Новая литература Кыргызстана

Кыргызстандын жаңы адабияты

Посвящается памяти Чынгыза Торекуловича Айтматова
Крупнейшая электронная библиотека произведений отечественных авторов
Представлены произведения, созданные за годы независимости

Главная / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
© Раҳим Каримов, 2007. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 20 июл 2009 йил.

Раҳим КАРИМОВ

Сўнгги бола

Новелла

Бу новеллада Раҳим Каримов кўп болалик ўзбек оилаларидаги келишмовчиликлар, зиддиятлар, фарзандларнинг бир ота-онадан ҳар хил феълу фазилатлар билан дунёга келиши, уларнинг бир қориндан тушганига қарамай турфа тақдир эгаларига айланишлари, ички ҳис-туйғуларининг хилма-хиллиги фалсафий мушоҳадалар ёрдамида китобхонга ҳавола этилади. Уйлаймизки у Сизга жуда манзур бўлади. Марҳамат, ўқиб чиқинг

Каримов Р. Лаъли Бадахшон: Қисса, новеллалар. — Ўш, 2007. – 100 б. Адади 500 дона

 

Жасур оиладаги охирги бола. Унинг ўн нафар ака-опаси бор. Одатда сўнгги болалар кўпни кўрган бўлишади. Катталардай фикр юритадиган, дунёқараши ҳам кексаларникига ўхшаш – вазмин бўлади. Сабаби улар ота-оналари ўрта ёшларга етиб қолганида дунёга келишган. Шу боис оиланинг дастлабки, илк фарзандларидан кескин фарқ қиладилар. Жасур ўзидан катта туғишганларининг шўҳликлари, хатоларини кузатиб яшади. Доимо ота-онасининг ёнида бўлди. Онаси қайси акасидан қачон, нима учун ҳафа бўлди-ю, дадаси қайси опасини ўйламай-нетмай қилиб қўйган ножўя иши учун койиди?.. Ҳамма-хаммасидан хабардор. Ким хато қилмайди дейсиз?

Ҳалқимизда тўнғич фарзанд билан кенжа болаларга бўлакча эътибор берилади. Келин олаётиб ёки қиз узатаётиб бўлажак келинчак ёҳуд куёв боланиннг оиланинг бош боласи ёки эркатойи эканлиги азал-азаллардан эл оғзида юради. Тўнғич боланинг имтиёзи ота-онасидан сўнг ана шу оилага бош бўлиши бўлса, кенжа боланинг афзаллиги — бу унинг ота-онасидан сўнг уларнинг уй-жойлари кичкинтойига қолиши билан изоҳланади. Берган Худога ёқибди деганларидек, ортиқча иззат-икром, мол-дунё кимга ҳам ёқмайди, дейсиз?

Жасур охирги бола бўлганлигиданми, тибиатан маъюс, нимжон, таъсирчан, мулоҳазали йигит бўлиб катта бўлди. У болалигида шунчалар ширин бўлган эканки, кўзи тушган одамнинг унга суқи кириб қоларкан. Эҳ-ҳе, онаси уни йўявериб, йўявериб… жонида жон қолмаган. Жасурнинг қўзичоқникига ўхшаш жингалак сочлари катта-ю кичикни ўзига ром қилиб оларкан. Шунинг учун онаси Ҳанифахон ая ўғлининг эгнига йиртиқ-ямоқ, кир-чир кийим-кечаклар кийдириб қўяркан. Кўз тегмасин деб-да! Аслида бу оила жуда бой-бадавлат эди. Болаларининг ҳаммаси ҳам бири-биридан чиройли, одамларнинг ҳавасини келтирадиган бўлиб вояга етишган. Исмларини айтмайсизми? Бири-биридан чиройли. Ҳамшаҳарларнинг ярми уларнинг оиласини ҳавас қилиб, фарзандларига айнан мана шундай исмлар қўйиб олишган. Бу эса Ҳанифахон ая билан унинг турмуш ўртоғи Содиқжон акани кўп ташвишга солар, хавотирлантирар эди. Эр-хотин ўта болажонли эдилар. Фарзадларини кўз қорачиғидек авайлаб-асрашарди.

Жигарбандларидан биронтаси қаёққадир кетса, қайтиб келгунига қадар жон ҳовучлаб ўтиришарди. Ҳаяллаб қолган боласи уйга кириб жойига ётмагунича дарвоза пойлаб чиқардилар…

Тунғич ўғли Жавлон анча шўҳ чиқиб қолди. У отасининг ёшлик йилларидан қолган ёдгорлик эди-да. Ота-онанинг ёшлиги — уларнинг дастлабки болаларида қолиб кетаркан. Тўнғич болаларнинг қони анча суюкроқ бўларканми, уни ёш уйлаб қўйишса ҳам ҳадеганда, қўйилмади, қўйилмади. Отаси унинг шўҳликларини кўриб, таажжубланаверарди, таажжубланаверарди. Сабаби ўзи энди анча ёшга бориб қолган, бола-чақа топиб, қуда-андалик бўлиб, ҳийла босилиб қолган. Айни пайтда у мутлақо бўлак одам эди. Шу туфайли катта ўғлининг юриш-туришини ҳеч танасига сиғдиролмасди.

Яқинда катта ўғлини мошина уриб юборди. Ошналари билан ичиб маст бўлиб қолган экан. Оёғи сингган, уст-боши қонга беланган ҳолда олиб кириб келишаётганини кўриб, эр-хотиннинг нақ ўтакаси ёрилиб кетай деди. Ҳар гал ота-онасининг юраги ўйнай бошлаганида, уларга қўшилиб жажжи Жасурнинг ҳам юраги қинидан чиқиб кетай дерди. Ўтган йили тўнғичи кифтига пичоқ еб, аъзои-бадани қонга беланиб келганида ҳам уларнинг жонида жон қолмаган. Жавлон эса негадир ота-онасини нуқул хавотирга солиб кўнгли таскин топарди. Айтган нарсаси бўлмай қолса «ўзимни ўлдираман» деб дўқ-пўписа ҳам қиларди. Бир сафар кайф ҳолда икки қўли билан очиқ электр симига осилиб, хушсиз ерга йиқилди. Отаси уйда йўқ эди. Қўрққанидан Ҳанифахон аянинг жони чиқиб кетаёзди… Ранги девордай оқариб кетган… Буларнинг ҳаммасини онаси билан ёлғиз Жасур кўрган. Бу пайтгача Содиқжон ака қизларини куёвга узатиб бўлган, ўғилларини навбатма-навбат ўйлаб-жойлаётган эди. Қизлари уч-тўрттадан болали бўлгунларига қадар не-не ваҳималар, хавотирларни бошларидан кечирмади, улар. Ҳар гал у ёки бу қизининг кўзи ёриётганида Ҳанифахон ая нари бориб, бери келарди. Онасининг ваҳимага тушаётганини кўриб турган Жасур волидасининг жонида жон қолмаганидан таҳликага тушарди.

Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Гоҳ у набираси, гоҳ бу набирасининг бетоб бўлиб қолиши ҳам Ҳанифахон аяни саросимага соларди. Мана шундай пайтларда онасига қўшилиб Жасур ҳам ташвишланар эди. Бироқ буни ҳеч кимга сездирмасди. Катта акасининг кенжа ўғли нобуд бўлиб қолганида ҳам анчагина юрагини олдириб қўйган… Кейинчалик ўртанча акаларининг заифалари бирин-кетин бола-чақали бўла бошлашди. Хуллас, хар бир набиранинг дунёга келиши Содиқжон ака билан Ҳанифахон ая учун катта имтиҳон эди. Бу каби ваҳимали дамлар эса, сўзсиз, жажжи Жасурнинг ҳам таъсирчан юрагининг урушини бироз бўлса-да изидан чиқарар эди. Бора-бора Жасур қўрқоқ бўлиб қолди. Шуниси қизикки, у ҳеч қачон ўз жонидан қўрқмаган. Ҳамиша ота-онасининг тинчлигини, бехавотирлигини ўйлаб нимадандир безовталанар, васвасага тушадиган бўлиб қолган. Шунданми, кўча-кўйда ҳам ўзини ниҳоятда эҳтиёт қилиб олиб юрарди. Сабаби Жасур меҳрибон ота-оналарининг фарзанд доғини кўтаролмасликларини эрта англаб етган. Онасининг кечаю-кундуз болаларининг ортида қолишларини сўраб қилган илтижоларининг маъносига тушунган. Жасур нима бўлганда ҳам ота-онасининг ортида қолиши керак эди! Унинг дорилбақога аввал риҳлат қилишига асло хаққи йўқ. Агарда тақдир тақазоси билан шундай бўлиб қолса — бу унга ота-онасига нисбатан қотиллик, хоинлик қилган билан баробардай туюларди. Ҳайрият, у ота-онасининг ортида қолди. «Сақланганни Аллоҳ асрайди» деб бежиз айтишмаган экан. Ҳар ҳолда унинг бахти бор экан. Бемаврид шаҳид кетиб, мурдаси узра ота-онасини қон қақшатмади. Тўғри, ажал ёш танламайди. Ким олдин, ким кейинлиги биргина Аллоҳнинг ўзига маълум. Бироқ шундай бўлса ҳам ота-она ўлими фарзанд учун мерос экан… Содиқжон ака билан Ҳанифахон ая болаларига ҳудди ана шуни раво кўрардилар…

Орадан бир неча йил ўтиб, Жасур уйланди. Эсиз, у етим куёв бўлди. Тўйида отаси ҳам, онаси ҳам бўлмадилар. Қолаверса ўтган йиллар мобайнида унда ҳаётнинг аччиқ-чучукларини кўтаргани мажоли қолмаган эди. Гўёки буларнинг ҳаммаси унинг кўз ўнгида қачонлардир бўлиб ўтган. Энди ўша нарсалар ўз хаётида такрорланаётгандай эди. Афсуски, бу пайтгача гулдек хотинининг нозу карашмалари-ю, ўз болаларининг эркалигу инжиқликларига ҳам тоқати колмаганди. Бироқ, қўрқинч қалбини ҳалигача тарк этмасди. Шуниси қизиққи, у ҳамон ўз жонининг ғамини емас эди. Оғир бетоб бўлиб қолса ҳам тезроқ тузалишга ҳаракат қиларди. Сабаби Жасур хотинининг бевақт бева, болаларининг эса эрта етим қолишидан қўрқиб яшарди. Зеро, у етимлик нималигини яхши биларди. Қисқаси Жасур бу дунёда ҳеч қачон ўзи учун яшамаган. У доимо кимларнингдир ташвиши билан ҳаёт кечирди. Билмадим, буларнинг ҳаммаси унинг қўрқоқлигидан далолат бериб турармиди ёки бу фарзанднинг ота-она олдидаги бурчи, хотин, бола-чақа олдидаги маъсулиятини охиригача англаб етгани билан изоҳланадими?.. Шуниси ачинарлики, Жасурга келганида турмуш ташвишларининг барчаси биргина унинг ўзига қолди. Афсус бошига иш тушганида ёнида ҳамдард, бахтиёр кунларида эса ошно бўла оладиган ҳеч кими йўқ эди, унинг… 
   
    Июл — август, 2001 йил.

 

© Раҳим Каримов, 2007. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
    Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.

 


Количество просмотров: 3465