Главная / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 20 июл 2009 йил.
«Лаъли Бадахшон»
(«Қурбон ўлам…»)
Қисса
Ушбу қиссада ёзувчи Раҳим Каримов шаҳарлик Давлатшо исмли журналист йигит билан олис қишлоқлик Туйғуншо исмли қизнинг мураккаб тақдири ҳақида ҳикоя қилар экан, инсон бахт-саодати унинг ўз қўлида эмаслиги, балки аввалдан Аллоҳ томонидан битилган қисматига боғлиқ эканлиги ишончли тарзда ҳикоя қилинади. Муҳаббат салтанатига ногоҳ кириб қолган икки ёшнинг аччиқ тақдири, орадан бир неча йиллар ўтгач, тақдир тақозоси билан бир-бирлари билан учрашиб, бахтли ҳаёт кечириш бахтига муяссар бўлган асар қаҳрамонларининг ички кечинмалари, уларни ҳаттоки ҳаддан зиёд олис масофалару қаҳратон совуқлар, қариндош-уруғлару ёру биродарлар ҳам ажрата олмаганлиги хусусида баён этилади
Каримов Р. Лаъли Бадахшон: Қисса, новеллалар. — Ўш, 2007. – 100 б. Адади 500 дона
Биринчи боб
Давлатшонинг ота-боболари помирлик тожиклардан. Бобоси Ҳуррамшо Ўшга кўчиб келиб ўзбек қизига уйланган. Отаси Музробшо эса қирғизларга куёв бўлган. Уларнинг бора-бора қони аралашиб кетган. Она тилини Давлатшо тугул отаси Музробшо ҳам дурустроқ билмас эди. Қаҳрамонимиз Бишкек Миллий университетини тамомлаган. Муҳарририятда ишларди. Тақдир насиб экан. Замонлар ўзгариб, қисқа вақт ичида оддий рўзнома мухбирлигидан нуфузли хорижий ахборот агентлигининг даракчиси бўлиб қолганини ўзи ҳам сезмай қолди. Хизмат юзасиданми, балки йигитни Бадахшон томонларга ота-боболарининг руҳи чорлаган бўлса, ажаб эмас. Хуллас, Давлатшо кунлардан бир кун қай замонлар қавм-қариндошларининг ватани бўлган узоқдан-узоқ жойларга бориб келишни хаёлига ҳам келтирмаган…
Қисмат ҳеч кимдан, ҳеч нимани сўраб ўтирмас экан. Хоҳлаган нарсасига, истаган пайтида рўбарў қилиб қўявераркан, кишини…
Қиш кунларидан бирида унга қўшни Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида истиқомат қилувчи биродарлари ҳаётидан ҳикоя қилувчи мақола тайёрлаш вазифаси топширилган эди…
Одамлардан сўраб-суриштириб темир йўл бекатига келди. Помирга қатновчи юк машиналари турган жой. Бир-икки ҳайдовчи билан суҳбатлашди. Бу ерда улар озиқ-овқат ортилган вагонларнинг келишини кутиб, бўм-бўш турган эканлар. Мана, бир неча йилдирки, Огахон исмли эронлик бадавлат бир одам томонидан юборилаётган инсонпарварлик ёрдами келиб турибди. Мой, ун, шакар каби маҳсулотлар Ўш орқали Тоғли Бадахшонга олиб бориларкан. Бу ерда азал-азаллардан номи юқорида қайд қилинган мухтор вилоятнинг махсус омборлари мавжуд. Ўшликлар бу ерни «Тожик база» деб ҳам қўйишади. Азал-азаллардан Тоғли Бадахшонга Тожикистон орқали юк ташиш мураккаб бўлганлиги сабабли бу муаммо вилоятимиз орқали ҳал қилиб келинган…
* * *
Давлатшо икки кун йўловчи машина кутди. Юк ортиб олганлари мижозлар билан банд экан. Шу боис яна уч-тўрт кун кутишга тўғри келди.
Ниҳоят йўлга чиқадиган кун ҳам яқинлашди. Буни қарангки, ҳар бир машинанинг ўз «шериги», «ҳамроҳи» бўларкан. Бири сафарга шай бўлмаса, иккинчиси ҳам йўлга чиқмас экан. Қолаверса, улар ярим тунда — йўлда машиналар сони сепсилган маҳалда, беш-ўнтаси саф тортиб сафарга отланарканлар. Оғир йўл-да. Бир-бирига кўмаклашиб кетишмаса бўлмайди. Темир йўл бўйида эса уларнинг мўъжазгина бекати, келиб-кетишганида ётиб-турадиган қўналғаси ҳам бор…
* * *
Ўша куни ўчашгандай чироқ ўчиб қолганди. Қоронғуда йўлга отланиб турган «ЗИЛ» ларнинг чироқлари ёрдамида ўзи келишиб қўйган ҳайдовчини аранг топди. Барзанги, соқол-мўйлаблари ҳаддан зиёд ўсиб кетган, ўттиз-ўттиз беш ёшлар чамасидаги бу киши Давлатшони кўриб, кўришгани қўл узатди. У рус тилини анчагина бузиб гапирарди. Ёнида – «шериги». Улар тамаки тутатиб турардилар.
— Ассалому-алайкум!
— Ва алайкум ассалом!
— Ҳорманглар! Йўлга шаймисизлар?
— Биз тайёрмиз, ўзлари-чи, ўзлари,— дея йигитлар Давлатшониниг уст-бошига бошдан оёқ разм солиб, бир-бирларига қараб жилмайиб ҳам қўйишди.
Давлатшонинг ташқи кўриниши чиндан-да кулгули эди. Унинг бир парчагина яланг юзидан бўлак ҳеч жойи кўринмасди. Оёғида пийма. Ичидан қават-қават иссиқ кийим кийиб олган. «Нима бало, бу одам Арктикага кетяптими» деган хаёлга бориши турган гап, четдан қараган киши. Бахтига, чор атроф зим-зиё. Осмондан эса паға-паға лайлак қор ёғади…Кабина эшиги ланг очиқ… Овоз нигордан ёқимли куй таралади… Фузулий ғазали билан айтиладиган «Қурбон ўлам…» ашуласи янграйди…
* * *
Давлатшо кабинага чиққанида, ўртада ёшгина бир қиз ўтирарди. У шаҳардаги олийгоҳлардан бирида таҳсил олаётган талаба экан. Эгнида биргина кофта билан қайиш нимча. Ҳайдовчи йигитнинг ҳам усти юпунгина: бир чит кўйлак билан пахтали куртка кийиб олган, холос. Давлатшо ҳамроҳларига боқиб, уларнинг сира ҳам совқотмаётганлигига ҳайрон. Давлатшо каттакон термизга дамлаб олган чойини оёғи остига жойлаб, тиззаларига ўзи билан олиб келган Хитой жун адёлини ёпиб олди. Совуқ қотишни биз, ўшликларга чиқарган экан, Худойим-ей, дея ўйлар эди, ичида у. Манави ёшгина қиз, анави акани қаранг, бирор марта жунжукиб ҳам қўйишмади-я. Улар болалигидан тоғу тошларда совуқ еб катта бўлишган, чамаси»…
* * *
Ҳаммаёқ оппоқ қор. Машинанинг пешчироқлари ўчириб қўйилса-да, гўё кенг-кавир йўл оппоқ-ойдин кўриниб тураверадигандай. Худди асфалтга оппоқ гилам тўшаб қўйилганга ўхшайди. Бу мусаффолик шунчалар узун ва равонки, юк машинаси ғилдираклари бу — кўзларни қамаштирувчи бепоён поклик узра айланаверади, айланаверади… Кабинада эса ҳамон «Қурбон ўлам…» қўшиғи янграйди…
Анча юргач, чап ёнимизда «шерик» машина пайдо бўлди… Расми шундай экан. Гоҳ униси, гоҳ буниси олдига чиқиб тураркан. Шу тариқа улар бир-бирларининг ҳеч қандай муаммосиз, эсон-омон келаётганидан бохабар бўлиб келарканлар… Лекин бу оқлик қаҳрамонимизни ҳали олдинда кутаётган ниҳоятда улкан, бепоён оқликдан «Хамир учидан патири» эди. Бироқ Давлатшо бундан мутлақо бехабар…
— Паспорт, виза, рухсатномаларни уйда қолдириб қўймаган бўлсангизлар керак, ҳар ҳолда, — деди машина чамбарагини осонгина бошқариб бораётган ҳайдовчи. -Ҳадемай биринчи постга етиб келамиз. Ҳужжатлар, шахсий буюмлар текширилади.
Давлатшо кастимининг ички чўнтаги жойлашган ерини кафти билан ушлаб қўйиб, кўнгли яна бир бор таскин топгандай бўлди. У «Паспорт столи» да икки-уч кун елиб-югуриб бир амаллаб рухсатнома тўғрилаганини эслади…
* * *
Машина ортига қарамай кетаверади, кетаверади. У «шериги» билан қувламачоқ ўйнаётгандай, гоҳ олдинга чиқиб олади, гоҳ ортда қолиб кетади. Улар Даровутқўрғонга кириб келишаётганида ғира-шира бўлай деб қолган эди. Нариги машинада шу ерлик бир йўловчи бор экан… Юк-тақини тушириб беришди… Бироздан сўнг улар яна йўлга тушдилар. Давлатшонинг кўз ўнгида гўё дунё аста-секин янада оқаришиб бораётгандай эди…
Рўзаи рамазон ойи кириб қолган. Йигитнинг кўз олдига алланечук ифтор чоғлари гузарларда сотиладиган нишолда келарди. Ҳа, тонг отган сайин ҳалиги оқлик оқаргандан оқариб. кўзларни оғриб кетгудай даражада қамаштирарди…
Анчадан сўнг машина беш-ўн дақиқага йўл четига тўхтади. Қоринлар очган. Давлатшо онаси ёпиб берган кулчалар, шиша банкадаги «қовурдоқ» нинг елим қопқоғини очиб, қайнатилган тухумларни олиб, ўртага дастурхон ёзди. Қиз, ҳайдовчи ҳам йўлга «ғам» лаб олган у-бу егуликларини қўйишди. Ҳайдовчи латта халтадан бир нечта пиёз ҳам чиқариб қўйди. Рамиз йўл-қуйин чилон, жийда, қоқи еб келди. Ҳа, айтгандай, биз ҳайдовчини ташинтиришни унутибмиз. Унинг йўл бўйи оғзи тинмади, ўзиям, Давлатшонинг эса ҳадеб кўнгли айнир эди. Қиз бўлса пинагини ҳам бузмай келаяпти. У узоқ йўлга шунақа ўрганган эканки, унга боқиб ёқангни ушлайсан…
— Олинглар, пиёзга қўшиб енглар. Кўпроқ пиёз, саримсоқ ейиш керак, — дея такрорларди ҳадеб ҳайдовчи. -Ҳадемай «тутак» бошланади. Фойдаси бор…
* * *
Машина бир маромда кетиб боради. «Шериги» боягидек гоҳ олдинда пайдо бўлиб, гоҳ кўздан умуман ғойиб бўлиб қолади. Йўл юрган сайин негадир Давлатшонинг бошидаги оғриқ кучайгандан кучайиб борарди. Улар тинмай йўл юрардилар, йўл юрса ҳам мўл юрардилар. Бу ерлар унчалик совуқ эмас эди. Кун чиқиб турарди. Шунданми, кабина ичи бироз илиб қолган. Тушга яқин улар Саритошга етиб келдилар. Йўл бўйидаги бир бинога келиб тўхташди. Бу ерда бир оила истқомат қиларкан. Уйини ошхона қилиб олибдилар. Уч-тўрт хил пишган овқат бор экан. Ярим косадан қайнатма шўрва ичишди. Қимиз беришди. Бўғирсоқ ейишди. Давлатшонинг иштаҳаси йўқ эди. Боши ҳали-ҳануз қаттиқ оғрирди. Яхшиям ўзи билан беш-олти хил дори-дармон олиб олган экан. Бир дона «Аналгин» ичиб олди. Лекин кор қилмади. Бош оғриғи ҳадеганда босилмасди. Бу ҳам етмагандай, нафас олиши тобора қийинлашиб борарди… Боиси — машина йўл юрган сайин аста-секин юқорига кўтарилиб бораётганди. Улар Оқбўсағадан эсон-омон ўтиб олишди. Айтишларича, «Тутак» нинг авжи шу ердан бошланаркан. Оқбўсаға ўз оти билан оп-поқ эди. Биронта ҳам қора шарпа кўринмасди. Ҳаммаёқ қорга бурканган. Аста-секин кеч кириб борарди. Кечки совуқнинг бошлангани кабина ичида ҳам сезила бошлади. Давлатшо яна адёл билан оёқларини ўраб олди. Бўйнида жун бўйинбоғ. Бошида эса иссиқ бош кийим…
* * *
Тунги ўн-ўн бирлар чамасида «ЗИЛ» бир ҳовлига етиб келди. Атроф шунчалар совуқ эдики, ҳароратнинг ниҳоятда пастлигидан ҳаттоки оёқ-қўлинг жунбушга келмайди. Жойларнинг номи ҳам ниҳоятда кўп экан. Бири — биридан қизиқ ва хилма-хил. Бир-икки марта борган одам, уларни эслаб қолиши ҳам амри маҳол. Биз ҳам уларни баъзан чалкаштириб юбораётган бўлсак, авфу этасиз.
Машина ҳам азамат машина экан. Баланд тоққа чиқиб кетди, ёпирай! Пастда жой қуриб кетгандай, ҳайҳотдай уйни нақ тоғнинг устига қуришибди-я, одамлар ўзиям. Бу уй каттакон бир хонадан иборат, холос. Мана шу улкан хонада хонадон соҳибларининг ўғил-қизлари, келинлари, набиралари истиқомат қиларканлар. Ниҳоятда меҳмондўст одамлар экан. Йўловчиларни эски қадрдонларини кутиб олгандай кучоқ очиб қарши олишди. Чор атрофдан бўриларнинг увиллаши қулоққа чалинади. Электр энергияси кечки соат еттигача узатиларкан. Тун бўйи жинчироқ ёқиб чиқарканлар, ҳалиги бечоралар. Бу хонанинг чор атрофига ёйсимон айвон қилиб қўйилган. Баъзи бир жойларига одам бўйича келадиган тўсиқлар ҳам қилинган. Хонанинг шифти шунчалик катта ва баландки, ўзингни беихтиёр музейга кириб қолгандан ҳис қиласан, киши. Девори ҳам оддий уй каби тўртбурчак эмас. Аксинча, бўз уй шаклида — думалоқ…
Хона пойгаги эса ердан иборат. Ўртага темир печка ўрнатиб кўйилган. Оппоқ сочли кампир келини, қизлари билан дарров картошка арчиб, гўшт билан қовуришди. Столга дастурхон ёзиб, чой қўйишди. Бу ерликлар шунчаки чой эмас, «ширчой» ичарканлар. Чойнакда сут қайнатиб. устига сариёғ солиб бериларкан. Давлатшо ундан иссиқ-иссиқ бир ҳўплам-икки ҳўплам ичиб, бироз ўзига келгандай бўлди. Спорт сумкасидан дастурхонга у-бу нарса олиб кўйди. Улар билан хонадон соҳиби мўйсафид чол — Искандар ота ва унинг тўнғич ўғли — Олимбек ўтирар эди…
— Йўл бўлсин, меҳмон, — деди ота Давлотшога қараб.
— Раҳмат, ота, — деди Давлатшо қўлини кўксига қўйиб. — Узр, сизларни бемаҳал безовта қилиб қўйдик.
— Кўйсангиз-чи, ўғлим. Бизнинг ҳаётимиз шу. Бугун сизлар, эртага бошқалар… «Йўл азоби — гўра азоби», болам. Эшигимиз сиз каби мусофирлар учун доимо очиқ…
— Раҳмат, ташаккур, ота…
— Бу менинг тўнғич ўғлим. Муаллим. Душанбе университетини тамомлаган. Мактабимизда математикадан дарс беради.
Давлатшо қора кастим-шим, оқ қўйлак кийиб, бўйнига қора ҳол-ҳол бўйинтуруқ тақиб олган, қадди-басти келишган бу йигитга тикилиб, у ҳам ўзи каби шаҳардан келган йўловчи бўлса керак, деб ўйлаб ўтирган эди. Йигитнинг шу ерлик эканини эшитиб, алланечук таажжубланди.
— Бу ерда мактаб борми, — сўради у таом устида.
— Ҳа, деди йигит жиддий оҳангда. — Фақат бир-икки чақирим нарида.
— Мактабга ҳар куни қандай бориб келасиз?
— Пиёда-да. Фақат дарс бошлангунга қадар бир-икки соат олдинроқ йўлга тушишим керак.
— Шу ерда яшайсизларми?
— Йўқ, бу ерда дадамлар, укаларим, сингилларим истиқомат қилишади. Бизнинг ўз уйимиз бор. Бу ердан ярим чақиримча нарироқда.
— Шу ерда тунаб қоласизларми?
— Йўқ, ҳозир уйга кетамиз. Ҳар куни ишдан қайтаётиб, йўл-йўлакай ота-онамдан хабар олиб ўтаман. Онам ва менинг жажжи ўғилчам қаттиқ бетоб бўлиб қолишибди. Фарзандимизни бугун шу ерда қолдириб кетамиз.
— Дори-пори бердингларми?
— Ҳайдовчиларга тайинлаб юборганмиз. Эрта-индин қайтишда дори-дармон олиб келиб қолишар…
Беморлар икки-уч кундан буён изтироб чекиб ётган эканлар. Ҳайрият, Давлотшонинг ёнида ҳар хил дорилар бор эди. Дарров сумкасидан чиқариб, мезбонларга узатди.
— Мана, олинглар, буларни зудлик билан ичириб қўйинглар. Зора, эрталабгача иситмалари тушиб қолса.
— Йўқ, — деди Олимжон дориларни олмай. Ўзингиз катта йўл олдида турибсиз. Йўлда уларга сиз биздан ҳам кўра муҳтожроқ бўлиб қолишингиз мумкин. Биз ҳарқалай ўз уйимиздамиз… Йўқ, ака, ташаккур, қабул қилолмаймиз.
— Хавотир олманглар, менда яна бор. Олинглар, олаверинглар. Ўғилчангиз ҳам қийналиб кетибди…
Ниҳоят, Давлатшо уларни малҳамларни олишга аранг кўндирди. Қизлар дорини олиб, болага, бувисига ичирдилар…
Искандар ота меҳмонларга миннатдорчилик билдирди…
Давлатшо ташқарига чиқиб келмоқчи бўлиб ўрнидан турган эди, уни Олимжон эшикка кузатиб чиқди. Ҳаммаёқ оппоқ қор. Совуқ гўё юз-кўзларни кесар эди. Олимжон Давлатшони ҳожатхона томонга кузатиб бораётган эди, тўсатдан меҳмоннинг оёғи тойиб кетиб, сирпаниб, «гуп» этиб ерга қулади. Ўрнидан турай деса, ҳеч туролмайди. Ҳаммаёқ ҳаддан зиёд сирпанчик, тайғоқ. Олимжон унга қўлини чўзиб, зўрға турғизиб қўйди…
Ҳаммадан ҳам қайтишда ҳўл қўли билан эшик дастагини ушлаб олгани чакки бўлди-да. Бир зумда қўли унга чиппа ёпишиб қолса бўладими? Чиқариб олгунича, кўзларидан ёш оқиб кетди, бояқишнинг…
Ичкарига кириб келишганида меҳмонларга қатор жой солиб қўйилган эди. Олимжон хотини, икки нафар боласи билан тунда ўзининг уйига жўнаб кетишди. Давлатшо уларнинг алламаҳалда қўрқмай болаларини етаклаб кўчага чиқиб кетишганига тан қолди. Улар навбатдаги тоғнинг устидаги уйда яшар эдилар…
* * *
Меҳмонлар ғира-ширада яна йўлга отланишди. Уй эгалари саҳарликка туришганида. улар ҳам нонушта қилиб олдилар…
Яна йўл бошланди, узундан-узун, поёни йўқ йўл. Онда-сонда қорли чўққилар кўзга ташланади…
Машина он сайин, дақиқа сайин баландликка кўтарилиб борарди. Давлатшо совуқ қотганидан адёлга боягидек бурканиб олган. Бош оғриғи бироз қолган. Кўзлари тўла уйқу. Бошини қаерга қўйишни билмай, гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга чайқалиб кетиб боради. Совуқ аллақачоноқ қават-қават кийимларини тешиб, қўйнига кириб олган. У бора-бора аъзои-баданини музлатиб боради. Қўл-оёқлари эса уюшиб бўлган.
— Ухламай гапириб кетгин, — дейди Рамиз унга боқиб. — Акс холда мен ҳам ухлаб қоламан. Худо кўрсатмасин, чор атрофимиз жарлик-а! Буни унутма! Аллоҳ ўзи асрасин, жонимизни!…
* * *
Давлатшо табиатан жуда камгап йигит. Энг кўп гапиргани — бору йўғи ўн оғизгина сўз. Шунга қарамай, уёқ-буёқдан, гоҳ ундоқ деб кўрарди, гоҳ бундоқ деб. У гапира-гапира, охири нима дейишини ҳам билмай қолди. Етмаганига йигитни уйқу ниҳоятда элитиб борарди. Бир кўнгли: «Бор-а, бўлгани бўлар» дея чуқур уйқу гирдобига шўмғиб кетгиси келса, бир кўнгли: «Йўқ, ўзингни қўлга ол, бирор фалокат юз бермасин, тағин» дерди. Бу гапларни у ичида минг бора, миллион бора қайтарди, чоғи. Лекин уйқу ҳам бўш келмас эди. Уни элитаверарди, элитаверарди…
Ниҳоят довон бошланди. Машина баланд-баланд чўққилар ёнбағрида кетиб боради. «ЗИЛ» лар узоқдан худди гугурт қутисидай бўлиб кўринарди. «Бир неча соатлардан сўнг наҳотки бизлар ҳам ўша чўққига чиқсак» дея ваҳима, саросимага тушарди Давлатшо. Бепоён оқлик эса кўзларни кўр қилиб қўйгудай… Кун чиққан пайтларда атрофга қараб бўлмасди. Офтоб кабина томини шунчалар қизитиб юборганки, чидаб бўлмас даражадаги иссиқдан Давлатшо ҳаттоки бош кийимини ечиб юборган.
Улар дунё томи деб аталмиш – Қизилартга яқинлашиб борар эдилар. Бирдан Давлатшонинг ранги оқариб, боши, панжаларининг учидан «муз» чиқа бошлади. У ўзини худди ток ургандай ҳис эта бошлади. Шу ерда ҳужжат текширишди. Давлатшо пастга тушолмади. Унга уч-тўрт бош пиёз едириб юборишди. Шундагина йигит бироз ўзига келгандай бўлди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас эди. Ҳа-ҳа, улар эндигина йўлнинг ярмини босиб ўтган эдилар. Ҳали олдинда қанчадан-қанча масофалар кутиб турарди…
* * *
Кун тиккага келган. Машина ҳамон кетиб боради. Офтоб қизигандан қизийди. Кабина томидан бошга иссиқ тафт урилади. Давлатшо бошини қаерга яширишни билмайди. Шу кетишда худди пишиб қоладигандай… Атроф гоҳ паст-баландликлар, гоҳ кимсасиз даштлар билан ўрин алмашади. Ҳадемай кун ботиб, кечки совуқ бошланади. Йўл узоқ. Тамадди қилиб олиш учун аҳён-аҳёнда пайдо бўлиб қолаётган уйлардан бири томон юради. Бу ерда қирғиз биродарларимиз истиқомат қилардилар. Бинолар тоғ тошларидан бунёд қилинган. Томлари текис. Деворлар — деразасиз. Албатта, бу ерда эсувчи қаттиқ шамоллар уй деразаларини синдириб юбориши турган гап. Шундан бўлса керак, уйларнинг ойналари уларнинг томларига ўрнатилган. Хуллас, кўз ўнгимизда биз учун номаълум маиший шароит, ғайрибатиий турмуш тарзи, бошқача маданият намоён бўлгандай бўлди. Хонадон эгалари, уларнинг шириндан-шакар болаларининг икки юзи анордай қип-қизил… Болакайлар юпун-юпун кийиниб олиб, чана учадилар…
Йўловчилар хоналардан бирига кириб яна иссиқ-иссиқ ширчой ичишди. Бўғирсоқ еб, ярим косадан қайнатма шўрва тамадди қилишди. Кун аста-секин уфққа ботиб борар эди. Ҳайдовчи, талаба қиз, Давлатшо яна «ЗИЛ» кабинасига чиқишди. Қоринлари тўқ ҳолда йўлга тушдилар.
* * *
Йўл-қуйин гапиравериб, Давлатшонинг оғзида оғиз қолмади. Қоронғу тушганига анча бўлган. Йигит бўшаниш учун машинани тўхтатиб пастга тушди. Чор атрофда зоғ учмайди. Изғирин юз-кўзларни шиша янглиғ кесади. Тиғдай санчилиб, чимчилайди…Увиллаган шамол нафас олгани қўймайди. Таҳорат ушатиб олгунга қадар кўзларидан ёш чиқиб кетди, бечоранинг. Қўллари тарашадай музлаб қолган. Кабинага аранг чиқиб олди… Улар тағин йўлга тушишди. Тоғлар, дўнгликлар, жарликлар, текисликлар — ҳамма-ҳаммаси қор остида. Йўл бўйида вақти-вақти билан пайдо бўлиб қоладиган назорат тугунларини ҳисобга олмаганда, бу ерларда одам боласининг ҳаёт кечириши амри маҳол…
— Нима бўлди, журналист, — деди ҳайдовчи Давлатшога қараб. — Нега кайфиятинг тушиб кетди? Бўш келма! Уйланганмисан? Бола-чақанг борми? Нима мақсадда келаяпсан ўзи, бу ёқларга?!
— Бадахшонликлар ҳақида мақола ёзишим керак. Яқинда уйланмоқчи эдим. Бунинг учун энди дастлаб уйимга эсон-омон қайтиб бориб олишим керак.
— Ваҳима қилма! Ҳаммаси жойида бўлади. Сенинг музлаб қолишингга сира йўл қўймаймиз. Хоруғдан чиройли қиз топиб, уйлаб қўямиз, — дея «қаҳ-қаҳ» уриб кулади, ҳалиги беғам ҳайдовчи. -Бу ерларнинг об-ҳавосига аста-секин кўникиб кетасан. Бўлди, сени энди уйингга қўйиб юбормаймиз. Бир жияним бор. Ўшани сенга олиб бераман. Шу ерда яшайсан… Розимисан?.. Гапирмайсанми? Нега жимсан? Тожик қизлари жуда гўзал бўлишади… Биласанми?
* * *
Давлатшони бу пайт «Қачон манзилга етиб оларканмиз» деган саволгина қийнар эди. Унинг айни пайтда тожик қизи у ёқда турсин, ҳаттоки гўзал ҳинд актрисаси Мамтага ҳам уйлангиси келмасди… Хаёлини «Қачон жоним исир экан-а?» деган савол тарк этмас эди, холос. Каттакон дашту биёбонда улардан бўлак ҳеч ким йўқ. Ҳайдовчининг «шериги» ҳам аллақачонлар кўздан ғойиб бўлган. Олдига ўтиб кетганми, ортда қолиб кетганми, буни ёлғиз Аллоҳдан бўлак ҳеч ким билмасди. Балки машинаси бузилиб, йўлда қолиб кетгандир…
Давлатшонинг яна боши оғрий бошлади. Қон босими тушибми, кўтарилиб кетганми, билмасди. Дори-дармонларини ҳам йўл-йўлакай бировларга улашиб келди. Вақт ўтган сайин бош оғриғи кучайгандан кучайиб, нафас олиши тобора оғирлашиб борарди. Унинг гўё бош қисмида бир чимдим ҳам тафт қолмагандай эди. Пешонаси, чаккаларидан муз чиқарди, холос. Боши оғриқдан «тарс» ёрилиб кетай дерди…
«Йўл азоби — гўр азоби» деб айнан мана шу Ўш-Хоруғ йўли ҳақида айтишган бўлса керак. Ҳайдовчиларга раҳмат. Улар бу йўл орқали ҳар ойда уч-тўрт марта бориб келарканлар. Умрларидан барака топишсин. Бундай жасорат ҳар қандай ҳайдовчининг ҳам қўлидан келавермайди. Ҳалокатлар ҳам бўлиб турса керак? Боя жарликда бир «ЗИЛ» тиллақўнғиздек ағанаб ётган экан. Ичидагилар омон қолишдимикин?». Давлатшо шу каби ҳаёлларга чўмиб кетиб борарди. Тун ярмида машина, ниҳоят, Мурғобга кириб келди. Лекин Давлатшонинг аҳволи тобора оғирлашиб борарди…
Бахтга қарши худди шу ерга келганда машинанинг бир ғилдираги ёрилиб кетса бўладими? Рамиз ҳам ўлганнинг устига тепкандай қилиб, машинасини шундоққина жар ёқасига тўхтатди. Давлатшо пастга тушиб олай деса, совуқ. Кабинада ўтираверай деса, машина шундоққина жар ёқасида турибди. Беш-олти сантиметрга сирпаниб ёки жилиб кетса, юк-тақи билан жарликка тушиб кетади. Атроф зим-зиё. Шапалоқ-шапалоқдай лайлак қор ёғади. Рамиз машина устига чиқиб брезент остидан қўшимча ғилдирагини олиб тушиб, алмаштира бошлади. Ярим соатлардан сўнг улар яна йўлга отланишди. Ҳалиги талаба қиз мурғоблик эди. Аввал уни уйига олиб бориб ташладик. Сўнг юк машиналари тўхтайдиган махсус гаражга келдик. Бу ерда уларнинг ётоқхонаси бор экан. «Шерик» машина шу ерда эди. У Мурғобга сал олдинроқ етиб келган экан. Давлатшо уни номеридан таниб қолди…
Икки-уч хонадан иборат бу ётоқхонага бошдан оёқ темир каравотлар қўйилган. Темир печка атрофида бир неча ҳайдовчи исиниб ўтиради. Печкадаги ўт кўзларни куйдириб лов-лов ёнади. Чойнакда қайнаб ётган сувдан темир кружкаларга қуйиб, чой дамлаб ичишади. Илиқ хонага киргач, Давлатшонинг қулоқлари ўт бўлиб ёна бошлади. Бир кружка қайноқ чой ичиб, жони бироз илигандай бўлди… Ҳайдовчиларнинг бари бир-бири билан она тилида гаплашишарди. Йигит эса уларнинг тилини тушунмай, индамай ўтирарди…
* * *
Ғира-ширада яна икковлон йўлга тушишди. Ҳамроҳ машина ҳам улар билан сафарга отланди. Улар илгаригидек бир-бирини қувалаб кетиб боришади. Кўкка офтоб чиқиб, совуқ бироз синиб қолган. Лекин бу ерларнинг об-ҳавоси ҳали-ҳануз Давлатшони илғаётган эди. Қаттиқ бош оғриғи ҳадеганда уни тарк этмасди. Кўнгли айниб, нафаси қисаверарди…
Тушга яқин улар кимсасиз, бепоён даштнинг қоқ ўртасидаги тоғ тошларидан қурилган ғарибгина бир кулба ёнига келиб тўхташди. Бу ерда доимо изғирин эсиб тураркан. Кулба атрофида биронта ҳам дарахт йўқ. Аччиқ шамол дов-дарахтларни ҳам таг-томири билан йўмириб кетаркан. Экин-тикин учун ажратилган жой шип-шийдон, қуриган ёғочлар билан айлантириб ўраб қўйилган. Бу ерда бир мўйсафид чол билан эндигина бўйига етган қизи яшарди. «ЗИЛ» нинг гумбурлаган овозини эшитиб, чол ташқарига чиқди. Ортидан қизи кўринди. Улар бу ерда ота-бола ёлғиз яшардилар. Кампири ўзоқ йили қазо қилган. Бир ўғли Ўшга кўчиб кетиб, ўша ерда уйланиб, қолиб кетган… Рамиз буларни Давлатшога машина ичида гапириб берди. Йигит ҳайдовчининг ҳикоясини тинглаб ўтириб, уларга ич-ичидан раҳми келиб кетди. Ҳалиги бечораларнинг қўйлари ҳам, този ҳам уйининг ичида яшар эканлар. Нима қилишсин? Шундай совуқда жониворларни ташқарида қолдириб бўладими? Улар тўниб қоладилар-ку! Уч-тўрт бўлмадан иборат бу бино ичидан шундоққина тезакнинг ҳиди анқиб турибди. Катта хонанинг қоқ ўртасида печка ёниб турарди. Ҳалиги қиз унга ўқтин-ўқтин тараша, тезак солади. Икки юзи анордай қип-қизил.
— Туйғуншо, қизим, меҳмонларга дарров дастурхон ёзиб юборгин, — деди чол қўллари совуқдан ёрилиб кетган, печка устига чойнак қуяётган қизига қараб.
— Ёмон совуқ қотибсизлар-ку, — деди чол меҳмонларга юзланиб.
— Қани, қадам етди, бало етмасин, омийн…
Эркаклар уёқ-буёқдан гаплашиб ўтиришгунча, Туйғуншо меҳмонлар олдига дастурхон ёзиб, патнисда қора ундан ёпилган каттакон патир, ликопчада сариёғ олиб келди. Печкада қайнаб ётган ширчойни чинниларга қуйиб, бирма-бир меҳмонларга узатди. Қиз навбатдаги ширчойни ёш меҳмон — совуқ қотганидан юзлари девордай оқариб, бир-икки кун йўл юриб, тиғ тегмаганидан соқоллари ўсиб кетган қора қош, қора кўз, қўнғироқ сочли, хушсурат Давлатшога узатар экан, юраги ўйнаб, негадир қаттиқ уриб юборди. Унинг титраётган қўллари чиннини йигитга аранг узатиб олди…
Туйғуншо бу ерларда қариб қолган отаси билан якка-ёлғиз яшайди. Худо кўрсатмасин, эрта-индин падари бандаликни бажо келтирса, дашту биёбонларда биргина ўзи қолиб кетишидан қўрқиб яшайди. Кечаю-кундуз Аллоҳдан илтижо қилиб, Яратгандан отасининг умрини узоқ қилишини, ўзига бахт ато этишини сўрайди. Ташқарига келиб тўхтаган ҳар бир «ЗИЛ» нинг гуриллаган овозидан унинг юраги томоғига тиқилиб қолади. Бир кунмас-бир кун ана шундай машинада бир шаҳзода келиб, уни бу ерлардан узоқ-узоқларга олиб кетадигандай… Лекин Туйғуншо ҳам шаҳарга кетиб қолса, отаси билан бу кимсасиз оролда ким қолади? Падари қариб қолган бўлса… Мабодо оғриб-нетиб қолса, ҳолидан ким хабар олади, унинг? Бу ерларда на чироқ, на сув бўлмаса. Қишда қор эритиб, чой қайнатилса… Отасининг таҳоратига ким ҳам сув ҳозирларди?..
* * *
Туйғуншо фикр-мулоҳазали, эсли-хушли, меҳнаткаш қиз. Бироқ у ҳам қиз бола-да, ахир. Унинг ҳам ҳамма қатори бахтли бўлгиси келади. Айни пайтда қалбида рўй бераётган ўзгаришлар, ички кечинмалари билан ўртоқлашай деса, дардлашгани ё бир дугонаси, ё бир қўшниси бўлмаса. Ҳеч қачон мактабга бормаган. Бахтига уйда бир транзистор бор. Йўловчи машиналарнинг бири батарейка, бири озиқ-овқат, яна бири кийим-кечак олиб келиб беришади…
— Қизим, радиоингнинг қулоғини бураб қўймайсанми?
Қиз отасининг хоҳиши билан радиони ёқиб қўйди. Ундан яна ўша ёқимли ашула — «Қурбон ўлам…» янграй бошлади…
Туйғуншо ташқи оламни ёлғизгина мана шу радио орқали танийди. Ҳамроҳи ҳам, дардкаши-ю дилкаши ҳам, сирдоши-ю йўлдоши ҳам ўша жажжигина қутича. У болалигида онаси билан бир-икки мартагина шаҳарга тушган. Қизнинг қолган умри мана шу изғирин дашт, бир-биридан гўзал ва улкан тоғ-тошлар орасида кечган. У табиат қизи. Тоғларнинг жигарбанди. Уни бу ерда ўқтин-ўқтин кулбалари узра учиб ўтувчи қушларгина танишади. Туйғуншонинг ака-укалари, опа-сингиллари, ёру биродарлари ҳам ўша тоғу тошлар, ҳарсанглардир… Елвизак шамоллар, аччиқ еллару юз-кўзларни чимчилаб олувчи шаббодалар унга эгачи-ю, сингиллардир… Ишонгани офтоб, паноҳи эса ойу юлдузлар. Сиғингани эса — ёлғизгина Аллоҳ…
Туйғуншо бир қарашда жуда ҳунукка ўхшайди. Аслида-чи, аслида. У жуда чиройли қиз эди. Бироқ бу латофат совуқ шамоллару жазирама иссиқлар изи остида қолиб кетгандай. Унинг мовий, осмон янглиғ кўм-кўк кўзларида яширин бир ўт, ботиний кўҳлиликни фош қилиб тургандай туюларди…
Давлатшо ширчой устига бир бўлак сариёғ солиб, унга нон чилаб ер экан, чуқур-чуқур ўй-хаёллар гирдобига ботиб кетган. Одам боласини тушуниш қийин. Кимлардир боғу бўстон, жаннатмакон жойларга ҳашаматли, қават-қават уй солиб, жонининг ҳузурини ўйлаб, бахтиёр ҳаёт кечирса, айримлар мана бундай — борса келмас, одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган жойларни макон айлаб, ўша ерларни Ватан деб биладилар. Фақирларча ҳаёт кечирсалар ҳам ошёнини еру кўкка ишонмайдилар… Ким билади? Балки улар мана шу ерлардан Ой кўришгандир?.. Албатта, улар бу ерлардан нафақат Ой, балки Қуёшни ҳам кўришга муваффақ бўлганлар. Шу боис бу ерлар улар учун муқаддас, азиздир! Ота-боболарининг қабрлари ҳам шундоққина ҳовлисида. Эҳ, тоғликлар, тоғликлар!.. Сизларни намунча тушуниш қийин? Виқорли чўққилар, кўкимтир, қўнғир тоғу тошлар сизларни оҳанграбодай бунчалар ўзига тортиб турмаса…
Туйғуншо гоҳ-гоҳ хона бурчидан минглаб жавобсиз саволлар гирдобида мулзам бўлиб ўтирган ёш меҳмон — Давлатшога қараб қўяр эди. Ҳар гал йигитнинг кўзларига тикилганида, юраги энтикиб, орзиқиб кетарди. Наздида бу йигит у билан юзлашиб турган энг сўнгги эркакдек эди. Ҳа, ҳа, охирги илинж… Сўнгги нажот мисол туюларди. Гўё у ҳозир ўрнидан туриб кетади-ю, Туйғуншо учун бундай қулай имконият гўёки бўлак ҳеч қачон берилмайди…
Давлатшонинг қизга жуда раҳми келарди. Аммо у сеҳргар эмас эдики, тўсатдан мўйсафид чол билан унинг катта ҳаётдан айрилиб қолган бечора қизининг тақдирини тубдан ўзгартириб юборса…
* * *
Йўловчилар бироз исиниб, чой-пой ичиб олишганидан сўнг яна сафарга ҳозирлик кўра бошладилар. Давлатшо эгнидан ечиб кўйган устки кийимларини яна бир-бир кия бошлади. Туйғуншонинг юраги хаяжонланиб, у дам-бадам йигитнинг кўзларига қарар эди…
У айни дамда ўзи ўқиган машҳур эртакдаги, денгиз бўйида алвон елканли кемани кутиб ўтирган Ассолга ўхшаб кетарди. Ана, унинг шаҳзодаси узоқ-узоқларга сузиб келяпти. Каттакон «ЗИЛ» кулбадан, қизнинг кўз ўнгидан тобора йироқлашиб борар эди. Туйғуншо эса яна бўлак бир елканни кутиб қолади. Ҳа, у бир куни келади. Албатта келади! Унинг Шаҳзодасини сўзсиз олиб келади. Ҳозирча у яна ўша — жонига ниҳоятда тегиб кетган ёлғизликка ёр бўлиб туришга мажбур, бўлак иложиси ҳам йўқ.
* * *
Хоруққача саноқли чақиримлар қолган. Машина икки тарафи бири-биридан чиройли ранг-баранг виқорли тоғлар билан ўралган дарага кириб боради. Тоғлар ёнбағри зангори арчалар, ям-яшил қарағайларга бурканган. Бир парча қор босган жой йўқ. Пастдаги анҳорда кўм-кўк товланиб, шарқираб сой оқади. Сойнинг шарқироғи тоғлардан садо бериб, бутун дара бўйлаб жаранглайди.
— Қалайсан энди, журналист? Етолмайманми деб қўрққан эдинг… Мана етиб ҳам келдик… Сенга бу тарафлар ёқдими? Қоласан-а, энди шу ерда… Оқсоқолнинг қизини кўрдингми? Сен унга ёқдинг… Сендан кўзини узолмай қолди, бояқиш? Туйғуншога уйланиб қўймайсанми? Кейин Хоруққа кўчиб келиб оласизлар. Сен боп иш топиб берамиз. Мазза қилиб яшайверасизлар. Бир йилдан сўнг қарабсанки, ўғил туғиб беради… Ўзинг ҳам тожик йигити экансан…
— Ҳазилни қўйсангиз-чи, ака, — деди Давлатшо Рамизга караб.
— Нима, сенга Туйғуншо ёқмадими? Номинг ҳам номига уйқаш экан… Давлатшо, Туйғуншо,— дея яна «қаҳ-қаҳ» уриб кулар эди, ҳайдовчи. Ўзи ҳам қизмисан қиз бўлибди Олмадай етилибди. Бизнинг тожик қизларининг қони қайноқ бўлади… Қолаверса, ўзингда ҳам тожик қони бор экан… Уйланиб олсанг, совуқ қотмай қўясан, — дея яна кулади Рамиз.
* * *
Орадан яна бир неча соатча ўтгач, машина қоялар ёнбағридан илон изли йўл бўйлаб Хоруғ шаҳрига яқинлашди. Рўпарада унча катта бўлмаган ерости йўли пайдо бўлди «ЗИЛ» тоғ бағри ўйилиб, бунёд этилган йўл орқали шаҳарга кириб келди. Кун очиқ эди. Ҳаво эса илиқ. Йўл четида ёш-яланглар юпун, бош кийимсиз юришади. Давлатшо табиатнинг ўзгарувчанлигига, ҳар бир жойнинг ўзига яраша об-ҳавоси, ўзгача шарт-шароитлари борлигини ўйлаб, боз тан қолди. Худонинг қудрати улуғлигига имон келтирди.
Ҳозир ер шарининг бир бурчида жазирама иссиқ бўлаётган бўлса, иккинчи бурчида кеча-ю кундуз қор ёғаётган бўлиши мумкин. Арктика, Антарктида, Шимолий муз океанида асрий музликлар пинак бузмай ётган бир вақтнинг ўзида Африка, Ҳиндистон, Араб мамалакатларида доимо ёз ойлари ҳукм суради…
* * *
Давлатшо Хоруғда бир ҳафта бўлди. Мухтор вилояти ҳокимлиги, вилоят рўзномаси таҳририятига ташриф буюрди. Ҳоруғликлар билан суҳбатлашди, ўзига керакли ахборотларни тўплади. Ниҳоят сафари қариб, уйга қайтадиган кун ҳам келиб қолди. Улар Рамиз билан келишиб олишган эдилар. Йўлга чиқишдан бир кун олдин уларникида меҳмон бўлди. Хоруғликлар жуда меҳмондўст одамлар экан.Фақат бу ерда «келгинди» лар кечалари ёлғиз юришлари керак эмас экан.Тожикистонда ҳар хил тўқнашувлар бўлиб турган йиллар эди, ўшанда.Тоғларга қочиб чиқиб кетган жангарилар тўдалари оқшом чўккач, емак излаб пастга тушарканлар. Хоруғ кафтдаккина эмасми? Бу ерда ҳамма бир-бирини отнинг қашқасидай танийди. Биронта нотаниш одамни учратиб қолсалар, қўрқитиб бор-бисотини тўнаб кетарканлар. Шу боис Давлатшо кўчага Рамизнинг туғишганлари ҳамроҳлигида чиқиб юрди…
Давлатшонинг олдида яна бир улкан имтиҳон турар эди. У ҳам бўлса узоқдан узоқ, машаққатли йўллар, мисли кўрилмаган совуқларни енгиб, эсон-омон она-ватанига етиб олиш. Руслар ибораси билан айтганда, «В гостях — хорошо, а дома — лучше». Ҳар кимнинг ўз уйи, ўлан тўшаги бўлсин, бу дунёда. Бироқ йигит бу синовни енгиб ўта оладими, йўқми, буни вақт кўрсатади. Шу боисдан йўлга чиқиш куни яқинлашгани сайин, унинг юраги ортига тортади. Сабаби — ҳалиги совуқлар суяк-суягига ўтиб кетган эди, бечоранинг. У ҳар сафар йўлдаги изғиринларни эслаганида аъзои-бадани жунжикиб кетарди…Йўлдан безиллаб, Хоруғда қолай деса, бу маскан тоғлар орасида қолиб кетган дўппидеккина жой экан. Бу ердан ташқи дунё билан боғланиш ниҳоятда мушкул…Бу ерликлар нега энди айнан шу жойдан макон топиб, ўтроқ, муқим яшаб қолдилар экан? Яна ўша эски савол келар эди Давлатшонинг ҳаёлига: «Нима бало, тоғликларга осонроқ яшаш учун жуғрофик жойлашиши жиҳатидан қулайроқ жой қуриб кетибдими, ер юзида?». Йигит бундай хаёлларга азбарои Худо одамларга ачинганидан борар эди. Айни пайтда у — Тоғли Бадахшон уларнинг кўз очиб кўрган ватани эканлигини ҳам унутмас эди. Барча енгил турмуш васлида киндик қони тўкилган жойларни ташлаб кетаверса, одам боласининг одамлигидан нима қолади? Тоғли ўлкаларнинг баъзи бир жойларида ҳаттоки қазо қилган биродарларини дафн этиш учун бирор қарич ер тополмай, жасадларни тоғ ёнбағрига ётқизиб, устидан тоғ тошларини уюб қўяр эканлар. Давлатшо Хоруққа кираверишдаги йўл бўйида қатор бўлиб турган ана шундай қабрларга боқиб, ҳайратга тушди. У кимларнинг қабрлари экан-а? Бунинг отини Ватан дейдилар. Демак, она-юртининг тоғу тошлари ҳам узлатнинг пар янглиғ тупроғидан-да юмшоқроқдир. Ёт ерларнинг ёп-ёруғ гўри киндик қонинг тўкилган ўлканинг қоронғу гўридан-да қоронғироқдир. Мана, одамийликнинг энг олий нуқтаси! Қизиларт — дунёнинг энг баланд жойи — оламнинг Томи бўлса, ватанига бўлган муҳаббат — инсоният, башариятнинг Томи дегим келади.
Нега энди бу ерларга айнан «Дунё томи» деб таъриф берган эканлар-а? Одамзот доимо узоқни кўрмоқ учун баландликка, тепаликка ёки уйининг томига чиқиб чор атрофга разм солади. Бироқ узоқни кўриш эса ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Аллоҳ барчамизга узоқни кўриб яшашни насиб этган бўлсин!
Жойларнинг аталиши ҳам хилма-хил. Чийирчиқ, Гулча, Қизил қўрғон, Сўфиқўрғон, Арчати, Оқбўсаға, Толдиқ, Хотинарт, Саритош, Оқбайтал… Эҳ-ҳе буларни санаб, адоғига етолмайсан… Ҳар бирининг ўз тарихи, ўзининг бетакрор афсонаси бор…
Қорақўлда бир кўл бор экан. У қишда шунчалар қаттиқ музлар эканки, усти хоккей ўйнаса бўладиган яхмалакка айланаркан. Одамларнинг айтишича, овчилар кийик овлашда ана шу кўлдан фойдаланар эканлар. Улар машинада ҳуркак оҳуларни шу ерга қувлаб келишаркан. Ҳалиги жаниворлар тайғоқ узра оёғида туролмай, фигурали учувчилар муз устида қандай йиқилсалар, худди ўшандай. «тап-тап» этиб музга қуларканлар. Бу эса овчиларга ўлжа тутишда жуда қўл келаркан…
Баҳорда эса Қоракўлнинг юзи сап-сариқ тус оларкан. Бу ерга сон-саноқсиз ўрдаклар учиб келиб, ўз полапонларини очарканлар. Кўл сатҳини полапонлар босиб кетаркан. Бу жойга мусофир кишининг кўзи тушиб қолгудай бўлса, полапонларни сап-сариқ гулларга ўхшатиб юбориши хеч гап эмас…
Дунёнинг ишлари қизиқ. Худонинг қудратига тан қолиб чарчамайсан, киши. Ўзингизга маълум, сув ҳар тарафлама кучли манба, табиат неъмати. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам келади, унинг қўлидан. Ёмонликка олса — истаган жойини вайрон қилиб кетиши мумкин. Ҳоҳласа, чўлу биёбонни жаннатга айлантириб юборишга қодир. Аммо сув ҳам нималарнингдир қаршисида ожиз экан. Ҳа, у совуққа чидай олмай «ўлиб» қоларкан… Демак, инсон совуқдан-да кучлироқ, қудратлироқ жонзотдир. У мана шундай аёзларга дош бериб, тенг келиб, музлаб қолмай яшаб келган, яшамоқда…Бу ерларда сув тугул ҳаттоки 40 даражали ароқ ҳам тўниб қолармиш. Одам боласи ароқни совуқдан сақланиш, ўзини муҳофаза қилиш учун ичиб олади. Назаримда, бу ердагилар уни музлаб қолмасин дея қиттак-қиттак қиладиганга ўхшайди. Ҳаттоки «ароққа» раҳмлари келиб, қўйнига солиб оларканлар! Мана сизга Одамзотнинг қудрати! Шунинг учун сенинг журъатинг, матонатинг қаршисида бош эгаман, эй улуғ мавжудот! Сени Яратганга қуллуқ қиламан, унга ҳамду санолар айтаман!
* * *
Йўлга чиқадиган кун Давлатшо тўсатдан истималаб қолди. Хоруғнинг илиқ хавоси илғаб қўйди, чамаси. Иссиқдан — совуққа, совуқдан — иссиққа ўтганида, шундай бўлади, кўпинча.
— Бу аҳволда йўлга чиқиш ҳавфли, — деди Рамиз Давлатшога қараб. — Уч-тўрт кун бизникида даволаниб ёт. Худо ҳоҳласа, беш-олти кундан сўнг қайтаман. Ўшанда сени ўзим олиб кетаман. Сен тузалиб колсанг, бўлак йўловчи машина билан ҳам уйга кетишинг мумкин.
— Йўк, — деб қаттиқ туриб олди йигит. Янги йилга уч-тўрт кун вақт қолди. Уни ота-онам, укаларим билан кутмасам бўлмайди.
— Қаёқдаги гапни айтасан? Янги йилга барибир улгурмайсан. Яхшиси, уни бизникида, бола-чақам билан кутиб кўя қол. Соғлигингни ўйласанг-чи. Ўзинг соппа-соғ ҳолда бу ерга аранг етиб келган эдинг. Энди бетоб ҳолда уйга эсон-омон етиб оламан деб ўйлаяпсанми?
Рамиз Давлатшони қанча қистамасин, у ўз гапида туриб олди. Ҳа, у бир сўзли, қайсар, ўжар йигит. Айтдими, айтганини қилмай қўймайди. Бекорга журналистликка ўқимаган? Журналистлар ўжар халқ бўлишади… Бироқ етти ухлаб тушига кирмаган совуқ унинг жон-жонидан, суяк-суягидан ўтиб кетгани ҳақиқат!
…Йўқ, бўлмади. Рамиз Давлатшони кўндиролмади. Мезбонлар билан қўюқ ҳайрлашди. Сафар жабдуқларини йиғиштириб, машинага чикди.
«ЗИЛ» лар Ўшга бўм-бўш қайтнайдилар. Рамиз машина кузовига тўрт-беш бош қўйларни ортиб олди. Уларни йўл-йўлакай қайнотасиникига ташлаб ўтди. Улар жониворларни баҳоргача асраб беришаркан. Аввал автокорхонага бориб, йўлга етадиган ёқилғи қуйиб олди. Йўлчилар кечга яқин йўлга отланишди.
Давлатшо ичида шундай суюнар эдики, икки-уч кунча сабр қилиб турса, албатта уйига етиб олади. Машинада иситма, шамоллашга қарши бир-икки дона дори ҳам ичиб олди… Кун ботиб, кечки совуқ тушаётган эди. Давлатшо иссиқ кийиниб олган. Оёқларида пийма. Тиззаларини боз жун адёли билан ўраб олган…
* * *
Ҳарбийлаштирилган текширув тугунида улар анча туриб қолдилар. Бу ерда ўтган-кетган машиналар, йўловчилар синчков текширувдан ўтказиларкан. Ҳамма нарса авраси-ю астаригача назорат қилинади. Ҳаттоки машиналарнинг ғилдираклари ҳам бутунлай чиқарилиб, обдон текшириларкан. Ўргатилган итлар ёрдамида гиёҳванд моддалар қидирилади…
Давлатшони ҳам махсус бўлинмага олиб киришиб, қўл сумкасини, чўнтакларини ковлаб, ичигача текширишди. У оёғида аранг турар эди. Аста-секин яна истимаси кўтарилиб, оёқ-қўллари лохасланиб борарди. Ташқарига чиқай деса, аччиқ совуқ бошланган. Қани энди тезроқ йўлга чиққани рухсат берсалар…
Вақт ўтган сайин Давлатшонинг иситмаси кўтарилиб борар эди. Иложи бўлса-ю, шундоққина қорга уззала тушиб ётиб олса. Боши, бели, оёқлари зирқираб оғрирди…
Рамиз ниҳоят жўнашга рухсат олди. Улар кабинага чиқиб, йўлга тушишди. Бироқ бир-икки чақиримча юргач, яна тўхташди. Йўл шлагбаум билан тўсиб қўйилган экан… Давлатшонинг аҳволи тобора оғирлашиб борар эди. Иситмаси қирққа чиқиб кетган. У ҳар хил дори ичса ҳам ҳеч кор қилмасди. Ўнтаб-ўнтаб, ухлаб қолди… Уйғонганида машина йўлда кетиб борар эди. Атроф зим-зиё. Давлатшонинг негадир нафас олиши оғирлашиб борарди. Ҳайдовчи ҳамроҳининг аҳволи ёмонлашаётганини кўриб, хавотирга туша бошлади.
— Сенга айтмаганмидим, бизникида қолавер, деб. Ўзиям анча қайсар бола экансан!... Йўлда сенга бирор кор-ҳол бўлса, бунга ким жавоб беради?! Уйда ота-онанг ҳавотир олиб ўтирган бўлса… Йўқ, бўлмайди! Сен бу аҳволда Ўшга етиб боролмайсан. Мен сени биринчи дуч келган хонадонда қолдириб кетаман… Беш-олти кун ўша ерда даволаниб турасан... Ҳайдовчининг сўзлари Давлатшонинг қулоғига кирса-да, унга жавоб қайтаргани йигитнинг мадори етмас эди. У истимада куйиб-ёнарди. Гоҳ уйқу аралаш алаҳсираб, ваҳимали тушлар кўрарди. «Оҳулар тўдаси жон ҳовучлаб қочиб боради. Уларнинг ортидан юк машинаси қувлаб келмоқда. Кийикларнинг кўзида ҳаяжон, қўрқув. Уларнинг нозиккина қадди-қоматлари, юзлари узра эндигина барг тўккан дарахтларга ўхшаш шоҳлари гоҳ пастга, гоҳ юқорига тебраниб боради. Улар орқа-олдига қарамай, енгил учиб борадилар. Ёнларида жажжи болажонлари ҳам бор… Жониворлар бирдан тайғоққа — музлаб қолган кўл устига тушиб қоладилар. Сўнгра бирин-кетин «тап-тап» этиб музга қулай бошлашади. Жон ҳолатда туришга уринишади. Бироқ туёқлари сирпаниб, тўрт оёқларини чўзиб, пастга йиқиладилар. Шу пайт бу ерга овчилар етиб келиб, қўлларидаги милтиқлари билан уларни бирма-бир ота бошлашади. Кўл усти бир зумда кийиклар мозорига айланади. Оппоқ қор оҳуларнинг қип-қизил қонига беланади. Уларнинг катта-катта, чиройли, қоп-қора кўзлари очиқлигича қолган…
Овчилар ўлжаларини юк машинасига орта бошлайдилар. Аввал шоҳларини болта билан уриб синдиришади… Кейин машина кузовига улоқтиришади…Узоқ-узоқлардан қашқирларнинг уввиллаши эшитилади…
Яна ўша мудҳиш манзара такрорланади. Бу гал оҳуларга қўшилиб Давлатшо ҳам қочади.У қип яланғоч ҳолда. Бошида кийикларникидай шоҳи бор…У худди ярми одам, ярми от бўлган афсонавий қаҳрамон — Кентаврни эслатарди. У оппоқ қор узра оҳулар билан бирга қочиб боради. Бирдан улар муз устига тушиб қоладилар. Жон ҳолатда типирчилашади. Яна йиқилиб, ўрнидан туришга ҳаракат қиладилар. Шу он қаердандир овчилар пайдо бўлиб, жониворларни ота бошлайдилар. Шунда Давлатшога ҳам ўқ тегади. Кўкрагидан алвон қон тепчийди…».
Давлатшо чўчиб кўзини очганида «ЗИЛ» эндигина Туйғуншоларнинг қўрғони ёнига келиб тўхтаган эди. Машина овозини эшитиб, жинчироқ кўтариб Турғун ота чиқиб келди. У Рамиз билан қучоқ очиб кўришгач, кабинанинг Давлатшо ўтирган тарафига ўтиб, эшикни очди. Йигитга пастга тушишга кўмаклашишди. Бемор тинмай ўнтар эди. Унинг аъзои-бадани эзиб оғрирди, истимаси жуда баланд. Чол унинг иккинчи ёнидан йўлаб, Рамиз билан ичкарига олиб кирдилар. Тўшакка ётқизиб,устини кўрпа билан ўраб қўйишди.
— Меҳмонни шамоллатиб қўйибсан-ку, Рамиз.
— Унга неча марта айтдим, бизникида қолавер, деб. Кўнмади, ота… У сизларникида қолмаса бўлмайди. Бу аҳволда Ўшга етиб олиши амри маҳол. Ўзингиз унга кўз-қулоқ бўлиб турарсиз. Худо ҳайрингизни берсин…
— Ҳай, унга ўзим қараб тураман. Сен эрталаб йўлга чиқавер. Уни келаси сафар олиб кетасан. Мабодо сен қайтгунча тузалиб қолса, йўловчи машиналардан биронтасига ўтқазиб юборамиз…
Турғун ота туни билан беморга қараб чиқди. Ҳар хил доривор гиёҳлардан қайнатиб ичирди. Баданига тўпос ёғидан суртди… Давлатшо эрталаб уйғонганида Рамиз жўнаб кетган эди…Унинг дастлаб томдаги туйнукка кўзи тушди. Сўнг хонани кўздан кечирди. Хона ўртасидаги печкада ўт ёниб туради. Бурчакда Туйғуншо ўтиради. Турғун ота жониворларга ем бериш учун қўшни бўлмага чиқиб кетган.
Туйғуншонинг анордай қип-қизил икки юзи ҳижолатчиликдан янада қизариб кетган. Давлатшо эса қизга боқиб, ҳижолат чекканидан ўрнидан турмоқчи бўлади.
— Ака, ўрнингиздан қўзғалманг. Ётинг, ётаверинг, — дейди Туйғуншо даст ўрнидан туриб, йигит ётган ерга келар экан. — Чой берайми? Нонушта қилиб олсангиз бўларди. Аввал мана бу малҳамларни ичиб олинг… — қиз шундай дея йигитга пиёладаги қайнатмани тутади… Елкасидан йўлаб унга ичишга кўмаклашади. Шу дам эркак кишининг бўйидан беихтиёр боши айланиб кетади. Қиз йигитнинг киртайиб кетган қора кўзларига узоқ термулади…
Шаҳарлик нозиктаъб, зиёли йигит қаршисида айни дамда унга мутлақо қарама-қарши турмуш тарзида вояга етган содда, тўпори бир қиз ўтирарди. Икки турфа олам тўқнашиб турган ушбу жойда муҳаббат деб аталмиш ноёб бир туйғунинг пайдо бўлиши амри маҳолдай эди, гўё. Яна ким билади дейсиз? Дунёда нималар юз бермайди, ўзи? Бу — кўнгил иши. Дил ҳукм чиқарганида унга онг ҳам, вужуд ҳам бўйсунмай иложи йўқ…
Турғун отага ҳам осон эмас. Қизининг келажаги уни ташвишга солмайди деб ўйлайсизми? Ахир у ҳам ота. Фарзанди учун юраги ачишади. Баъзида Туйғуншонинг тақдири ҳақида бош қотириб, тунларни тонгларга улайди. Қани энди, бахтига қизига муносиб бир куёв топилиб, уни кўзи очиқлигида эгасига топшириб олса. У аллақачон бўйига етиб қолганини кўриб турибди. Кўр эмас, ахир… Бироқ…
Турғун ота хонага кириб келганида, Туйғуншо меҳмонга чой қуяётган эди.
— Калла пишдими, меҳмон? Тузукмисан, ўғлим?
— Раҳмат, ота. Худога шукур, ҳийла дурустман…Узр, сизларни безовта қилиб қўйдим.
Қаёқдаги гапни гапирасан, болам. Биз кимсасиз жойларда яшайдиган одамга зор бандалар бўлсак…Келиб-келиб сен оғирлик қилармидинг, энди бизларга. Одам тафтини одам кўтаради, ўғлим…Фақат бетоб бўлиб қолганинг чакки бўлибди.
— Ҳадемай Янги йил…Байрамгача уйимга етиб олсам яхши бўларди…
— Бир кунлик байрам ҳам ўтар-кетар, болам. Жонингни, соғлигингни ўйла. Жуда ёш экансан… Ҳаётингда бу каби Янги йиллар ҳали кўп келади…Бу сафар биз билан кутиб оласан…Тақдир насиб экан…Пешонадан қочиб қутилиб бўлмайди…
Туйғун ота шундай дея Давлатшонинг пешонасини ушлади.
— Ҳали иситманг бор. Мана бу қайнатмалардан тез-тез ичиб, терлашинг лозим. Қани, чойдан иссиқ-иссиқ хўплагин-чи. Ол, нондан ол…Сариёққа қўшгин. Қизим, сен қозонга дарров қайнатма шўрва солиб қўй. Тўпос гўшти иссиқ бўлади. Совуқни кесади…
* * *
Орадан тўрт кун вақт ўтди. Эртага Янги йил. Давлатшо қиз билан анча танишиб олди. Ҳали тўшакдан турмаган бўлса ҳам, соғлиги бироз ўнгланиб қолди. Туйғуншо йигитнинг атрофида гирдикапалак. Ўтган кунлар мобайнида у Давлатшога анча ўрганиб қолган. Қани энди у бир умрга шу ерда қолса…Йигит яхши бўлган сайин қизнинг хавотири тобора ортиб борар эди…
Тонг отди. Ташқарида бўралаб қор ёғади. Турғун ота кийиниб ўрнидан турди.
— Қизим, сен аканг билан ўтириб тур… Мен тоққа чиқиб, арча кесиб келай… Меҳмонга бир «Янги йил» қилиб берайлик. Сизлар палов қилиб туринглар…
Йигит билан қиз яна ёлғиз қолишди. Давлатшо уй юмушларида ёрдам берди. Туйғуншо ушбу кунни ҳеч қачон унутмайди. Бу унинг ҳаётидаги биринчи ва сўнгги бахтли кун бўлади. Бир умр тоғлар орасида яшаб, ўзгача ҳаёт кечиришга мослашиб қолган тоғлик бу қиз қалбида унга нотаниш, нозик, инжа ҳис-туйғулар жой олиб улгурган эди. Ҳа, у севиб қолганди… Шу боис Давлатшонинг кўзларига маъюс-маъюс термулаверарди. Бироқ индамасди… Нима ҳам дер эди? Давлатшо ўқимишли, шаҳар кўрган йигит бўлса. У-чи, у… Ё рус тилини яхшироқ билмаса. Оддий мактабга ҳам бормаган…Келган-кетганлардан пала-партиш ўрганиб олган.
— Туйғуншо, сен бу ерда ёлғиз зерикмайсанми? — дея сўради ундан йигит.
— Нега энди ёлғиз бўларканман? Отам бор-ку.
— Отангнинг ўрни бошқа… Мен дўстларинг, дугоналаринг, тенг-тушларингни назарда тутаяпман.
— Зерикаман…Лекин иложим йўқ…Қолаверса уйимизга тез-тез йўловчилар келиб-кетиб туришади. У-бу нарсалар олиб келиб беришади…
— Сени мабодо биронта одам шаҳарга олиб кетаман деса, кетармидинг?
— Қайдан? Кимга ҳам керак эдим? Шаҳарликлардай гўзал бўлмасам. Ўқишни, ёзишни билмасам…
Давлатшо бу каби кутилмаган саволлари билан қизнинг ярасига туз сепарди, холос.
Қиз йигит унга яқин келган сайин ҳадеб энтикарди. Эҳтирослари уйғониб борарди.
— Мана, масалан, сиз мени олиб кетган бўлармидингиз?
— Кутилмаган бу саволдан Давлатшо ҳам эсанкираб қолди…
Уларнинг суҳбати шу ерда узилиб қолди. Сабаби Турғун ота ям-яшил арчани кўтариб кириб келиб қолди… Туйғуншо ошнинг зирвагини тайёрлаб қўйган. Давлатшо ўтинхонада арчани ўрнатиш учун мослама ясамоқда…Палов дамлашди… Ошни сузиб, дастурхон безашди… Турғун ота бир жуфт пиёлага ароқ қуйиб, биттасини меҳмонга узатди.
— Қани, ўғлим, олинг-чи…
— Раҳмат, ота, мен умуман ичмайман…
— Мен ҳам ҳар куни олавермайман… Бугун Янги йил. Қолаверса сен билан ҳар куни кўришиб юрибмизми? Тақдир насиб экан. Юзлашиб турибмиз. Ким билади, балки сен билан бўлак ҳеч қачон учрашмасмиз… Кел, энди, бир марта олиб қўй… Банияти шифо… Совуқни ҳам кесади… Ол, қўлингга ол-чи, ол, ўғлим… Ахир мен бир ўзим ичмайман-ку.
Давлатшо ниҳоят пиёлани қўлига олди…
— Қани, бўлмаса, ўғлим… Худо бахтингни берсин… Олгин, олдирма! Ишларимиз ўнгидан келсин. Янаги шу кунларгача соғ-саломат бўлайлик. Қаерда бўлсак ҳам тинч бўлайлик…
Турғун ота шундай дея пиёласини Давлатшо билан уруштириб, кўтариб юборди. Сўнгра йигитни қистади. Йигит ҳам ҳам ароқни даст кўтариб юборди…
Бу орада Туйғуншо ошни сузиб келди. Улар анчагача ёзилишиб, чақ-чақлашиб ўтирдилар… Соат ўн иккига бонг урганида улар бир-бирларини такрор-такрор Янги йил билан муборакбод этишди. Давлатшо бироз сарҳуш бўлиб қолган эди. Ёш эмасми? Унинг айни пайтда очиқ ҳавога чиққиси келарди. Ўша дамда у негадир қувончдан танасига сиғмай борарди… Ниҳоят, ташқарида чекиб келиш учун кийина бошлади. Уни кўриб Туйғуншо ҳам ўрнидан турди… Отасидан эшикка чиқиб келишга рухсат сўради.
— Майли, қизим, сизлар аканг билан бир айланиб келинглар… Мен бироз чарчаб қолибман. Озгина ёнбошлаб, пича мизғиб олай… Фақат иссиқроқ кийиниб олинглар. Ташқари совуқ… Меҳмон яна шамоллаб қолмасин…
— Хавотир олманг, ота, мен яхши бўлиб қолдим,— деди йигит Турғун отага қараб…
Йигит билан қиз кўчага чиқишганида бўралаб қор ёғаётган эди… Қорни кўриб Давлатшонинг болалиги тутиб кетди.
— Қани, энди ҳозир бир чана бўлса. Ҳув, анави тепаликдан учиб тушар эдик…
— Чана керакми? Ичкарида чанамиз бор… Олиб чиқайми?
— Майли, олиб чиқ…
Туйғуншо шоша-пиша ичкаридан каттакон чанани судраб олиб чиқди…
Йигит чананинг арқонидан тортиб тепаликка қараб йўл олди…
— Юр, — деди йигит қизни ҳам чана учгани чорлаб. Лекин Туйғуншо кўнмади… Давлатшо уч-тўрт марта тепаликдан пастга бир ўзи учиб тушди. Қиз уни завқ-шавқ билан томоша қилиб турарди… Йигит охири қизни ҳам кўндирди. Иккаласи юқорига кўтарилиб, чанага ўтиришди… Қиз олди тарафда, йигит — орқада. Улар бир-икки марта бирга учиб тушишди. Қиз ҳар сафар Давлатшо билан ёнма-ён ўтирганида эҳтиросдан энтикиб-энтикиб кетар эди… Икки юзи қип-қизил ўт бўлиб ёнарди…Йигит эса лоқайд… Туйғуншога қиз сифатида қарамас эди. Синглисидай муомала қиларди. Ҳаммасига чана айбдор. Мабодо у оғиб кетмаганида эди… Лекин бундай бўлмади. Чана ёнбошга ағанаб кетиб, иккаласи ҳам оппоқ қор узра юмалаб кетишди. Бахтга қарши Давлатшо думалаб, қизнинг устига тушди. Соқоли ўсган, муздеккина юзи Давлатшонинг қайноқ юзига урилди. Қизнинг ўт бўлиб ёнаётган дудоғи, йигитнинг совуқ лаблари қаршисида муаллақ қолди. Унинг бўйидан Туйғуншонинг боши айланиб кетди. Улар бир-бирларига термулган ҳолда бир-икки дақиқа тошдай қотиб қолдилар… Мана шу бир-икки дақиқа йигитнинг ҳам Туйғуншонинг бўйига маст бўлиши учун етарли эди. У бир зумда совуқ бир йигитдан аъзои бадани аланга ичида қолган ёрга айланиб қолди. Қизнинг белидан маҳкам қучиб, қайноқ лабларига лабини босди…
* * *
Турғун ота тонгда уйқудан турганида қизи ҳам, меҳмон ҳам қотиб ухлаб ётган эдилар. У кийиниб, сигирига ем бериш учун оғилхонага кирди.Бу ернинг қоронғулигидан сомон устида қотиб қолган бир парча қонни кўрмади… Акс ҳолда балки бўлиб ўтган воқеадан хабардор бўлиб, жанжал кўтарармиди?..
Орадан беш-олти кун ўтди. Рамиз бу орада Хоруққа кетаётиб, йўл-йўлакай Турғун оталарникида тунаб ўтди… Уч-тўрт кундан сўнг қайтиб келди. Давлатшо йўлга чиққани шай бўлиб турган эди… Турғун ота юмуш билан бирон ёққа кетди дегунча қиз билан йигит бирга бўлишар эди…Туйғуншо севгилиси жўнаб кетаётган дамда ҳам йиғлай олмади. Отасидан қўрқди… Уни билиб қолмасин деди…
«ЗИЛ» ўрнидан қўзғалганида ҳам йиғидан ўзини аранг тутиб қолди. Унга қўйиб берса айни пайтда муҳаббатини олиб кетаётган ўша юк машинасига осилиб, тоғу тошни ларзага келтириб дод-фарёд кўтарар эди… Афсуски, қиз бундай қилолмади…
Давлатшо ҳам йўл-қуйин деярли гапирмади. Рамизнинг саволларига узуқ-юлуқ жавоб бериб келди, холос.
— Сенга нима бўлди, журналист. Тинчликми, ўзи? Юрак-пурагингдан уриб қолмадими, мабодо. Ҳали ҳам кеч эмас… Истасанг қайтариб олиб бориб қўяман, — дер эди ҳайдовчи ҳазил аралаш кулиб…
Давлатшо индамас эди. Кўз ўнгидан ҳаётида куни кеча рўй берган ўзгаришлар секинлаштирилган кино каби бир-бир ўтарди. Йигит буларнинг ҳаммаси чиндан ҳам ўзи билан юз берганига ҳеч ишонгиси келмасди…
Ташқарида эса аёз. Ўша қадимги совуқ. Изғирин… Аччиқ еллар-у дайди шамоллар. Хуллас, қаҳратон қиш ҳукм суради… Бироқ йигит уларга кўникиб қолгандай… Гўё у илгаригидек совқотмай қўйган. Гўё бу ерлар энди унинг учун қадрдондай бўлиб қолган… Ўзи ҳам ўзига илгариги Давлатшо эмасдай туюларди… Чиндан ҳам у энди аввалги Давлатшо эмас эди-да… У она юртига у-буни кўриб, кўзи очилиб, ҳаётида улкан бурилиш юз бериб, эркакка айланиб қайтаётган эди…
Давлатшо йўлда кетиб борар экан, кўз ўнгидан тунов кунги висол онлари ҳеч кетмас эди… У ўша дамларни эслаган сайин, қони қизиб борарди…
Улар сомонхонада…Туйғуншо эҳтиросдан оҳиста титрайди. Йигит уни маҳкам қучоқлаб лабларидан бўса олади… Кўз ўнги туманлашиб боради. Атроф қоронғу. Давлатшо ўзини бошқара олмай қолди… Қиз ҳам унга қаршилик кўрсатмайди…Қўллари ўз-ўзидан Туйғуншонинг эгнидаги кийимларни бир-бир еча бошлайди…Қиз биргина ички кўйлакда қолди… Давлатшо Туйғуншони ечинтиргани сайин аъзои-бадани ўт бўлиб боради. Қиз ҳам ёнади… Ниҳоят у қизнинг эгнида қолган энг сўнгги ич кийимини ҳам ечиб юборади… Кейин шоша-пиша ўзи ҳам ечина бошлайди… Баданлар тўқнашади… «Чақмоқ» чақади… Ана, у қизнинг сийналарини ўпади… Эҳтиросдан энтикади… Айни пайтда ўт — ўт билан ўйнашаётган эди… Ниҳоят, бу икки ўт ёна-ёна бирлашиб кетадилар…
Давлатшо ана шундай ширин онларни эслаб, қандай қилиб Ўшга етиб келиб қолганини ҳам сезмай қолди…
Иккинчи боб
Машина Хоруққа кетаётганида тобора юксакликка кўтарилиб борган бўлса, Ўшга қайтаётганида аксинча — қуйига тушиб борар эди. Баланд-баланд қорли тоғлар ёнбағрида атиги икки-уч метрли йўл бор, холос. У ҳам ниҳоятда тайғоқ. Мабодо қарама-қарши тарафдан биронта машина чиқиб қолгудай бўлса, иккаласи ҳам бир-бирига тумшуғини тираб туриб қоладилар. «ЗИЛ» баландликдан пастга оҳиста аста-секин тушиб келади. Ҳайдовчиларнинг юрагига «балли» дейсан. Ўттиз-қирқ йилдан буён мана шу йўл бўйлаб қатнаб, бола-чақа катта қилганлари бор экан, уларнинг орасида. Устига устак ҳаво совуқ, изғирин…
Йўлда бир машинанинг прицепи сирпаниб, пастга тушиб, осилиб қолибди. У рўпарасидан келаётган машинани ўтқазиб юбориш учун жиндеккина четга юрмоқчи бўлган экан…
Рамиз машинасини аранг олиб ўтди, бу ўтиш мураккаб бўлган жойдан… «ЗИЛ» нинг тумшуғи қуйига қараб кетиб боради. У гўё ерга қўниш учун пастлаб бораётган самолётга ўхшайди. Рамиз бўлса учувчидай… Сал нарироқда тўрт ғилдираги осмонда бўлиб бир «ЗИЛ» ағанаб ётади. У шу туришида яна орқаси билан тўнтарилиб қолиб, туролмай ётган тилла қўнғизни эслатади…
Машина пастликка қараб тушаверади, тушаверади. Пастга мункиганча келавериб, Давлатшонинг белида бел қолмаган. Боши оғриб, кўнгли беҳузур бўлади. Боз нафас олиши оғирлашган. У ҳансираб-ҳансираб ҳаво олади…
Шу тариқа улар аранг пастга етиб келдилар. Бироқ Ўшга йўл тўсиқ эди… Эрталаб очиларкан… Божхонадагилар Давлатшони ички кийимларигача ечинтириб текширишди.Тамаки, гугурт қутиларигача қарашди. Йигит текширувдан чиқиб, роса қайт қилди. Узоқ йўл уни анча уринтириб қўйган эди… Бу орада машинанинг ичи-ташини обдон текширдилар. Аммо ўтишга рухсат беришмади. Йўл четида бундай машиналар турна қатор бўлиб тизилиб турарди. Давлатшо соғлиғининг ёмонлашаётганини рўкач қилиб, божхона ходимлари билан гаплашди. Гувоҳномасини кўрсатди. Журналист эканлигини билдирди.
Журналист бўла туриб, сиз тартибни бузсангиз, бошқалар нима дейди, оғайни, — дея кулишди постдагилар. Журналист аҳлини пишиқ-тетик, ерга урса кўкка сапчийдиган бўлади, — дейишарди. Сиздақасини биринчи бор кўриб турибмиз.
— Бизга раҳмат дейиш керак экан, — деди ёшгина бўлак бир ходим. Ҳар куни шунақа баландликда бир неча кунлаб қолиб кетамиз. Қон босимимиз ҳам ҳар доим баланд юради. Биз бунга кўникиб кетганмиз.
— Мабодо жиноятчиларни қўлдан чиқариб юборсак, ортидан мана шу мураккаб йўллар бўйлаб машинада қувишга ҳам тўғри келади, — деди ички ишлар бошқармасининг қидирув бўлими вакили.
Давлатшо «Отанг яҳши, онанг яхши» дея ҳалигилардан руҳсат олди. Ходимлар йигитнинг аҳволини тушунди, шекилли, уларга кетишга ижозат беришди…
…Йигит Ўшга етиб келдик дея ўйлаган эди. Йўқ, у янглишган экан. Ҳали олдинда не-не пастликлар, кимсасиз даштлар турарди. Чор атрофда ҳам бирон бир шарпа кўзга илинмасди. Буларни кузатиб Давлатшо дунё асосан нақадар кимсасиз, ташландиқ жойлардан иборат эканлигига амин бўлди. Оламнинг ярмидан кўпроғи сув бўлса, аксарият қисми кимсасиз ороллар, дашту биёбонлардан иборат эканлигини ўз кўзи билан кўрди. Одамлар дунёнинг тариқдай қисмларидагина истиқомат қилар экалар-у, яна ўзларини мана шу оламнинг хўжайинларидан ҳис қиларканлар…
* * *
Улар Ўшга кириб келганларида соат тунгги тўртлар чамаси эди. Давлатшо таниш кўчалару биноларга боқиб кўзларига ишонмасди. Йигит шаҳарга кириб ўзини гўё исиққина хонага киргандай ҳис этди. Ҳадемай иссиққина уйига етиб олади. Суяк суягига ўтиб кетган совуқни қайноққина ваннага тушиб аритади…
* * *
Уйда ота-онаси сафарга кетиб, ҳаяллаб кетган ўғлидан хавотирланиб ўтирган эдилар. Давлатшони кўриб опа-укалари пешвоз чиқишди. Қучоқ очиб кўришдилар.
— Бормисан, болам. Намунча йўқ бўлиб кетдинг?.. Йўлингга кўз тикиб, кўзимиз тўрт бўлди, — деди онаси Ҳамидахон. — Иш бўлмай ҳам қолсин. Пулни яхши тўлашгани билан ҳар доим йўлдасан. Сенга нима етмайди? Оч қолмаган бўлсанг…
— Онанг тўғри айтяпти, ўғлим, — деди хотинининг гапини маъқуллаб отаси Музробшо. -Қўй. ташла бу ишингни. Баҳорга чиқиб уйлаб қўяймиз. Укаларинг билан дўконга чиқ. Яхши еб-ичиб, ўйнаб-кулиб яшавермайсанми? Зарилми сенга, ўзингни шунчалар қийнаб…
Шунда йигитнинг эсига Туйғуншо тушди. У қизни эслади-ю негадир икки қулоғи қизариб кетди. «Тушиммиди, ўнгиммиди бу? Наҳот куни кеча бўлиб ўтган воқеа айнан менинг ҳаётимда юз берди, менинг бошидан ўтган бўлса?! Буёғи нима бўлади, энди? Нима иш қилиб қўйдим, ўйламай-нетмай? Аҳмоқчилик қилиб қўйдим… Эҳ, энди нима бўлади? Қизнинг ҳоли не кечади… Бечора…».
* * *
Ниҳоят, орзиқиб кутган баҳор келди. Бу галги кўклам Давлатшога ўзгачароқ, бўлакчароқ келгандай туюлди. Сабаби у бу сафар қаттиқроқ қишни, аёзни кўрган эди. Илиқ кунлар қадрига етиб улгурган, совуқ кунлардан зерикиб, тафтли кунларни қўмсаб қолган эди…
Бу орада ота-онаси келин излашга тушиб кетдилар. Ўзларига ўхшаган бой-бадавлат оилалардан қиз ахтара бошлашди. Давлатшо бўлса нима қиларини билмасди… Оғиз очай деса, тили калимага келмайди. Нима дейди?.. Дашту биёбонда қолиб кетган бир қиз бор дейдими? Бу гапни қандоқ қилиб айтади? Буни эшитса онасининг нақ юраги ёрилиб ўйлайдими?
* * *
Орадан яна бири-икки ойча вақт ўтган. Мурғоб тарафлардан ҳали қиш бира-тўла кетиб улгурмаган. Кундуз кунлари ҳаво исиб кетса ҳам кечалари қаттиқ совуқ бўлади. Туйғуншо ҳар доимгидек йўл пойлаб, ўтган-кетган машиналарни кузатади. Тузук-қуруқ овқат еёлмаяпти, ҳадеб кўнгли айнийди. Отасидан яшириб қусиб ҳам оляпти… Баъзан йиғлаб олади. Қизининг ҳолидан ҳали отаси бехабар. Билиб қолса, нима бўлади?! Туйғуншони соғ қўймаса керак?! «Ойни этак билан ёпиб бўлмайди». Эрта-индин қорни қаппайиб қолса борми, барча сир ошкор бўлади-қўяди. Нима қилса экан-а? Йўловчи машиналардан биронтасига ўтириб қочиб кетсамикан? Қаерга ҳам борар эди? Давлатшони қайдан излаб топади? «У мени тан оладими, йўқми? Қолаверса на турар жойини биламан, на шарифини… Ҳаммасига ўзим айбдорман. Енгилтаклик қилдим. Ўз бахтимга ўзим зомин бўлдим…». Қиз қалбини шу каби хавотирлар, уй-хаёллар чулғаб олган эди.
Орадан яна бир-икки ойча вақт ўтди. Бу орада Ҳамидахон билан Музробшо ўғлининг тўйини бошлаб юборишди… Бўлганда ҳам жуда бадавлат хонадонга бўлиб қўйишди. Давлатшо барча ёш йигитлар каби ота-онаси раъйини қайтаролмади… Виждони қийналиб турган бўлса ҳам тўйга розилик берди. Ахир у оилада тўнғич фарзанд. Ота-онаси уни не-не орзу-ҳаваслар билан вояга етказган бўлса. «Туйғуншога нима ҳам қиларди. Ўзига муносиб биронтаси чиқиб қолар? Ахир айб ўзида. Ўзи кўзини сузмаганида, орамизда ҳеч қандай иш бўлмасмиди» деб ўйлар эди у.
* * *
«Касални яширсанг — истимаси ошкор қилади» деганларидек, Туйғуншонинг қорни тўрт ой ичида анчагина бўртиб чиқиб қолди. Қизининг кундан-кунга «тўлишиб» бераётганини пайқаб қолиб, оқсоқол, аввалига қизидан қаттиқ ҳафа бўлди. У билан бир — икки ҳафтача гаплашмай юрди. «Буларнинг ҳаммаси сенинг дорилбақога эрта кетганингдан, хотин» дея ҳаёлан гаплашарди у, раҳматлик умр йўлдоши билан. «Ҳайдаб юборай десам, қаёққа боради? Унингсиз ҳам қизим тушмагур ўз ёғида ўзи қовурилиб юрган бўлса? Унга ҳам осон эмас. Ё тенг-туши бўлмаса бу ерларда, ё сирлашгани ака-укаси… Бўйига етиб қолди-да… Қани энди тезроқ эгаси чиқиб қолса-ю, кўзим очиқлигида топшириб олсам, дея ўйлаб юрган эди… Афсус, афсус… Бўлар иш бўлибди. Энди бургага ўчакишиб, кўрпани ўтга ташлашнинг фойдаси йўқ. Ўзини бирор нарса қилиб қуйса нима қиламан? Якка-ю ёлғиз қизимдан айрилиб қолмайманми? Бўлар иш бўлибди… Тақдир экан… Жони омон бўлса, бахтини топиб кетар… Бироқ боланинг отаси ким экан? Буни қизимдан қандай қилиб сўрайман» дея уйлар эди Турғун ота қўй-молларини яйловга ўтлагани олиб чиқар экан…
* * *
Тўй яхши ўтди. Куёв боланинг вақти чоғ. Келинчак ҳам бахтиёр. Давлатшо уни биринчи кечадаёқ ёқтириб қолди. Ёрининг атрофида кеча-кундуз парвона. Уйдагилар ҳам ҳурсанд. Қисқа вақт ичида Давлатшо бадахшонлик қизни умуман ёдидан чиқариб юборди. У висол онларидан маст, сарҳуш эди. Келин ҳам эсли-хушли, биноидек чиқди. Қўл-оёғи чаққон. Олийгоҳни томомлаган, ўқимишли, зийрак. Ошхона сирларидан ҳам воқиф экан. Шунақанги мазали тортлар, турли-туман ширинликлар пишираяптики, бармоқ ялаб қоласиз.
* * *
Орадан яна уч ой ўтди. Ўтган вақт ичида Туйғуншонинг ҳомиладорлиги очиқ-ойдин аён бўлиб, юзларига доғ тушди. Бу пайтгача унинг кўнгил айнишлари ҳам барҳам топган. Қорни анчагина етилиб қолган. Бироқ, етти ойдирки, Туйғуншо йўл пойлаб ўтиради. Машинанинг овози эштилди дегунча, кўчага қараб югуради. Гўёки буёқларга ўша одам — унинг кўз очиб кўргани – Давлатшо келиб қоладигандай. Неча бор тушларида бола туғади. Ҳар гал севгилиси унга гул тутиб туради. Ҳаёлан ёрини қучоқлайди, йигит унинг лабларидан бўса олади, юзларидан ўпади. Ўша сомонхона, иккаласи қовушган тун, бирга чана учган ўша тепалик кўз ўнгидан кетмайди. Давлатшони қўмсаб йиғлайди.
* * *
Ёз ҳам чиқай деб қолган. Ҳадемай куз бошланади. Давлатшонинг туғилган кунига отаси «Мерседес» совға қилди. У жуда бахтиёр. Оқшомда хотини Дилшода билан кечки сайилга чиқишади. Шаҳарга тушишиб, концерт томоша қиладилар. Хуллас, бирга эканликларидан мамнундирлар. Фақат негадир орадан тўрт-беш ой ўтган бўлса ҳам келиннинг бўйида бўлмаяпти. Музробшо бу ҳақда хотинига оғиз очган эди, Ҳамидахон уни тинчлантириб қўйди:
— Ҳали улар ёш. Ёшлигида бироз ўйнаб-кулиб олишсин. Келин ҳам туғишга улгуради. Нима бало, менинг эрта кунлаб буви бўлишимни ҳоҳлайсизми? Сиз ҳам оппоқ дада бўлгани улгурарсиз. Қолаверса, тўй қилганимизга эндигина беш ой бўлган бўлса. Ҳа, фарзандли бўлиш осон эмас? Устига устак ҳозирги ёшларнинг ҳаммаси совуқчан. Тўғри-да. Юпун юришса, қоматим бузилиб қолади деб тўйиб-тўйиб овқат ейишмаса…
— Хотин, айтганларинг тўғри-куя. Бироқ ёшлигида уч-тўрт болали бўлиб олгани яхши-да. Қариганида асқотиб қолади. Ўғлимизни ҳам ўзи анча кеч ўйлаган бўлсак. Ўқиди, ҳарбийга бориб келди. Кейин бироз оёққа туриб олайин деди. Етмаганига анчагача ижодий ишлари билан банд бўлди…
— Ваҳима қилманг, дадаси. Мана, мен айтди дейсиз. Келгуси йили келинингиз бизга набира туғиб беради…
— Айтганинг келсин, хотин. Ўғлинг ҳам жўралари ўртасида уялиб қолмасин. Тезроқ юзи ёруғ бўлсин дейман-да…
* * *
Олтин куз келган. Бадахшон тарафларда қиш ҳам эрта тушади. Туйғуншонинг ойу куни яқин. Туйғун ота хавотирда яшайди. Қизининг қўрққанини айтмайсизми… «Буёғи Оллоҳнинг ўзига омонат! Худо ўзи ёр, мададкор бўлсин! Яратган ўзи «Оқ йўл берсин!». У ботинда шундай дер экан, ўзининг ёшлик йиллари ёдига тушиб кетди. Ўшанда хотини Азизмо тўнғич ўғлига оғироёқ эди. Ота-онаси ўтиб кетган. Хотини билан ёлғиз яшашарди. Бирдан хотинининг тўлғоғи бошланиб, у дод-фарёд қила бошлади. Азизмо ҳар гал тўлғоқдан чинқирганида атрофдаги тоғу тошлар ларзага келиб, қоялардан қор кўчар эди. Ҳайрият, эсон-омон туғиб олган, ўшанда. Лекин у ўз қизини қандай қилиб туғдирсин, ахир?! Хотин — бошқа, қиз — бошқа. Биронта машинага солиб эртароқ Мурғобдаги касалхонага олиб бориб ётқизиб келсамикин? Унда одамлар нима дейишади? Эшитган қулоққа уят. Фалончининг қизи никоҳсиз бола туғибди деган тавқи лаънатни қандай кўтараман?! Йўқ. Бўлак бир йўл аҳтариш лозим. Мурғобдан биронта доя олиб келсаммикин-а? Кўзи ёрийдиган кунни аниқ билсам экан…
Туйғуншонинг эс-ёди Давлатшода эди… Бўлажак она муҳаббат ўтида «лов-лов» ёнарди. У ёрини шунчалар қўмсардики, буни сўз билан ифодалаш мушкул. Туйғуншо уйда ёлғиз қолди дегунча, қорнидаги муҳаббат меваси билан суҳбатлашарди:
«Мен ҳақимда қандай хаёлда экансан-а… Илтимос, мени қоралама. Сени шунчаки ҳою-ҳавас учун дунёга келтирмоқчи эмас эдим. Отангга бўлган муҳаббатим соф, покиза. У ҳаётимдаги биринчи ва охирги эркак бўлиб қолади. У билан қайта учрашиш насиб этмаса, мен сени ўзим эркалаб катта қиламан. Эшитяпсанми мени, нега индамайсан?! Ана, қимирлаб ҳам қўйдинг. Демак, эшитяпсан. Сенинг отанг дунёдаги энг ақлли, доно ва мард йигит. Комил инсон. Бу оламда унга етадиган бўлак бирор зот йўқ. Бўлиши мумкин ҳам эмас. Унинг ширали овози қулоқларингни қитиқласа, шабодадай нафаси сочларингни сийпалайди. Чўғдай лаблари юзларингни куйдиради. Ҳумор кўзлари гўёки сени ўз домига тортиб, туб-тубига олиб кириб кетади…»
Ўша куни тунда Туйғуншонинг тўлғоғи бошланди. Туйғун ота ҳомиладор қизини на туғруқхонага олиб боришга, на унга доя топиб келишга улгурди… У қизнинг тўлғоғи бошланганини кўриб эсанкираб қолди…
Шунда Туйғуншо оғриқдан инграб:
— Ота, керак эмас. Илтимос, чиқиб кетинг… Мен ўзим… Мен ўзим… Оҳ! Оҳ! Ойижон! Ойи! Уҳ! Вой белим… Ота! Менга озгина тоза латта билан челакда иссиқ сув қилиб бериб, чиқиб туринг, илтимос! Оҳ! Ойи! Ойижон! Оҳ!
Турғун ота қизининг айтганларини қилиб, ташқарига чиқиб кетди. Унинг рангида ранг қолмаган. Ҳаяжондан юраги тез-тез уради. Ичкаридан қизининг оҳ-фарёди эшитилиб туради. Вақт ўтган сайин Туйғуншонинг овози янада бараллароқ эшитилади!
— Вой жоним! Ойи-и! Ойи-и-жо-о-н! Ойи, ойижон! Вой до-о-д!!! Унинг чинқироғидан тоғу тошлар ларзага келади. Тоғ эчкилари саросимага тушиб, бургутлар ваҳимадан кўкка парвоз қиладилар. Йироқ— йироқлардаги чўққилардан қор кўчади.
— Ойи-и! Ойи-ж-о-о-н! А-а-а! А-а-а-а!!! Қизнинг қийналаётганини тинглаб жим туролмаган Турғун ота оғилхонадан қўшотар милтиғини кўтариб чиқиб, кўкка қарата ота бошлайди… Бирин-кетин узилиб чиққан ўқ овозидан қизнинг оёқлари орасида чақалоқ чинқираб ётарди…
Гўдак йиғисини эшитган Турғун отанинг кўзларига ёш келди:
Ҳайрият! Худога шукур! Худога шукур! Туйғуншо боласининг киндигини ҳам ўзи кесди. Жон ҳолатда боғлаб қўйди-ю, хушидан кетди. Чақалоқ инграб ётарди. Онаси эса бехуш…У узоқ давом этган тўлғоқ азобидан сўнг чуқур уйқуга кетган… Туш кўрарди: «ЗИЛ» машинаси юқори тезликда паст-баландликлар бўйлаб кетиб боради. Унинг ортидан Туйғуншо қувлаб боради. Қўлида чақалоқ! Бирдан осмонда каттакон бургут пайдо бўлиб, у оқ йўргакка ўралган гўдакни осмону фалакка олиб чиқиб кетади. Туйғуншо қичқиради, фарёд чекади».
Даҳшатли бу тушдан аёлнинг манглайини тер босиб кетган. У бошини гоҳ уёққа, гоҳ буёққа чайқаб ўнтарди, алланималарни пичирлаб, алаҳсирарди…
* * *
Орадан яна бир неча ой вақт ўтди. Давлатшонинг уйланганига бир йилдан ошган бўлса ҳам ҳамон болалик бўлгани йўқ. Ҳамидахон келинига ҳар хил эскича расм-русмларни қилиб кўрди. Ўғлининг «бола йўл» ларини «очтирди». Келинини ўқитиб кўрди. Қудаси ҳам қараб турмади. Қизини таниш-билиш дўхтирларга кўрсатди. Лекин «айб» кимда эканлиги номаълум. Қиз тараф «гуноҳ» куёв болада деса, йигит тараф «гуноҳ» келинда эканлигини таъкидлашади.
Ҳамидахон атаб қўйган экан, баҳорга чиқиб, ўғли билан қизининг ўзидан кўпайишини тилаб сумалак қилди. Сумалак тарқатиб бўлингач, икки ёшни иссиққина ўчоқ тафтида тоблашди. Ота-боболаримиздан қолган шундай одат бор экан… Бироқ фойдаси бўлмади…
Шифокорларнинг айтишига қараганда, келиннинг жинсий аъзолари яхши ривожланмаган экан. Бўлак дўхтирларнинг таъкидлашича, йигитнинг уруғида камчилик бор эмиш… Бундай гап-сўзлардан икки тарафнинг нари-бери бўлиб кетишига ҳам бир баҳя қолди.
Келин-куёв неча марта иссиқ уколлар ҳам олиб кўрдилар. Лекин бу ҳам кор қилмади…
* * *
Туйғуншо эса ўғилчасини эмизиб ўтиради. У олти ойлик бўлиб қолган. Ҳадемай тишлари ёриб, тетапоя бўлиб, тили ҳам чиқиб қолади. Онасининг ҳурсандчилиги ёру кўкка сиғмайди. У жуда ҳам бахтиёр. Турғун ота ҳам набирасидан мамнун. Фақатгина Туйғуншонинг кўнгли кемтик. У ҳамон Давлатшони қўмсайди. Хаёлан у билан суҳбатлашади. Бу ерга келиб кетаётган ҳар бир машинадан уни аҳтаради, излайди. Тополмай кўзларига ёш олади. Йўловчи машиналар чақалоққа нимаики керак бўлса, ҳамма-ҳаммасини олиб келиб бериб туришибди. Чақалоққа Сайёд дея исм қўйишган. Бобоси унинг катта бўлганида зўр овчи бўлишини истаб, шундай дея от қўйди. Ахир унинг ҳаёти бўри-ю тулкилар, тоғ эчкилари-ю бургутлар орасида кечади…
* * *
Орадан яна бир йил ўтди. Давлатшога ҳамон ота бўлиш насиб этмади. Унинг эс-ёди фарзанд кўришда. Тенг-тушлари орасида ҳам бош кўтариб юролмай қолди. Бироз тажанг, баджаҳлроқ бўлиб қолган. Баъзан хотинини жеркиб юборишдан ҳам тоймайди. Хотини ҳам ўз ёғида ўзи қовурилиб юрибди. Бир неча бор аёллар шифохонасида ётиб чиқди… Лекин натижа бўлмади.
Охири Давлатшо таниш бир урологга мурожаат қилди. У йигитни синчков текширувдан ўтказди. Уруғининг ҳаракати сустлигини исботлади. Кўпроқ хандон писта чақиб, қоқи, майиз еб юришини маслаҳат берди. Ҳар хил дори-дармонлар тавсия қилди. Йигит кишида қаттиқ шамоллаш ёки асабийлашув оқибатида мана шундай жинсий хасталиклар ҳам келиб чиқар экан…
Келин ҳам сўнгги ойларда анча асабий, заҳар бўлиб қолди. Катталар тўғри айтган экан. Ёш келин-куёв нари борса бир йилча бир-биридан зерикмас эканлар. Уёғига фарзанд бўлмаса, чатоқ. Эр-хотинни йиллар давомида боғлаб турувчи ришта – бола дея бежиз айтишмаган, эскилар…
Давлатшо билан Дилшода қандайдир бир-биридан ётсирайдиган бўлиб қолишди. Ҳар куни бир-бирини кўравериб зерикиб кетишди, чоғи. Одам боласи шундай. Ё иссиққа чидамайди, ё совуққа… Давлатшо Дилшодага ҳўмрайиб қараса, хотини ҳам унга гезариб қарайдиган бўлиб қолган. Боиси — бу икки ёшнинг ҳаётида табиат қонуни бузилган эди. Бу номутаносибликда Давлатшо Дилшодани айбласа, Дилшода Давлатшони қоралайди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам ўз бахтсизликларини бир-бирларидан кўрадилар. Кимдан алам олишни билмай, бир-бирларини еб қўйгудек бўлиб юришади. Давлатшо хотинига қўрслик қиладиган бўлиб қолди. Хуллас, ёшгина оила кун ўтган сайин дарз кетиб бораётган эди:
— Яна ичиб олибсиз-а, Давлат ака?
— Сенинг нима ишинг бор, менинг ичишим билан! — дея дўқ урди Давлатшо.
— Нега энди ишим бўлмасин! Ахир доимо рулдасиз. Кайф бўлиб олиб машина ҳайдаяпсиз?!
— Ишинг бўлмасин деяпман-ку, ишинг бўлмасин!!! Керак бўлса «ётиб олиб» ичаман! Билдингми?! Сенинг мен билан ишинг бўлмасин!!!
Дилшода йиғлагиси келиб аранг чидаб турган эди, бирдан ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Намунча мени қийнайсиз, менга азоб берасиз? Ахир менда нима айб? Бола бўлмаётган бўлса мен нима қилай?! Бормаган жойим, қилмаган дорим қолмади… Балки «айб» менда эмасдир?!
— Хўш, бу гапинг билан нима демоқчисан?
— Сиз ҳам яхшироқ даволанинг деяпман-да! — дея Дилшода ҳам аччиқ қилиб юборди, эрига.
— «Айб» сенда! Мен даволаниб бўлдим. Қачондан буён шифокорга қатнайман. Уларнинг фикрича, фарзандлик бўлишимиз учун сенга яна бироз вақт бор экан. Жинсий аъзоларинг яхши ривожланмаган эмиш…
— Бекорларни айтибсиз! Менинг ҳаммаёғим жойида! Бола қилолмаётган бўлсангиз, менда нима гуноҳ?! Эплолмасангиз, сунъий йўл билан бола қилиш ҳам мумкин…
— Нима дединг, аҳмоқ?! Тентак! Нималар деб алжираяпсан? Менга сунъий боланинг кераги йўқ! Менга табиий тарзда дунёга келадиган фарзанд керак! Ошна-оғайниларим орасида қандай бош кўтариб юраман? Қолаверса, бу Худога ҳам хуш келмайди. Ўзи бермаган болани мен қандоқ қилиб сўраб оламан? Йўқ, бу менга тўғри келмайди!
— Ўзингиз эплай олмаганингиздан сўнг «сўраб» оласиз-да!
— Тур ўрнингдан, йўқол, кўзимга кўринма!
Эрининг гапларидан сўнг Дилшода йиғлаганча кийим-кечакларини йиғиштира бошлади.
— Майли, кетаман! Тоқатим тоқ бўлди! Мен «туғмас» бўлсам, туғадиганига уйланиб олинг! Менга ҳам биронта туғдирадигани топилиб қолар!
— Йўқол, дедим, манжалақи! Бўлак кўзимга кўринма!
— Кетаман! Ҳозироқ кетаман! Сиздек эркак билан яшагандан кўра кўча-кўйда қолганим яхши!
* * *
Туйғуншо Сайёдни еталаб, қўй-қўзиларини ўтлатгани яйлов томон йўл олди. Ўғилчасини тоққа олиб чиқиб, табиат билан, у ердаги қушлару ўт-ўланлар билан таништиради. Бу йил Сайёд уч ёшга тўлган. Қўй-қўзилар маъраб, ўтлаганча кетиб боришади. Она-бола қўл ушлашиб, жониворларнинг изидан борадилар. Уларнинг ортидан қариб қолган ити ҳам эргашиб келади.
— Ойи, мана бу гулнинг номи нима?
— Бу — бойчечак, ўғлим.
— Вой-бў, манави дарахтни кўринг, — дейди жажжи Сайёд онасига игна баргли дарахтни кўрсатиб.
— Бунинг номи арча… Туйғуншо шундай деди-ю,бир зумда тасаввурида ўша Янги йил кечаси намоён бўлди.
«Мана, ўша дўнглик. Айнан шу ерда Давлат акам билан чана учган эдик. Ана, йиқилиб тушдик. Юзимиз-юзимизга урилди. Нигоҳларимиз тўқнашди… Давлатшо қайноқ дудоғини менинг ёниб турган дудоғимга босди…».
Туйғушонинг эҳтиросдан боши айланиб кетаёзди:
«Ҳозир Давлат акам қаерларда юрибди экан-а? Биз тарафларга қайтиб келмади ҳам. Ўғлим билан бирон-бир машинага ўтириб олиб Ўшга кетиб қолсакмикин-а? Отам-чи, отам, у ким билан қолади?! Давлат акам уйланиб олган бўлса-чи? Албатта уйланган. У бизни тан олармиди, энди. Асло!».
— Ойи, ойи, ҳув анави югуриб кетаётган нима?
— У-ми, қуён, — деди ўй-хаёлларга шўмғиб кетган Туйғуншо ўғилчасининг саволига жавобан.
— Қуён… Оти жудаям қизиқ экан-а, ойи? Қу-ён…
— Ҳа, ҳа, болажоним, бу ерда бундай ҳайвонлар жуда кўп. Бўри, тулки, айиқ, ҳаттоки йўлбарслар ҳам бор… Фақат улар ёввойи ҳайвонлар. Улардан эҳтиёт бўлиш керак…
* * *
Дилшоданинг онасиникига кетиб қолганига ҳам анча бўлди. Мана, Давлатшо икки ойдирки, ёлғиз. Ўтган уч йил мобайнида у Туйғуншони илк бора ёдга олди:
«Янги йил кечаси. Атроф зим-зиё: Изғирин юз-кўзларни беаёв кесади. Улар Туйғуншо билан чана учишади. Тепаликдан сирпаниб тушишаётиб думалаб кетишди… У Туйғуншо узра қулайди… Қизни қучоқлаб ўпа бошлайди, лабларидан тўйиб-тўйиб бўса олади…
Ана, сомонхона… Лаззатли висол онларидан унинг юраги энтикади. Бу унинг дастлабки бўсаси эди. Дастлабки никоҳ кечаси. Бирдан кўз ўнги қоронғулашиб, қандайдир бир ёруғлик кўз ўнгида ёниб ўчгандай бўлди… У бир лаҳза ўзини жаннатга тушиб қолгандай ҳис қилди».
Давлатшонинг хаёлларини онаси Ҳамидахон бузиб юборди. У ўғлининг маъюс бўлиб қолганини кўриб, ичи ачишиб юрган эди.
— Ўғлим, нега қоронғуда ўтирибсан? Чироқ ҳам ёқмабсан. Оғриб-нетиб қолмадингми? Намунча ҳомушсан, болам? Ҳўп десанг эртагаёқ Дилшодани олиб келиб берамиз.
— Керак эмас! Бу билан нима ўзгарарди. Яна ўша ҳаётми?
— Ё бўлак бир қиз олиб берайликми?
— Қаёқдаги гапларни гапирасиз, ойи? Мен сизларга қиз олиб беринглар деяпманми? Тўй қилгинглар келаётган бўлса, ана, қатор-қатор укаларимни уйлаб— жойлайверинглар. Менинг пешонам шу экан…Тақдирга тан бермасдан иложим йўқ…
— Қўй, болам, ҳадеб тушкунликка тушаверма. Ҳали ҳаммаси олдинда. Мен айтди дейсан, ҳадемай Дилшода билан бахтинглар очилиб кетади. Ҳали ёшсизлар. Қўш-қўш ўғил-қизлик бўласизлар. Набираларимни ўзим пўпалаб катта қиламан…
— Қанийди, энди шундай бўлса… Ўртоқларим орасида бош кўтариб юролмай қолдим…
* * *
Эртаси куни Ҳамидахон синглиси Ҳолида билан Дилшодани олиб келишди…Балки бу гал ўғлининг ҳаёти изига тушиб кетар. Ахир етти-саккиз йил у ёқда турсин ундан-да узоқроқ турмуш қуриб, фарзанд кўрмаганлар бор. Бироқ Аллоҳ ҳеч кимни ноумид қилмайди.
Дилшода қайтиб келгач, гўёки орадан ҳеч гап ўтмагандек, боягидек уй юмушлари билан банд бўлиб кетди. Давлатшо машинасини гаражга олиб кириб қўйди. Ҳовлида хизмат қилиб юрган хотинини кўриб, бироз ҳижолат чекди.
— Ассалому алайкум,— деди Дилшода унга қараб. Чарчамай ишлаб келдингизми?
— Раҳмат…
Уларнинг муомаласи узоққа чўзилмади. Негадир улар бир-биридан ётсираб туришарди. Шундан бўлса керак, салом-алиги ҳам унчалик қўғишмади…
Давлатшо ота-онаси, оила аъзолари билан каттакон стол атрофида ўтириб овқатлангач, ётоқхонага кириб кетди. Улкан «Самсунг» телевизорининг пултини эзиб, «Ёшлар» телеканалини очди. Ўлмас Оллоберганов ижросидаги «Қурбон ўлам…» қўшиғи янграётган эди. Ювиниш хонасига кириб, ювиниб чиқди. Каравотга ётиб олиб, тезроқ хотинининг уй юмушларини тугатиб, ёнига киришини кутиб ётди. Очиғи у аёл кишини шунчалар қўмсаган эдики, вужудидаги эҳтирослардан «қинидан» чиқиб кетаётгандек эди, гўё…
Ниҳоят, Дилшода ётоқхонага кирди… Ювиниб-тараниб, атир-упа сепиниб, пардоз-андоз қилиб келгунга қадар, Давлатшонинг юраги «така-пука» бўлар эди. Шундай бўлса ҳам у Дилшодага даб-дурустдан яқинлаша олмас, бағрига босиб, ўпа олмас эди…Дилшода ёнига келиб ёнбошлаганида ҳам қимирламай ётаверди…Охири сўнгги икки ой ичида улар биринчи бор қайтадан қовушишди… Давлатшо хотинини жуда соғинган эди…
* * *
Орадан йиллар ўтиб борарди…Сайёд беш ёшга тўлди. У онаси билан катта дадасининг бебаҳо овунчоғи эди. Турғун ота набирасини баъзан каклик, ўрдак овига олиб борарди. Бир гал улар тулки отиб келишди…Қиш кунлари оч қолган бўрилар қўрасига ҳамла қилишганида ота бир-иккитасини ер тишлатган. Терисини шилиб бирини деворга осиб, бошқасини пойгакка тўшаб қўйган. Онаси бўри терисидан ўғилчасига тўн, бош кийим тикиб берган. Уни ташқаридан кўрган одам жажжигина овчига қиёслаши мумкин. У шу туришида худди бўри боласига ҳам ўхшаб кетарди. Юз тузилишлари Давлатшонинг ўзи бўлгани билан, пишшиқ-тетиклиги Туйғуншодан ўтган…
Яна қиш бошланди. Эрта-индин Янги йил.Турғун ота набираси билан тоққа чиқиб, кичикроқ бир арча кесиб келишди.Уни Сайёд онаси билан чиройли қилиб ясатди. Арчани ясатар экан,Туйғуншо яна ўша эски «Янги йил» ни эслади. Давлатшо ҳув анави бурчда ўтирар эди. У эндигина бетобликдан тузалган, бемажол эди. Туйғуншо унга ҳар хил шифобахш дамламалар тайёрлаб, ичирганини эслади…
Уни хаёллари беихтиёр яна ўша чана учган тепаликка олиб кетарди. Мана, улар юмалаб кетишди… Давлатшо унинг лабларидан бўса оляпти…Унинг аёллиги ҳам ўша жозибали тун билан боғлиқ.Оналик бахтига муяссар бўлганлиги учун ҳам, балки ўша тундан қарздордир?.. Балки унинг ёлғизлиги ўша тундан қолиб кетган бир тавқи лаънатдир. Бахтига Сайёди бор. Муҳаббат ёдгорлиги…Айнан у кўрган-кечирган ёмон кунлари эвазига берилган туҳфа эмасми?
* * *
Давлатшо сўнгги пайтларда ичкиликка берилиб кетди. Сабаби — орадан шунча йил ўтса ҳам ҳануз ота бўла олгани йўқ. Дилшода билан ажрашди. Ёмон йўлга кириб кетди. Уйга келмай, дуч келган аёлникида тунаб қоладиган одат чиқарди. Уни бу вазиятдан чиқариш учун ота-онаси иккинчи марта уйлаб қўйишди. Бироқ унисидан ҳам бола кўрмади… Унинг ҳаётида қандайдир сирли воқеликлар юз бераётгандай эди… Гўё пешонасига фарзандсизлик муҳри мангуга босиб қўйилгандай эди. У шундай пайтларда Туйғуншони эсларди. Лекин ундан яккаю-ягона фарзанди бор эканлигини хаёлига ҳам келтиролмасди. Ўтган йиллар ичида икки нафар укаси уйланиб, синглисини турмушга чиқаришди. Ҳаммаси ўзларидан кўпайиб, болали-чақали бўлиб кетишди. Давлатшо эса ҳамон ёлғиз. Ёппа-ёлғиз… Гўё унинг бу дунёда ўзидан бўлак ҳеч кими йўқдай...
* * *
Сайёд эса йил сайин улғайиб, онаси, бувасига ёрдамчи бўлиб борарди. Секин-аста ақли кира бошлади. Туриб-туриб онасига қизиқ-қизиқ саволлар бериб қўяди. Туйғуншо уларга жавоб тополмай ҳижолат чекади, баъзида.
— Ойи, бувам сизнинг дадангиз бўлса, у ҳолда менинг дадам ким, — деди дастурхон устида овқат еб ўтираркан.
Кутилмаган бундай саволдан Турғун ота ҳам қоқаб кетди. У оғзидаги нонини аранг ютиб юборди.Туйғуншо ҳам ўғилчасининг саволига жавоб қайтаролмади… Юзларига қон югурди…
Сайёднинг мурғак тафаккури бу дунёда ундан бўлак болалар ҳам борлигига, ҳар бир боланинг эса ўз ота-онаси бўлишига, табиийки, ҳали етмас эди. Боиси — улар кун кечирадиган бу каби кимсасиз жойларга ким ҳам боласини олиб келарди. Кунора «ЗИЛ» автомашиналари уёқдан-буёққа ўтадилар. Баъзи йўловчилар Турғунотаникида бир кеча тунаб, яна йўлга чиқишади. Бироқ йўловчиларнинг барчаси катта ёшдаги кишилардан иборат…
* * *
Тақдир насиб экан. Орадан анча йил ўтиб Давлатшонинг яна Бадахшон тарафларга йўли тушди. Ўша йил бутун дунёда Тоғлар йили дея эълон қилинган эди. Шу туфайли таҳририятдан Тоғли Бадахшондан мақола тайёрлаш вазифаси топширилганди. У ўзига буёқларга бўлак ҳеч қачон келмайман деб қатъий сўз бериб кўйган бўлса-да, аммо пешонасидан қочиб қутила олмади…
У яна Хоруққа қатнайдиган машиналар тўхтайдиган жойга келди… Рамизни сўраб-суриштирди. Аммо охирги йиллари унинг соғлиғи ёмонлашиб, Ўшга қатнамай қўйган экан. Бўлак бир ҳайдовчи билан келишиб қўйди. Сафарга тахт экан. Тунда йўлга отланишди…
Ҳамон қиш. Яна ўша бепоён йўл. Ўша оқлик. Ўша қийинчиликлар. Тақдир ҳазилими бу ёки рўё? Боз Янги йил арафаси…
* * *
Туйғуншо тунда туш кўрди. «Мовий денгиз узра оппоқ рангдаги «ЗИЛ» устига каттакон алвон елкан ўрнатилган… Машина кузовида Давлатшо туради. Сочлари шамолда ҳилпирайди. Ўзи ҳам оппоқ либосда. Эгнида оқ костюм-шим. Бўйнида бўйинбоғ. Қўлларида эса ранг-баранг гуллардан жамланган гулдаста. «ЗИЛ» кема янглиғ тобора соҳилга яқинлашиб боради. У қирғоққа яқинлашган сайин Туйғуншонинг юрак уруши жадаллашиб, томоғига тиқилиб боради». Юраги ўйнаб, уйғониб кетади…
* * *
Давлатшо Мурғобга аранг етиб келди. Яна ўша бош оғриғи… Яна ўша «тутак». Бахтига бу сафарги ҳамроҳи сергапроқ экан. Йўлда ухлаб қолмаслик учун ўзи гапириб келаверди. Йўловчи бошини силкиб ўтирса, кифоя эди, унга. У бир амаллаб Хоруққа етиб келди. Тегишли ташкилотлар ёрдамида мақола учун материал тўплади-ю, бир кунда сафари қариб, изига қайтди… Йўлда боз истимаси кўтарилиб кетди. Иситмага қарши дори ичиб олган. Давлатшонинг қўл-оёғи, бели «эзиб» оғрирди. Албатта, ҳаво уни яна илғаб қўйди. Қон босими кўтарилиб, яна боши оғрий бошлади…У йўл бўйи безовталаниб, охири қотиб ухлаб қолди…
«ЗИЛ» Турғун оталарнинг қўрғони ёнига келиб тўхтаганида, Давлатшо қаттиқ уйқуда эди. Ҳайдовчи уни уйғотмади. Кўтариб, ичкарига олиб кирди… Турғун ота, албатта, йўловчини танимади. Шам ёруғида уйга олиб кириб ётқизишди. Атроф қоп-қоронғу эди. Сайёд ухлаб қолган. Туйғуншо ҳам бу ёт эркакни танимади… Одатдагидек бир йўловчи кимса бўлса керак-да, деб ўйлади… Боиси, ўтган йиллар мобайнида у севгилисидан бутунлай умидини узиб қўйган эди.
— Ота, илтимос, шаҳарлик меҳмонни иссиқроқ ўраб қўйсанглар, эрталабгача терлаб, зора ўзига келиб қолса…
— Уни уйғотсак, чой-пой ичиб, озгина тамадди қилиб олса яхши бўларди…
— Керак эмас, бечора йўлда анча қийналиб қолди. Ўнтаб-ўнтаб аранг ухлаб қолди…
— Майли, бўлмаса, сиз айтганча бўла қолсин. Қизим, сен меҳмоннинг устини иссиқроқ ўраб қўй, бўптими?..
Туйғуншо ғира-ширада таҳмондан кўрпа олиб, меҳмонинг устини яхшилаб ўраб қўйди…
Тақдирнинг «ҳазилини» қаранг. «От айланиб қозиғини топади» деб бежиз айтишмаган экан, машойиҳлар. Дунёнинг ишлари кўп қизиқ-да. Ҳудди атайлаб ўйлаб қилинганга ўхшайди… Давлатшо шунча йил яшаб, бир кун келиб ҳаётида илк бор қовушган қизининг ёнига тақдир тақозоси билан қайтиб келиб қолишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Қолаверса, дунёга келганига етти йил бўлган, айни дамда шундоққина ёнида ухлаб ётган ўғилчаси борлиги ҳаттоки тушига ҳам кирмаган. Давлатшо ҳам, Туйғуншо ҳам, Сайёд ҳам, барча-барчаси эртага Аллоҳнинг қудрати билан рўй берадиган тасодифий мўъжизадан мутлақо бехабар эдилар…
Туйғуншо ғира-ширада туриб меҳмонларга чой дамлади, отаси тайинлагандай беморга шамоллашга қарши қайнатма тайёрлади… Сайёд саҳарлаб туриб олган. Турғун ота намоз ўқиш учун таҳорат қилгани ташқарига чиққан. Ҳайдовчи билан Давлатшогина ухлаб ётишади…
Турғун ота намоз ўқиб бўлгунга қадар, Туйғуншо нонушта учун дастурхон ёзиб, у-бу олиб келиб қўйди. Печка устида турган шифобахш қайнатмадан пиёлага қуйиб, бемор ётган жойга яқинлашди. Бу пайтгача кун чиқиб, томдан хонага ёруғлик тушиб бўлган эди… Туйғуншонинг кўзи қимирламай ухлаб ётган нотаниш кишининг юзига тушди-ю, таажжубдан қотиб қолди. Ҳаяжондан қўлидаги пиёла Давлатшонинг устига тушиб кетди… Шу пайт бемор чўчиб уйғонди… Кўзларини очиб қараса, қаршисида таниш бир чеҳра турибди…
«Бу ким бўлди экан? Кўзимга иссиқ кўриняпти. Уни илгари ҳам қаердадир кўргандайман… Ҳа, бу ўша, бадахшонлик қиз… Лекин бу ерга қандай қилиб келиб қолди?.. Тушумми ё ўнгимми бу? Мен ўзи қаердаман, ҳозир? Наҳот, босинқираётган бўлсам?.. Ҳа, ҳа, бу ўша — Туйғуншо…»
Туйғуншо ҳам ёрини кўриб тошдай қотиб қолди: «Кўзларимга ишонмайман… Бу ўшами? Ё тавба… Одам дегани ҳам шунчалик ўхшаш бўладими? Давлат акам бироз ёшроқ, озғинроқ эди. Бу киши бўлса бироз бўлароқ экан… Йўқ, у эмас!»
Шу пайт Давлатшо унинг исмини талаффуз этмаганида беморнинг айнан Давлатшо эканлигини билмаган бўлармиди?
— Туйғуншо, — деди у овози қалтираб… Туйғуншо…
Қиз ўз исмини ногоҳ қаршисида унга термулиб ётган кишидан эшитганидан ҳайрон бўлиб қолди. Қулоқларига ишонмади…
— Туйғуншо… Туйғуншо, — деди Давлатшо яна такрорлаб… Бу чоққага Туйғуншонинг бўғзига нимадир тиқилиб, кўзларига ёш сизиб чиқиб бўлган эди. Фақат ҳўнграб йиғлаб юборолмасди, холос… Хонадаги ясатилган арча гўё Давлатшонинг хулосаларини тасдиқлаб тургандай эди. У Туйғуншога бир нима демоқчи бўлган эди, аёл унинг лабларига панжаларини босди. Боиси — ёнида ҳайдовчи ухлаб ётарди… У ҳадемай, йўлга чиқади…
Сўнгра улар ҳаммаси биргалашиб нонушта қилишди… Сайёд ҳам қаторда чордона қуриб ўтирарди. У айни пайтда ўз отаси билан ёнма-ён ўтириб, чой ичаётганидан мутлақо бехабар эди… Турғун ота ҳам меҳмонга ўқтин-ўқтин қараб қўярди. У кўзига иссиқ кўринса-да, кимлигини аниқ эслолмасди. Ахир, уларникига деярли ҳар куни йўловчилар келиб кетиб туришади. Уларнинг қайси бирини эслаб қолсин?..
Давлатшо ёнида ўтириб чой ичаётган болага термулади: «Бу ким бўлди экан? Наҳотки Туйғуншонинг боласи бўлса? Эрга тегибди-да? Лекин куёви кўринмайди. Сафарга кетган бўлса керак…»
Туйғуншо ҳам чуқур хаёлларга шўмғиб кетган:
«Боядан бери гоҳ ўғлига, гоҳ Туйғуншога қарайди. Қизиқ, у ҳозир мен ҳақимда нималарни уйлаяпти экан? Дадам танимади, чоғи, деяётгандир… Давлат акам Сайёд ҳақида қандай хаёлга борди экан. дея ўй сураётгандир, балким?».
Давлатшони ҳам ана шу каби ўй-хаёллар тарк этмас эди:
«У болалик бўлибди-да. Менга эса фарзанд бермади. Балки Туйғуншони «ҳафа қилиб» ташлаб кетганим учун шундай бўлгандир?! Мана, у ўғиллик бўлибди. Турмуш ўртоғи билан бахтли бўлишса керак? Туйғуншо анча ўзгариб кетибди. Кўзларидаги аввалги ўйноқилик, шўҳлик ўрнини сиполик, маъюслик эгаллаб олибди…». Ёдига уларнинг сомонхонадаги дамлари тушиб кетди-ю, қулоқларигача қизариб кетди…
— Туйғуншонинг кўнглидан ҳам ҳар хил кечинмалар ўтарди:
«Ҳайрият, уни отам танимайди. Анча қариб қолди-да. Қолаверса, кўзи ҳам анча хиралашиб қолган. Таниб қолганида нима бўларди? «Қизимни ҳўрлаб ташлаб кетган сенмисан», дея томоғидан олармиди? Аччиқ устида ўлдириб қўйса-чи? Йўқ, йўқ танимагани яхши. Ўғлим ҳам уни билмай қўя қолсин. У ҳадемай шаҳарга жўнаб кетади. Уйланган бўлса керак. Икки-учта фарзанди бордир? Ахир орадан оз эмас, кўп эмас, роппа-роса етти йил ўтган бўлса… Шундай экан, ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолаверсин. Тақдирни ўзгартириб бўлмайди».
Туйғуншонинг хаёлидан шу каби фикрлар ўтарди-ю, юрагидаги ўтга Давлатшонинг ҳар бир нигоҳи ўтин ташлаб тургандай эди…
Давлатшо Туйғуншодан хаёлан кечирим сўрар ди. Ўша Янги йил кечаси учун… Ҳайрият, бахти очилиб кетибди… Фарзандлик бўлибди. Бўлсин, бўлсин… Умр йўлдоши ҳам яхши йигитдир… Улар бахтли яшашса керак? Мен эса бебахтман. Ҳаммаёғим етарли бўлса ҳам бахтсизман. Ота-онам, машинам, данғиллама иморатим бор-у, лекин бахти қароман. Ёлғизман…»
— Ота, қани бўлмаса, бизга дуо бериб юборинг-чи. Давлатшо ҳам ўзига келиб қолди. Йўлга чиқмасак бўлмайди.
— Йўлга чиқасизларми, ҳай, майли. Қани, омийн… Сафаринглар бехатар бўлсин… Ой бориб, омон қайтинглар…
Шундан сўнг меҳмонлар ўрнидан қўзғалишди. Уст-бошларини кия бошлашди… Шу дам Давлатшонинг ҳам, Туйғуншонинг ҳам юраги тез-тез ура бошлади. Аёлнинг ичидан ички бир нидо, ҳайқириқ вулқондай отилиб чиққандай бўлди. У илтижоли кўзлари билан Давлатшога қаради. Давлатшонинг кўзлари ҳам саволга айланиб қолган. У нималар бўлаётганини тушунолмай карахт… Туйғуншо унга лом-мим демади… У ҳам севгилисига боқиб ҳеч нима деёлмади… Нима ҳам дерди?.. Хаммаси очиқ-ойдин равшан бўлди… Туйғуншо турмушга чиққан… Унинг фарзанди бор… Лекин нега айнан уларникига келиб қолди? Уни кўрмагани яхши эди… Ўзи бош учини ололмай юрганида буниси «Дард устига чипқон бўлди»… Давлатшо шу каби ўй-ҳаёллар билан, бошини хам қилганча Турғун ота билан ҳайрлашди… Оғир-оғир қадам ташлаб, ташқарига чиқди. Туйғуншо эса Сайёд билан уйда қолишди…
Ниҳоят «ЗИЛ» нинг гуриллаган овози эшитилди… «Мана, ҳадемай у ўрнидан қўзғалади… Ҳаммаси тамом! Ҳа-ҳа, тамом! Биз у билан бўлак хеч қачон учрашмаймиз. Сайёд отасининг дийдорини бошқа хеч қачон кўрмайди…»
Ички ҳаяжондан Туйғуншонинг аъзои-бадани гўё «ЗИЛ» нинг овозига басма-бас зирқирар эди… Машина ниҳоят жўнаб кетди. Туйғуншо ўғлини бағрига маҳкам босганча, кўзларига ёш олиб, йиғлаганча қолиб кетаверди…
Давлатшонинг қалбидан ҳам гўёки бир нима юлиб олингандай бўлди. У машинада кетиб борар экан, кўз ўнгидан Туйғуншо нари кетмас эди… Бугун Янги йил киради… Бундан етти йил муқаддам улар ҳудди шу ерда қовушган эдилар. Бугун эса айнан ўша куни бир умрга ажрашмоқдалар…
— Туйғуншонинг куёви ҳам хайдовчи бўлса керак-а, — дея савол берди Давлатшо ҳайдовчига қараб…
— Йўқ у турмушга чиқмаган. Бир неча йил аввал бир аблаҳ йўловчи уни алдаб номусига тегиб қўйиб, дом-дараксиз йўқ бўлиб кетган. Туйғуншо ўшандан ўғил туғиб, уни отаси билан катта қилаяпти…
Ҳайдовчининг гапларини тинглаб, Давлатшонинг чаккаларидан муз тер чиқиб кетди…
— Тўҳтатинг! Ҳозироқ машинани тўҳтатинг, — деди баланд овоз билан йўловчи.
Ҳайдовчи нима бўлаётганини тушунолмай. тормозни босди.
— Тинчликми, оғайни?! Сизга нима бўлди? Бирор нарсангизни унутиб қолдирибсизми?
— Ҳа-ҳа… Ака, илтимос, машинангизни ортга қайтарсангиз Дунёдаги энг қимматли нарсамни қолдириб кетишимга бир баҳя қолибди… «Бахтимни ташлаб кетаётган эканман… Бахтимни!!! Ўғлим… У менинг ўғлим… Сайёд. Ҳа, ҳа. Роппа-роса еттига тўлибди… Сўзсиз у менинг жигарбандим! Йиллар давомида туғилишини кутиб яшаган ўғилчам!» дер эди ичида, Давлатшо…
«ЗИЛ» ярим соатлардан сўнг яна Турғун оталарнинг қўрғони ёнига келиб тўҳтади. Сайёд бўри терисидан бўлган пўстини ва қолпоғини кийиб эшикда ўйнаб юрган эди. Давлатшо машинадан жаҳд билан ирғиб тушиб, Сайёднинг олдига югуриб борди. Ўғилчасини қучоқлаб, юз-кўзларидан ўпа бошлади.
— Болажоним, болагинам. бормисан? Қаёқларда... Қаёқларда юрган эдинг, тентагим? Мени бунча узоқ куттирдинг, дўмбоғим…
Ҳайдовчи «ЗИЛ» кабинасида Давлатшони кузатиб ўтириб ҳайрон бўлиб қолди.
— Ўғлим, мен сенинг дадангман. Эшитяпсанми, дадангман. Мени кечир… Мен сени чақалоқлигингдан катта қилолмадим… Энди ўзим билан олиб кетаман. Онанг билан бирга олиб кетаман. Мен билан кетасизларми? А? Кетасизларми?!..
Ташқаридаги ғала-ғовурни эшитиб Турғун ота билан Туйғуншо аллақачон эшикка чиқиб бўлишган эди…
Давлатшонинг ўғлини қучоқлаб йиғлаётганини кўриб, улар ҳам кўзларига ёш олишди…
Шундагина ҳайдовчи ҳам гап нимада эканлигини тушиниб етди. Кабинадан Давлатшонинг сафар жабдуқларини пастга тушириб қўйиб, йўлга отланди…
* * *
Ўша куни Давлатшонинг ҳам, Туйғуншонинг ҳам қувончи ичига сиғмас эди. Улар саодатдан маст эдилар… Кечқурун катта дастурхон ёзиб, Турғун ота, Давлатшо, Туйғуншо, Сайёд бўлиб Янги йилни кутишди… Қария ярим тунда ухлаб қолди. Давлатшо ўғли Сайёд, хотини Туйғуншо билан эшикка чиқишди… Ўғилчасига қўшилишиб ёш болалардай қорбўрон ўйнашди. Қорбобо ясашди. Кейин тепаликка чиқиб, уччаласи чана учишди. Чор атрофда улардан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Кулгу, «қаҳ-қаҳа» овози тоғу тошни тутиб кетган. Уларнинг шўҳ овозлари у тоғдан бу тоққа акс садо бериб, бутун Бадахшонни тутиб кетгандай… Айни дамда ўртада бир ҳижолатчилик бор эди, холос. У ҳам бўлса Давлатшо билан Туйғуншога никоҳ ўқилмаганлиги… Ишқилиб, бегуноҳ жигарбанди Сайёд ҳаққи Аллоҳ ўзи ниқох ўқиб қўйган бўлсин, бу адашганларга!
* * *
Улар уйга киришгач, Сайёд ухлаб қолди. Давлатшо билан Туйғуншо эса эрталабгача суҳбатлашиб чиқдилар. Йигит ўтган йиллар давомида бошидан ўтган барча кечинмаларни оқизмай-томизмай гапириб берди. Улар бир умр бирга бўлишга ахд қилдилар. Давлатшо уларни шаҳарга олиб кетишга ваъда берди…
Шундай қилиб Давлатшо Турғун оталарникида бир ойча яшади. Гўё дунёда ундан бахтиёр одам йўқдай эди… Сабаби Сайёди унинг манглайига ёпишиб қолган тавқи-лаънатдан халос этиб, Давлатшони зурриёдсизлик азобидан қутқарган эди…
— Дада, сиз бизни чиндан ҳам шаҳарга олиб кетасизми? — деди ширин қилиб Сайёд.
— Албатта, ўғлим. Онангни, бобонгни ҳам олиб кетамиз. Ҳаммамиз бизникида яшаймиз.
— Шаҳар дегани нима ўзи?
— У ерда кўп одамлар яшайди. Беш-олти қаватли иморатлар бор. Дўстларинг кўп бўлади. Мактабга борасан.
— Мактаб? У нима дегани?
— Мактаб — бу сен каби болалар билим оладиган жой. Ҳар хил китобларинг бўлади. Ўқишни, ёзишни ўрганасан.
— Китоб дедингизми?
— Ҳа, у шундай бир мўъжиза нарса. Ичини очиб ўқисанг, ичига ғарқ бўлиб кетасан.
Бу гапларни Давлатшо ўғилчасига рус тилида тушунтирарди. Сайёд рус тилини унчалик яхши билмаса-да, келган-кетганларнинг суҳбатларини тинглаб юриб оз-моз ўрганиб олган… Тушунмаган жойларини Туйғуншо она тилида унга яхшилаб уқтириб қўяди…
— Бизни шаҳарга олиб кетаман деяпсиз, — деди ўйланиб ўтириб қолган Туйғуншо Давлатшога термулиб. — Отам-чи, отам, у қаерда қолади? Биз ахир уни якка-ёлғиз ташлаб кетолмаймиз-ку.
— Ким айтди Турғун отани шу ерга ташлаб кетамиз деб? Уни ҳам шаҳарга бирга олиб кетамиз.
— Рози бўлмаса-чи?
— Нега рози бўлмайди?
— Отам туғилиб ўсган бу жойларни осонликча ташлаб кетмайди. Бу ерларда бизнинг авлод-аждодларимиз яшаб ўтишган.
* * *
Турғун ота қўй-молларига ем-ҳашак берар экан, узун-узун ҳаёлларга толиб кетди. У қизи билан Давлатшонинг топишиб олганидан жуда бахтиёр эди:
«Ҳайрият. Қизимнинг пешонаси очилди. У бу дашту биёбонларда якка-ёлғиз қолиб кетармикин деган ваҳимада яшаётган эдим. Акаси ҳам дом-дараксиз бўлиб кетди. Баъзан йўловчи машиналардан у-бу бериб юборади. Охирги марта келиб кетганига эса бир йилча бўлди. Узоқ йўл-да. Қолаверса иш билан банд. Бола-чақаси билан тиниб-тинчиб ўтирса бўлгани! Мени шаҳарга кўп бор чақирди. Бироқ менга уёқларда нима бор? Мен тоғ одами бўлсам. Тоғлик бўлсам. Биз тоғликларни тоғдан айириш, балиқни денгиздан маҳрум қилмоқдай бир гап… Худога шукур, қизимдан ҳам кўнглим тўқ. Энди ўлсам, армоним йўқ. Кампирим ҳам мени анча кутиб қолди. Ҳадемай ёнингга бораман, Азизмо! Қизингни ёлғиз ташлаб кетолмаётган эдим. Тағин ўйламагин, у дунё чолим тушмагурга ёқиб қолганми, хеч олдимга келгани шошилмайди» деб. Қизингни шаҳарга кузатиб олай, ёнингга бораман…»
* * *
— Ота, — деди Давлатшо эрталаб чой ичиб ўтириб Турғун отага. — Сизларни уйга олиб кетсам деган эдим… Розилик берсангиз йўлга ҳозирлик кўриб турсак…
Турғун ота бу таклифни эртами-кечми сўзсиз берилишни кутиб юрган эди. Шунинг учун жавоби ҳам тайёр эди:
— Ташаккур, болам. Таклифингиз учун раҳмат. Бироқ менга шаҳарга боришга йўл бўлсин. Агар аҳдингиз қатъий бўлса қизим билан ўғлингизни олиб кетинг. Мен розиман.
«Ҳайрият, ниятимга етдим», дерди ичида. — Илтимос, қизимни, набирамни эҳтиёт қилинг… Уларни хўрлатиб қўйманг! Қизим сиз билан учрашгандан кейин кўп азоб чекди. Неча-неча ёстиқларни ивитди, кўз ёшлари билан. Набирамнинг келажаги ҳаққи уларни ўзингиз билан олиб кетинг, илтимос, болам…
— Лекин сиз-чи? Бу ерларда якка-ёлғиз қолиб кетасизми?
— Нега энди ёлғиз қоларканман? Ўзингиз кўриб турибсиз. Уйимиз деярли ҳар куни меҳмонлар билан гавжум. Мен умримнинг қолганини ҳам йўловчиларнинг оғирини енгил қилиб, мусофирларнинг кўнглини олиб яшашга сарфлайман. Бу — ота-боболаримиздан қолган мерос. Биз дунёга йўловчиларга чироқ ёқиб туриш учун келганмиз. Бу ҳам, менимча, фахрли вазифа. Одамларга яхшилик қилиш, уларнинг кўнглини олишдан улуғроқ бахт бўлмаса, керак дунёда.
— Ота, сизга катта раҳмат, мен сўзларингизга тўла қўшиламан. Бироқ қизингиз, набирангиз, қолаверса мен ҳам сизни бу ерда қолдириб кетишга ҳеч кўзимиз қиймаяпти.
— Ўғлим, сиз ҳеч хижолат чекманг. Қизимга бу гапни мен ўзим бафуржа тушунтириб қўяман. Ўйлайманки, у менинг раъйимни қайтармайди. Сиздан бир илтимос. Унинг кўзидан ҳеч қачон ёш оқизмасангиз…
— Ота, сизга сўз бераман. Шаҳарга боргач, Туйғуншони никоҳимга оламан. Баҳорга чиқиб, иккимизнинг тўйимиз бўлади. Кейинроқ Сайёдга суннат тўйи қилиб бераман… Яхши кунларимизда ўзингиз бош бўлиб туриб берсангиз, яхши бўларди.
— Омон бўлсак, кўришармиз. Насиб қилган бўлса тўйингларни ҳам кўрарман. Йўлда набирамни эҳтиёт қилинглар…
* * *
Сафарга отланадиган кун ҳам етиб келди. Туйғуншонинг кўзлари тўла ёш. У кечадан буён йиғлайвериб, шишиб кетди. Улар йўл олдидан ўтириб қуръон-тиловат қилишди. Турғун ота фарзандларига эзгу ниятлар билдириб, бахт-саодат тилаб, фотиҳага қўл очди. Сўнгра уй бурчидаги каттакон сандиқни кўрсатиб:
— Қизим, анави сандиқ сенга биздан ёдгорлик, мерос. Ундаги нарсаларни орзу-ҳавас билан онанг билан бир умр сенинг тўйингга атаб йиққанмиз. Мана шу, арзимас совғамизни туҳфа қилиш мавриди ҳам келди. Қўшганинг билан қўша қари. Илойим, ўзинглардан кўпайиб, ували-жували бўлинглар. Бола-чақаларингнинг орзу-ҳавасини кўринглар, — дея Турғун ота кўзларига ёш олди. — Бу кунларни мендан ҳам кўра онанг кўрса бўларди. Раҳматлик бизларни эрта ташлаб кетди. Қўлда тўқилдан мана бу гиламлар, тулки терилари ҳам сизларга, — дея ота қизининг пешонасидан ўпиб қўйди. — Оқ йўл! Эсон-омон етиб олинглар. Қани, ўғлим, бобонгни битта кучоқлаб қўйгин-чи, — деди у Сайёдга қучоғини очиб. Набираси югуриб келиб бувасини қаттиқ кучди… Кейин ота Давлатшо билан ҳам қучоқлашиб ҳайрлашди…
Турғун ота тожикчалаб қизига панд-насиҳат қилгунга қадар Давлатшо билан ҳайдовчи Туйғуншонинг юкларини машинага жойлаштирди. Сайёд катта дадасини яна бир қучоқлаб ўпиб, кабинага чиқиб ўтириб олди. Ортидан Давлатшо машинага чиқди. Чеккага Туйғуншо жойлашди. Кўзлари жиққа ёш. «ЗИЛ» ўрнидан қўзғалди. Ота қўлларини силтиганча, қўрғон ёнида қолди. Машина эса ортига бурилиб, юриб кетди… У йўл юрган сайин тобора кичрая бориб, охири кўздан ғойиб бўлди…
* * *
Сайёд уст-боши билан ҳудди бўри боласига ўхшайди. У гоҳ отасининг, гоҳ онасининг пинжида ухлаб келади… Улар икки кеча йўлда тунашди… Йўлнинг ниҳоятда узоқлигидан Сайёд тугул Туйғуншо ҳам ҳайрон… У йигирма бешга кириб ҳали бунақанги узоқ йўлни кўрмаган эди. У эндигина улар одамлардан ниҳоятда олисда яшашликларини англаб етди. Туйғуншо тасаввурида боласи билан ўзга сайёра, ўзга олам, уларга нотаниш бўлган бўлак бир дунёга кетиб бораётган эди… Бу йўлда унга ҳамроҳ бўлиб кетаётган одам — ўша сирли дунёнинг бир вакили. Туйғуншо бутун ихтиёрини Давлатшога топшириб кетиб бораётир… Уларнинг тақдири анча қийин экан? Улар дунёнинг бир четидан бўлак бир бурчига бориб, оила қуриш учун не-не довонлардан ошиб боришаяпти. Давлатшо она шаҳрида хотин, болага ёлчимади. Туйғуншога эса ўзига лойиқ-қобил тоғлик эр топилмади. Дунёнинг ишлари жуда қизиқ-да… Буни пешона дейдилар… Тақдир…
* * *
Ўшда паға-паға қор ёғади. Ўғлининг «бўри боласи» ни етаклаб кириб келаётганига кўзи тушиб, Ҳамидахоннинг кайфи учиб кетди.
— Ассалому алайкум, ойижон.
— Ваалайкум ассалом, болам. Эсон-омон келиб олдингми? Намунча бизни энсиратдинг, ўғлим? Бадахшонлик бир ҳайдовчи йигит телефон қилиб, сенинг ишларинг чиқиб қолганини айтган бўлса ҳам, ҳавотиримиз ҳеч босилмади. Унга телефон рақамимизни берган экансан… Вой, бу ким, болам. Бунча ширин бу болакай. Бўри боласими?
— Ҳа, ойи бўри боласи. Сиз туққан бўрининг боласи. Сизнинг набирангиз, она бўри! Набирангиз.
— А-а? Нима дединг? Яна бир қайтар…
— Ойи, сиз тўғри эшитдингиз. Бу — набирангиз, Сайёд. Мана буниси эса келинингиз — Туйғуншо.
Ҳамидахон ўғлининг ортидан ўзига қараб турган, икки юзи анордай бу аёлга қараб тошдек қотиб қолди…
— Ассалому алайкум, — деди Туйғуншо қайнонасига боқиб.
— Ваалайкум ассалом, бунинг тушимми ё ўнгим эканлигини англай олмай қолдим… «Наҳотки шу рост бўлса? Ростдан ҳам бу келиним, бу набирам бўлса-я? Айланайин сизлардан…
* * *
Бу воқеа қисқа вақт ичида маҳаллада «дув-дув» гап бўлди. «Фалончининг ўғли Бадахшондан «ёввойи» келин олиб келганмиш. Ёнида кичкинагина «қаришқири» ҳам бор эмиш» деган узунқулоқ гаплар тарқалди…
Бу орада икки ёшни масжидга олиб бориб, уларга никоҳ ўқитиб қўйишди. Энди Сайёднинг алоҳида хонаси бор. Ота-онаси қўшни бўлмада дам олишади. Барча қулайликларга эга. Шинам ювиниш хоналари мавжуд… Давлатшонинг хотини, ўғлига ҳарид қилиб берган кийим-кечаклари, турли-туман ўйинчоқларини айтмайсизми? Ўзиям уч кун «Мерседес» да юришиб, Қорасув, Ўш бозорларидан либосларнинг олдини сотиб олишди. Қўли гул сартарошлар Туйғуншонинг сочларини кесиб, бўяб, турмаклаб қўйишди. Тоғлик келиннинг ёрилган, қип-қизил ёноқларига у кийган кийимлару пардоз— андозлари унчалик ярашмаса ҳам Туйғуншонинг табиий гўзаллиги ботиндан аста-секин сизиб чиққан гулобдай тобора юз сатҳига чиқиб бораётганди…
Тўсатдан тоғдан тушиб келган Туйғуншонинг ўз-ўзидан катта келин бўлиб қолганлиги унинг икки овсинига унчалик ёқмади… Ҳамидахоннинг бир-биридан бой қудалари уни сира тўғатмас эдилар. Чиндан ҳам Туйғуншонинг ёрилиб кетган қўлларига тақиб қўйган жавоҳир кўзли узуклар ҳам ярашмайгина турарди. Меҳмон-измонга борганда ҳам унинг шаҳарлик эмаслигини юриш-туриши шундоққина таъкидлаб туради. Танноз овсинлари, уларнинг оврўпача тарбия кўрган, сўнгги расм-русмда кийинадиган кервоз қариндошлари Туйғуншони менсимай, уни ҳадеб камситашарди. Уч-тўрт аёлнинг ўртасига тушиб қолса, дарров «гап едиришарди».
— Кеча телевизорда ҳалиги ёввойи бола ҳақидаги мултфилм бор-ку, нимайди оти?
— «Маугли» ми?
— Ҳа, ҳа. ҳудди ўшани кўрсатишди.
— «ЎшТВ» дан бўлса ҳалиги «Тарзан» ни кўрсатишди.
— Қайси?
— Анави маймунлар боқиб олган бола ҳақидаги кино бор-ку, ўшани…
Атрофдагиларнинг заҳар гапларидан Туйғуншонинг аъзои-бадани увишиб кетарди.
— Анави эканми қаришқири? Кастим-шим, бўйинбоғ бўри боласига ҳам ярашарканми?
— Ким билади? Балки у Давлатшодан эмасдир… Икки марта уйланиб туғдиролмаган, қандай қилиб болалик бўлиб қолди экан?
— Бу мегажин Давлатшонинг бўшлигидан фойдаланиб, қармоққа илинтирибди, шекилли…
Бу каби висир-висирлардан Туйғуншонинг боши айланиб, кўнгли беҳузур бўлиб кетди. Қулоқларини маҳкам чангаллаб кўчага чиқиб кетмаганида бу шармандаликдан ўша ерда йиқилиб тушган бўлармиди?
Туйғуншо иккинчи фарзандига бош қоронғу бўлиб қолган эди… У эрига меҳмондорчиликда бўлиб ўтган воқеаларни айтиб ўтирмади. Нима қилади, унинг юрагини сиқиб?
Икки марта уйланиб, юзи ёруғ бўлмаган Давлатшонинг қисмати ота-онасини ҳам анча ўйлантириб қўйган эди. Улар ўғлининг боласи бор эканлигини билишгач, бироз кўнгиллари таскин топгандек бўлди.
— Хотин, янги келинингдан кўнглинг тўқми… Тунов куни меҳмондорчиликдан вақтлироқ келдими? Рангида ранг йўқ эди, — деди Музробшо жиддий оҳангда…
— Мен бўлак хонада эдим. Хотинлар Туйғуншони бироз ҳафа қилиб қўйишибди. Биласиз-ку бизнинг одатимизни… Бир-биримизни пастга уришни яхши кўрамиз… Уни «Маугли», «Тарзан» дейишибди…
— Ҳа, аҳмоқлар. Эси пастлар! Одам боласини ҳам шундай хақорат қилишадими? Бунда кичик келингларингнинг ҳам қўли бордир…
— Бўлмасам-чи… Ҳаммаси негадир унга ёпишиб олишди…
— Демак, уларни яхшироқ тартибга чақириб қўйишинг керак… Ўзинг-чи, ўзинг? Тоғлик келин ҳақида қандай фикрдасан? Уни ўғлинг билан яшаб кетишига кўзинг етадими?
— Ёмон эмас. Оғир босиқ қиз экан… Ўша кунги воқеани ўғлимизга айтмабди. Йўқса, ака-ука, қариндош-уруғ ўртасига совуқчилик тушиб қолармиди? Меҳнаткаш, зийраккина қиз экан… Бошқа келингларимизга ўҳшаб танноз, чиройли бўлмаса ҳам истараси иссиқ экан. Кийимлари ярашмаса ярашмас. Бир кун ярашиб ҳам қолар. Жони соғ бўлсин. Асосийси, ўғлим у билан бахтиёр… У ҳам ўзингизга ўхшаб индамасидан. Анча-мунча юмушни бажариб қўйиб, жўнгина туриб олади. Бадахшондай жойда етти яшар ўғли бор экан-у, бизга шунча йилдан буён бу хақда оғиз ҳам очмабди. Баракалла-е!
— Худога шукур қилсанг, — деди Музробшо мийиғида кулиб. Акс ҳолда яна келин аҳтаришга киришган бўлардинг…
— Худога шукур, Худога шукур, дадаси. Ниҳоят тўнғичимизнинг ташвишидан ҳам қутилдик. Туйғуншо тилимизни ҳам, урф-одатларимизни ҳам ўрганиб олар. Ҳозирча набирамиз ҳам ўрисча гапиришни анча билиб олибди. Ўғлингиз уни шаҳарда қурилаётган Огахон мактабига ёздириб қўйибди. Келаси ўқув йилидан мактабга қатнай бошлайди. Майли, тил ўрганаверсин. Ҳозирги ёшлар йўқ деганда уч-тўрт тилни билмаса бўлмайди. Онасининг бўйида яна бор, шекилли, ҳадеб тузланган бодринг еяпти…
— Ҳайрият, ўғлингнинг бахти очилгани рост бўлсин… Бўлмаса, келиндан ўзинг кўз-қулоқ бўлиб тур… Бояқишни камситтириб қўйма, — Музробшо шундай деди-ю чуқур ўйга толиб кетди:
«Дунёнинг ишлари қизиқ экан. Катта келинимиз Бадахшон тарафлардан бўлади деб ким ҳам ўйлабди. Бир пайтлар ота-боболаримиз Ўшга ўша ёқлардан келишган. Унда мен кичкинагина бола эдим. Орадан шунча йил ўтиб менинг ўғлим тоғлик бир қизга уйланиб ўтирса… Давлатшонинг юлдузи бошқа тарафда экан-да. Балки у шунинг учун ҳам аввалги хотинларидан бола кўрмаган эканми? Хуллас, тақдир дегани ажойиб нарса-да. Арғамчини узун ташлаб, бироз қўйиб беради. Кейин барибир ўз билганини қилади».
* * *
Туйғуншо тез-тез уйини, отасини қўмсарди. Сандиғини очиб миллий кийимларини кийиб кўрар, гоҳо уларни уёқ-буёққа ҳам кийиб борарди. Шаҳарга келаётганида отаси ҳар ҳил доривор ўсимликлардан бериб юборган эди. Онасидан қолган бу ҳунар Туйғуншога бу ерда ҳам асқотиб қолди. У шифобахш гиёҳларни яхши танир, уларни қайси хасталикларга қарши қўллашни ҳам яхши биларди. Қайнотасининг қон босими тез-тез ошиб турар эди. Туйғуншо унга ҳар хил дамламалар бериб юриб, дарди бироз аригандай бўлди. Қайнонасининг буйраги безовта қилиб турарди. У ҳам келини тайёрлаган қайнатмалардан ичиб туради. Ўзи бўлса аҳён-аҳёнда ширчой ичишни қўмсаб қолади. Ўтган сафар ундан Музробшо ҳам ичиб кўрган эди, унга ёқиб қолди. Давлатшога айтиб ҳовлининг этагига оғилхона курдирди. Сигир олдириб, ҳар куни янги-янги сут соғилиб туради. Қатиқ, қаймоқни кўчадан сотиб олмай қўйишди. Келинига қараб Музробшо болалик кезларини эслайди. Отаси Ҳуррамшо, онаси Зулфия билан уларникига тез-тез келиб туришади. Туйғуншо уларга тандирда иссиқ-иссиқ нон ёпиб беради. Гапиришни ҳам ўрганиб олди… Сайёд ҳам ўзбекчани анча ўзлаштириб олган…
Ой ўтган сайин унинг юзлари ҳам оқаришиб, унга шаҳарликнинг туси кириб борарди. Давлатшо эса оиласидан кўнгли тўқ ижодий ишлари билан банд…
* * *
Давлатшо тез-тез хотинини машинасига солиб бозор-учарга тушиб туришади. Турғун ота учун озиқ-овқат, у-бу сотиб олишиб, йўловчи машиналарнинг биронтасидан Турғун отага бериб юборишади…
Турғун ота ҳам қараб турмайди. Бир-иккита қўй, баъзан эса тўпос, кийик, қуён гўшти юбориб, доривор гиёҳлардан жўнатиб туради…
Мана, баҳорга ҳам эсон-омон чиқиб олишди. Музробшо билан Ҳамидахон катталар билан маслаҳатлашиб, Давлатшо билан Туйғуншонинг никоҳ тўйини ҳам, Сайёднинг суннат туйини ҳам бир кунда ўтказишадиган бўлдилар…
Тўй куни белгиланиб, Турғун отага ҳам барвақтроқ хабар бериб юборишди…
* * *
Туйғуншони келинлик либосида кўриб, баъзи бир қариндошлар уни танимай қолишди. Оврўпача соч турмаги, чиройли қимматбаҳо никоҳ кўйлаги уни бутунлай бошқа одам қилиб юборган эди. Юзидаги пардози ҳам ўзига жуда-жуда ярашиб турарди. Давлатшо ҳам беш-ўн ёшга ёшариб кетгандек эди. «Тўй бола» ҳам уларнинг ёнида. У ҳам ҳорижлик жанобларга ўхшаб кетади. Ҳамманинг кўзи уларда. Сайёд гулдаста кўтариб олган…
Тўйга Турғун ота ҳам, Туйғуншонинг шаҳарлик акаси ҳам хотини, бола-чақаси билан келишган. Қизининг бахтиёрлигини кўриб, отанинг қувончи ичига сиғмайди «Қани энди бу кунларни кампири — Азизмо ҳам кўрганда эди. Афсус, унга насиб этмаган экан». Одатдагидек келин-куёв рўйхатдан ўтиб келишганидан сўнг «Азизим» ресторанида тўй бўлиб ўтди… Ўша куни кечқурун Сайёднинг қўлини ҳам ҳалоллаб қўйдилар. Энди Давлатшо билан Туйғуншо чиндан эр-хотин эканликларига барча амин бўлди. Уларнинг ўғли бор эканликларини тан олдилар…
Қудалари Турғун отанинг хурматини ҳам жойига куйишди. Ота қизи билан куёвининг пешонасидан ўпиб, уларга бахт-саодат тилаб, йўлга тушди. «Шу ерда биз билан қолинг», деган илтижоларига кўнмади. Ота беш-олти кун ўғлиникида туриб, Бадахшонга қайтиб кетди. Уйида узоқ бир қариндошининг ўғли қолган. Қўй-молларга қараб туриш учун…
* * *
Сайёдга буваси билан катта дадаси қараб туришди. У уч-тўрт кунда оёққа туриб кетди. Отаси ўғлидан жуда фахрланарди. Сайёд ҳам отасини ниҳоятда яхши кўрарди. Ота-бола баъзан шаҳар айланиб, сайил қилишарди.
— Мен энди эркак бўлдим-а? — деди бир куни у отасига.
Давлатшо ўғлининг гапидан «қаҳ-қаҳ» уриб кулиб юборди.
— Нега энди бундай деяпсан?
— Ахир қўлимни ҳалоллашди-ку…
Давлатшо яна ҳоҳолаб кулиб юборди.
— Йўқ, сен энди ўғил бола бўлдинг… Кейинчалик ўсмир бўласан, сўнгра эркак бўласан? — Менга ўхшаб хотин олганингда, эркак бўласанг. Тушундингми, тентаквой… Сенинг эркак бўлишингга эса ҳали анча бор…
* * *
Орадан яна бир неча ой ўтиб Туйғуншо қиз туғди. Бу чоққача унинг ҳуснига бира-тўла шаҳарлик аёлнинг қиёфаси кириб бўлган эди.
Кундан-кунга Давлатшонинг қалбида хотинига бўлган меҳр-оқибат орта бориб, у аста-аскин чинакам муҳаббатга айланиб бораётган эди. У мана шу икки болалик аёлни орадан шунча йил ўтгандан сўнг севиб қолди. Улар бир-бирига бўлган муҳаббатдан тил ўргана бошлашди. Давлатшо тожик тилини, Туйғуншо бўлса — ўзбекчани…
* * *
Орадан бир йил ўтиб Туйғуншо эрига яна битта қиз туғиб берди… Давлатшонинг шодлиги ёру кўкка сиғмас эди. У, мана, уч карра ота бўлди… Кейинчалик хотини яна битта ўғил туғиб берди. Сўнгра улар яна қиз кўришди… Хуллас, ўтган беш-олти йил ичида Давлатшо бефарзанд, сўққабош кишидан беш болалик бахтиёр отага айланди…
Одам боласининг зуваласи бир жойдан узилган бўлса, уларга узун-узун йиллар ҳам, паст-баланд тоғлару иссиқ-совуқлар ҳам тўсқинлик қилолмас экан. Аксинча, ёрдам берарканлар…
Кейинчалик ота-онаси Давлатшонинг номига ҳовли сотиб олишиб, ўша ерга чиқаришди. Қозон-товоғини бошқа қилиб қўйишди. Ёш оила ўзидан кўпайиб, буёғига фарзанд тарбияси билан машғул. Каттароқлари мактабга, сингилчалари боғчага қатнашади. Давлатшо хотинига ҳам репетитор топиб берган. У Туйғуншонинг хат-соводини чиқаришга кўмаклашмоқда. Мактаб дастурини сиртдан ўрганяпти. Қисқа вақт ичида у бемалол ёзиб, ўқий оладиган бўлиб қолди. Кечқурунлари болалари билан дарс тайёрлайди. Бўш пайтларида китоб ўқийди… Фарзандларига ўргатаётиб, ўзи ҳам нималарнидир ўрганади…
Кейинроқ эри уни олийгоҳлардан бирига шартнома асосида ўқишга жойлаштириб қўйди. Унинг узрли сабабларга кўра мактабда таҳсил ололмаганлиги ҳақида маълумотномалар тўплашди…
Қисқаси, Туйғуншонинг ҳаётида тоғлик, соводсиз бир аёлдан чинакам шаҳарлик, ўқимишли, юқори маданиятли хонимга айланиш жараёни давом этар эди. У қўшимча нутқ, кийиниш, юриш-туриш маданиятидан ҳам сабоқ олди…
Буларнинг хаммаси унга ресторанларда бўлиб ўтаётган тўй-тўркунларда, ҳар хил зиёфатларда ўзини эркин тутишига ёрдам бераяпти. Ҳамманинг кўзи унда. Ҳаракат билан имконият бўлса барча ишни уддаласи бўларкан. Олти ойча бичиш-тикиш, тўқиш курсида ўқиди. Икки-уч ой қандолатчилик маҳсулотларини пишириш сирлари билан шуғулланди. Ўй бекаси бўлиш ҳам катта матонат ва тажрибани, қолаверса нозик дидни талаб қилувчи машғулотдир. Хонадон соҳибаси ҳам яхши ошпаз, ҳам уста нонвой, ҳам моҳир тикувчи-ю, баъзида қўли енгил ҳамшира ёки ўткир зеҳнли муаллима бўлишдан ташқари болаларига меҳрибон она, эрига суюкли ёр бўла олиши ҳам керак. Ахир оиладагилар биргина эр ёки болалар эмас-да. Бир вақтнинг ўзида улар ҳам хўранда, ҳам бемор ёки оддий бир мижоз бўлишлари турган гап. Бирига овқат бериш керак, иккинчисининг туғмасини қадаб, шимини дазмоллаб бериш лозим. Яна бирига дарс қилишиб, шеър ёдлатиши зарур. Бирини ювинтириши, иккинчисини кийинтириши даркор…
* * *
Уларнинг ҳаёти бир маромда давом этаётган эди… Кечки пайт кимдир қўнғироқ қилиб қолди.
— Эшитаман, — деди Давлатшо дастакни кўтариб.
— Бу Туйғуншоларникими?
— Ҳа, ҳа. Сиз ким бўласиз?..
— Биз Бадахшондан келган эдик. Туйғуншонинг отаси қаттиқ бетоб бўлиб қолибди. Шу хабарни етказиб қўяйлик дегандик.
— Ўзи ота тузукми? Унга нима қилибди, — деди Давлатшо ташвишланиб.
— Қаттиқ шамоллаб қолибди. Унга бир жияни қараб турибди. Касали анча оғир…
— Хўп, дарак бериб қўйганинглар учун раҳмат. У гўшакни қўйиши биланоқ ёнига хотини югуриб келди.
— Тинчликми? Нима гап, дадаси.
Отангиз бетоб бўлиб қолибди. Бадахшондан шундай нохуш хабар олиб келишибди.
Эрининг гапини эшитиб Туйғуншонинг жонида жон қолмади. Илиги қалтираб, қўрққанидан курсига ўтириб қолди…
Маъшум хабарни эшитиб, эр-хотин ўзларини қўярга жой тополмай қолишди. Қани энди қаноти бўлса-ю, Туйғуншо «пирр» этиб отасининг ёнига учиб кета қолса… Ўша заҳоти улар зудлик билан машинага ўтиришиб, Бадахшонга жўнайдиган ерга боришди. Аввал қўнғироқ қилган ҳайдовчини излаб топдилар. Туйғуншо у билан она тилида анча гаплашди. Аламдан кўзларига ёш олди.
Бахтга қарши йўл тўсиқ экан… Баҳор келиб, тоғларда қор эриб, кўчки кўчаётган экан. Афсуски, уёққа ё автобус қатнамайди, ё поезд. Самолёт учмаслигини-ку айтмай қўя қолайлик.
Туйғуншо ўзини қўярга жой тополмай оёғи куйган товуқдай уёқдан буёққа бориб келарди… Лабларини тишлаб йиғлар эди. Давлатшо ҳам айни пайтда қўли калталигидан, ожизлигидан аламзада эди.
Эҳ, узоқнинг иши қийин-да. Сен олис олисларда бўлсанг-у, кунлардан бир кун тўсатдан сенга энг яқин кишинг оғриб қолганлиги ёки вафот этганлиги хақида хабар борса… Бундай ҳолларда узоқ йўл ундан ҳам узайиб кетгандай туюлади. Унинг ҳар бир қаричи бир чақиримга татигандек бўлади. Олис-олислардан етиб келгунингча ўша одам ё қазо қилган, ё уни дафн этиб бўлишган бўладилар. «Қутлуғ уйдан ташқари қилсин» дейди бундай дамларда, катталар. Бунақа кунни ҳеч кимнинг бошига солмасин…
Туйғуншо туни билан мижжа қоқмади. Давлатшо эса диванда ўтирганча ухлаб қолган. Аёлнинг юрагини ваҳима-ю васвасалар босиб келаверади… Қани энди уларни ҳаёлидан қувиб, ўзини қўлга ола олса…
* * *
Туйғуншо қанча интилмасин, ҳаракат қилмасин, у барибир отасининг ёнига боролмади. Турғун ота бандаликни бажо келтирди. Уни ҳайдовчилардан уч-тўрттаси қўрғонидан сал нарироққа кўмиб, устидан тоғ тошларини териб қўйишибди. Кимсасиз дашту биёбонда хотини — Азизмонинг қабри ёнида яна бир гумбаз пайдо бўлди. Ота бор бисотини сўнгги дамларда унинг ёнида бўлган жияни Искандарга васият қилиб қолдирибди…
Шум хабарни эшитиб, Давлатшонинг ота-онаси, бувиси билан буваси уларникига етиб келишди. Ҳовлида дод-фарёд қилиб турган Туйғуншони бағирларига босишиб, унга тасалли беришди, биргалашиб кўз ёш қилдилар. Онасига қўшилиб унинг беш боласи ҳам оҳу фарёд чекишди… Қариндош-уруғлар келиб, ҳол-аҳвол сўрашди, қуръон-тиловат қилдилар. Шу ерда ўнини, йигирмасини, қирқини ҳам ўтказишди. Новвос сўйиб, элу юртга нонушта беришди…
* * *
Орадан икки ой ўтгандан сўнггина Туйғуншо эри билан Бадахшонга бориб келишга ахд қилдилар. Улар ўзлари билан фарзандларини ҳам олиб олмоқчи бўлишди. Бунгача тоғлардаги қорлар эриб битиб, йўл бехатар бўлиб қолган эди… Улар икки машинага жойлашишди… Баттасида Давлатшо уч ўғли билан, иккинчисида Туйғуншо икки нафар қизи билан. Не-не азобларда роппа-роса уч кун деганда раҳматлик Турғун оталарнинг кўрғонига етиб келдилар. Сайёд гўдаклиги кечган бу жойларни бироз танигандай бўлди. Укаларининг эса бу ерларга биринчи ва охирги бор келиши эди. Улар машинадан тушибоқ, уй ичига кирмай, тўппа-тўғри ота-онасининг қабри томон юришди. Орқасидан беш боласи бирин-кетин тизилиб етиб келишди. Туйғуншо қабр узра дод-фарёд қилди. Онасига кўшилишиб, болалари ҳам куйиб йиғлашди. Давлатшонинг кўзларидан ҳам «чирт-чирт» ёш сизиб чиқди… Сўнгра у баланд овозда қуръон-тиловат қила бошлади… Гўёки шу дам атрофдаги кўм-кўк тоғу тошлару ям-яшил арчалар ҳам дуо қилиш учун тиз чўкиб ўтиргандай эди. Акс-садо эса Давлатшонинг овозини бутун Бадахшон бўйлаб таратаётгандай эди… Уч-тўрт кун ўтгач, улар Ўшга бутунлай қайтиб келишди… Бутунлай…
Ўш шаҳри, 2002-йил.
© Раҳим Каримов, 2007. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Количество просмотров: 6501 |