Главная / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 21 октябр 2009 йил.
Алвидо, муҳаббат!
(Қиссадан парча)
Муҳаббатнинг софлиги, покизалиги, буюклиги ҳакидаги, урушнинг одам боласи учун азоб-уқубат, вайронагарчилик, қирғинбарот эканлиги туғрисида ҳикоя килувчи «Алвидо, муҳаббат» қиссаси 1967 йили юртдошимиз — ёзувчи, шоир, драматург марҳум Тош Мияшев қаламига мансуб. Воқеа Ўш тегарасидаги Қўнуржаз қишлоғида ёки ҳозирги Ўзғур ҳамда геологлар базаси ёнверида бўлиб ўтади.
Жўлбўрс билан Назиранинг ўтли муҳаббати, келажакка бўлган орзу-умидлари ила бошланган бу асар, бора-бора уларнинг залворли ғам-андуҳлари, азоб-укубатлари, дарз кетган умиди, тақдир тақозоси билан ажралиши билан якун топади.
Қисса 1967-йилнинг март ойида ёзилган бўлиб, ўша йилнинг сентябрида «Алат-Тоо» адабий-бадиий журналида 7200 нусхада эъдон қилинган. 1968-йили алоҳида китоб ҳолида 9 минг нусхада дунё юзини кўрган. Китобхонларнинг қалбини уйғотиб, қайғуга солган, чуқур ўйга толдирган бу асар республикамиздагина эмас, балки қўшни Ўзбекистон, Тожикистон ўқувчиларига ҳам етиб, муаллиф улардан ҳар хил фикр-мулоҳазалар битилган мактублар олган. 1993-йили Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги адабиётни тарғиб қилиш шўъбасининг таклифи ҳамда кўплаб китобхонларнинг талаб-истакларини инобатга олиб, Қант босмахонасида иккинчи бор 20 минг нусхада босилган.
1998-йили С.Ибраимов номли Ўш вилоят Миллий қирғиз драма театрида мазкур асар асосида спектакл қўйилиб, у ҳамон театр саҳнасидан тушмай келаётир.
--------------------------------------------------------------------------
Повесть «Махабат менен коштошуу» («Прощай, любовь!») была написана в 1967-м году. В ней автор воспевает величие любви, ее прозрачность и чистоту. Вместе с тем с горечью описывает тяготы военного лихолетия, подчеркивая разрушительную функцию войн, о пагубном действии их на человечество. События разворачиваются вокруг Конурджаза – вблизи Озгура и геологогородка Оша. Повесть впервые была опубликована в 1967-м году в журнале «Ала-Тоо» тиражом 7200 экземпляров. Через год была издана отдельной книгой тиражом 9 тысяч экземпляров. В 1993-м году по инициативе Бюро пропаганды художественной литературы при Союзе писателей КР книга была переиздана в Кантской типографии, тираж составил 20 тысяч экземпляров. Недавно по повести была осуществлена постановка в Ошском кыргызском драматическом театре им. С.Ибраимова. Узбекский вариант книги был выпущен в 2001-м году тиражом 2 тысячи экземпляров в Ошской областной типографии.
Қўнуржазда
Бугун нафақа берадиган куним. Даста-даста пулларни тахлаб қўйдим-да, ғазна дарчасини очдим. Фахрийлар азондан буён кутиб турган эдилар. Тўйнукни очиб улгурмасимдамоқ, кўзим бир четда деворга суяниб-суянмай турган кишига тушди. Уҳар галгидай бугун ҳам гўё бу ерда ҳеч қандай иши йўқдай қўғишмайгина турарди. Унга кимдир мурожаат қилди:
– Сизми охирги?
– Тураверинг, — деди у ўзини четроққа олиб.
Мен бу кишининг феълига тан қолганимча, унга кўз қиримни ташлаб қўйиб, ишга киришдим.
Бу ерга юмушга келганимга анча ой бўлди. Ҳар сафар пенсия бериладиган куни одамлар орасида биргина ўша киши ҳеч шошилмайди. Келгач, навбатнинг охирини ҳам сўрамайди. Бир ерда хомуш тураверади. Навбатдагиларнинг энг сўнггиси чиқиб кетгандан кейингина дарчага яқинлашиб, ўзининг йўғон-йўлпи қўлларидаги эскириб қолган китобчасини аста-секин менга узатади. Бугун ҳам шундай қилди. Бу киши ким ўзи? Нега у ҳеч қачон шошилмайди? Барча нафақахўрлар тарқаб кетгунга қадар тургани-турган. Ёки бировлар билан ёзилиб суҳбатлашганини кўрмадим. Бекорчи, алоқа бўлимидаги ур-сурга алаҳсиб вақт ўтказадиган кимсамикин ё? Бўлмаса… Нега гарангсиб… Шу каби ўй-хаёллар бошимни тарк этмайди…
Ўтган ой ҳам худди шундай – ғамгин тарзда, эринибгина нигоҳ ташлаб, китобчасини узатган, нафақасини беришим билан чиқиб кетган эди. Ана, у бугун ҳам айнан шу алфозда турибди. Унга назар ташлайман…
— Пулингизни кассадан нари кетмай туриб санаб олинг.
Ҳар бир кишига шундай дейишим керак. Бу менинг хизмат бурчим.
Алоқа бўлими одатда пенсия бериладиган куни ғала-ғовур бўлади. Одамларга алаҳсиб, адашиб кетмасликка ҳаракат қиламан. Ҳар бир китобчани тўғри тўлдириб, пулни эгаларига янглишмай ҳисоблаб беришим лозим. Шундай бўлса ҳам бугун эътибор бермай қўя олмадим. Туйнукнинг нарёғида ҳалиги одам. Ундан нигоҳимни узолмай ўқтин-ўқтин қараб қўяман. Унинг кимлигига қизиқаман. Бугун нафақа олувчилар аввалгидан-да кўпайиб кетгандай, гўё. Баъзилар нафақасини олиб бўлганларидан кейин ҳам дарчани бўшатмай туриб олишади.
— Айланай болам. Ҳисоблаб нима қилардик? Сен, келиб-келиб, бизларни алдармидинг? Қўйсанг, шу ҳам гап бўлдими? Ахир, ўзинг келиб елкамизга офтоб тегмадими? Бурунги кассиримиз яхшигина қиз эди. Бироқ биз каби қариялар ўрисча гапиролмай, унга дардимизни тузукроқ тушунтиролмай қийналардик. Садағанг бўлай, истаранг иссиқ экан. Фурсат топиб бир бизникига бор. Боримни қўйиб, қўнглингни олай, — дейишади.
— Раҳмат, ота, раҳмат! – дейман-у, навбатда турганларга тезроқ нафақасини бериб олишга шошиламан. Ҳалиги кишига барвақт навбат келса экан, деб ўйлайман. У кўп кутиб қолди. Ахир мўйсафид чоллар, оқсоч кампирлар менинг шошилаётганимни қаёқдан билишсин?! Нафақасини олиб бўлишганидан кейин эса юқоридагидек меҳмоннавозлик қилиб туриб олишади.
— Пулингизни кассадан нари кетмай туриб санаб олинг, — дейман бот-бот. Ниҳоят, дарча олди бўшаб қолди. Ўрнимдан туриб:
— Яна ким қолди? – дедим. Бояги кишидан бўлак ҳеч ким қўринмайди. У чор атрофга бир назар ташлаб, аста-секин босиб келиб, барваста гавдаси билан дарчани тўсиб олди. Мен унга нимадир демоқчи бўлдим. Лекин нима? Негадир унга ўзимни яқинроқ тутгим, унга илиқ сўзлар айтгим келди.
У эса буни кутмагандай, эскириб қолган китобчасини мен тарафга суриб қўйди. Туйнукдан унинг кир бўлиб қолган гимнастёркасининг сариқ тугмачалари, бўз чопонининг қўл мошинада тепчиб тикилган узун ёқасигина кўриниб туради. Пулнинг янги-янгиларини танлаб, китобчасига солиб узатаман.
— Пулингизни кассадан нари кетмай туриб санаб олинг... У менинг гапимни уқмаган кишидай пулни китобчаси билан олган куйи анчагача темсаланиб турган жойида туриб қолди. Менга нимадир демоқчи бўлгандай туюлди. Шу туришида у гўё қўлидаги пулларга дам солаётгандай, уларга пича термулиб, мен атайлаб териб берган янги пулларни китобчасига қўшиб мижиқлади. Сўнгра кўча тарафга қараб илдам чиқиб кетди.
Дарров дарчани беркитдим-да, кассани ёпиб, ортидан жўнадим. «Етиб олсаммикин? Кейин нима дейман?».У муюлишдан юқорига қараб юриб кетди. Бироздан сўнг кўздан ғойиб бўлди. Мен эса турган жойимда туриб қолдим. У ким бўлди? Унинг қандай сири бор ўзи? Тўрт мучаси соғ, барваста жуссаси бенуқсон. Фақатгина кўзларининг ости шишимсираб қолган. Юзида қон йўқ. Ранг-рўйи синиққан. Соқол-мўйлови ҳам сийрак. Ёлғиз қулоқлари остидагина ҳаккам-дуккам туклари қолган. Бундан эса унинг иягига ҳеч қачон устара тегмаганлиги яққол кўриниб туради. Кўса киши бошида эски телпак. Оёғида махси-кавуш. Исми— шарифини китобчасидан билиб олганман. «Норматов Жўлбўрс» деган ёзув ҳали ҳам шундоққина кўз ўнгимда турибди.
Орадан бироз вақт ўтди. Эрталаб соат ўнлар чамасида ғазна дарчасини кимдир чертди. Очсам, бояги одам турибди. Норматов Жўлбўрс. У бироз шошилгандай ҳансираб нафас оларди. Унга боқиб, менга нимадир демоқчи эканлигини англадим.
— Келинг, Жўлбўрс ака.
— Келдим, иним. Сенда ишим бор эди, — деди у ажин босган пешонасини енгги билан артиб.
— Қулоғим сизда, Жўлбўрс ака!
— Иним, иложи бўлса ўзингнинг пулингдан бироз қарз бериб турсанг. Жуда зарур бўлиб қолди. Бироқ давлатнинг пулига тегма. Маошимни олишиб биланоқ, қайтариб бераман.
— Майли, Жўлбўрс ака, навбатдаги нафақангиздан ушлаб қоларман.
— Йўқ, — деди у сесканиб. Кейин зўр-базўр жилмайди. -Йўқ, иним, кеча олган нафақам ёнимда. Биласанми? Мен бешик сотиб олмоқчи эдим. Ўшангга… Ҳозиргина эшитиб… Бошқа танишларимга бориб ҳам улгурмадим. Сен эсимга тушиб кетдинг. Дарровгина етиб келдим.
«Бу нима дегани? Нафақаси чўнтагида туриб, мендан пул сўрайди. Ойлигимни олганимда бераман, дейди. Тушунмадим. Бу чиндан ҳам мен учун тушунарсиз ҳол бўлди. Сўраган пулини бердим. Бешик оламан, дейди. Ўғил кўрган бўлса — я. Бўлсин…».
— Раҳмат, иним, яхши бўлди, — дея суюниб, шоша-пиша чиқиб кетди. Унга қўшилиб алланечук мен ҳам қувониб кетдим.
Уйга келишим биланоқ Адолат эжа одатдагидек кастрюлдаги бўзасин кўтариб чиқди. Уни баъзида кўнглим тусамас эди. Чой сўрадим. Лекин бугун бундай қилолмадим. Кичкина чинидаги бўзани сипқориб, каравотимга ёнбошладим.
— Бугун бўзангиз яхши чиқибди, Адолат эжа.
— Кеча докага тугиб, майиз солиб қўйган эдим. Ўзим ҳам иккитагина чинини ичиб олдим. Бироз бошим айлангандай бўлди, — деди Адолат эжа пича ёзилиб, — мана, бўза ичадиган дамлар ҳам келиб қолди. Ҳадемай баҳор.
Қирғизлар «Бўзани тол куртак ёзганда ич» дейишади… Мен бу дам Жўлбўрс ака ҳақида ўйлаб хаёлга чўмиб кетган эдим.
У ташқарига чиқиб кетди.
— Тўҳтаб туринг, Адолат эжа,— дедим ўрнимдан қўзғалиб. – Сиз Жўлбўрс акани танийсизми?
— Қайси Жўлбўрсни?
— Норматов Жўлбўрс деган шу ерлик пенсионер бор экан-ку.
Адолат эжа оғзимга тикилиб, ҳанг-манг бўлиб қолди. Боядан бери жилмайиб турган сиймоси жиндек маъюс тортгандай бўлди. «Бўлак Жўлбўрс исмли киши бормикин? Ўша билан адаштириб юбордими?», деган истиҳолага бордим. Орадан бир неча кун ўтди. Кунлардан бир кун яна сўрадим:
— Танийман, — деди у паст овозда, — танийман. Нима? Бирор гап бўлдими? Бўлак лом-мим демади. Мендан жавоб ҳам кутиб ўтирмай, ташқарига чиқиб кетди. Ноқулай аҳволга тушиб қолдим. Адолат эжанинг уйида яшаётганимда уч ойдан ошди. Тиниб-тинчимаган, яхши нарса. Ўрта ёшларга бориб қолган. Ипак комбинатида ишлайдиган ўғли бор. Икки набираси тез-тез келиб туришади. Келини ҳам ўша ерда тўқувчи. Адолат эжанинг топган-тутганини ўшаларга ташиб, эрта-ю кеч жони ҳалак.
Бу ер шаҳардан ҳийла четроқда. Уни Қўнуржаз деб аташади. Бу «салқин баҳор» деган маънони англатади. Адолат эжа уйининг бир хонасига менга каравот қўйиб берган. Ўзи эса бошқасида. Ўғли биз билан яшанг, деб кўп зўрлабди. «Айланай, болам, сен мана шу уйда туғилгансан, мен мен шу хонадонда бахтимни топдим. Қўй, болам, кўп қаватли уйларинг ўзларингга насиб қилсин! Бу уйни отанг раҳматлик ўз қўллари билан қуриб берган. Шу боис бу ерни қаровсиз қолдиришга юрагим дов бермайди», деб жавоб қайтарибди. Бироқ негадир ҳомуш тортиб, мендан ўзини олиб қочганига тушунмадим. Чиндан ҳам бўзасидан бироз қизишиб олганми?..
Адолат эжа саҳар уйғонади. Ҳовлини супуриб-сидиради. Печкага ўт қалайди. Мен турган хонада нариги уйнинг духовкаси бор. Эрталаб эшикка чиққинумча айвондаги чорпоянинг четига оқ човгумни қўйиб, ювингани сув ҳозирлайди. Гоҳида бирга ўтириб чой ичамиз. Баъзида дастурхонга нон, қанд-қурс ўраб, гуллик чойнагини столим устига қўйиб қўяди. Менинг эрталаб бўза ичмаслигимни яхши билади-да.
Тунда беҳаловат ётдим. Адолат эжа жим-жит бўлиб қолди. Ўғлиникига кетганмикин, десам, кетмабди. Тонг чоғи одатдагидек печкасига ўт ёқа бошлади. Ҳар куни шу аҳвол. Ҳовли тоза бўлса ҳам қайтадан супураверади. Ўрнимдан туриб ташқарига чиқдим. Ҳув адир ёқларда оппоқ қор ястаниб ётади. Ўшни кўкимтир туман қоплаб олган.
— Яхшимисиз, Адолат эжа, — дедим ҳар кунгидек. У қисқагина алик олди. Юзимга тик боқолмай, хонасига кириб кетишга шошилгандай бўлди.
Ташқарида баҳор ҳиди анқийди. Ҳаво унчалик совуқ эмас. Адолат эжа менга чой олиб чиқди. Мен бирон бир ножўя иш қилиб қўйган одамдай унчуқмайман. Соқолимни олаётиб, Адолат эжанинг юзига термуламан. Унинг кайфияти ҳар кунгидагидан бўлакчароқ. Алланечук ўйчан. Унга нима бўлди? Ажаб, унинг қалбида қандай сир-синоатлар яшириниб ётибди экан? Буни мен қайдан биламан? «Адолат эжа, сиз бирон нарсадан ҳафа бўлдингизми? Ёки бирор жойингиз оғриятими?», деб сўрагим келди. Лекин мен оғиз очиб, улгурмасимданоқ, у ташқарига чиқиб кетди. Сўрай олмадим. Жўлбўрс ака ҳақида сўраб, дилига озор бериб қўйдим, чамаси? Балки бўзадан боши оғриб қолгандир? Жўлбўрс ака-чи? Унинг ёнида пули туриб нега мендан қарз сўради? Қизиқ, ҳеч тушунолмай қолдим.
Алоқа бўлимизнинг юқорироғида геологлар базаси бор. Ана ўша базада Жўлбўрс аканинг қоровул бўлиб ишлашини билдим. Ишдан бўшаб, базага йўл олдим. Қоровулхонада Жўлбўрс ака ёлғиз экан. У мени кўриб, чўчиб ўрнидан турди.
— Кел, иним, кел.
— Ассалому алайкум, Жўлбўрс ака…
— Ваалайкум ассалом… Кел, ўғлим, ўтир…
— Жўлбўрс ака менга термулиб турганини пайқаб: «Кечаги пулини сўраб келибди-да», деган хаёлга бормасин дея дарров чўнтагимдаги шишани чиқардим:
— Жўлбўрс ака, мен сиз билан бир ёзилиб суҳбатлашай деб келган эдим. Стаканингиз борми? Отамлашамиз, — дедим. У эса индамай қўлини термоснинг ёнидаги кружкага узатди. Сўнг ярим буханка нон билан уч-тўрт чақмоқ қандни тахта устидаги газета бетига ташлаб қўйди.
— Яхши қилибсан келиб, иним. Бироқ мен бу ароғингни ҳеч ичиб кўрмаганман…
— Ҳечам ичмаганмисиз?
— Асло… Урушда юрганимда ҳам оғзимга олмаганман. Алексей деган дўстим бор эди. Менга тегишли ароқни ўша ичиб қўярди. «Эҳ, мазасини билмайсан-да» дея ҳазиллашиб ҳам қўярди. Ич, иним, ўзинг қуйиб ич… Банияти шифо. Бироқ газак учун булардан бўлак ҳеч вақом йўқ… Менинг тирикчилигим шу, иним, — деб кўзларини ердан узмай, юзи қизариб, кўнгли чўкиб кетди.
— Ҳеч қиси йўқ, Жўлбўрс ака… Сиз ичмасангиз, мен ҳам ичмайман, — дея шишани бурчакка суриб қўйдим. У ўзинг ичавер дея мени зўрламади ҳам. Ерга ўйчан тикилганча, индамай ўтираверди.
— Урушда бўлганмисиз?
У бош чайқади.
— Кеча бешик сотиб олдингизми?— сўрадим ундан.
— Ҳа, — деди у мен тарафга қараб, юзи бироз ёришгандек бўлиб, — тўрт ғилдиракли аравача сотиб олдим… Раҳмат, иним, маошим қўлимга теккан куниёқ пулингни қайтариб бераман…
— Йўқ, Жўлбўрс ака. Ҳеч ҳижолат чекманг… Фақат мен кўпдан буён сиздан бир нарсани сўрамоқчи бўлиб юрибман. Ҳафа бўлмасангиз…
— Нима гап экан? Сўра, сўрайвер, тортинмай…
— Яқиндагина олган нафақангиз тура-туриб, нега мендан бешик учун қарз олдингиз? Ойлигимни олсам, қайтараман, дейсиз… Мана шунга тушунолмадим… Фарзанд кўрдингизми?
Жўлбўрс ака сўзларимни кўзини ердан узмаган ҳолда тинглаб ўтирарди. Дарров жавоб ҳам бериб юборолмади. Қоровулхонанинг қия очилиб турган эшигидан тоғу-тошлар кўриниб турарди. У тарафда қор уюлиб ётибди.
Оқбуранинг нариги қирғоғидаги узун қувурдан кўкка ўрлаётган тутун ҳавога кўтарилиб, тоғ тарафдан қорни тўсиб қўяди.
— Ҳалолликнинг ҳосияти улуғ,— деди Жўлбўрс ака, оғир ҳўрсиниб, — мен нафақамга… Сен билмайсан… Мен нима учун пенсия олиб юрганимни…
Бунинг барини сенга айтиб беролмайман. Журъатим етмайди.
— Сўзлаб беринг, мен шунинг учун ёнингизга келган эдим…
— Билиб турибман… Кўнглимга ўтириб қолдинг. Иним. Сени кўргандан бери меҳриб оқиб юрибди. Бироқ, айтолмайман. Сен мен ҳақимда билмай-ла қўйишинг керак. Пайқаб турибман. Сен менинг турмушимни кузатиб, аҳволимга ачиниб, мен ҳақимда билгинг келяпти… Ғазнангда ўтириб ҳам менинг нурсиз сиймомга кўп тикиласан… Қолаверса, ҳол-аҳвол ҳам сўраб келибсан. Бунинг учун сенга раҳмат! Бироқ ўзим ҳақимда сўзлаб беришга қудратим етмайди… Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, дейишади. Шу боис сенинг ўтинчингни ҳам ерда қолдиролмайман. Ўзим ҳам ҳеч кимга ошкор қилмаган сиримни сенга айтсаммикин, деб юрган эдим. Мана бу дафтарларнинг ичида ҳаммаси баён этилган. Уларни шу пайтгача бирор кимсага кўрсатмаганман. Кўрсатолмайман ҳам… Лекин сенга бераман, — деб тўшакнинг қатидан эски дуррага тугилган қалин-қалин дафтарларни олиб, қўлимга тутқазди. Улар сарғайиб, титилиб кетибди.
— Ўҳ-ҳў, булар сизнинг кундаликларингиз, шекилли?..
— Йўқ, иним, буларга кунлар ҳам йиллар ҳам қўйилган эмас. Шунчаки фурсат топилганда ёзилган, холос.
— Ижозат берсангиз, бир ўқиб чиқсам…
— Танишиб чиққанингдан сўнг олиб келиб бер. Менинг ҳеч кимга айтиб беролмай юрган сирим, муҳаббатим, ҳаётим, андуҳим, шодлигим мана шу дафтарларга дафн қилинган. Илтимос, сендан бўлак ҳеч кимнинг нигоҳи тушмасин, уларга…
— Кўнглингиз тўқ бўлсин, Жўлбўрс ака, ҳаммаси сиз айтгандай бўлади…
Уйга кеч қайтдим. Адолат эжа кўринмас эди. Кастрюлда бўза турарди. Ичгим келмади. Уй ичи қоронғилашиб колибди. Хонтахтанинг устидаги жинчироқни ёқдим-да Жўлбўрс аканинг қалб дафтарларини бир-бир варақлай бошладим.
БИРИНЧИ ДАФТАР
Оҳ, Назира, Назира!
Мени бедор қилиб қўйдинг-ку, бугун ҳам тушимга кирибсан?.. Мактубимни ўқидингми? Қинғир-қийшиқ ҳарфларимга кулгандирсан?.. Майли кулганинг яхши… Мен чиндан ҳам ҳунук ёзаман… Бироқ ўша қўпол ҳарфларим замирида сенга аталган шаффоф, жўшқин муҳабатим яширинган. Ҳозир сен нималар билан шуғулланаяпсан экан? Менга ўҳшаб ўрикларни ажиб гуллаганига суқланиб ўтирган бўлсанг керак? Рост, ўрик гуллари бу йил ҳар сафаргидан-да гўзалроқ очилган! Қолаверса бизнинг Қўнуржазимиз ўриклар маскани эмасми? У нима учун Қўнуржаз деб аталиб қолган экан? Сабаби – бу диёрга одамларга ёқадиган салқин баҳор келади-да! Назира! Сенинг табассумингда ҳам салқин баҳорни кўраман… Ана, Қўнуржазнинг адирларига офтоб чиқиб келяпти. «Кун чиқаётганини кузатиб туришни жуда-жуда ёқтираман» деган эдинг. Сен тонгни қарши олаётиб, кўзларингни қуёшга термулишга ўргатиб, унинг нурлари билан нигоҳларингни тўлдириб турасанми? Ҳозир нималар ҳақида ўйлаётган экансан? Кўчангдан ўтиб борётганимда сув олгани чиқиб қолсанг эди…
Кеча сариқ ёлли отимни эгарлаб, солиқ баҳона эшигингларга борган эдим. Афсус, бормай турсам бўларкан. Отанг дарровгина солиғидан қутилиб олди. Чойга турмадим. «Қизим, секретар ўғлимга нон билан қатиқ олиб чиқ», деди отанг. Сен астагина косадаги қатиқни менга тутдинг. Косанинг остидан бармоқларингдан бирини қисиб қўйишга аранг улгурдим. Отанг бу пайт мен ёзиб берган квитанцияни катмонига солаётган эди. Менга ҳиёл тикилиб, ер остидан маюс жилмайиб қўйди. Отангдан истиҳола қилганимдан, сен берган қатиқни даст кўтариб юбордим. Ўшандан буён кўчага чиқмай қўйдим…
Бугун якшанба. Кантўрга бормайман…
Мана, ҳаш-паш дегунча чоршанба ҳам келиб қолди.
Жуда чарчадим. Отамнинг панд-насиҳатларини тинглайвериб, қулоқларим қоматга келди. Ажойиб одам-да. Ўзи-ку бир умр кўпкари тортиб, соч-соқоли оқарди. Ҳозир ҳам кўпкари деса ўзини нақ томдан ташлайди. Улоқ талашади. Менинг дардларимни у қаёқдан билсин? Шундай бўлса ҳам койишини эшитиб, индамай келавердим. Жониворим Сариқёл бугун коримга яради. Берган емимни оқлади. Улкан йиғиндан — бутун бошли оломон ичидан улоқни олиб чиқиш осон иш эмас. Улоқнинг ҳам каттагинаси танланган экан…
Чавандозлар гала-гала бўлиб чопишди, ўзиям. Ҳамма ҳам ғалаба қилишни истайди. Мен ҳам қараб туролмадим. Сариқёлга қамчи уриб, қандай қилиб тўда ичига кириб қолганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Улоқни ердан даст кўтариб олиш осон кечмади. Бировнинг узангиси елкамга тегди. Чидадим. Бир қарасам, отам ҳам от солиб келяпти. Сал нарироқда Назиранинг отаси. Нима бўлганда ҳам совринни қўлга киритишга ҳаракат қилишим керак. Ҳув анави ёлғиз толга етиб олсам бас… Марра меники…
Бир пайт улоқнинг бўйин тарафи отимнинг ёлидан ошиб тушди. Уни ёнбошимдан кимдир тортарди. Кимлигини билмайман. У менга ёрдамлашди. Бир оёғимни ошириб олиб, тулпоримни чоптирганча ҳайқирдим:
— Ҳайт, чуҳ, Сариқёл,ҳайт, чуҳ!
Отлар сурилишди. Атрофим бироз бўшагандек бўлди. Кейин мен иккала оёғимни ҳам ошириб олдим.
— Ҳайт, чуҳ, Сариқёлим, ҳайт, чуҳ!!!
Оломон тарқади. Жониворим Сариқёл отлар орасидан камоннинг найзасидек отилиб чиқди. Дала узра ўқдай учиб борарди. Ортимда қий-чув…
— Айланай, Жўлбўрс, менга узатиб юбор…
— Менга, полвоним, менга…
— Жўлбўрс, менга ошир, менга,— деди отам, чап ёнимдан от бостириб келиб буйруғона оҳангда. Қарасам, жарга рўбарў келиб қолибман. Зудлик билан ортга бурдим. Қийқириб борардим. Назиранинг отасини излаб елардим.
— Секретар ўғлим, менга, менга, — деган овоз эшитилди. Ортимга қарадим. Бу — Назиранинг отаси эди. Унга ошириб юборай десам, чап ёнимда отам чопиб келяпти. Сариқёл эса елдек учиб боради.
— Ҳайт, чуҳ! Сариқёлим, ҳайт, чуҳ!
Назиранинг отаси билан отам икки тарафимда шамолдек чопганча менга етиб олдилар. Эсанкираб қолдим. Қай бирига узатсам экан? Сариқёл бўлса учиб боради. Ниҳоят, Назиранинг отаси яқинлашди. Улоқни унга шарт ошириб қўйиб, ўзим Сариқёлни қамчилаб, ҳайқирганча ўйиндан чиқиб кетдим. Бир пайт Назиранинг отаси ёнимга келди.
— Баракалла, ўғлим! Катта раҳмат! Қувватинг бор экан. Оломондан улоқни тортиб олдинг… Кўп йиллардан буён бу каби кўпкарида иштирок этмаган эдим. Бугун ҳуморим ёзилди. Азаматим, полвоним, — деди.
— Мен индамадим. «Буларни қизига гапириб берса экан», дея ўйлар эдим, ичимда.
Отам эса мени йўл қуйин койиб келди…
Бугун душанба. Селсовет икковимиз раёнга бордик. Бизни солиқ борасида йиғилишда тинглашди. Қаттиқ огоҳлантирдилар. Селсовет қайтишда бировлар билан ароқ ичди. Йўлда атайлаб Назираларнинг қўрғонини бўйлаб ўтдим. Назира кўринмади. Кейин бироз қизишиб олган селсоветни уйига кузатиб қўйдим.
Эртага қишлоқни айланиб, солиқ йиғамиз.
Жума намозидан қайтиб келдик. Отам «ҳеч бўлмаса жума куни бошингни саждага қўймасанг бўлмайди, ахир ҳаммамиз бандамиз. У дунёга борганингда жавоби бор. Таҳорат олиб юр». У ҳар доим намозга кетаётиб шундай дейди. Ўзи эшагига миниб, жума намозидан қолмайди. Мен бормас эдим. Бугун отам қаттиқ туриб олди. Отамни ҳурмат қилганимдан, боришга мажбур бўлдим.
Масжидда Назиранинг отасини кўриб қолдим. Уялиб кетдим. У нима деб ўйлади экан?
Никоҳ тўйига бордим. Биз куёв-навкарлар бир ёнда тизилиб турдик. Қиз тарафдагиларнинг орасида Назира ҳам бор эди. Нигоҳим нигоҳига тушиб, юрагим ўйнаб кетди. Бироздан сўнг қиз-йигитлар ҳовлидаги ўрик остига тўшаб қўйилган гилам устига жамландик. Никоҳ тўйининг барча расм-русмлари давом этар эди. Йигитлар қўшиқ айта бошладик. Менга навбат келди. Назира, сенга тикилиб, биргина сенга атаб, қўшиқ куйладим:
Қорли ерга кўп ётиб,
Қовурғамга қор ботиб,
Толди менинг овозим,
Толган менинг созимга,
Қарға ўти дори дер,
Қарға ўтин сўрасам,
Қашғардан ҳам нари дер…
Қачон қашғар етаман?
Қашғар бориб келгунча,
Дарддан ўлиб кетарман…
Муздек ерга кўп ётиб,
Суягимга муз ботиб,
Бўғилди-ку овозим,
Бўғилган овозимга,
Буғу ўти дори дер,
Буғу ўтин сўрасам,
Бухородан нари дер…
Бухор қачон етарман,
Бухор бориб келгунча,
Балки ўлиб кетарман…
Шундай дея қўшиқ айтдим. Овозимда соғинч ҳам, қувонч ҳам бор эди. Буни ёлғизгина сен тушундинг. Ерга қараганча туравердинг, Назира! Тўй давом этарди. Ғала-ғовур. Менинг қаторимдан яна кимдир қўмиз чертиб, қўшиқ айта бошлади:
Қорайиб турган қошингдан,
Қоп-қора қундуз сочингдан,
Мен сенга ошиқ бўлганман,
О, ўн саккиз ёшингдан…
Мана шу қўшиқни мен айтмаганимга ачиндим. Ахир бу менинг қўшиғим эди-ку! Уни мен сенга айтиб бермаганмидим, Назира?!
Ойнинг ўн беши. Ўрик шоҳларига осилган чироқ нурига омухта ой шуъласи ҳам ёғилиб туради. Куйга-куй, қўшиққа— қўшиқ уланди.
Янгалар келиб неча маротаба куёв навкарларни салом бердиртирдилар. Ҳар гал салом берганимда, мен сенга тикилдим, Назира! Сен эса мулойимгина табассум қилиб қўйдинг. Бироқ буни ҳеч кимга сездирмадинг. Қўшиқ айтиш навбати яна менга келди:
Қишловнинг қизил гулисан,
Қизиқсан, қайда юрибсан?
Қийнади менинг жонимни,
Нозланиб табассум қилишинг.
Яйловнинг яшил гулисан,
Сузугим, қайларда юрибсан?
Қийнади менинг жонимни,
Жон олиб, тикилиб кулишинг.
Вақт алламаҳал бўлганида уйга қайтдик.
(Давоми бор)
© Мияшев Т., 1967. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Қирғизчадан Р.КАРИМОВ таржимаси
Количество просмотров: 3620 |