асарнинг умри узун ва ўзбек ўқирманларига суюкли бўлишини тилаймиз!
"Ёшлик" журнали, №2 2018-й.
Қундузхон ҲУСАНБОЕВА,
педагогика фанлари доктори
Низомий номидаги Тошкент давлат университетининг филология факультетини тамомлаган.
1956 йили туғилган.
Количество просмотров: 1648 |