Новая литература Кыргызстана

Кыргызстандын жаңы адабияты

Посвящается памяти Чынгыза Торекуловича Айтматова
Крупнейшая электронная библиотека произведений отечественных авторов
Представлены произведения, созданные за годы независимости

Главная / Поэзия, Новые имена в поэзии; ищущие / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
© Эгамберди Парпиев, 2009. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 24 август 2009 йил.

Эгамберди ПАРПИЕВ

Кечир, Оллоҳим

Шеърлар

Адабиёт ихлосмандлари Эгамберди Парпиевнинг «Дуо», «Нажот», «Турмуш алифбоси» каби шеърий ҳамда насрий тўпламларини яхши билишади. Унинг навбатдаги китобчасига ана шу рисолаларидан олинган сара шеърлари билан бир қаторда сўнгги йилларда ёзган асарлари жамланди. Муаллиф янги шеърларида ҳам ўзи суйган мавзуга содиқ қолиб, замондошларини яхшиликка, иймон-эътиқодга, ҳалоллик, меҳр-оқибатга чорлаб, давримизда учраб турадиган баъзи бир иллатлардан нафратланиб, бонг уради, барчани инсофга даъват этади. Унинг тили жўн, содда бўлгани билан, самимийлиги, халқчиллиги билан китобхонни ўзига ром қилиб олади, деб умид қиламиз.

Парпиев Эгамберди. Кечир, Оллоҳим: (Шеърлар) – Ўш: «Вега» МЧЖ, 2009 й. – 48 б. Адади 200 нусха.

УДК 821.51
ББК 84 Ки 7-5
П 18
ISBN 978-9967-25-597-5
П 4702300200-09

 

Ер

Ерга қараб, ўй сурдим, қат-қатига,
Бизга қилган саҳоват, ҳимматига.
Устидаги ранг-баранг чимматига,
Ҳиммати баланд ерсан, Ер!
Қиммати баланд ерсан, Ер!

«Ерга ўхшаб совуқ бўлмай ўлгин» дер,
Ҳар балога балогардон бўлар ер.
Берган ризқинг уялмасдан териб ер,
Ҳиммати баланд ерсан, Ер!
Қиммати баланд ерсан, Ер!

Ёмонларни ўз комингга итар, ер,
Ҳамма бир кун оғушингга кетар, ер,
Қиёматда фоний дунё битар, ер,
Ҳиммати баланд ерсан, Ер!
Қиммати баланд ерсан, Ер!

Ҳосил бериб насибамиз оширган,
Баҳоси йўқ неъматларни тоширган,
Ҳар иллатни ўз бағрига яширган,
Ҳиммати баланд ерсан, Ер!
Қиммати баланд ерсан, Ер!

 

Уруш бўлмасин!

Кўрмайлик урушни ҳеч,
Бошланса бўлади кеч!
Ҳар ишни тинчлик-ла еч,
Ҳеч қачон бўлмасин уруш!

Урушда тўкилар қон,
Оталар беради жон.
Етимлар кўпаяр он,
Ҳеч қачон бўлмасин уруш!

Тинчликнинг билгин қадрин,
Сен аритгин эл дардин,
Эъзозлашар юрт мардин,
Ҳеч қачон бўлмасин уруш!

Яшайлик доим аҳил,
Халқимда бордир нақл:
«Кўкармас ҳеч бир бахил»,
Ҳеч қачон бўлмасин уруш!

 

Она

Она улуғ зотдир, дунёда,
Хурмат қилиб, эъзозла доим.
Бақирмагин, тик қараб унга, 
Ширин сўз-ла бўлгин мулойим.

Гар бўлмаса она ёнингда,
Еган ошинг ҳатто татимас.
Она бўлса доим ёнингда,
Ҳеч бир ишга бошинг қотимас.

Фарзанд учун ота — оналар, 
Тиним билмай озорлар чекар.
Меҳнатини билмасанг агар,
Ҳатто тоат — ибодат бекор.

 

Онамни эслаб

(Қайнонам хотирасига қизи Одинахон номидан)

Сизни эслаб юраккинам эзилди,
Ҳовлимизда йўқлигингиз сезилди.
Қабр узра набиралар тизилди,
Охиратиз обод бўлсин, онажон.

Тирикликда қадрингизга етмадик,
Оғрисангиз хабар олиб кетмадик.
На бир шеъру, на бир ғазал битмадик,
Охиратиз обод бўлсин, онажон.

Дўстларингиз доим қалбим қўрида,
Меҳмон бўлиб келса — уйим тўрида.
Сизни эслаб ўтирамиз сўрида,
Охиратиз обод бўлсин, онажон.

Сизни эслаб фарзандларим йиғлайди,
Ёшлик қилиб айтганларим қилмайди.
Вақт ғанимат, буни улар билмайди,
Охиратиз обод бўлсин, онажон.

Онажоним, сизни эслаб турибман,
Руҳингиз-ла доим бирга юрибман.
Сиз тирикда давру даврон сурибман,
Охиратиз обод бўлсин, онажон.

 

Аёлларни асранг, йигитлар!

Бири қизим, бири онам,
Бири синглим, бири опам,
Бири аммам, бири ҳолам,
Аёлларни асранг, йигитлар!

Чиройлигу хунуги ҳам,
Оилам дея ейди ғам.
Ҳеч бўлмасин дунёда кам,
Аёлларни асранг, йигитлар! 
 
Аёл йўқда бу дунё тор,
Зулм килган бўлади хор.
Бир кун бўлманг онага зор,
Аёлларни асранг, йигитлар!

Пиширибу куйдирса ҳам,
Эркаланиб суйдирса ҳам,
Ишқ ўтида ёндирса ҳам,
Аёлларни асранг, йигитлар!

Киринг ювиб, нонинг ёпса,
Гоҳ эркалаб, гоҳо «қопса»,
Уй ишида елдек чопса,
Аёлларни асранг, йигитлар!

 

Иффатингни сақла, сингилжон!

Балки йўқдир бошингда эринг,
Балки йўқдир яшашга еринг,
Балки сиғмас танангга теринг,
Иффатингни сақла, сингилжон.

Балки йўқдир егани ошинг,
Балки ўйлаб қотгандир бошинг,
Балки йиғлаб тўккансан ёшинг,
Ҳаё билан бўлгин, сингилжон.

«Онаммассан, кечдим!», демасин,
Сени кўриб афсус емасин,
Йигитларинг излаб келмасин,
Ор-номусинг сақла, сингилжон!

Ёмон кунлар ўтди-ю, бироқ,
Ёмонлардан юргин сен йироқ,
Яхшиларга ёндош бўл, тезроқ,
Виждонингни сотма, сингилжон!

Яратгандан инсоф тилайлик,
Оллоҳимни танҳо билайлик.
Пайғамбарнинг сўзин қилайлик,
Ибо билан бўлгин, сингилжон!

Балки йўқдир ёру йўлдошинг,
Сабр қилгин, тилаб бардошинг.
Сенга ҳамроҳ қавму қардошинг,
Ғурурингни сотма, сингилжон!

Муаллиф изоҳи: «Онаммассан, кечдим демасин, Сени кўриб афсус емасин». Бу мисраларнинг маъноси — баъзи бир аёллар «она» деган буюк номга доғ тушириб, фарзандларини боқишни баҳона қилиб ёмон йўлга кириб кетаётганлиги, буни кўрган фарзандлари эса ошна-оғайнилари олдида «бу менинг онам» деб фахрланиш ўрнига ерга кириб кетгудек бўлаётганлиги кўзда тутилади. Эй, азиз ва мўътабар аёллар! Сизлардан илтимос, вақтинчалик қийинчилик ёки ўткинчи ҳою-ҳавасни деб ўзингиз ва фарзандларингизни дўст-душман олдида ерга урманг. Бунинг ўрнига «она» деган буюк номни Аллоҳ олдида ва эл-юрт олдида муқаддас билиб, шунга содиқ қолинглар, токи фарзандларингиз «бу менинг онам» деб баралла айта олсинлар.

 

Ҳаё билан бўлинг, қизлар!

Бу дунёда нима кўп-у, қизлар кўп,
Ҳаё, ибо билан бўлса – жуда ҳўп.
Баодоблар оталарин қилар чўп,
Ҳаё билан бўлинг, қизлар, ҳаё билан.

Иболи қиз кетказмайди вақтини,
Ҳеч бузмайди элга берган аҳдини.
Мустаҳкамлар иш жойида тахтини,
Ҳаё билан бўлинг, қизлар, ҳаё билан.

Ҳаёли қиз калта-култа киймайди,
Ҳаёсизлар еру кўкка сиғмайди.
Ор-номусу шармандалик билмайди,
Ҳаё билан бўлинг,қизлар, ҳаё билан.

Шармандалик ҳаёсизга оддий иш,
Сўзларидан қалтирайди ҳатто қиш.
Ҳар бир сўзи санчилади ҳудди ниш,
Ҳаё билан бўлинг, қизлар, ҳаё билан.

Ҳаёли қиз ҳаммадан ҳам элга ёқар, 
Беҳаёлар вақти келиб ерга боқар.
Ёмон сўзлар селлар бўлиб сувга оқар.
Ҳаё билан бўлинг, қизлар, ҳаё билан.

Муаллиф изоҳи: Бу шеър орқали мен ҳозирги қизларимизнинг Оврўпа маданиятига тақлид қилиб тор шим, калта кўйлак кийиб, киндикларини очиб юриши, бу билан ҳам гуноҳ қилиб, ҳам соғлиғига зиён етказаётганликларини айтмоқчиман.

Ҳурматли опа-сингиллар, ахир СПИД ва бошқа турли касалликлар ўша Оврўпа томонлардан чиқаяпти-ку.Ўзимизнинг мусулмонча кийимларга нима етсин, ҳам савоб, ҳам соғлигингизга фойдали.

 

Кечир, Оллоҳим!

Отамиз Одамни лойдан яратдинг,
Одам бўлгин дея ҳар ён таратдинг.
Қудратингга Иблисни ҳам қаратдинг.
Бизни кечир, кечир бизни, Оллоҳим.

Оят ила ҳадисларни билмадик,
Яхшилик-ла буюрганин қилмадик,
Ёмон ишдан ўзимизни тиймадик,
Бизни кечир, кечир бизни, Оллоҳим.

Инсонни деб ер юзини яратдинг,
Хизмат қил деб қуёшни ҳам каратдинг,
Шафқатинг-ла меҳр нурин таратдинг,
Бизни кечир, кечир бизни, Оллоҳим.

Намоз ўқиб, баъзан рўза тутмадик,
Хайру эҳсон, закотларни бермадик,
Дунё дея ёмонликдан тоймадик,
Бизни кечир, кечир бизни, Оллоҳим.

Бизга қилган яхшилигинг билмадик,
Айшу ишрат, маишатдан қолмадик,
Муҳаммаднинг насиҳатин олмадик,
Бизни кечир, кечир бизни, Оллоҳим.

 

Отажоним

(Тоҳиржон ака хотирасига фарзандлари номидан)

Фарзанд кўриб, қуда — анда тутмаган,
Ажалини бунча эрта кутмаган,
Орзулари рўё бўлиб битмаган.
Отажоним, ташлаб кетмангиз бизни,
Гапга кирмай ҳафа қилгандик сизни,

Мана энди етим деган ном олдим,
«Ота!» дея ортингизда мен қолдим,
Аламимга чидай олмай дод солдим,
Отажоним, ташлаб кетмангиз бизни.
Энди билсам кўп ранжитибмиз сизни,

Энди ҳеч ким сиз каби, о, суймайди,
Етим дея ҳеч ким менга куймайди,
Ўқишимнинг ғамини ҳам емайди.
Отажоним, ташлаб кетмангиз бизни, 
Энди ҳеч ҳам ҳафа қилмаймиз сизни.

Қабрингиздан хабар олиб қайтаман,
Дўстлар, сизга панд-насиҳат айтаман.
Ота-она ғаниматдир, билингиз,
Тирик экан рози-ризо қилингиз.
Отажоним ташлаб кетмангиз бизни,
Жойларингиз жаннатда бўлсин сизни.

 

Дўст бўлсин бу дунёда

Ҳақиқий дўст йўклигини билдирмас,
Дўстга зарар ҳеч бир ишни қилдирмас.
Кипригингга бир томчи ёш илдирмас,
Бу дунёда дўст бўлсину, дўст бўлсин.

Бу дунёда дўст дегани бор бўлсин,
Дўсти учун ҳар ишида ёр бўлсин,
Қора ният ғанимлари хор бўлсин,
Бу дунёда дўст бўлсину, дўст бўлсин.

Керак бўлса фойдасидан кечгудай,
Дўстлик учун кимхоб тўнин ечгудай,
Садоқатда заҳарни ҳам ичгудай. 
Бу дунёда дўст бўлсину, дўст бўлсин.

Номард дўстга асло кунинг колмасин,
Бир кун келиб ҳаловатинг олмасин,
Фарзандингга ёмон кунлар солмасин,
Бу дунёда дўст бўлсину, дўст бўлсин.

Дўст эмаслар бир кун ташлаб кетадур,
Ёмон ила мақсадига етадур,
Туҳмат ила ҳўп беобрў этадур,
Бу дунёда дўст бўлсину, дўст бўлсин.

 

Эл фарзанди

(Солижон Шариповга)

Ўзбек элин сардорисан,
Ҳам фаҳрисан, ҳам орисан.
Яхшиямки сен борисан,
Яша, ўғлон, эл фарзанди.

Сен яшадинг элинг учун,
Ишга солдинг билим, кучинг.  
Шудир асли йигит бурчинг,
Яша, ўғлон, эл фарзанди.

Фазога сен қўйдинг қадам,
Бизлар сенга доим ҳамдам.

Учавергин бўлиб бардам,
Яша, ўғлон, эл фарзанди.

Сени қанча мақтасам оз,
Ҳамма сенга ўхшаса соз.
Номинг билан юрамиз ғоз,
Яша, ўғлон, эл фарзанди.

Номинг сенинг ёйилди кенг,
Шуҳратинг-чи, Манасга тенг,
Соғ-саломат юравер сен,
Яша, ўғлон, эл фарзанди.

 

Виждони пок йигит бўл!

Йигитлар бор, виждонини пул қилар,
Амал учун ўзларини қул қилар.
Қизлар учун доим ўзин тул қилар.
Йигит бўлсанг, виждони пок йигит бўл!

Камтар бўлгин, манманликка бормагин,
Халқ ишига тайёр бўлгин, толмагин.
Меҳнат қилиб сен ҳеч қачон ҳормагин,
Йигит бўлсанг, виждони пок йигит бўл!

Йигитлар бор виждонини сотмайди,
Кимни кўрса юзта-юзта отмайди.
Кайф бўлиб кўча-кўйда ётмайди,
Йигит бўлсанг, виждони пок йигит бўл!

Ҳақ иш учун керак бўлса жонинг бер,
Мард йигитлар ҳалолидан нонин ер.
Ватан учун меҳнат қилиб, тўккин тер,
Йигит бўлсанг, виждони пок йигит бўл!

Йигит бўлсанг, бир сўзингни ташлама,
Ҳалол пулинг ҳаром йўлга ҳаржлама.
Ваъда бериб кўнгилларни ғашлама,
Йигит бўлсанг, виждони пок йигит бўл!

Эгам айтар сенга куйиб-ёнгин деб,
Ҳаётингдан мамнун бўлгин, қонгин деб,
Ғаниматдир ҳар бир кунинг, онинг деб,
Йигит бўлсанг, виждони пок йигит бўл!

 

Инсофга келинг, дўстлар!

Ўйламаган бош ёмон,
Текин келган ош ёмон,
Учиб турган қош ёмон,
Инсофга келинг, дўстлар!

Енгилтак қизлар ёмон.
Таънали сўзлар ёмон,
Олайган кўзлар ёмон,
Инсофга келинг, дўстлар!

Тўлиб-у тошган ёмон,
Ҳаддидан ошган ёмон.
Ҳаётда шошган ёмон,
Инсофга келинг, дўстлар!

Тинмайин ичган ёмон,
Туҳматни бичган ёмон.
Дўстидан кечган ёмон,
Исофга келинг, дўстлар!

Муаллиф изоҳи: Бу шеърда айрим инсонларни жуда шошма-шошар бўлиб кетаётганлиги, умуман ўйлашни ҳоҳламасликлари назарда тутилган. Ҳозирги пайтда айрим инсонларни светофорга ўхшатгим келади: ишга бор, ишла, уйга қайт. Мен баъзи одамлардан яшашдан мақсадингиз нима, деб сўраганимда, уларнинг орасида ҳаттоки нима учун яшаётганини билмайдиган лари ҳам борлигига гувоҳ бўлганман. Биз уч нарсани унутмаслигимиз керак. Биринчиси – нима учун туғилдик, иккинчиси – нима учун яшаяпмиз, учинчиси – ўлганимизда кимнинг олдига боришимизни унутмаслигимиз лозим. Мен халқимизга шуни тилардимки, ўтган ҳар бир кунимиз учун афсус емайдиган ҳолда ҳаёт кечирайлик.

 

Гўдаклар йиғламасин!

Ота деган номингиз бор,
Йигит деган орингиз бор,
Фарзанд учун зорингиз бор,
Гўдаклар йиғламасин!

Улфатларингиз кўп бўлди,
Маишатингиз ҳўп бўлди,
Фарзандларингиз чўп бўлди,
Гўдаклар йиғламасин!

Онамизни хор этдингиз,
Бир кўришга зор этдингиз,
Бизни кўриб ор этдингиз,
Гўдаклар йиғламасин!

Она йиғлар зору-зор,
Бу дунёда отанг бор.
Бизлар унга интизор,
Гўдаклар йиғламасин.

Бир кўришга зор бўлдик,
Душманларга хор бўлдик.
Номус ила ор бўлдик,
Гўдаклар йиғламасин.

Не муродга етдингиз,
Сўнг пушаймон этдингиз,
Армон билан кетдингиз,
Гўдаклар йиғламасин!

Муаллиф изоҳи: Ҳозирги замонда айрим йигитлар жуда сабрсиз бўлиб кетиб, ҳар бир нарсани шошма-шошарлик билан қилишмоқда. Бунинг оқибатида ўзлари, ҳаттоки оиласи ва фарзандлари азият чекишмоқда. Бунга мисол қилиб «уч талоқ» сўзини олайлик. Бу сўзни айрим йигитлар оддий бир сўкиш қаторида ишлатишмоқда. Натижада эса фарзандларининг етим бўлиб, кўчама— кўча сарсон бўлишига сабабчи бўлишяпти. «Уч талоқ» сўзининг маъносини билмаган йигит ва қизлар эса ҳаёт -турмушларини давом эттириб, зино қилгандек гуноҳга қолишяпти. Улардан туғилган фарзандлар эса жамиятга фойда етказадиган бўлиб эмас, балки жамиятнинг бузғунчилари бўлиб етишаётганини бир ўйлаб кўринг. Шунинг учун барча йигит-қизлардан илтимос қилардимки, ҳар бир қадамимизни етти ўлчаб, сўнг босайлик.

 

Етимларнинг силанг бошини

Кулфат тушса инсонларнинг бошига,
Керак бўлса етиб боринг қошига,
Қарамангиз катеа-кичик ёшига,
Етимларнинг силанг бошини.

Сен отмагин маломатнинг тошини,
Муғомбирлик қилиб олма ошини.
Ҳеч тўкмагин кўзларидан ёшини,
Етимларнинг силанг бошини.

Ўксимасин отагинам йўқ, дея,
Пулдорларнинг доим қорни тўқ, дея,
Дод демасин босган жойим чўғ, дея,
Етимларнинг силанг бошини.

Битта кўзи онасининг йўлида,
Гоҳ Россия, гоҳ қозоқлар чўлида,
Нон узатмоқ инсонларнинг қўлида,
Етимларнинг силанг бошини.

Ёрдам берган йигитларнинг мардидир,
Яхши кунлар орзу-умид, дардидир.
Меҳрибонлик – мусулмонлик фарзидир,
Етимларнинг силанг бошини.

 

Майиблар устидан кулманг

Майиб инсон озор чекар куну тун,
Тавба қилмай озор берсанг – тор, маҳзун. 
Яхши сўзлаб, раҳминг келса – шод, мамнун,
Майибларнинг устидан кулманг.

Улар учун еру кўк-у дунёлар тор,
Бир кун ҳамма борар жой бу – гўру мозор.
Керилганлар у дунёда топар озор,
Майибларнинг устидан кулманг.

Бир кам дунё дейишади бу дунёни,
Бепарвонинг ўтган куни ҳам зиёни,
Яхшилиги шафоатнинг ҳам қиёми,
Майибларнинг устидан кулманг.

Адолатли, ўксик диллар йиғласалар,
Кўнглинг эзиб, юракларинг тиғласалар.
Ҳолин кўриб соғ инсонлар билмасалар,
Майибларнинг устидан кулманг.

Майибларни йўқласак биз соз бўлади,
Қанча қўллаб-қувватласак оз бўлади.
Шунда улар қишлари ҳам ёз бўлади,
Майибларнинг устидан кулманг.

 

Асло қарғаманг!

Бола кўриб, боласига қарамаган,
Доим қарғаб, ширин сўзга ярамаган,
Оналар бор, оқ юзидан яламаган,
Фарзандингиз асло қарғаманг!

Қарғиш билан вайрон бўлар бутун олам,
Доим қарғар боласини қўшни ҳолам:
«Ер ютсин-у кўкармасин сендай болам»,
Фарзандингиз асло қарғаманг!

Қарғамасдан дуо қилинг, жоним онам,
Нурга тўлсин яшаётган юртим, хонам.
Бўлсин шодлик, бўлмасин ҳеч дилларда ғам,  
Фарзандингиз асло қарғаманг!

Дуо билан эл кўкарар, ер кўкарар,
Яхши-ёмон ҳар бир ишни эл кўтарар.
Меҳнатингиз азобини бел кўтарар,
Фарзандингиз асло қарғаманг!

Муаллиф изоҳи: Ҳақиқатан ҳам баъзи бир ота-оналар фарзандини дуо қилиш ўрнига қарғаб, фарзандлари қолиб, ҳатто набираларининг ҳам келажакда ёмон инсон бўлиб етишишларига сабабчи бўлиб қолмоқдалар. Бир ўйлаб кўринг, фарзандларингиз сизга ўтказганини набираларингиз, фарзадларингизга қайтаришини тилаб «болангдан торт», деб қарғайсиз. Бу билан ўз авлодларингиздан яхши инсонлар чиқмаслигини Худодан сўраган бўляпсиз. Шунинг учун, сиз, ота-оналардан илтимос қиламан, қандай ҳолат бўлмасин, Аллоҳдан болаларингизга инсоф тилангиз. Зора уларга ҳам Илоҳим инсоф бериб, қилган ишларидан уялиб қолишса, иншооллоҳ.

 

Ёлғончи

Ёлғон сўзлаб одамларга
Обрўйингни тўкмагин.
Қилар ишни қилиб қўйиб
Бировларни сўкмагин.

Тўғри сўзлаб, тўғри юрсанг,
Ҳурмат топасан доим.
Биров ҳаққин емаганлар
Бахтли бўлсин, илойим.

Ёлғончилар авваламбор
Ўз ризқини қирқади.
Эҳтиёт бўл, ёлғончилик
Инсонга тез юқади.

 

Ўғри

Қанча-қанча одамни
қон қақшатган ўғрисан.
Шу алфозда кетаверсанг
жаҳаннамга тўғрисан.

Ҳалол юриб, ҳалол турсанг,
раҳмат дерди ҳаммалар.
Қувонгандан сени кўриб
жияним, дер аммалар.

Қари — қартанг майиблар ҳам,
ризқин терар ҳалолдан.
Бировларга юк бўлиш-у,
ҳазар қилар ҳаромдан.

Бировларнинг ҳаққи бир кун
тешиб чиқар, шуни бил,
Тавба қилиб ҳар куну-тун 
ҳалолликни одат кил!

 

«Бета чой»

Турк элидан келгансан,
Дунё кезиб елгансан.
Ҳамма чойни енггансан,
«Бета чой»сан, «Бета чой».

Кўнгилларни шод этган,
Чанқоқларни ёт этган.
Бошқа чойлар дод этган,
«Бета чойсан», «Бета чой».

Ширинликда тенгги йўқ,
Элим сендан кўнгли тўқ.
Кезавергин мисли ўқ,
«Бета чой»сан, «Бета чой».

Номларинг кўп жуда ҳам,
Сен ёзасан бўлса ғам.
Сени ичиб олдик дам,
«Бета чой»сан, «Бета чой».

Муаллиф изоҳи: Бу мисраларда мен чанқаб туриб чой ичганда кўнгиллар бир оз бўлса ҳам шод бўлиб, чарчоқни унутишимиз ҳақида ёзганман. «Номларинг кўп жуда ҳам. Сен ёзасан бўлса ғам».

Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғамларни ёзолмайди. Бу мисрада эса вақтинчалик ғамларни унутишлик ҳақида сўз боради. Худойим ҳеч кимнинг бошига ташвиш солмасин.

 

Китоб

Китобни олсанг гар қўлга,
У бошлайди оқ йўлга.
Ўқиб чиқсанг сен агар,
Ҳар бир сўзи дуру зар.

Илмнинг кони китоб,
Эзгуликка бир хитоб.
Ўқиган мақсад етар,
Охири шукр этар.

Ҳам яхши-ю ёмонни,
Нефтми ё кўмир конни,
Китобсиз очиб бўлмас,
Кўнгиллар нурга тўлмас.

Илмли ўзар дейди,
Илмсиз тўзар дейди.
Китобда бордир маъно,
Яхши ўқиган доно.

Элимда бордир нақл,
Амал қилмаган бахил.
«Китоб – билим булоғи»,
Ўқувчининг ўртоғи.

Китобни олсанг қўлга,
У бошлайди оқ йўлга.

 

Насиҳат

Ёмон ишга бормагил,
Меҳнат қилиб ҳормагин.
Катталарга қулоқ сол,
Ерда ётган нонни ол.

Бировларга тош отма,
Ғафлат ўтига ботма.
Текин ошни емагин,
Тилла балиқ демагин.

Пулдорман деб керилма,
Зино ишга берилма.
Ҳар нарсанинг чеки бор,
Душманларнинг кеки бор.

Қимор ишлар ёмондир,
Ўйнамаган омондир. 
Ғийбат қилиб юрмагин,
Бировлардан кулмагин.

Яхшиларга ёндошгин,
Ёмонлардан адашгин.
Бекорчидан фойда йўқ,
Меҳнат билан эл-юрт тўқ.

 

Инсон боласи

Ҳаётда яшагил, сен кўнгил қўйиб,
Ширин сўзинг ила жаҳлни ўйиб.
Меҳрибонлик билан душманни сўйиб,
Сен, ахир, одамсан, инсон боласи.

Фақат ўзинг учун яшама ҳаргиз,
Элинг учун куйиб яшагин, Наргиз.
Шунда сени эслар ҳар бир ўғил-қиз,
Сен, ахир, одамсан, инсон боласи.

Меҳнат билан инсон кўкка етади,
Ёмон сўзлар дўстни душман этади.
Аҳилликда ҳар бир ишинг битади,
Сен, ахир, одамсан, инсон боласи.

Яхши инсон билан юргинг келади,
Ҳақ, ростгўй одамни кўргинг келади.
Бориб ҳол-аҳволин сўргинг келади,
Сен,ахир, одамсан, инсон боласи.

Беш кунлик дунёда ўйлаб яшайлик,
Фақат яхшиликни кўзлаб яшайлик.
Ҳар биримиз ширин сўзлаб яшайлик,
Сен, ахир, одамсан, инсон боласи.

 

Адашганман

(Адашган қиз номаси)

Шукр қилмай ўз ёримнинг борига,
Кўз ташладим бировларнинг ёрига,
Қолиб кетдим гўдакларнинг зорига,
Адашганман, адашганман, адашган.

Мени тутди болаларнинг ноласи,
Етим қолди кундошимнинг боласи.
Келиб урди эргинамнинг ҳоласи,
Адашганман, адашганман, адашган.

Етим қолган гўдакларим йиғларди,
Юрагимни гуноҳларим тиғларди.
Ошиқ йигит оғзи-бурним ёғларди,
Адашганман, адашганман, адашган.

Энди билсам ўзимдадир бор айб,
Роса қилдим гуноҳларни, ҳам кайф…
Болаларнинг кўзларига чўп сайиб,
Адашганман, адашганман адашган.

 

Ўткинчи дунё

Дунё абадий эмас,
Нобакор тўйдим демас.
Донолар афсус демас,
Ўткинчи дунё – дунё.

Бекорга дайдиб юрма,
Дўстингни ерга урма.
Беўрин ишинг сурма,
Ўткинчи дунё – дунё.

Ҳозир оғир замондир,
Дангасага ёмондир.
Зеҳнлилар омондир.
Ўткинчи дунё – дунё.

Меҳрибонлик кетгандир,
Охир замон етгандир,
Ёмонлар тош отгандир,
Ўткинчи дунё – дунё.

 

Виждон қани?!

Эркак киши уйда қолса,
Хотинини ишга солса,
Келишини кутиб олса,
Дўстлар, айтинг, виждон қани?!

Хотин киши кетса четга,
Гап ўтмаса эркак, бетга.
Сув юқмаса ундай этга,
Ўйлаб кўринг, виждон қани?!

Ўғриларни тўғри десак,
Биров ҳаққин қўрқмай есак,
Биздек эрдан афзал – кесак,
Қани, айтинг, инсоф қани?!
 
Эркак зоти ўйнаб юрса,
Аёл зоти қақшаб турса,
Кайф-сафони қизлар сурса,
Иймон қани, инсоф қани?!

 

Пул
   
Ҳар инсонни ўйлатган,
Булбул қилиб сайратган.
Керак бўлса ўйнатган,
Эй, бевафо пулсан, пул,
Дарди-даво пулсан, пул.

Камбағалга дард бўлган,
Бойларга ҳамдард бўлган,
Сен туфайли мард бўлган,
Эй, бевафо пулсан, пул,
Дарди-даво пулсан, пул.

Шаҳарни обод этган,
Гоҳида барбод этган,
Етимлар фарёд этган, 
Эй, бевафо, пулсан, пул,
Дарди-даво пулсан, пул.

Пули кўплар керилган, 
Гуноҳ ишга берилган,
Ишсизлари терилган,
Эй, бевафо, пулсан, пул,
Дарди-даво пулсан, пул.

Акалар жудо бўлган,
Пул дея гадо бўлган.
Душманинг фидо бўлган,
Эй, бевафо, пулсан, пул,
Дарди-даво пулсан, пул.

 

«Олмос» радиоси

Ҳам яхши-ю ёмонни,
Обид, Мирзо, Омонни,
Элга танитган сенсан,
Шоҳу гадога тенгсан.
«Олмос» радиосан,
      «Олмос» радиосан.

Сен бошлансанг чопамиз,
Яхши хабар топамиз.
Кулиб хандон отамиз,
Ором олиб қотамиз.
«Олмос» радиосан,
      «Олмос» радиосан.

Ёшу қари — ҳаммани,
Тоға, хола, аммани,
Ўз бағрига чорлаган,
Ёмонларни орлаган,
«Олмос» радиосан.
      «Олмос» радиосан.

Бутун юртни кезасан,
Ҳар бир ишни сезасан.
Сенда бордир ҳақиқат,
Ҳамма йўллар соғинч – хат.
«Олмос» радиосан.
      «Олмос» радиосан.

Сенинг ишинг яхшилик,
Ёмон ишлар – бахшилик.
Сенга омад тилайлик,
Тўй-томоша қилайлик.
«Олмос» радиосан,
      «Олмос» радиосан.

 

Ҳаж

Ният қилиб ҳожиликнинг фарзини,
Узай дедим бўйнимдаги қарзимни.
Бориб кўрдим энг улуғвор Каъбани,
Шодлигимдан роса қилдим тавбани.

Сўнг югурдим орасида тоғларнинг,
Ҳам кеткиздим кўнгилдаги доғларни.
Навбат келди Мино деган шаҳрига,
Қолиб кетма Аллоҳимнинг қаҳрига.

Асосийси арофатда туришим,
Менинг учун гуноҳимнинг қуриши.
Ундан кейин Муздалифа жойига,
Ҳеч тўймадик у ерларнинг чойига.

Қаҳрим келди шайтонларнинг ҳолига
Асқотмаган инсонларнинг молига.
Тавоф излаб бордим яна Маккага,
Озор берма чумоли-ю ҳаккага.

Шаҳарларнинг энг гўзали Мадина,
Сиз ҳам боринг, келаси йил, Одина!
Ният қилиб ҳожиликнинг фарзини,
Узай дедим Аллоҳимнинг қарзини.

 

Болалар уйининг боласи

Нима эди сенинг гуноҳинг,
Еру кўкни тутди-ю оҳинг?!
Отанг билан онанг айбига,
Улар қилган нодон кайфига.
Азоб чекиб ўтарсан энди,
Сени уят-номуслар енгди.

«Ҳайит» деган байрамни билмай,
Орзу-ҳавас, ниятлар қилмай,
Кунлар ўтар фақат ўксиш-ла,
Етимман деб кўнгил чўкиш-ла.
Сен қурамли тенгдошинг уйда,
Мазза қилиб ўйнайди тўйда.

Отанг билан онанг ҳаваси,
Бир кун ўчар ҳатто нафаси.
Шунда улар афсуслар қилар,
Муҳтожлик не ўшанда билар.
Не бўлади қалбинг яраси,
Ким унутар она алласин?

Бўлса эди ҳамма бахтиёр,
Қани бўлса менда ихтиёр.
Ёмонларни отардим кунда,
Тавба қилар қолгани шунда.
Нима эди сенинг гуноҳинг,
Еру кўкни тутди-ю оҳинг…

 

Бировнинг ёрини «ёрим» демагил…

Кўнгил қўйиб бировларнинг ёрига,
Қолиб кетма одамларнинг орига.
Шукр қилгин ўз ёрингнинг борига,
Бировнинг ёрини «ёрим» демагил.

Сиз менинг севганим, бойим, демагил,
Кўкдаги юлдузим, ойим, демагил.
Кишнаб турган тулпор, тойим, демагил, 
Бировнинг ёрини «ёрим» демагил.

Ҳаётда етишган бахтим, демагил,
Умидим, орзуим, аҳдим, демагил.
Бир умрлик менинг тахтим, демагил,
Бировнинг ёрини «ёрим» демагил.

Шерик бўлган ошни ит ҳам суймайди,
Ўзга ёр ҳолингга дилдан куймайди.
Қўлингни ювишга сув ҳам қуймайди,
Бировнинг ёрини «ёрим» демагил.

Агар севиб қолсанг бошқа бирини,
Ҳеч кимга айтмагил кўнгил сирини.
Сув билан ювмаслар дилнинг кирини,
Бировнинг ёрини «ёрим» демагил.

Ҳаётда адашар баъзан инсонлар,
Дунёда йўқолсин ғийбат, нуқсонлар.
Фақат эсда қолсин ҳурсандлик онлар,
Бировнинг ёрини «ёрим» демагил.

 

Ота-она меҳнати

Ота-она меҳнатин
Билмаганлар кўр бўлур.
Иши юришмайдиган
Пешонаси шўр бўлур.

Ота билан онани
Ярақлатиб қўйингиз.
Уст-боши-ю, ишини
ҳар дам тахт қип қўйингиз.

Чунки улар сени ҳам
Оқ ювиб, оқ тараган.
Тунлари мижжа қоқмай,
Бедор бўлиб қараган.

Ҳар нарсани сен учун
Боламга деб илинган.
Нима ҳоҳласанг шуни
Дарров бажо қилинган.

Ота-она меҳнатин
Кўриб турасиз кунда,
Қадрига етсангиз сиз,
Бахт топажаксиз шунда.

 

Пайғамбар

Уммат учун тиним билмай дард тортган,
Душманлари уни кўриб тош отган.
Калтак ебон кўча-кўйда у ётган,
Аллоҳ дўсти пайғамбари Муҳаммад,
Саллалоҳи алайҳи вассалам.

Уммат дея қорни нонга тўймаган,
Мушриклари уни асло суймаган,
Қуръон уни ҳеч ҳотиржам қўймаган,
Аллоҳ дўсти пайғамбари Муҳаммад,
Саллоллоҳу алайҳи вассалам.

Не дардларни кечирмаган у бошдан,
Онасидан етим қолган у ёшдан,
Гуноҳ дея кўп емаган у ошдан,
Аллоҳ дўсти пайғамбари Муҳаммад,
Саллоллоҳу алайҳи вассалам.

Шунинг учун жаннатисиз, Муҳаммад,
Бизга қилинг ҳам ёрдаму ҳам мадад.
Суннатингиз бизга ҳам бўлсин одат,
Аллоҳ дўсти пайғамбари Муҳаммад,
Саллоллоҳу алайҳи вассалам.

 

Бировга керакмас бўлишдан сақла

Эй, Худойим, менинг гуноҳим оқла,
Ёмон кунларингдан сен ўзинг сақла.
Яхши ниятларим қўллабон ёқла,
Бировга кераксиз бўлишдан сақла.

Бировлар сенга гар солмаса назар,
Ҳатто кўришганда қилсалар ҳазар,
Кўрган кунларимиз бўрондек тўзар,
Бировга кераксиз бўлишдан сақла.

Бормисан, йўқмисан, ҳеч ким билмаса,
Айтган сўзларингни ўғлинг қилмаса,
Дўстларинг сўзингга қулоқ илмаса,
Бировга кераксиз бўлишдан сақла.

Ҳаётда ҳеч кимга фойданг тегмаса,
Худойим сенга ҳам инсоф бермаса,
Душманларинг сенга бошин эгмаса,
Бировга кераксиз блишдан сақла.

Ҳар кимга берсанг-гу тилингдан озор,
Сендан тўйганидан бўлишса безор.
Охири ўзинг ҳам бўлсанг хору зор,
Бировга кераксиз бўлишдан сақла.

Яшаган умрингдан кўнглинг тўлмаса,
Сен ўлсанг-гу, душманларинг ўлмаса,
Ҳиди йўқ гуллардан умринг сўлмаса,
Бировга кераксиз бўлишдан сақла.

 

Онасиз қўйма

Гўдак бошини онасиз қўйма,
Аламлар бир-ла юрагим ўйма.
Кўп азобларни бўйнимга уйма,
Эй, Худойим, мени онасиз қўйма.

Дўстларим суйиб, севса онасин,
Оналар эркалаб ўпса боласин,
Кимлар тинглайди, айт, етим ноласин,
Яратган Аллоҳим, онасиз қўйма.

Турмуш ишига бошим қотганда,
Одамлар туҳмат тошин отганда,
Укам хўрликдан йиғлаб ётганда,
Меҳрибон Эгам, онасиз қўйма.

Оналар бордир – ёруғдир жаҳон,
Тиллодан ортиқ оналик ҳар он.
Доим бўлингиз, барча онахон,
Қодир Худойим, онасиз қўйма.

 

Ҳаёт ғанимат

Инсонга қозоннинг қораси юқар,
Дилдаги сўзларинг дўстларинг уқар.
Нодонлар ҳар ишга тумшуғин суқар,
Ҳаёт ғаниматдир, дўстлар ғанимат.

Қариндош-уруғдан кечмагин зинҳор,
Кечганлар охири бўладурлар хор.
Соғинганда боришга қилурлар ор,
Ҳаёт ғаниматдир, дўстлар ғанимат.

Мақсадсиз яшамоқ дунёда ёмон,
Донолар доимо ғафлатдан омон.
Ўйламай яшаб, бўлма пушаймон,
Ҳаёт ғаниматдир, вақтинг ғанимат.

Исонлардан кетди инсоф, диёнат,
Ҳаётда бошланди зино – хиёнат.
Яқин қолмоқдадир қойим қиёмат,
Ҳаёт ғаниматдир, вафо ғанимат.

Охират ғамини егин, эй, дўстим,
Кўрганингга шукр дегин, эй, дўстим,
Яхшилик уруғин сепгил, эй, дўстим,
Ҳаёт ғаниматдир, умринг ғанимат.

 

Қабрдан садо келди

Қабрдан садо келди,
«Дод» деган нидо келди.
Ўзим зўрман деганлар,
Биров ҳаққин еганлар,
Ҳоли не кечар энди,
Энди афсуслар ейди.

Аллоҳ айтганин қилмай,
Ўлишини ҳам билмай,
Роса даврон суришди,
Базму жамшид қуришди.
   
Кимдир безаса уйин,
Қилса дабдаба тўйин,
Бу ҳаммаси пуч эди,
Бекор кетан куч эди.

Яхши инсонлар ютар,
Уларни жаннат кутар.
Охир ҳаётинг ўйла,
Етти бор ўйлаб сўйла.

Ҳар бир вақтинг ғанимат,
Қил яхшиликдан неъмат.
Борар жойинг қабристон,
Бору йўғи зимистон.

Охиратинг куйдирма,
Душманларинг суйдирма,
Қадамингни ўйлаб бос,
Ёмонликни дорга ос.

Порахўрлар дод солди,
Охир дўзахда қолди.
Ёлғончи-ю зинокор,
Охири бўлади хор.

Туҳматчи-ю, бидъатчи,
Энди ҳолини айт-чи.
Бу ишларни ташлайлик,
Яхши ишлар бошлайлик.

Қабрдан садо келди,
Тавба-ю нидо келди.

 

Бошингга иш тушса…

Бошингга иш тушса номард қочади,
Яширган сирингни улар очади.
Эл аро шарманда қилиб – сочади
Бошингга иш тушса аканг қочади.

Ҳар кимни ҳам сен дўстим демагил,
Ўзинг қолиб улар ғамин емагил.
Номардни ҳеч қачон дўст деб билмагил,
Бошингга иш тушса, уканг қочади.

Дунёда дўстингдан душманинг кўпдир,
Ўйламай қилган иш мисоли чўпдир.
Оталар гапирса жавоби «ҳўп» дир,
Бошингга иш тушса, опанг қочади.

Эй, фарзанд, борингда ақлингни топгин,
Кеч бўлмай туриб сен этагинг ёпгил.
Дўст киму душман ким, аниғин топгил,
Бошингга иш тушса, синглинг қочади.

Бир товоқдан ош еб баҳам кўрганинг,
Ҳар кун бориб алар ҳолин сўрганинг,
Чойхона-ю, кафе бирга юрганинг,
Бошингга иш тушса қондош қочади.

Борингда борман деб молингни сочма,
Ҳар кимга дўстим деб сирингни очма,
Дўстингнинг бошига иш тушса, қочма,
Бошингга иш тушса, номард қочади.

Ота-онанг каби дўстинг бўлмайди,
Уларни хор қилсанг, бахтинг тўлмайди.
Дуосин олсанг гар эрта сўлмайди,
Бошингга иш тушса, улар қочмайди.

 

Худо урмасин

Шўҳлик қилиб турсам ҳам,
Кам-кам ичиб юрсам ҳам,
Базми-жамшид қурсам ҳам,
Худо урмасин, Худо урмасин!

Биров ҳаққин есам ҳам,
Мен зўрман, мен, десам ҳам,
Ёлғон қасам ичсам ҳам,
Худо урмасин, Худо урмасин!

Фарзандларим боқмасам,
Ҳеч кимга мен ёқмасам,
Дарё бўлиб оқмасам,
Худо урмасин, Худо урмасин!

Бир кун тавба қиларман,
Ҳақ-ноҳақни биларман.
Худо сўзин оларман,
Худо урмасин, Худо урмасин!

Худо урса турмайсан,
Ҳатто босиб юрмайсан,
Битта катак қурмайсан,
Худо урмасин, Худо урмасин!

Худо урса ҳолинг вой,
Қудратига ожиз Ой.
Ҳаммаёғинг бўлар лой,
Худо урмасин, Худо урмасин!

Чин тавбани кечиргай,
Гуноҳларни ўчиргай,
Жаннат томон кўчиргай
Худо урмасин, Худо урмасин.

 

Бир кун келиб ер ютади

Вақтинг ўзи оз эмасми,
Яхши бўлсанг, соз эмасми?
Мағрур юрган ғоз эмасми,
Бир кун келиб ер ютади.

Кимдир қилмас шукронасин,
Ташлаб кетар дурдонасин,
Тўғатмайди ўз онасин,
Бир кун келиб ер ютади.

Бутун юртни забт этсанг ҳам.
Душманларни даф этсанг ҳам,
Элу юртга наф этсанг ҳам,
Бир кун келиб ер ютади.

Яхшиликнинг уруғин соч,
Элинг учун бағрингни оч,
Ёмонлардан ўзинг опқоч,
Бир кун келиб ер ютади.

Атомларни қуришмасин,
Ҳеч бир инсон уришмасин,
Обрў учун сузишмасин,
Бир кун келиб ер ютади.

 

Омонатдан қўрқинг, дўстлар!

Омонатдан қўрққанлари омон қолур,
Омонатни еб кетганга сомон қолур,
Қиёматда улар ҳоли ёмон қолур,
Омонатдан қўрқинг, дўстлар, омонатдан!

Биров ҳақи биров учун ош бўлмайди,
У дунёда йиғлагани ёш бўлмайди,
Азобларга чидамоққа дош бўлмайди,
Омонатдан қўрқинг, дўстлар, омонатдан!

Эл ҳақини еган билан кўкармайди,
Жаҳаннамда азобларни кўтармайди,
Азоблари тез кунларда аримайди,
Омонатдан қўрқинг, дўстлар, омонатдан!

У дунёга сенинг билан ҳеч ким кетмас,
Бир гуноҳни ювиш учун молинг етмас.
Азобларни ёзай десам тугаб битмас,
Омонатдан қўрқинг, дўстлар, омонатдан!

 

Кўнгил

Кўнгил деган чиройли бир боғу роғ,
Ё бўлмаса чиқиб бўлмас улкан тоғ.
Гоҳо эса кунда қолган сариёғ,
Бу кўнгилдир, бу кўнгилдир, бу — кўнгил.

Гоҳида у бир сўз билан дарз кетар,
Тузатмоққа, айтинг, дўстлар, не етар?
Тузалса ҳам минг азоб-ла сўнг битар,
Бу кўнгилдир, бу кўнгилдир, бу — кўнгил.

Кўнгилни мен ўхшатгайман бир гулга,
Ё бўлмаса тутқин бўлган бир қулга.
Баъзан эса арзимайди бир пулга,
Бу кўнгилдир, бу кўнгилдир, бу – кўнгил.

Ота қолиб, дўстларини шод этган,
Она бунда йўл тополмай дод этган,
Биров учун жигарларин ёт этган,
Бу кўнгилдир, бу кўнгилдир, бу – кўнгил.

Душман қолиб, дўстидан у аразлар,
Яхшиликни билмаганлар – маразлар!
Қолиб кетсин кўнгилдаги ғаразлар,
Бу кўнгилдир, бу кўнгилдир, бу – кўнгил.

 

Ҳаётим мазмуни

Ҳаётим мазмуни — билишда,
Элим учун хизмат қилишда.
Оламни фикрлай олишда,
Ўзимдан яхшилик қолишда.

Бировларга бермасам озор,
Одамлар бўлишмаса безор.
Аввало Худони танисам,
Ёлғон сўзга ичмасам қасам.

Отмасам маломат тошини,
Емасам етимнинг ошини,
Тилимдан тушмаса саловот,
Ҳаётдан кетмаса ҳаловат.

Ҳаромдан юрсаму нарироқ,
Жаннатларда минсаму буроқ.
Кафеда юзтадан отмасам,
Кўчада балчиққа ботмасам.

Дўстларимни қилмасам иғво,
Бошимга оширмайин ғавғо.
Ёшларга ўргатсам ҳунарим,
Шулардан савобим унарим.

Яшасам янгилик излашда,
Каттани ҳурмат-ла, сизлашда.
Кичикларни қилсам-у иззат,
Ожизларга қилсам-у хизмат.

Ҳаётим мазмуни шундадир,
Яхшилик жоиздир кундадир.

 

Паст кетма

Керак бўлса топилади мол-дунё,
Китобларнинг ҳар бири нури-зиё.
Фақат унга боқиш керак бир қиё,
Паст кетмагил, обрў учун курашгил…

Дунё дея муккасидан кетмагил,
Илм олгин, ғафлатларга ботмагил.
Бора-бора бир тош каби қотмагил,
Паст кетмагил, обрў учун курашгил…

Обрў учун керак бўлса қон тўккан,
Жанг қилишиб, урушлардан жон тўккан,
Оч қолса ҳам бир-бирига нон тўккан,
Паст кетмагил, обрў учун курашгил…

Обрў деган бўйи баланд қоядир,
Унга етмоқ ҳар инсонга ғоядир.
Бу йўлларда шайтон сенга соядир,
Паст кетмагил, обрў учун курашгил…

Меҳнат қилсанг, бу қояга етарсан,
Бу дунёда из қолдириб кетарсан,
Дўстлар учун шеъру достон битарсан,
Паст кетмагил, обрў учун курашгил…

 

Оналар йиғламасин

Фарзанд дея оромидан ҳам кечган,
Ҳар бир ишни она ўзи-ю ечган,
Ош ўрнига ёвғон, атала ичган,
Оналар йиғламасин, йиғламасин.

Товонимга санчилса гар бир тикон,
Оналарнинг жони оғрийди шу он.
«Тўкилмасин фарзандимдан томчи қон»,
Оналар йиғламасин, йиғламасин.

Кўча-кўйда қолсанг сени кутади,
Сен туфайли не ғамларни ютади.
Ёлғиз қолса танҳо ўзи ўтади,
Оналар йиғламасин, йиғламасин.

Кўрмайин дер болаларим доғини,
Бермаса ҳам майли, дейди, ёғини…
Бир кўрсам бас у яратган боғини,
Оналар йиғламасин, йиғламасин.

Онажоним ҳар бир гапи, фармони,
Ҳеч қолмасин дилда унинг армони,
Қариганда кетар қувват-дармони,
Оналар йиғламасин, йиғламасин.

Кутар она фарзандининг аҳдини,
Онажонлар тилар фарзанд бахтини,
Ҳам тилайди зар-олтиндан тахтини,
Оналар йиғламасин, йиғламасин.

Қариганда бериб тургин ошини,
Ҳеч бўлмаса ҳурмат қилгин ёшини,
Эй, Худойим, омон қилгин бошини,
Оналар йиғламасин, йиғламасин.

 

Ўқи, ҳунар ол!

Ўқиб, ҳунар олгин сен бу дунёда,
Бойликдан ҳам илм-ҳунар зиёда.
Илмлилар ҳечам қолмас пиёда,
Ўқи, ҳунар олгин дунёда.

Бойлик бўлса кетар бир кун қўлидан,
Олимларнинг чиқмас шайтон йўлидан.
Гул унади ҳунарликнинг чўлида,
Ўқи, ҳунар олгин дунёда.

Илмлилар бировларга хор бўлмас,
Юрган йўли кенг бўлади, тор бўлмас.
Жоҳил инсон уларга ҳеч ёр бўлмас,
Ўқи, ҳунар олгин дунёда.

Илмлилар, ҳунарликлар ҳудди Ой,
Ерда эса тўлиб оққан мисли сой.
Илм— ҳунар бирга бўлса – бўлар бой,
Ўқи, ҳунар олгин дунёда.

 

Оллоҳим!

Эй, Оллоҳим, Оллоҳим,
Кечир менинг гуноҳим.
Гуноҳларим авф этгил,
Душманларим даф этгил.

Ҳар нарсага қодирсан.
Ҳаммадан сен одилсан,
Сенинг ўзинг азалий.
Қилган ишинг мазали.

Дангасани суймайсан,
Ёмонларга куймайсан.
«Бўл» деганинг бўлади,
Шайтон куйиб ўлади.

Бериб ўйу-фикрни,
Қилгин, дединг, зикрни.
Яшашни ҳам ўргатдинг,
Тўғри йўлни кўрсатдинг.

Жўнатдинг пайғамбарни,
Унут, дединг, дард-ғамни.
Бериб бизга Қуръонни,
Бахтли қилдинг ҳар онни.

Бандалик қилиб, билмай,
Гуноҳ қиламиз тинмай. 
Шунинг учун аввалдан,
Тавба қилай азалдан.

Эй, Оллоҳим, Олллоҳим,
Кечир менинг гуноҳим.

 

Келин ҳам қизингиз…

Келинчак ҳам қизингиз,
Ширин бўлсин сўзингиз,
Урушмангиз қўйингиз,
Келин ҳам қизингиз, қизингиз.

Уй ишларин қилишса,
Саранжому саришта.
Хатоси бор қай ишда, 
Келин ҳам қизингиз, қизингиз.

Келиндан хато топманг,
Қўшниникига чопманг.
Жаҳлингиз чиқса, «қопманг»,
Келин ҳам қизингиз, қизингиз.

Келин деган ҳали ғўр,
Овқатлари баъзан шўр.
Ёшлигингни эслаб кўр,
Келин ҳам қизингиз, қизингиз.

Билмаганин ўргатинг,
Қилиб ўзиз кўрсатинг.
Агар бўлса фурсатиз…
Келин ҳам қизингиз, қизингиз.

Набирангиз онаси,
Ширин экан боласи.
Бўлар ўрик оласи,
Келин ҳам қизингиз, қизингиз.

Ҳайдайман деб қўрқитманг,
Фолбинларга ўқитманг,
Гуноҳларга сиз ботманг,
Келин ҳам қизингиз, қизингиз.

Шеъримни қисқа қилсам,
Ҳаёт шудир, мен билсам.
Яхшиликни илинсам,
Келин ҳам қизингиз, қизингиз.

 

Сўз

Аллоҳ сўзи бу дунёда муқаддас,
Амал қилсанг, сенга бўлади бу дарс.
Амалсизлар доим қилади арз,
Қудрати улуғ сўзсан, сўз,
Дарди даво сўзсан, сўз.

Ёмон сўзга пичоқ чиқар қинидан,
Яхши сўзга чиқар илон инидан.
Ҳатто сўзга чиқар инсон динидан,
Қудрати улуғ сўзсан, сўз,
Дарди даво сўзсан, сўз.

Ширин сўз-ла ҳар ким муродга етар,
Ёмон сўз-ла меҳр-оқибат кетар.
Яхши сўз-ла каму кўстларинг битар,
Қудрати улуғ сўзсан, сўз,
Дарди даво сўзсан, сўз.

Гоҳ шоҳларни мот қилган ҳам ўзингсан,
Ўтганларни ёд қилган ҳам ўзингсан,
Кўнгилларни шод қилган ҳам ўзингсан,
Қудрати улуғ сўзсан, сўз,
Дардга даво сўзсан, сўз.

Хуллас калом, сен кераксан ҳаммага,
Яхши сўз-ла тоға, ҳола, аммага.
Тўғри гапир инсонлару оммага,
Қудрати улуғ сўзсан, сўз,
Дарди даво сўзсан, сўз.

 

Сув

Тоғу тошдан ошасан,
Қаерларга шошасан?
Гоҳо тўлиб-тошасан,
Оби ҳаёт сувсан, сув,
Дардга малҳам сувсан, сув!

Полизларга қон бўлган,
Пахталарга жон бўлган,
Сен туфайли нон бўлган,
Оби ҳаёт сувсан, сув,
Дардга малҳам сувсан, сув!

Ҳар нарсани пок этган,
Мева-чева, ток этган.
Ширин-шакар нок этган,
Оби ҳаёт сувсан, сув,
Дардга малҳам сувсан, сув!

Сен бўлмасанг ҳаёт йўқ,
Сен туфайли элим тўқ,
Сендан қўрқар ҳатто чўғ,
Оби ҳаёт сувсан, сув,
Дардга малҳам сувсан, сув!

Сув Оллоҳнинг неъмати,
Оби ҳаётдир оти!
Ифлос қилмас эл марди,
Оби ҳаёт сувсан, сув,
Дардга малҳам сувсан, сув!

 

© Эгамберди Парпиев, 2009. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.

 

Эгамберди Парпиев 1959 йил 12 апрелда Ўш шаҳрида таваллуд топган. Шаҳардаги Пушкин, Панфилов, Калинин номли мактабларда таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини 1978 йили Ўшдаги юк ташиш автокорхонасидан бошлаган. 1980 йили Армия сафидан қайтгач, турли корхоналарда меҳнат қилган. Турмуш ўртоғи Одинахон билан икки ўғил, бир қизни тарбиялаб вояга етказишмоқда. Шеърлари вилоят, республика рўзномаларида чоп этилган.

 


Количество просмотров: 5509