Новая литература Кыргызстана

Кыргызстандын жаңы адабияты

Посвящается памяти Чынгыза Торекуловича Айтматова
Крупнейшая электронная библиотека произведений отечественных авторов
Представлены произведения, созданные за годы независимости

Главная / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
© Раҳим Каримов, 2007. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 20 июл 2009 йил.

Раҳим КАРИМОВ

Тубандаги муҳаббат

Новелла

Ушбу новеллада бошпанасиз қолган замондошларимиз ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиниб, одам боласининг нақадар қудратли, шу билан бирга шунчалар ожиз эканлиги ишончли тарзда ёритилади. Асар қаҳрамонлари ичкилик ортидан уйсиз-жойсиз қолган, жамиятда ўз мавқеи, ўрнини йўқотган одамлар бўлиб, уларнинг бу ҳолга тушиб қолишига замонамизда юз берган иқтисодий ўзгаришларнинг ҳам салбий таъсири борлиги тўйи-рост китобхонга еткизилади

Каримов Р. Лаъли Бадахшон: Қисса, новеллалар. — Ўш, 2007. – 100 б. Адади 500 дона

 

Мен бу бошпанасиз одамларни деярли ҳар куни учратаман. Улар қишин-ёзин кўчада. Тонг саҳарлаб кўп қаватли бинолар саҳниларига тўкилган ахлат уюмларини титкилаб, емак ахтарадилар. Топган-тутганларини эркагу хотин бўлиб йўл четига — заҳ ерларга ўтириб олиб, зўр иштаҳа билан тамадди қилишади. Бу дарбадар кимсаларнинг бу куйга ичкилик ортидан тушиб колганлиги уларнинг шундоққина юз-кўзларидан кўриниб туради. Бирининг бурни шилинган, яна бирининг боши ёрилган. Бошқасининг эса юзи шишиб, кўзи кўкарган… Уларнинг уч нафари эркак, икки нафари аёлдир.

Ажабо! Аёл киши мана шундай тубанликда ҳам аёллик латофатини йўқотмас экан. Улар чиқиндилар ичидан топиб олган пардоз-андоз воситалари қолдиқларидан баҳоли қудрат фойдаланишиб, кир-чир юз — кўзлари, уст-бошига бинойидек пардоз қилиб олишади… Бири калта юбкада. Совуқдан оёқлари кўкариб, шишиб кетган. Бир оёғини тиззасигача эски латта билан ўраб олган. Шериги иккаласи эркаклардан бирини ёқтириб қолишган, чамаси. Уни бир-биридан рашк қилишиб, бот-бот юлишиб кетадилар. Бир-бирини уят гаплар билан ҳам ҳақорат қилишади. Шу алфозда ҳар бирининг айнан ўша эркакка ёққиси келади…

Янги йил оқшоми… Осмондан лайлак қор ёғади. Бешовлон йўл четидаги арча тагида чордона қуриб ўтирадилар. Бу каби байрам арафаларида, айёмларнинг эртаси бошпанасиз кимсаларнинг ҳам дастурхони «тўкинроқ» бўларкан. Ўртада ҳар хил мева-чева, сабзавотлар, турли-туман пишириқлар, масаллиқларнинг қолдиқлари. Иккинчи қаватдаги кафедан ёқимли куй таралади. Қайсидир ташкилот ходимлари бу ерда жамоаси билан Янги йилни қарши олишаётир. «Бомж» лар эса куй оҳангидан маст. Бири-бири билан рақс тушадилар… Гўё улар бу дунёда якка-ёлғиздирлар. Худди атрофида бўлак ҳеч қандай жонзот йўкдай. Боғи-роғи – боғ, уларнинг. Уларга боқиб, негадир Бокаччонинг «Декамерон» и ёдимга тушди. Гўёки эртага «қиёмат қойим» бўлаяпти. Булар эса ўлим олдидан «маишат» қилмоқдалар.

…Ҳалиги икки аёл яна эркак талашиб дўппослашиб кетишди. Калта юбкадагиси шаддодроқ чиқиб қолди. Мастлигига қарамай, рақибасини итдай урди. Қорнига шунчалар нафрат билан тепардики, ҳалиги бечора қор устида бехуш ётиб қолди…

Ғолиб чиққан аёл ҳалиги эркакдан ҳеч айрилмай кўйди. Улар бир-бирини севиб қолган эканлар. Чиқинди титкилагани ҳам бирга чиқишар, топган-тутганини ўртада баҳам кўрардилар. Баъзан ўша ернинг ўзидаёқ ётиб ухлаб қолардилар. Мен одам бўлиб бундай «муҳаббат» ни ҳаттоки киноларда ҳам кўрмаган эдим…

Ана, улар яна нонушта қилишаяпти. Бири қатиқ колдиғини ичаётган бўлса, бири олма пўчоғини зўр иштаҳа билан кавшайди. Биз кабилар баъзан янги узилган мева-чевани ҳам обдон чайқаб емасак, дарров заҳарланиб, бетоб бўлиб қоламиз. Буларнинг эса тупроққа қоришиб кетган ташландиқ нарсаларни еб ҳам ҳеч нима бўлмаётганлигини кўриб ҳайрон бўласан, киши. Бундай манзараларни кўрганингда одам боласига қараб юрагинг эзилиб кетади…

Шунга қарамай, баъзи бир хонадонларда ит-мушуклар ҳам, одамларга хос яшаётганлигининг шоҳиди бўласан. Уларни оқ ювиб, оқ тарайдилар. Ойнаи жаҳон орқали реклама қилинаётган «Педигри», «Кити-кэт» каби жониворлар учун ишлаб чиқарилган, бежириб кутичалардаги емаклар билан сийлашади. Турли туман ҳорижий русмлардаги мошинларда олиб юрадилар, уларни… Аммо одамлар, одам боласини «боқиб» олишга ҳеч одатланишмаган… Сабаби «Ҳайвон боласини асрасанг, ози-бурнинг мой қилар, одам боласини асрасанг, оғзи-бурнинг қон қилар», деган гаплар бор…

 

© Раҳим Каримов, 2007. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
    Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.

 


Количество просмотров: 3562