Новая литература Кыргызстана

Кыргызстандын жаңы адабияты

Посвящается памяти Чынгыза Торекуловича Айтматова
Крупнейшая электронная библиотека произведений отечественных авторов
Представлены произведения, созданные за годы независимости

Главная / Поэзия, Поэты, известные в Кыргызстане и за рубежом; классика / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
© Раҳим Карим, 2009. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 30 август 2009 йил.

Раҳим КАРИМОВ

Алвидо, ёр!

Муҳаббат ҳақида янги қўшиқлар

Шоир Раҳим Карим шеърларига кўплаб мусиқалар басталанган. Улар вилоят, республика телевидениеси ва радиоси орқали, концерт майдонларида, дўстлар даврасида, тўй маросимларида Қирғизистонда хизмат кўрсатган артистлар Ҳамидулло Матҳолиқов, Ҳаёт Абдуллаева, Қирғизистон Ленин комсомоли мукофоти совриндори, афсонавий «Қизбурақ» гуруҳи, «Ассалом» («Меридиан») гуруҳи, ёш хонанда Илҳом Эгамбердиев ижросида янграб келмоқда. Муаллиф яқинда муҳаббат мавзусидаги яна бир неча қўшиқ матнларини ёзиб тамомлади. Ҳозирча уларга куй басталанганича йўқ. Эътиборингизга улардан тузилган гулдастани тақдим этамиз.

ПРОЩАЙ, ЛЮБОВЬ!

Новые песни о любви

 

На слова ошского поэта Рахима Карима написано много песен. Они звучат по областному, республиканскому телевидению и на радио, на концертных площадках, в кругу друзей, на свадьбах в исполнении заслуженных артистов КР Хамидуллы Матхаликова, Хаёт Абдуллаевой, лауреата премии Ленинского Комсомола Кыргызстана, легендарной девичьей группы «Кыз-Бурак», группы «Ассалом» («Меридиан»). Недавно автор написал еще несколько песен, на которые пока не создана музыка. Стихи посвящаются любви. Дарим вам небольшой букет, составленный из них.

 

АЛВИДО, ЁР

Қишлагани келган қушмидинг,
Ё таъбири салбий тушмидинг?
Қайга учиб кетдинг, жонгинам,
Турнамидинг ё оққушмидинг?!

Кўзларимда қотди рухсоринг,
Юрагимга ботди оҳ,зоринг,
Булутларга ғарқ бўлган ёрим,
Юлдузларга учган нигорим.

Нақорот:

Беқарор бир капалакмидинг,
Ё беғубор ҳур, малакмидинг?
Етолмадим қувиб ортингдан,
Бир лаҳзалик камалакмидинг?

Сени севдим Мажнун мисоли,
Дариғ тутдинг нечун висолинг?
Сен ҳаётим ўкинч, армони,
Муҳаббатим мангу тимсоли.

Туйғуларим отиб пойларга,
Парвоз этдинг само, ойларга.
Мен дардимни кимга айтайин,
Оқизайму дарё, сойларга.

Нақорот:

Қишлагани келган қушмидинг,
Ё таъбири салбий тушмидинг?
Қайга учиб кетдинг, жонгинам,
Турнамидинг ё оққушмидинг?!

 

ҚЎМСАЙМАН

Ҳижрон дилимизга соя солганда,
Бармоқлар исмингни териб толганда,
«Ўргимчак тўри» га дўниб қолганда,
Зулайҳо, Юсуфдек расминг қўмсайман.

Соғинчим суякка бориб етганда,
Юрагим ҳисларим асир этганда,
Жаҳон ойнасига чўмиб кетганда,
О, Лайло, Мажнундек васлинг қўмсайман.

Нақорот:

Навоий Гулини қўмсаганчалик,
Ё Фарҳод Ширинни қўмсаганчалик,
Отабек Кумушни қўмсаганчалик,
Қўмсайман, қўмсайман, жисминг қўмсайман.

Тайёра булутга бағир босганда,
Тун чойшабин ёйиб, сочин ёзганда,
Юлдузлар милтираб, кўзин сузганда,
О, Раъно, Анвардек аксинг қўмсайман.

Уяли алоқанг таъқиқ солганда,-
Мулойим овозинг етмай қолганда,
Хуморим нозингга ташна бўлганда,
Фариштам, Беҳзоддек аслинг қўмсайман.

 

ТОПШИРДИМ

Алвидо, эй,севгилим,севгим,ҳайр,алвидо,
Сени унга топширдим, унга ёр бўлсин Худо.
Ой тутилган бу тунда йўлимиз тушди айро,
Мен сендан бўлдим жудо, сен мендан бўлдинг жудо.

Узук тақилдими, оҳ, нозик панжангга – беном,
Исмингни унутмоқлик мен учун мушкул, душвор.
Ишқимни олиб қочди ногаҳон дайди шамол,-
Мен сендан бўлдим жудо, сен мендан бўлдинг жудо.

Нақорот:

Топширдим, о, топширдим,
Сени унга топширдим.
Топширдим,о, топширдим,
Уни Худога топширдим.

Сенга ёр бўлай девдим, менга ёр бўлсанг девдим,
Бир ёстиққа бош қўйсак – муродга етар эрдим,
Ушбу кун мен илк бора турмушдан калтак едим,-
Мен сендан бўлдим жудо, сен мендан бўлдинг жудо.

Кафтимдаги атиргул кафтимга сочар тикон,
Кўксимни кеча-кундуз тилкалар энди ҳижрон.
Мен сени йўқотган он, сен мени йўқотган он,
Мен сендан бўлдим жудо, сен мендан бўлдинг жудо.

Нақорот

Сени унга топширдим, унга ёр бўлсин Худо,
Узуксиз қолмоқдадир менинг бармоғим – беном…
Бахтиёр бўл, севгилим, иқболли бўлгин мудом,
Мен сендан бўлдим жудо, сен мендан бўлдинг жудо.

Мен боримдан айрилдим, сен ёрингдан айрилма,
Нечун кўзёш томади киприклардан – қайрилма,
Бир кун кўниб кетасан ўзга ёрга, қайғурма,
Мен сендан бўлдим жудо, сен мендан бўлдинг жудо.

Нақорот

 

РАҚҚОСА

(Лазги)

Эгнингда атласми, ранг-баранг титроқ?
Қулоғинг, сийнангда минг бир шилдироқ.
Айлансанг арчага ўхшар қоматинг,
Манлайингда порлар юлдуз – тақинчоқ.

Зулфингми мисоли ёмғир – ялтироқ,
Кўзларинг порлайди ҳудди шамчироқ,
Кимпригинг бамисли яшил нинабарг,
Бунчалар қор каби мусаффо яноқ?

Нақорот:

Даврага ярашган,
Нигоҳлар талашган,
Арчами, раққоса, -
Раққоса — арча?

Эшик супургани чиққан келинчак,
Панжалар толедан титраса керак?
Сени олиб келмиш қайси ўрмондан,-
Кимга насиб этмиш бу бахтли эртак?

 

СОҲИБЖАМОЛ

(Замонавий оҳангда)

Инглизча сўзлайсиз, 
«Мерседес» ни кўзлайсиз, 
Намунча тор шимингиз, 
Бизда йўқми ишингиз ?

Бўлганимда «Нексия», 
Боқармидингиз қиё?
Бунча қалам қошингиз
Санам, неча ёшинигиз?

Бўлганимда «Ласетти»
Дердим: «Ўтиринг, кетдик!».
Отангиз кервоз экан, 
Онангиз сер ноз экан.

Нақорот:

Лондонга опкетайми,
Анжонга опкетайми?
Сизга уйланаман деб, 
Балога қопкетайми?

Ҳой, ўшлик, соҳибжамол,
Сумкангизда нима бор?
Помадами, сотка ё,
Окей, хай, инжа биё…

Юришингиз оҳудай,
Туришингиз каккудай.
Сизни кўриб йигитлар,
Тўкилади нақ тутдай…

Ўш шаҳри, 2007-й.

 

© Раҳим Карим, 2009. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.

 


Количество просмотров: 2453