Главная / Поэзия, Поэты, известные в Кыргызстане и за рубежом; классика / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
© «Ношир» нашриёти, 2001 йил. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 24 январ 2010 йил.
Хилқат
(Шеърий тўпламдан парча)
Қўлингиздаги мўъжазгина рисолага таниқли шоир, ёзувчи, таржимон, бир неча шеърий ҳамда насрий тўпламлар муаллифи, республика Мўлдў Ниёз мукофоти лауреати Раҳим Каримнинг янги шеърлари ҳамда «Гўрўғли» деб номланган драматик достони киритилди. Ўзбек халқ оғзаки ижоди «Гўрўғли», «Алпомиш», «Ёдгор» каби достонларга бой. Раҳим Каримнинг «Гўрўғли» драматик достони эса замонавий оҳангда талқин этилади. Ўйлаймизки, у китобхонларга манзур бўлади.
----------------------------------------------------
Стихотворный сборник ошского поэта Рахима Карима «Хилкат» («Мирозданье») издан в 2001 году в Оше. В книге собраны новые стихи автора и его поэма «Гуругли», («Мальчик, родившийся в могиле»), в которой отражены самые актуальные социальные проблемы нашей действительности.
Карим Раҳим. Хилқат. Шеърлар, драматик достон. – Ўш: «Ношир» нашриёти, 2001 йил. – 40 бет.
ҒАЗАЛ
Субҳидамда тонглардай оппок ўй-
хаёллар суриб яшадим,
Орзулардан музайян, шаффоф уй,
касрлар куриб яшадим.
Кунларимдан қўшиқлар тўқиб,
тушларимдан достонлар уқиб,
Оҳларимдан ғуборни қоқиб, гоҳ
йиқилиб, туриб яшадим.
Сочларини ёзганда офтоб, майда-майда
ўриб яшадим,
Ёноғини тутганда Дунё — лабларидан
сўриб яшадим.
О, камалак рўёблар кўрдим турфа
рангли бу рўё ичра,
Ёруғ лаҳза, нурли дамларга мен
жонимни бериб яшадим!
ҲАЁТ
Ҳафа бўлган бўлмас бугун бир қултум,
Бир хўплам кувонгум эрта ё индин.
Тонгда кулган бўлсам, оқшом йиғлагум,
Бир илим сархушлик, ғашлик бир
чимдим.
Бир томчи мусибат, бир мисқол иқбол,
Бир қошиқ азобу бир ҳовуч роҳат.
Озгина табассум, қатра ёш-зилол,
Бир чеким хасталик, бир ютум сиҳат!
Бир энлик ғалаба ё мағлубият,
Бир онлик нафрату дақиқалик ишқ.
Сония соғинчу лаҳзалик лаззат.
Бир зумлик висолу бир нафаслик рашк.
Тариқчалик туҳмат, ушоқдай сабр,
Тирноқдай хушомад, зиғирдай омад.
Бир тутам ҳаловат, бир тишлам жабр,
Бир дамлик гуноху тоат-ибодат…
Бир дамлам кундузу бир суртумлик тун,
Бир баҳя Қуёшу тиликдайин Ой.
Ҳол каби армону пиликдай афсун,
Заррача ёлғизлик, фаровонлик, вой…
Қовоқларинг учар – мезон, тарозу;
Гўё тортиб берар ёруғ кунларни,
Бир грамм адолат… Маломат, ёҳу!
Паллангдан олиб қўй, Ҳаёт, тунларни.
ҲАЛИ БОЛА ЭКАНСИЗ…
Менга танбеҳ берар нотаниш бир чол,
Эмишки, нотўғри юриш — туришим.
Ҳадеб камситарди койиб оқсоқол
Мен уни тинглардим хам этиб бошим.
Дердиким: «Хар қалай беш — ўн кўйлакни,
Сендан кўра кўпроқ йиртганман, иним.
Бири кам дунёда кўпни кўрмакни,
Менга насиб этмиш Тангрим, Илоҳим!».
Менга боболикка ярар бу чолнинг
Ўгитига қандоқ қулоқ солмай мен?
Гапларида жон бор бу оқсоқолнинг,
Ахир, ёши оппоқ соқолига тенг!...
Шунда қаршимизда бўлди намоён,
Аллақаёкдандир бир оқсоч кампир.
Ўшанда ҳақиқат бўлдими аён?
У чолни «болам» деп чақирди, ахир!
Англасам бу пиру бадавлат момо,
Ўша отахоннинг онаси экан!
Мени койиб турган чол эса — доно,
Ўша онахоннинг боласи экан!
Шундан сўнг ботинда қайтариб бердим,
Чолнинг ўгитларин унинг ўзига.
Соқолига боқиб, овозсиз дедим,
Бир-бир айтиб бердим ўйчан кўзига.
Мени авфу этинг, узр, отахон,
Мендан кўпроқ кўйлак йиртганингиз рост!
Сиз кўпни кўргансиз, этмайман инкор,
Лекин булар мени койимоқ — чун оз.
Чунки Сиз ҳали бу ёруғ оламда,
«Онажоним» дея йиғламагансиз.
Демак, Сиз, отахон, менинг олдимда
Соқоллари оппоқ бола экансиз…
Аламдан мен бундай деётганим йўқ,
Оналар бор бўлсин, кекса оналар!
Умри узоқ бўлсин, тани-жони соғ…
Дунёда кўп бўлсин қари болалар!
МУРДА
Унга энди ҳаёт керакмас!
Унинг учун ёруғ олам йўқ!
Кимирламас, олмагай нафас,
Қоронғудир энди мовий кўк.
Энди унга барибир дунё…
Йиғласалар, кулсалар ҳатто.
Фасод абас, абасдир риё…
У пинагин бузмайди асло.
Энди унга барибир ҳаёт,
Ёмонласа, мақтаса хоин.
Уят ётдир, хис-туйғу ҳам ёт,
Энди унга олам бир тийин.
У ҳам одам эди, бир сайид.
Сизу бизга ўхшаган инсон!
Нафратланган, севган бир пайт,
Йиғлагану кулган бир замон.
У ҳам одам эди бир пайт,
Нафас олган биз-ла ёнма-ён.
Учратгандим ўтган бир ҳайит,
Юрган эди бақувват, соғлом.
У ҳам одам эди бир вақт,
Касби-кори, номи бор одам!
Уйли-жойли, оилали зот,
Алик олиб, бергучи салом.
Ўғилмиди, набира эди,
Ота эди, бувайди ёҳуд.
Акамиди, кимга укайди.
Амакими, тоға, бу шаҳид?
Жиян эди балки кимгадир,
Кимга куёв, кимга ёр эди.
Қайнотадир, балки қўшнидир,
Бировга дўст ё ағёр эди…
Бор эди— я тили, миллати,
Феъл — атвори, руҳи, овози.
Улар қайга учиблар кетди.
Қайга олиб кетди парвози?!
ТЎҚҚИЗ ОЙ
Тўққиз ойда одам бўлади пайдо:
Кўли, оёқлари, кўзлари, сочи…
Тўққиз ойда гўдак беради нидо;
Тўла шаклланиб, ул ё урғочи…
Сен бировга баҳо бермоққа шошма,
Феълу атворини ўрган, ҳойнаҳой!
Унгача яхши ҳам, ёмон ҳам дема, -
Унга мухлат бергин, дўстим, тўққиз ой!
Эзгулик қилса ҳам қобил демай тур,
Ёвузлик қилса ҳам жоҳил демай тур.
Сабр қилиб тургин, ғофил демай тур,
Унга муҳлат бергин яна тўққиз ой!
Фикр қилсанг бўлар бунинг сўнггида:
Тўққиз ойда бари бўлади аён…
Тўққиз ой ичида кўзинг ўнгида,
Ё одам, ё маҳлуқ бўлар намоён…
БЕТОБЛИКДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР
Кўпни кўтаради ҳали бу юрак,
Йўқ, йўқ, осонликча таслим бўлмас у.
Сотқинлик, маломат, жудолик, ё раб,
Ғанимлар қарғишин у кўтарган — ку!
Ға-ним-лар қар-ғи-шин у кў-тар-ган-ку!
Нега энди қувонч, шодлик, айёмнинг
Укпар онларини кўтаролмасин?!
Нега энди мени севган аёлнинг,
Оппоқ тонгларини кўтаролмасин?!
Оп-поқ тонг-ла-ри-ни кў-та-рол-ма-син?!
Намунча титратдинг вужудим, буйрак,
Руҳларин қўзғотиб боболаримнинг?!
Оҳ, Худо ҳоҳласа, ҳали бу юрак
Тўйларин кўтарар болаларимнинг!
Тўй-лар-рин кў-та-рар бо-ла-ла-рим-нинг!
ИШОНГИМ КЕЛАДИ
Алдаб чарчамади мени одамлар,
Мен ҳам чарчамадим алданиб мудом…
«Ҳарип» деб устимдан кулдилар бот-бот…
Барин кўриб турар фалакда Худо…
Алданаётганим билиб турсам ҳам,
Ишониб-ишониб мен яшайвердим.
Сабаби – йўқ эди бўлак иложим,
Боиси – ишонмай яшолмас эдим…
Ишончсиз яшашнинг қизиғи йўқдир,
Майли, дўст алдаса, алдаса рақиб…
Ишонгим келади сизга барибир –
Одам боласимиз барчамиз, ахир…
* * *
Бас, етар! Шахсимни не десангиз денг,
Аразчи дейсизми ёҳуд гинахон…
Бўлак кечиролмам, бўлиб феъли кенг,
Кимки гар дилимни айласа хуфтон!
Ҳеч кимнинг шаънига йўқ гина, кирим,
Фақат тугаб қолди менда кечирим!!!
ДУНЁГА БИР КЕЛДИМ…
Мунажимларнинг таъкидлашича, мен бу оламда учинчи бор яшаётган эмишман. Биринчи гал 1625 йилда, иккинчи марта 1765 йили Лондонда, инглиз оиласида таваллуд топган эканман.
Ким деб ўйлаяпсиз мени, мунажжим?!
Кечиринг, сиз айтган одам эмасман!
Келиб кетаверсам, ҳайҳот, ё раббим!
Наҳотки мен Раҳим Карим эмасман?!
Йўқ, бўтам, шунчаки ёлғон дунёга,
Ҳадеб келиб — кетар меҳмон эмасман!
Раҳим Карим дерлар менинг отимни,
Дунёга бир келдим, бир бор кетарман!
* * *
Фалакнинг гардиши чаппа айланиб,
Қайтиб келиб қолсам дунёга, агар.
Сира иккиланмай, юрмай ўйланиб,
Мен шоир бўлардим, қайтадан албат!
Бунда қирқ йил яшаб англадим ҳикмат:
Бу шундай хилқатдир, бу шундай очун!
Унга келар бўлсанг, мабодо… Фақат
Шоир бўлиб келиб кетмоқлик мумкин!!!
© Раҳим Карим, 2001 йил. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
© «Ношир» нашриёти, 2001 йил. Барча ҳуқуқлари ҳимоя қилинган.
Количество просмотров: 3440 |