Главная / Поэзия, Новые имена в поэзии; ищущие / Литература на языках народа Кыргызстана, Ўзбек тилидаги асарлар
Асар муаллифнинг розилиги билан чоп этилмоқда.
Матнни кўпайтириш, ундан нусха кўчириш ҳамда парчаларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилади.
Сайтга жойлаштирилган вақти: 15 июн 2012 йил
Биз қурган бинолар. Шеърлар
Ўз шеърларимда ясамаликдан узоқроқ бўлишга ва имкон қадар оддий сўзлардан кўпроқ фойдаланишга уринаман. Менинг ижод маҳсулим тор доирадаги адабиёт мутахассилари эмас, балки оддий оммага етиб боришини устун кўраман. Китобни номига келсак, «Биз қурган бинолар» бу менинг ижодим, шеърларим, ҳикояларим, бир сўз билан айтганда – ҳаётим маъноси.
Ўш шаҳри 2011 йил
ШЕЪРЛАР
Ватан мадҳияси
Бир менмас Ватанни куйлаган ҳофиз
Асли муҳаббатга лойиқ сен ўзинг
Киндик қоним тўкилган, меҳр булоғи
Онамдай жон фидо, азиз ҳар сўзинг.
Тўғри, Ватан асли сўзлаган эмас
Балки сўзлаши ҳам эмасдир лозим
Яна барчамизни севмоғи мушкул
Балки кимлардандир бўлолмас рози.
Истасанг, Ватаннинг не эканлигин
Қўлдан келганича таърифин айтгум
Аминман, оламни кезмайин қанча
Шу она тупроққа барибир қайтгум.
Ватан – бу ўз уйинг, ўлан тўшагинг
Ота-она, оила, жигарларинг ҳам
Майли нобоп, лой кўча, ариқдаги сув
Ҳўв, жанжалкаш ён қўшни, қир-адиринг ҳам.
Ватан ҳавосидай йўқ тоза ҳаво
Ватаннинг нонидай ширин нон қайда?
Ватан менсиз, балки, ҳеч не йўқотмас
Мен ўзимни йўқотгум, бегона жойда.
Қирғизистон
Дунё харитасин варақлай туриб
Баъзи бир маълумот тушди кўзимга
Қарангки, бор экан икки юз давлат
«Миллат ҳам кам эмас» – дедим ўзимга.
Одам сони қанча? – сўрадим яна
Миллиарддан еттиси ортда қолганмиш.
Пойганинг бошида эмиш хитойлар
Иккинчи ўринни ҳинду олганмиш.
Қайсидир давлатда ойлик экан зўр
Кимдадир таомнинг тури экан кўп
Бор экан хаттоки яланғоч эллар
Қуёшнинг тафтидан қораймишлар хўп.
Ўтириб бир мунча юргиздим фикр
Қай бир ўлка менга бўлар эди мос?
Дунёнинг қай бурчи ўзим кутгандай
Менинг турмуш-тарзим, истагимга хос.
Бирисин у дедим, бошқасини бу
Яна бири узоқда, бири кўп яқин
Сал ёқтирган ўлкада экан кўп иссиқ
Бошқасини танласам, бунчалар салқин.
Хуллас ўйлаб ўйимга етдим, барибир
Олис манзил ёқармиш, уч кун, меҳмонга
Сени Ватан дедим – Қирғизистоним!
Боринг ҳам, йўғинг ҳам тандир мезбонга!!!
Ўш
Эгасан уч минг йил, қўҳна тарихга
Хива-ю, Самарқанд сендан анча ёш
Не зулмат-замонлар, бою-бекларни
Кўрмади, сочингга оқ қўнмаган, бош.
Бобурдай шоҳнинг ҳам нигоҳин тортган
Тахти-Сулаймонтоғ эмасми мавзу
Жаннатнинг меваси Оқбурасойинг
Ҳамон кўплар учун ушалмас орзу.
Тўқтағул, Навоий боғларинг бугун
Анвойи гулларнинг атрин таратар
Ҳар ишда маҳкамбел қиз-йигитларинг
Энг янги тарихинг бобин яратар.
Ҳамиша бор бўлгин, ўсиб чор тараф
Сенсиз Қирғизистон олғалай олмас
Ота-боболарнинг руҳи-ҳикмати
Шундайин азиз юрт бемеҳр қолмас.
Шаҳарликлар
Бугун ҳам тонг отди, навбатдаги тонг
Аста уйғонади толиққан шаҳар
Бир-бир пайдо бўлар кўчада одам
Шошилиб-шошмасдан, каллаи-саҳар
Тўлар машинага чанг ютган кўча
Камига тутатиб аччиқ тутунин
Арава, эшаклар, гадойлар турфа
Баъзан қўлтиқлашиб эрлар хотинин.
Зум ўтмай шаҳарда бошланар ҳаёт
Бир-бирин алдашар савдогар халқи
Бу гал мен алдансам, чархпалак дунё
Эрта алдагайман, фақат шу фарқи.
Узоқ яқинлардан келар меҳмонлар
Ҳавас қилиб шаҳарнинг турмуш тарзини
Бирови яйрайди, куйгай бошқаси
Бояқиш кимга ҳам айтсин арзини.
Ўтирар йўлакда саноқсиз фолбин
«Бахтими-тахтидан» кўрмоққа ҳозир
«Футлото», «Лототрон», беш-ўн «Казино»
Бошни айлантириб олишар назр.
Шапалоқдай шаҳарда ўндай олийгоҳ
Дарёнинг сувидай беҳисоб «Такси»
Уриниб-суриниб, бир бор «Воҳ» демай
Шундай давом этар бу ҳаёт рақси.
Аста-секин қуёш ҳам оғиб боради
Қора тун қоплайди шаҳар устини
Шу ерда туғилдим, ўсдим, улғайдим
У қандай бўлмасин умрим устуни.
Иссиқ-кўл бўйидаги ҳаёллар
Шовқинингга тутаман қулоқ
Гўё тарих аксин кўраман
Тўлқинларинг оғушларида
Ўйга чўмиб хаёл сураман.
Олиб қочар хаёлларимни
Тубсиз бағринг, бепоёнлигинг
Ким учундир етишган орзу
Бировларга кўп армонлигинг.
Яратганнинг қудрати улуғ
Гўзаллигинг таърифи чексиз
Бўлсанг ҳамки, майли фақат кўл
Аммо қалбинг мисли бир денгиз.
Қуёш ўйнар тўлқинларингда
Балким осмон давомчиси сен
Сени йўқлаб, кезган сайёҳнинг
Етолмадим саноғига мен.
Қирғиз элин ғурури сенсан
Мангу тургин асрлар оша
Яна минг йил ҳавас-ла боқиб
Дунё аҳли қилсин томоша.
Парижга йўл бўлсин
Парижни туш кўрдим, ўша тушимда
Эйфел минорадан боқардим пастга
Ҳўв ана одамлар, чумолисимон
Уймалашиб юрар тўлиб ҳавасга.
Кимнидир қўлида кинокамера
Айланиб суратга олар эрикмай
Калташим эркаклар, соч-соқол пахмоқ
Аёллар, ҳабашлар, кезар зерикмай.
Сўнгра аста-секин алмашади уфқ
Тахти Сулаймон тоғ пойим остида
Бояги кўриниш, тумонат меҳмон
Зиёратчи бисёр баланд-пастида.
Ҳаво ҳам алмашар, нафасим эркин
Париж йўлда қолар, қайдан бўлсин тенг
Хизр назар солган Она юртим, Ўш
Сен дунёда ягона мен учун энг-энг!
Чотқол
Тоғ ортидан яна тоғ, узундан узоқ
Баланд-паст жилғалар, сойлар ватани
Босиб ўтиб Ўш, Ўзган, Жалобод, Сузоқ,
Карвон. Олабуқа, Чотқол маскани.
Гал келса чанг-тупроқ, эзилган йўллар
Баъзида йўқ эмас равон асфалти
Учрайди йўлингда сув тўла кўллар
Табиат қўли-ла, ёзган дастхати.
Олтинга серобдир дарёлар бунда
Насиб бўлса топгайсан, эринмасанг бас
Тунни тонгга улаб қазишар кунда
Мехнатнинг меҳнати у, эмас бир ҳавас.
Сўзсиз, табиати дилни яшнатар
Ўрмон ҳам адирлар бунда, бариси
Ичсанг гар қимизин тойдай кишнатар
Шунданми кайф ичра ёшу-қариси.
Яна табиатдан излайсан роҳат
Кўм-кўк қир-адирлар, ўрмон, тоғлардан
Бўлса гар имконинг айла саёҳат
Қизғалдоқ бўй чўзган боғу-роғларда.
Ёшликни қўмсаб
Тубсиз юрагимда бир ҳис туяман
Яшириб не қилай, ҳамон суяман
Армонларим қаърида ўртаб-куяман
Бугун сени бир бор эслагим келди,
Хаёлимда сақлаш тилагим энди.
Йигитлик қалбимда уйғонгач туйғу
Тунлар кўзларимдан қочганда уйқу
«Муҳаббат» сўзига бергандим урғу
Бугун ўша кунларни эслагим келди,
Бир умр хаёллар маслагим энди.
Навбаҳор мен учун ёзганди куртак
Оламга сиғмасди лола – гулчечак
Ҳаёт гўзал эди, гўё бир эртак
Бугун ўша дамларни эслагим келди,
Эсласам ёшлигим қайтарми энди?
Умр аста-секин борар поёнга
Хаёл кўпроқ кетар фойда-зиёнга
Энди иш тутаман боқиб замонга
Қувончим, армоним фақат сен энди
Ғўр ёшлигим, у кунни, эслагим келди
Ёшлигим, ҳеч қачон қайтмас ёшлигим.
Олай маликаси
Майдон ўртасида, супача узра
Хиёл ўйга толиб, турар ҳайкал жим
Кўзлари тикилган қайси нуқтага?
Ғамгин юзларини босмагай ажин.
Пойига тўкилган бир қучоқ гуллар
Бирозга бўлса ҳам ёзолмас дардин
Тирикликда кўрмаса, недир фойдаси?
Ўлгач тан олинса, инсонлик қадрин.
Юртим – деб,
элим – деб,
майли – фарзандим
Яшаган шамдайин, бериб, тафтини
Аёл боши билан, юртга бўлиб, бош
Етим-есирларга тутган кафтини.
«Замоннинг зайлига ўкинмай, мағрур
Эгилиб яшашдан афзалдир ўлим
Бошга тушганини кўрар кўзимиз,
Тиз чўкма, мардларча жон бергин ўғлим!»
Фарзанднинг куюги қанчалар оғир
Ва лек халқ тинчлиги устун боладан
Қамчибек бўлса ҳам юрак парчаси
Асрагани маъқул, элин балодан
Бу оқшом пойига яна бир талай
Турли-туман гуллар сочибди кимдир
У ҳамон тикилмиш олис нуқтага
Кўнглида не кечар?
Айтмагай,– жимдир.
Ҳур қиз
Бу ҳаётга тўймаган эдинг
Ёшликнинг баҳори авжида
Жаҳолатдан бевақт панд единг
Дунёни тарк этдинг, Мавжуда
Гуноҳкорсан, гуноҳсиз ё Раб
Бошинг маъломатга қўйдилар,
Суриштирмай, айбдор санаб
Пичоқсиз-болтасиз сўйдилар.
Айбинг-аёллигинг, эмасди гуноҳ
Бировга қаро кун раво кўрмасдинг
Кундошнинг қаҳридан бўлмади паноҳ
Во дариғ, дардингга даво келмасми?
Ўйлаб ҳам кўрмади ўша ялмоғиз
Қилган ишларининг, наҳот, орлигин
Виждон куйиб битсин, сўзсиз бир оғиз
Кўрмасин дунёда роҳат борлигин.
Тинч ётгин Мавжуда, дардлардан халос
Кўрган азобларинг жаннат учун йўл
Гулласин қабрингда лолалар қийғос
Яратганнинг бўлсин марҳамати мўл!
Дунёдан бевақт кўз юмган,
ожиза Мавжуданинг руҳи шод бўлсин.
Онажоним
Бўлгани эллик беш баҳор деганда
Тақдирга тан бериб, кетдингиз Онам
Топмайин изингиз, ўғил-қизингиз
Мурғак қалбларига тўлди ғам-алам.
Емайин – едириб, киймай – кийдириб
Оҳ, – десак, бошимиз узра парвона
Тунлар бешик қучиб, кечиб уйқудан
Керак бўлса – жонни бердингиз, Она!
Улғайдик фарзандлар, уч қиз, уч ўғил
Энди ўзимиз ҳам ота ё она
Не савдо, эсласак Сизни гоҳида
Кўпроқ фарзандимиз кутамиз ёна.
Шубҳасиз, Сизни ҳам бола чоғимиз
Билиб ё билмайин ранжитсак керак
Баъзан фарзандимиз панд берса, ногоҳ
Биз каби дилингиз оғриган, демак.
Лекин Сиз Ойижон, Она эдингиз
Бир умр оғзидан чиқмаган қарғиш
Неки бўлса, барин, кечириб дилдан
Фақат «ўлма болам» деган бояқиш.
Сизга ўхшамоқлик бўларми насиб?
Гарчи томиримда Сизнинг қонингиз
Ойижон, тириксиз, тирик то абад
Токи, менинг юрагим, Сизнинг жонингиз
Тушдаги парвоз
Ёшлик кезларимда раҳматли Ойим
Хўп яхши дердилар, учмоқни тушда
Эмишки, бандаси бўлса гуноҳсиз
Қанот ато этмиш, мисоли қушдай.
Ўша дамлар баъзида қилардим парвоз
Гоҳо ойга, гоҳида, қўшни қишлоққа
Сўнгра катта ҳаёт тортди домига
Ўхшаб гоҳо равонлик, кўпроқ тошлоққа.
Тушлар ҳам тинимсиз алмашарди, воҳ!
Дунё ишларига боғлиқдай сезиб
Аммо йўқолганди тушдаги парвоз
Ҳарчанд изламайин, юрагим эзиб.
Шундан бери кутардим, аммо йўқ қанот
Баъзан оёқлар ҳам қўярди босмай
Тушни туш дейман-у, дилда нотинчлик
Гўё қилган ишим тушимга мосдай.
Кунлардан бир куни уйғонди Иймон
Ўзимга саволлар бера бошладим
Кўнгил тўлган ишим бармоқ-ла санаб
Ўтган умрим учун кўзим ёшладим.
Йиқилдим жойнамоз узра тонг саҳар
Юрак топди таскин, юмшади қалбим
Бор экан ҳаётда ўзгача маъно
Иймон-ла яшашдан ортарди завқим.
Хаёл
Қуёш ғарбга қараб бораркан ботиб
Умр ҳам не маҳал ўтган чошгоҳдан
Сочим қиров босиб, боламан тағин
Гўдаклик ҳислари қўзғар гоҳ-гоҳда.
Ёдга тушар яна ёлғиз из кўча
Суви тўлиб-тошган Увом дарёси
Сўрида ўтириб тўшак қавиган
Раҳматли ойимнинг ёрқин сиймоси.
Уйимиз томида бир туп қизғалдоқ
Эрта келган баҳордан берарди дарак
Шип тагида қурилган қалдирғоч ини
Болалик қалбимга завқ берган, бешак.
Сочимиз тўзғиган, оёқлар яланг
Кўчани чангитиб, тепардик тўпни
Мактаб ҳам чиқмаган ёдимиздан ҳеч
Пухта билим олдик, қолдириб кўпни.
Ватанга содиқлик – энг олий бурчим!
Ҳарбий хизмат қилган, бизни мард ўғлон
Бошга қилич келса, тўғрисин сўзла
Одамни хор қилур бир куни ёлғон.
Шундайин яшадик, яшамоқдамиз
Энди кўп хислатлар қолмиш китобда…
Анчайин ўзгарган биз босган замин
Аслида жамият ўзи бетоб – да?!
Диёнат
Айтмасам бўлмайди, қичишар тилим
Айтсам кўнгил оғрир. ачишар дилим
Не кўз билан кўрмайин. замондошларим
Виждондан адашиб, бузилар элим.
Уруғ – уруғларга парчалаб барин
Қайсидир моҳир қўл иш тутар зимдан
Бошқаси ёндошар қўли баландга
Беш-ўн сўм пул тушса, фарқи йўқ, кимдан.
Куни-кеча «содиқмиз» деган кимсалар
Бугун иккиланмай бузишар аҳдин
Саҳар шарққа боқиб, оқшомчи ғарбга
Кунгабоқар мисоли пойлашар пайтин.
Бир ниқоб ечилар, кийиб бошқасин
Наҳот одамзоддан кетар диёнат
Баландроқ курсими, ё берса давлат
Тап-тайёр, қасамга қилар хиёнат.
Беш кунли дунёда иш-амал талаш
Ер талаш,
сув талаш
ҳам давлат талаш
Қиёмат-қойимни ўйлагувчи йўқ
Жон талаш,
қон талаш,
ҳам ғафлат талаш
Одамзод, қачон ҳам очасан кўзинг?
Ўткинчи дунё
Қизишдим.
Беҳосдан кимнингдир дилин оғритдим
Айтган сўзларимга бермай эътибор
Суяксиз тил кириб шайтон измига
Сўнгра, тавба қилдим,
такрор ва такрор.
Паст кетдим.
Кўзим куйди бировнинг ҳалол молига
Бироз қалбдан ўтди, унга ёмонлик
Ақлим йиғиб олдим,
дунё ўткинчи
Тавба қилдим,
тиладим унга омонлик.
Кексайдим.
Вақт ўтиб, қариб бораман
Билмам кўпроқ қилдим
Гуноҳ ё савоб?
Дунё ўткинчидир,
дунё ўткинчи
Тавба қилдим,
барига берамиз жавоб…
Биринчи ўқитувчим
(Минаввархон опа Низомиддиновага Л. Толстой номли ўрта мактаби – 1962 йил)
Бизлар кўпроқ эдик, ёлғиз ўзингиз
Етти ёшли гўдаклар тарбиячиси
Гўё бизлар полапон, митти жўжалар
Сиз-чи, она товуқдай, ҳимоячиси.
Ўрни келса артгансиз бурнимизни ҳам
Онамиздай меҳрибон, дилкаш эдингиз
Аямайин вақтингиз, соғлигингиз ҳам
Болаларим ўқигин, ўқи дедингиз.
Мудом беш қўл баробар бўлган эмас, рост
Биримизга «4» баҳо, кимимизга «3»
Ўттизимиз олгандик юрак тафтингиз
Сиздан ҳануз розимиз, ҳафамасмиз ҳеч.
Ўтди йиллар орадан, улғайдик бизлар
Сиз аксинча, кексайиб, қариб қолдингиз
Агар адашмасам минг ўғил-қизнинг
Биринчи устози номин олдингиз.
Бугун Сиздай зотга қиламан таъзим
Сизга минг бор раҳмат, азиз устозим!
Катталар
Не куйларга солдингиз юртни, катталар
Нечун халқ кезади, беиш – дарбадар
Қачон. ким ҳолидан оларкин хабар
Эҳ катталар, катталар. эссиз катталар.
Гуллаган бир ўлканинг ҳар ёғи вайрон
Ўйлаб ўйга етмайсан, ҳамма ҳам ҳайрон
Билак тўла куч йигит, гар сотса айрон
Эртамиз не бўлади? – эҳ сиз катталар.
Ҳар бир бошда бир фикр, нон топсам бугун
Дунёни сув босмасми, майли эрта кун
Ечилмаган жумбоқ кўп, қалбимиз тугун
Халқни не деб кўрасиз? – оҳ сиз катталар.
Ота фарзанд олдида жавобгар албатт
Халқ фарзанд – сиз отасиз, сизга ҳам навбат
Тўйсин халқ, ҳам дуодан – «отангга раҳмат»!
Унинг, ўсинг катталар, воҳ сиз катталар…
2002 йил
Аждарга айланган паҳлавон
Бу дунё кимга ҳам қилипти вафо
Чингизхон, Искандар, Фиръавнми ё
Кўрдик, қувончидан оз эмас жафо
Барибир одамзот кўзинг тўймайди.
Гўё олгандайсан тангридан рухсат
Худди ўлмагайсан, бор сенга муҳлат
Неки бойлик бўлса, сенингдир албатт
Бу кун очга қолган нафсинг қўймайди.
Бир тешик қолмади сен суқмаган бош
Кўпларнинг кўзидан оқди қонли ёш
Бир кун тегар охир сенга отган тош
Ўйлайсан, атрофда кўрлар, кўрмайди.
Сенгача бу ўрин эмас эди бўш
Оқибат не бўлди, қайга борди, хўш
Қарға-қузғунларга бўлма бир кун гўшт
Сақламас мол-дунё, ким ҳам ўлмайди.
Ҳақнинг ҳақ қозони қайнармиш секин
Бир кун томоғингдан олармиш текин
Тавбага бор муддат, эртачи, лекин
Ҳар қанча аттангдан фойда бўлмайди.
2009 йил
Қонли чоршанба
2010 йилнинг 7 апрелига атайман
Беш йил тарих учун зумдайин лаҳза
Кўз очиб юмгунча, ортингда ҳаёт
Бугун Қирғизистон тутмоқда аза
Оламни қоплади қон, йиғи, фарёд.
Уч эмас, еттимас, ўн бошли аждар
Халқни қонга белаб, қақшатди чунон
Дастидан қанча эл бўлди дарбадар
Яна ўққа учди, неча мард ўғлон.
Нафсининг чеки йўқ, йиғди мол-дунё
Лафзнинг кўчасидан ўтмаган қонхўр
Гапининг рости йўқ, ваъдалар риё
Қилмишига яраша бўлгай бир кун кўр.
Қирғизим ҳеч замон чўкмаганди тиз
Элининг тарихин билмаган манқурт
Энди мангу қолар сендан қонли из
Қарғишга қўл очди ғазабли эл-юрт.
Она – ер титради, титради фалак
Осмоннинг кўзидан қуйилди ёшлар
Етмиш ўғлон қабрида эл-олам ҳалак
Мункайиб эгилди не мағрур бошлар.
Ўзинг ҳам, уруғинг, топмасин рўшно
Халқингга хоинлик қилдинг, нафсни деб
Бола-чақанг билан шайтонга ошно
Бу дунё – у дунё ўтгин азоб еб.
Менинг отам
Орзулари олам-олам, ҳаёл сурган
Фарзандларим камоли – деб, ўйда юрган
Дунёдаги энг муҳтарам, ким ул одам?
Билмаганлар билиб олсин, менинг отам.
Ўғил-қизим чироғимни ёқувчи, деб
Қишда совуқ, саратонда ўт-олов еб
Бир кунгина дам олмоқни ҳиёнат, деб
Жабборга жон берган ўшал менинг отам.
Ош емаган, фарзандларим ризқи, ахир
Етим молин эп кўрмаган, дея сағир
Пешонага ёзилганин кўрди охир
Хайр-хўшни нася қилган менинг отам.
Эрта-кечдир, энди дуо мен айлайман
Яратгандан мағфират қил, деб сўрайман
Фарзандларим камоли ҳам, деб қарайман
Ҳаётимда мактаб бўлган менинг отам.
Ойижоним Муборакхонга
Жуда ёш кетгансиз, бизни қолдириб
Фарзандлар кўзини ёшга тўлдириб
Дадам ҳам қолганди, етимдай ғариб
Ойижон, жудаям Сизни соғиндим!
Йилларни қувалаб ўтар қанча йил
Ҳамон кўникмайди тўймаган кўнгил
Ичикиб, дадам ҳам кўз юмди охир
Ойижон, жудаям Сизни соғиндим!
Тўй қилдим ўғилга, олдик келинлар
Уйимда янгради «ёр-ёр, ўланлар»
Набиралар туғилди, қиз ҳам ўғлонлар
Ойижон, жудаям Сизни соғиндим!
Ўғилларим эркалаб тўлиб-тошгансиз
Иҳ, деса Сиз кўпроқ чопиб-шошгансиз
Бор-йўғи элликдан энди ошгансиз
Ойижон, жудаям Сизни соғиндим!
Фақат тушларимда кўраман ногоҳ
Яхши-ёмон ишимдан қиласиз огоҳ
Дадам ҳам қўл ушлаб туради гоҳо
Ойижон, жудаям Сизни соғиндим!
Бувамга
Хотирлашга лойиқ инсон эдингиз
Барчанинг кўнглини олгансиз бирдай
Маҳаллада бошқа бўлмаган одам
Соддадил, ёқимтой, кўнгилчан сиздай.
Бағрингиз кенг эди, юрак эди кенг
Бувижон, қанчалик сизни суярдим
Жуссагина қомат, дунёларга тенг
Меҳрингизни доим қалбда туярдим.
Кун келди, сафарни билдингиз, суннат
Мулойим кулганча юмилган кўзлар
Охират кунига захира меҳнат
Мудом ёдда турар сиз айтган сўзлар.
Тоғам Холмуҳаммадга
Болалик кунларимда
Уйқусиз тунларимда
Тўлганда юракка ғам
Асқотган экан тоғам.
Йил ўтиб улғайганча
Тушундим ўзим анча
Чиндан тоғам меҳрини
Қалбим тортган сеҳрини.
Озроқ бўлса муаммо
Келмаса қўлдан аммо
Тоғамга югурардим
Айтиб ҳам улгурардим.
Бирозгина ноз қилиб
Ишончимни хўп билиб
Ҳеч қачон, йўқ, демаган
Ҳаёлга ҳам келмаган.
Йигит бўлиб чўздим бўй
Севгига чулғанди ўй
Тоғам бўлди сирдошим
Кўп жойларда йўлдошим.
Тортинмай ҳеч дардимни
Очар эдим қалбимни
Билса берган маслаҳат
Солганман қулоқ албатт.
Ўтди яна талай йил
Меҳридан толмади дил
Кексайиб тоғам абгор
Дардлардан бўлди безор.
Ҳориб-толиб, сўнгида
Шамдайин, кўз ўнгимда
Ёниб, тоғам, сўнди, Оҳ
Жаннатинг сунгин Аллоҳ.
Ёдлайман тоғам ҳар он
Намоз ҳам дуоларда
Ажабмас унинг руҳи
Сайр этар самоларда.
Укам Ғофуржонга
Йиғлаб туриб келдинг дунёга
Кулган кунинг бўлди жуда кам
Қирқ довондан ошмай, ушбу кун
Бизларни ҳам йиғлатдинг укам.
Тақдир бўлди бунча беаёв
Падарларин меҳрин тотмаган
Бир ёстиққа бош қўйган аёл
Ғурурини эзиб, топтаган
Дардларингни тўкиб ташласанг
Юрагингни бўшатсанг ногоҳ
Балким яна яқин бир аср
Сенинг учун қазилмасди чоҳ.
Олисларни қўмсади қалбинг
Токи чиқса шу билан алам
Оҳ, шунчалар шўрми пешонанг?
Қувиб етди у ерда ҳам, ғам.
Кўпчиликдан ташвиш қўрқарди
Ёлғиз юрак беролмади дош
Ўзга юртда мунғайиб, сассиз
Жон таслиминг кўрмади сирдош.
Йиғлаб келдинг, кетишдан аввал
Тўккандирсан яна қанча ёш?!
Кечир укам, гумроҳ акангни
Укаларга бўлолмадим бош…
Ёдгорлик
Ойижоним баъзан-баъзан
Кириб турар тушимга
Гоҳо хурсанд, гоҳи лолман
Келолмайман ҳушимга.
Ўлмагандай, тирикдайин
Баъзан берар маслаҳат
Гоҳида жим, қовоқ уйиб
Қилмайди бир ҳаракат.
Турасолиб ҳовлимиздан
Қидираман изини
Хабарлашиб кўришаман
Ўғил-у ҳам қизини.
Узоқларга кетсам баъзан
Капалакдай йўлимда
Бошим узра қоқар қанот
Гоҳи қўнар қўлимга.
Баъзан турар биргалашиб
Дадамлар ҳам ёнида
Тирикликда айтардилар
«Аянг менинг жонимда».
Иккилари маслаҳат-ла
Йўл кўрсатар ишимда
Гоҳо, йўлим бўлса ночор
Қайтаришар шаштимдан.
Уйғонаман баъзан чўчиб
Топай дейман ўнгимда
Ёнимда йўқ ҳеч бирлари
На чапда на ўнгимда.
Уйқу келмас саҳаргача
Эслайман ҳар сўзини
Бир онгина кўрсам дейман
Тирикликда ўзини.
Неки бўлса аллоҳдан дер
Жаннат бўлсин жойингиз
Ойижоним, дадажоним
Кўзга суртай пойингиз.
Армон
Кўпдан бери отаман, фарзандлар қатор
Уч ўғил ҳам қизим бор, эмасман ёлғиз
Лекин менинг дилимда, айтсам, армон бор
Кесилгандай пичоқда, жуда чуқур из.
Айрилганман отамдан, инсонга мерос
Ота ўлса қабрга қўяр бош ўғли
Йиғи-сиғи, эҳсонлар, урф-одат холос
Бизлар мўмин-мусулмон, барчаси тўғри.
Яшаганлар оз эмас, инсон ҳаётин
Етмиш учни орқалаб кетди қабрга
Меҳнат, меҳнат, меҳнатдан чиқмай куну-тун
Мени мудом ўргатган чидам-сабрга.
Эсим таниб кўрмадим, олганини дам
Якшанба ҳам, шанба ҳам борарди ишга
Санаторий-курортни эшитмаган ҳам
Топганини таширди уйга, емишга.
Ўғиллардан кутганди кўп орзу, ҳавас
Ўқитганди мени ҳам узоқ шаҳарда
Қийналса ҳам ҳеч қачон нолиган эмас
Кеч ётса ҳам уйғониб, эрта-саҳарда.
Афсус, афсус ўғиллар оқламадик биз
Бир отани уч ўғил кўнглин олмадик
Ўзга бериб эътибор, эҳ эссиз, эссиз
Отамизни ажалдан сақлаб қолмадик.
Касал ётиб, тўшакда берганида жон
Бу аламлар, эҳтимол, менда бўлмасди
Олиб кетсам уйимга шу кун, ўша он
Балки дадам соғ юриб, ҳали ўлмасди.
Шаҳид кетди дунёдан, битилгандир шу
Айбдорман – айбсиз, кўнглин сезмадим
Кўрдим шу кун сўнги бор, кўз юмди мангу
Сўнг қидирдим-топмадим, қайни кезмадим.
Дадажоним, розилик сўраб улгурмай
Мангуликка шошдингиз, тупроқ тўймайди
Қидирайин қайдан из, қайга югурмай
Ўша кунги хотира, армон қўймайди.
Жаннат бўлсин жойингиз, охират обод
Мендан тегар сиз учун дуо-фотиҳа
Фарзанд тутсин отасин ёдда умрбод
Ота улуғ, ҳам азиз инсон зотига.
Ўтган ота ва оналаримизни аллоҳ раҳматига олсин
Сабоҳат
Юлдуз тўла осмонимсан, Сабоҳат
Ёзилмаган достонимсан, Сабоҳат
Босган изинг, қизим тўлсин гулларга
Чаман боғу-бўстонимсан, Сабоҳат.
Ойни сенга тенглаштирсам, ой хира
Ёқимтойсан, чиройлисан, бокира
Ёлғиз қизим, яратгандан сўрайман
Униб-ўсгин, завол кўрма сен сира.
Ширин қизим, асалимсан, қандимсан
Томирда қон, юракка дилбандимсан
Сабоҳатим, жоним қизим, кўз нурим
Тангрим берган суюкли фарзандимсан!
Наима қизимга
Биздан олисдасан, ўртайди соғинч
Кўргимиз келади – сония сари
Олис бўлсанг майли, бўлгин фақат тинч
Бу оғир кунларнинг, ўтади, бари.
Кимлардир ўйнади тақдирлар билан
Одамзод бошига ёғдириб бало
Тариқдай сочилиб чор тараф ҳайҳот
Ўзбегим хорликдан бўлгайми адо?!
Кунга ой улашиб, ўтди оғир дам
Вақт, асли, ярага гўё бир малҳам
Ортда қолар бир кун, бу кечинма ҳам
Қизим, изга тушар биз билган ҳаёт.
Яна кунлар келар осуда, оппоқ
Лим-лим коса мисол, тўлиб-тошган бахт
Биз учун келажак нур сочар порлоқ
Фарзандлар камоли, мисли, тожу-тахт.
Севарага
«Келин тушди» бўлди, келганда фурсат
Шерзодим бошини иккита қилиб
Тангримга шукурлар, қизимсан бугун
Ўғлим адашмаган, танлабди билиб.
Сен келган кунданоқ остона хатлаб
Уйим фариштаси кўпайди чандон
Ризққа ризқ қўшилди, бахтимизга бахт
Бугун сенинг билан ёруғ хонадон.
Ойинг ҳам берганди тўғри тарбия:
«Қизим, обрўйимиз сақлагайсан»,– деб
Даданг меҳнатининг самараси бу
Етдинглар вояга ҳалол луқма еб.
Яратган, қудратинг улуғ нечоғли
Яқинми – йироқми, кимнинг тенги кимким
Биздан аямагин марҳаматингни
Паноҳингда ҳамиша асрагин, Тангрим.
Маҳфузага
Яхши ният– ярим мол, шундай нақл бор
Излар эдик ўғлимга суюкли бир ёр
Насиб этди яратган, кутгандан бисёр
Шукурларим ўзингга, ёлғиз Аллоҳим!
Уйим тўлди қувончга, кулар кўзлари
Чарчоғингни тарқатар ширин сўзлари
Доим турсин оловлаб ширмон юзлари
Шукурларим ўзингга, ёлғиз Аллоҳим!
Ёлғиз қиз – деб куярдик, узатсак армон
Ойисига кексайгач, ким бўлар дармон
Бир-биридан қизларим шундай меҳрибон
Шукурларим ўзингга, ёлғиз Аллоҳим!
Набиражонларим
Тома-тома кўл бўлур, кўл эса денгиз
Ҳаёт ҳам жон бериб, борлиққа буткул
Набиражонларим – бойлигим, тенгсиз
Кексайган умримни яшнатар гул-гул.
Биринчи, иккинчи, учинчиси бор
Насиб этса аллоҳим, туғилар қатор
Сиз туфайли ҳаётим– ҳамиша баҳор
Набиражонларим, набираларим.
Қувондим, Нозима– қалбим чечаги!
Абдуллоҳ набирам – умрим эртаги!
Заҳро, бугун мисли – баҳор куртаги!
Набиражонларим, набираларим.
Гоҳо ёнимдасиз, олисда баъзан
Руҳимга куч берган – сиз тонгги азон
Фарзандим фарзанди, суюкли фарзанд
Набиражонларим, набираларим!!!
Набирам Нозимага
Қанча излай топмайман қиёс
Ўхшатмоққа дунё ўзи кам
Сен умримнинг янги баҳори
Кўзим нури, азиз набирам.
Ҳар янги кун бошланар сендан
Кулгинг узра кўринар қуёш
Юрагимни тилар тиғдайин
Ногоҳ чиқса кўзларингдан ёш.
Бўлиб эрмак оиламизга
Сенинг билан уйимиз бозор
Ҳатто ухлаб тургунинг қадар
Чидолмаймиз, бўлиб интизор.
Кафтдан-кафтга ўтиб, эркалаб
Ўсавергин, бўлиб эркатой
Сен улашган митти меҳрдан
Бу кенг олам оларкан чирой.
Набирам Абдуллоҳга
Қатор– қатор набирани
Ким ҳам ҳавас қилмаскан
Ўғил бўлмай қиз бўлса ҳам
Ҳеч ким араз қилмаскан.
Ўнта бўлса ўрни бошқа
Иккинчиси бўлдинг сен
Ҳали мурғак бўла туриб
Кенг оламга бўлдинг тенг.
Исм бердик Абдуллоҳ, деб
Бўлгин қули Аллоҳим
Умр билан ризқинг берсин
Берсин иймон, илоҳим.
Сен туфайли уйимизда
Шодлик – кулгу жой олди
Бўлмагандай ғам ва озор
Ёмон кун ортда қолди.
Сенга қараб яшнайди дил
Роҳат олар юраклар
Умид қилиб келажакдан
Кутамиз оқ тилаклар.
Эркаланиб ўсавергин
Бўл бобонгга суянчиқ
Фурсат келиб бўларсан сен
Сулоламиз таянчи.
Заҳроча
Бир бор кўрганим йўқ табассумингни
Инга-ингаларинг мендан йироқда
Аммо сен юрагим улкан парчаси
Кунларим-тунларим ўртар фироқда.
Сен дунёга келган ўша бахтли он
Қишнинг каҳратони туюлди баҳор
Соғинган юраклар ундар сен томон
Умр ҳам бахт тилаб ҳар оқшом, наҳор.
Деворга илинган суратинг қараб
Оиламиз аҳли эркалар– қўзим
Чеҳрангдан таралган нурли ёғдудан
Ишдан ҳориб толсам-да, қувнайди кўзим.
Кутамиз соғиниб, кун санаб, бедор
Кела қолса дея, биз кутган висол
Тўйиб-тўйиб ҳидласам, босиб бағримга
Ҳижрон аламлари ўтар эҳтимол…
Диёрам
Уйимизда порлади янги бир юлдуз
Кўкка қараб чўзди, янги куртак, бўй
Аллоҳ ато этди Диёрадай– қиз
Бунчаям суюкли, бунчаям хушрўй.
Уч набирам кўпайиб етди тўрттага
Тўртга бўлинса ҳам толмагай юрак
Қувонч бағишлашар кўпайган сари
Менга набиралар кулгуси керак.
Ҳозирча кенжаси, демак бир муддат
Эркалик қилсанг ҳам ярашар чандон
Ой қизим, гул юзим, митти юлдузим
Сени эркалайман, суярман жондан
Камолга етарсан сен ҳам бир куни
Бахтингни кўрмоқлик этсин-да насиб
Қизгинам, Диёрам– Диёрагинам
Бизни қувонтиргин ўсиб-улғайиб.
Бир ўлка-ки
Бир ўлка бор гоҳо олис, гоҳи бир қадам
Баъзан умр бўйи етолмас одам
Кимлардир ахтариб, топмасмиш уни
Биров тан олмасмиш етишган куни.
Бу сирли ўлканинг номи «Муҳаббат»
Унда ҳукм сурмиш «ишқ, орзу, шафқат»
Гар насиб этса-ю, кетсанг қайрилиб
Пушмондан не фойда, бахтдан айрилиб.
Эртами – кечдами қалбингни тирнаб
Ғафлат уйқусидан уйғотмоқ истаб
Ҳеч ким олмаса-да ҳолингдан ҳабар
Муҳаббат қалбингга ўзи йўл топар.
Шунда ўзгаради дунё сен учун
Севги шараф билан оқлайди бурчин
Сен ишон, эҳтимол бугунги туйғу
Сенга муҳаббатдан биринчи урғу.
Қиш қилиқлари
Икки ой уйқуда ўтказиб умрин
Сесканиб уйғонди бу оқшом, мажбур
Эҳ-ҳе, қолиб кетган қанчайин юмуш
Элга қандай қилиб бўлолсин манзур.
Сўнгги кунларида кучга кирар қиш
Ҳар йили шу саҳна ўйналар такрор
Лекин биз биламиз, ҳар не қилмасин
Қишни доғда қолдириб, келар гул баҳор.
Анҳорлар тўлади, шилдираб, сувга
Чечак бўйин чўзар қуёшга қараб
Қушларнинг қўшиғи элитиб аста
Мажнунтол эгилар сочларин тараб.
Дошқозон қайнайди сумалак тўла
Эслашар момолар ёшлигин бу он
Сўрида аския чиққан авжига
Юзин кўс-кўс қилар, тўкин дастурхон.
Қизғалдоқ қучган қиз
Қиёслагим келар сени баҳорга
Учратганман, айни, баҳор гулида
Турардинг бекатда, гулдайин қизча
Бир боғ қизғалдоқни тутиб, қўлида.
Қизғалдоқ рангидан ранг олиб юзинг
Оловдай ёнарди, қўзғаб, ҳавасим
Кўз узмай боқардим, куларди кўзинг
Энтикиб, олардим қайноқ нафасим.
Автобус келди-ю, кетди сен билан
Бекатда ёлғиз мен қолдим, ўй суриб
Исмин сўрамадим нечун ўша он?
Ўзимдан сўрардим, баъзида, туриб.
Ўтди талай йиллар, баҳор ҳам қанча
Лекин ўша баҳор муҳри ёдимда
Қизғалдоқ қучган қиз, кутарман ҳамон
Бир нафас бўлса-да, бўлсанг ёнимда.
Сизга атадим…
Лабингизда бу кун кўрмадим кулгу
Кўзингиздан, э воҳ, қочгандай уйқу
Қалбда уйғондими нотаниш туйғу
Хаёлингиз ногоҳ кимдир буздими.
Баҳорга айланиб кузнинг салқини
Бошин айлантириб ошиқ халқини
Куй-қўшиқда англаб севги талқинин
Боғингиздан биров гуллар уздими.
Кундан–кун сезаман, сиз талай бошқа
Севгидай ғам тушиб бу азиз бошга
Не ҳам таъсир қилсин «ўн саккиз ёшга»
Ўйларингиз бугун дунё кездими.
Сиз ўйлаган сизни ўйларми ўзи
Ё оғир ботдими қўполроқ сўзи
Сизни кўрмасмикан ёғ босган кўзи
Учқун тегкан юрак чунон бездими.
Битган хатларингиз қўлим куйдирар
Тан олай, мазмуни сизни суйдирар
Баъзи киноянгиз қалбим ўйдирар
Муҳаббатнинг оғуси бунча эздими.
Бир кун унут бўлар бу чеккан фироқ
Қалбга ҳижрон солган кетмаса йироқ
Муҳаббат олови ўчмагай бироқ
Севгингизни биздан ўзга сездими.
Бахт нима
Ким учун «бахт» мол-дунё, битмас давлатда
Бўй етмаган курсими, семиз савлатда
Ўтар умри оғуда, уйқу– ғафлатда
Осуда ҳаётинг билсанг– ўзи, бахт.
Халолми-харомми, турли йўл билан
Қуварлар ортидан амал– мансабнинг
Қақшатар гоҳи тил, гоҳо қўл билан
Кимнингдир кўнглини олмоқ– ўзи, бахт.
Қўлида бўлса гар тортар тизгини
Ҳукм чиқармоққа имкон озгина
Булғанган нафсини булғар ростгина
Покиза яшамоқ билсанг– ўзи, бахт.
Таниш ортирса гар, фойдани кўзлаб
Қасамдан қўрқмаса, ёлғонни сўзлаб
Жиғилдон тўймаса, виждончи– бўзлаб
Иймонда бўлмоғинг билсанг– ўзи, бахт.
Чор тараф тўлганда ўғил– қиз билан
Атрофга боқолсанг ёруғ юз билан
Сени эсласалар яхши сўз билан
Замондош, аслида шунинг ўзи бахт!!!
Масал
Не таажуб, йилда бир калтак отармиш
Ногаҳон ўзини, у милтиқ сезиб
Эрк берсанг нокасга, энсанг қотармиш
Ҳаёт қонунларин батамом бузиб.
Тўпланипти далада юздайин эшак
Ўйлари, қурмоқлик, юксак жамият
Аслида қарзгадир, овқат, ем-хашак
Бироқ кимга қизиқ, бундай вазият?
Бири қўйиб бири ҳанграр бор овоз
Далани булғарлар, пайҳон чор тараф
Барҳам берар бунга, айтинг қай шоввоз
Ҳар кимисин талаби «Мен»га шон-шараф!
— Мен ундай қиламан!
— Мен эса бундай!
— Менинг тутган йўлим барчангиздан ўнг!
— Агар борар бўлсак мен юрган йўлдан
Натижасин кўрарсиз бурилишдан сўнг!
Бурилишлар айтсак, беҳисоб бешак
Ўнгга ҳам, чапга ҳам, бор айланпаси
Қайдан етсин ақли, ахир у эшак
Укаси, акаси, боринг опаси!!!
Ҳозиргина ўтдим ўша даладан
Ҳамон санғиб юрар бир пода эшак
Ер ҳайдаб, юк тортса тегар фойдаси
Асли шунинг учун яралган эшак!
Мунофиқлар
Тили билан дили бошқа кимсалар
Худонинг қаҳридан қўрқмаслар нечун?
Қиёмат– қойимда не берур жавоб
Беш кунлик дунёнинг роҳати учун.
Кўр эмас, кўрди-ку ўтган хонларни
«Ватангадо»– дея, олмадими ном?
Наҳот мансаб деган шундайин азиз
Кун келиб улар ҳам бўлмасми бадном?
Бир курси ишқида ҳар ишга қодир
Ҳатто қон тўкмоқлик, бўлмай қолди чўт
Худони ўртага қўяр наф учун
Оқибат, топгани жаҳаннамда ўт …
Авом халқ уларга оддий ўйинчоқ
Тақдирлар, умрлар– кузги бир хазон
Элу-элатларнинг тутмасми оҳи.?
Бунчалар нархини пичарлар арзон.
Бири қувилса гар, келар бошқаси
Яна давом этар сўнгги кўриниш
Фарқи шу, алмашган актерлар ролда
Фаришта кўринмоқ барча уриниш.
Эл яна ишонар нопок кимсага
Танлагани ўзга, қолмагач, даҳо
Ишонганим ёлғиз ўзингсан тангрим
Фозилсан, Комилсан, Хақсан сен танҳо!
Ўлжа
Шум фалокат изғиб юрар эрта-саҳардан
Излар экан ўзига, муносиб ўлжа
Қизиқтирмас: қишлоқми ёки шаҳардан
Қаранг, унинг бахтига, лиқ тўла-а-а кўча.
Дуч келганга ёпишмас, бор экан фахми
Танлаб-танлаб ағдарар, эмиш– шу иши
Илинтиргач домига, келмас оҳ, раҳми
Ҳарчанд куйиб– қақшаса, қоқилган киши.
Бе «Бисмиллоҳ» юрган кас, босаркан тикан
Падарин хор этганлар, бўлар бир кун хор
Мўл давлат ҳеч кишига дўст бўлмас экан
Билсанг, дунё аслида– энг катта бозор.
Экганин ўрмиш мудом, нақлнинг кучи
Деҳқон зоти ер ҳайдаб, яхши билади,
Эрса ишинг ёмонлик, калтакнинг бурчи
Бошда бир кун, билгинки, аниқ синади.
Бир тола соч тўкилмас бесабаб, беиз
Ўзгаданмас, хатони, ахтар ўзингдан
Ўлжага айланмасин ҳеч бир ўғил, қиз
Эҳтиёт бил қадаминг, айтар сўзингдан.
Ибрат
Ўйлангин одамзот, токи бор имкон
Яралган экансан, сен бўлиб, инсон
Худоликка асти қилмагин даво
Шохдан кўра афзал, бўлмоқлик гадо
Японни билганмиз, бўлган кўп мағрур
Ният қилган доимо устиворликни
Тарихда неча бор ўтса ҳам бошдан
Қўймади манманлик, дилозорликни.
Шубҳасиз, ақлни бермиш яратган
Лекин яратгандан ўтмоқ эди, ўй…
Гўё у мислсиз тенги йўқ, даҳо
Бошқалар шунчаки– паррандами, қўй.
Турли-туман асбоб, роботлар қолиб
Одам ясамоққа киришди бу эл
Ҳаддидан ошганин кўрди-ку олам
Бошига сочилди офатлардан сел.
Балонинг устига ёғилди бало
Даҳо бўлсанг қани, кўролчи чора
Тавбага таянмоқ келмаса ёдга
Уддалайман,– дея, бўлма овора.
Асли ибрат учун барча кўриниш
Қай миллат бўлмайлик, аллоҳ бандаси
Ҳар бир кунинг учун айтгин шукрона
Мўмин-мусулмонин ўзи асрасин.
Ердаги излар
Кимдан не қолади?– ким билар
Шубҳасиз, ўғил ҳам қизлари
Падарин номини асрайди улар
Ва қолар ердаги излари.
Баъзида тўғри йўл юргандир
Ҳаётининг охирги йиллари
Эсласа ҳаёлда тургандир
Ёшликда адашган йўллари.
Кеккайгандир балки, бўлиб димоғдор
Менсимай кимларга кўкдан боққандир
Яширса касалин иситма ошкор
Бировнинг бахтидан куйиб оққандир.
Бир туп кўчат экса бергандир соя
Бошқалар ниҳолин синдирмаса бас
Яхши-ку, ночорни қилса ҳимоя
Ҳотамтой бўлса-ю, бўлмаса нокас.
Қисқаси, кўп гапдан чиқмагай ҳожат
Ердаги изларинг ўйлаб, билиб бос
Кўнгил қолдирмоқни қилмагин одат
Иймонда яшамоқ мўминларга хос.
Шоирларга атайман
Илҳом тарк этмасин шоир халқини
Шеърсиз бу дунёнинг қизиғи қолмас
Ҳаёт-ку тўхтамас, ўтар ою-йил
Гўзалликни шоирсиз ҳеч ким кўролмас.
Қалам тебратмаса севгини куйлаб
Қандайин ўртансин севмаган юрак
Тикон санчилса ҳам гўзал атиргул
Ким бўлмасин, бир бора ҳидлаши керак.
Ўзга пайқамаган ошиқ дардини
Шоир халқи бехато сеза қоларкан
Бир парча оқ қоғоз ҳамда қалам-ла
Ўт тушган юракнинг тафтин оларкан.
Узун кечаларни ўтказиб бедор
Умридаги энг гўзал шеърин яратар
Меҳрини, қалбини, қўшиб ҳисларин
Яхши инсонларга қувонч таратар.
Уфқ
Ер ва Осмон учрашгани он
Уфқ туғилмиш, чексиз беармон
Югураман, етмоқ мақсадим
Тутқич бермас, қуваман ҳамон.
Ёлғон
Ўйламай сўзладим бир бор ёлғонни
Сўнгра кейингиси кетди уланиб
Одатга айланди ўтгач замонлар
Тўхтамай чиқарди ростга беланиб.
Қолмади обрўдан зиғирдай ҳисса
«Ёлғончи» тамғаси ёпишди маҳкам
Дўст қайда, душман-ми, ҳатто бегона
Тўй тугул чақирмас бир азага ҳам.
Тан олмоқ, тўғриси, келарди эриш
Шу йўсин умр ҳам ўтарди оқиб
Кун келиб Иймоннинг очилди кўзи
Феълимдан уялдим дунёга боқиб.
Энди ўтмиш учун чекаман афсус
На чора, шукурлар шунисига ҳам
Қолган умрим учун бергин ҳидоят
Тўғри йўл кўрсатгин, яратган Эгам.
Япроқ
Олтин ранг сарғайган бир дона япроқ
Бандидан узилиб, қулади пастга
Аммо ерга тушмай, ўйноқи шамол
Уни олиб қочди, ҳойи-ҳавасга.
Бошин айлантириб, хаста япроқни
Эркалаб ром қилди, авради ёмон
Кўтариб осмону-фалакка секин
Сўнгра улоқтирди дуч келган томон.
Тўғри, у бўлгани эди бир япроқ
Умри қисқа, сўнгра, хазон оқибат
Ақлинг бутун бўлса, ҳазрати Инсон
Ҳатто япроқ бўлсин, сен учун ибрат.
Қизғалдоқ
Қонталаш қизғалдоқ турар қўлимда
Хаёлан у билан қураман суҳбат
Гиламдай тўшалган ўнгу– сўлимда
Гўё-ки улар ҳам кутишар навбат.
– «Қизғалдоқ, юрагинг тўлганми қонга
Сўнгра кетганмисан қирларга қочиб
Қай бедаво отган, кўзлаб нишонга
Покиза ҳисларинг маржондай сочиб.
Бағринг тилимлаган ўшал бевафо
Сендан кечиб, айтчи, топдими рўшно?
Севиб-севилмайин, тортиб юз жафо
Қирда тоғу-тошга бўлдингми ошно?
Муҳаббат шундайин ҳисми тошбағир
Сендай нозик дилга шунчайин зулм
Баҳорнинг ишонган кўрки сен ахир
Қирга гилам ёйган шоҳона гулим»
Сўзларим назлимда ботгандай оғир
Майин япроқларин тўкди қизғалдоқ
Аста қуйиб ўтди кўз ёшин ёмғир
Лола япроқлари тушган ўша чоғ.
Кўз очиб– юмгулик қисқа бу ҳаёт
Дунёга умидли кўзлар билан боқ
Бағрим қон, чора йўқ– деб, чекма фарёд
Дўстим ўрнак бўлсин сенга қизғалдоқ.
Айиқполвон тўғрисида
Қайси бир ўрмонда, бир айиқполвон
Ишга ўрнашибди, бўлиб ёш қуён…
Сизни қизиқтирар ногоҳ бир савол
Нечун бу ўрмонда шундайин аҳвол?
Гап шундаки, ўрмонга керакдир айиқ
Лекин қуён ўрнигина бўшлиги аниқ
Айиқполвон бир сўз демай ўтар хизматни
Қўяр экан ўрнига ҳурмат-иззатни.
Бир кун келиб қулоғига етмиш бир миш-миш
Шу ўрмонда бир қуён, билинг, айиқмиш!?
Жазаваси тутибди айиқполвоннинг
Бермоқ бўлиб одобин, ўша нодоннинг.
Хат ёзибди каттага, ўрмон шохига
Қулоқ тутсин айиқнинг оҳу-воҳига …
Зум ўтмайин келганмиш бир неча шерлар
«Хат ёзган ким, не ташвиш, етишмас нелар?»
Шунда айиқ айтибди – «бу қандай баён,
Бўлатуриб мен айиқ, эмишман қуён?»
Текширишиб ҳужжатин ҳурматли шерлар
Маслаҳатин битиргач, бундай сўз дерлар…
«Жаноб айиқ, адашманг, ҳужжатдан аён
Сиз аслида айиқмас, тўғриси қуён!»
Изламангиз масалдан ҳақиқат бешак
Гар ўрмонда, шер ўрнида ўтирса эшак!
Охирги қўнғироқ
Наҳот қолди ўн йил орқада
Ўн баҳор, куз, ўтди-ю кетди
Ўтирардик кеча партада
Хайрлашув вақти ҳам етди.
Чалинмоқда сўнгги қўнғироқ
Кутган эдик орзиқиб, ўн йил
Ёш милтирар кўзларда мунчоқ
Ғамгин барча, нечун вайрон дил.
Тўпалонлар танаффус пайти
Дарсдан қочиш энди бўлмасми?
Синфларга кирмасмиз қайтиб
Мактаб йўли бизга йўлмасми?
Илк севгидай биринчи туйғу
Сезилганди мактаб бағрида
Бугун эса биринчи қайғу
Қўнғироқдан диллар оғриди.
Хайр мактаб, жонажон даргоҳ
Унутмаймиз ўтса ҳам йиллар
Бир кун келиб бағрингга ногоҳ
Туташ келар бизнинг ҳам йўллар.
Ўзбеклар жамияти ва миллий марказлар
Ўзни камситганни камситар ўзга
Ғурур ҳам мағрурлик инсонларга хос
Эътибор айламоқ ҳар чиққан сўзга
Фаҳм ва фаросат– ақл билан мос.
Жамият, марказлар бўлди-ку урф
Шаҳар ҳам қишлоқлар пойгада бари
Қайнаб қўшилмади қонлари бироқ
Бирикмоқ ўрнига, қайтанга, нари.
Асли майда миллат эмаску, ўзбек
Ота-боболарин хоки шу элда
Шу юртда туғилиб, ўсдик барчамиз
Насиб қилса танамиз қолгай шу ерда.
Энди айтгин дўстим, бизлар кўпчилик
Ўша марказларга борми эҳтиёж?
Фақат бир мақсадни кўзлар «раислар»
Сен– менинг номимдан бошга киймоқ тож…
Сўзим тасдиғини айлайин баён
Ўн беш йил бадалда битмаса «Сарой»
Камига талашиб, олди– соттидан
Ҳануз ўша бино очмаган чирой.
Марказдан наф кўрган бормикан солиҳ
Сиёсатга киришмоқ эмасмиш иши
Бошин қайга урсин, дод солсин кимга
Ноҳақдан «заволга» учраган киши.
Фақат яратгандан кутамиз паноҳ
«Марказ» бўлмоқ тугул ундан каттаси
Ўзинг сақлагайсан бизларни аллоҳ
Менга қолса берардим бир-бир паттасин.
2010 йил
Қалам
Ёзиб турган қаламим синди
Сиёҳдонда қолмади сиёҳ
Ярим битган сатрим тугамай
Хаёлларим сочилди ногоҳ.
Илҳом кетди мендан йироқлаб
Фикрларим бўлди пайдар-пай
Юрагимни тўлдирган ҳислар
Яширинди сиртига чиқмай.
Мен ёзмоқчи бўлган шеърларим
Учиб юрар ўнгу-сўлимда
Интиламан, тутмоқ истагим
Не бир тўсиқ, билмам йўлимда.
Чорасизлик қилади адоғ
Ёзмасликка юрак бермас дош
Қайтаринглар менга қаламим
Гар бўлсангиз мен билан қондош.
Шу йўсинда хўрсина туриб
Уйғонибман, бари экан туш
Қаламим ҳам турар бус-бутун
Мағрур, гўё парвоздаги қуш.
Марҳаматинг беҳисоб, чексиз
Ижодимга бер камол, Тангрим!
Мухолифат
Не савдоким, тинчимайди ожиз банда
Шапалоқдай давлат бугун пароканда
Иш ўрнига гап сотилар заҳарханда
Халқни бугун ўйлагувчи қай бирингиз.
Пичоқ кесган кунларингиз «шер» эдингиз
Гувоҳ Аллоҳ, катта-катта ер эдингиз
Амал кетгач, пешонамиз шўр дедингиз
Айтинг қачон гапингизнинг бўлган рости?
«Мухолифат»– дея ўзга қўйдингиз ном
Баландпарвоз сўзлар билан қилдингиз ром
Аммо тайин, ўйинингиз ўта ғирром
Кимлигингиз ахир кеча кўрмабмидик?
Бугун яна иш тутасиз маккорона
Халқнинг дарди, сизга асли – бир баҳона
Мақсадингиз, ном чиқармоқ бул замона
Билмаган ҳам билиб бўлди ўйларингиз.
Дейлик, яна кулиб боқса сизга омад
Ёпиларми юртдаги қарз, ҳам камомад
Ваъда беринг, оширмасман деб, даромад
Субут бўлса сўзингизда, Мухолифат.
Малҳам
Осмонни қоплади ғазабли булут
Гулдирар ер-фалак, чақади чақин
Гоҳи сел, гоҳида ёғар муштдай дўл
Тавба қил одамзот, қиёмат яқин.
Сув босди оламни, бузмаймиз пинак
Ер титраб қолмади бир бутун бино
Дардимиз мол-дунё, туганмас давлат
«Кўзинг оч» деёлмас бирон-бир доно.
Қиз-жувон кўчада, ярим яланғоч
Кўрсакда, кўрмайин ўтмоқ бўламиз
Зўр бериб қурамиз тошлардан қаср
Фикр қил, барчамиз бир кун ўламиз.
Имкон борлигида қилгин–да тавба
Йиғиб ол ақлингни, гердайма бирам
Беш кунли бу дунё эмасдир мангу
Барча офатлардан ибодат малҳам.
Юзлаган масжидда ўн-ўн беш мўмин
Кўпларнинг бошлари етмас саждага
Кимгадир ҳаж қилмоқ, бўлмиш тижорат
Пул ишлаш ишқида борар Маккага.
Яна ҳам кўтариб юрар бизни ер
Тўлса ҳам, тошса ҳам қаҳру-ғазабдан
Учмагин шайтоннинг макрларига
Ибодат асрайди қабри азобдан.
Омад кетса
Кунда-кунолисда, катта кўчада
Баъзан кўрар эдим бир ўрис чолни
Чол бўлиб чолмасдир, балки элликда
Ташвиш қаритаркан эркак-аёлни.
Соч-соқол соқсайган, тегмайин тароқ
Кийимлар ҳам кўрмаган совунни кўпдан
Оддийгина бир сўз «уйсиз, ватансиз»
Қараб фарқламайсан қуриган чўпдан.
Унга қараб туриб қилардим фикр
Балки қачонлардир бўлгандир азиз
Уйи ҳам бўлгандир, бўлгандир иши
Аёли, фарзанди– ўғлими ё қиз.
Замоннинг зайлидан тойилган, чоғи
Ёки сиёсатнинг еган калтагин
Балки ўзи сабаб, ичкилик айби
Омадсиз, ишёқмас, бебурд, калтабин.
Гоҳ раҳмим келарди, инсоний туйғу
Баъзан сўкинардим, лозим курашмоқ
Талашиб-тортишиб, ўзлигинг англаб
Одамдай яшагин, бўлмасанг аҳмоқ.
Бугун сўнги бора кўрдим, эҳтимол
Ўлиб ётганини йўлнинг четида
Одамдай туғилиб, ўлиш ит мисол
Бормиди-йўқмиди, келди-кетдида.
Араз
Ҳаёт сўқмоқлари бирикди яна
Ўша айрим бўлган эски жойидан
Шунча йил сўнгида учрашдик мана
Кезиб дара-дашти, дарё-сойидан.
Тобе бўлмоқликни билиб ўзга ор
Яшадик иккимиз ўзимиз учун
Эгилмадик, меҳрга бўлсак ҳамки зор
Енгандик вақтнинг шафқатсиз кучин.
Кўрмасдан қандайин қийналганимиз
Ўтказдик умрнинг талай қисмини
Йўқотдик, йўқотсак бошқа эмас, биз
Аммо атамадик ўзга исмини.
Кўксимга бош қўйиб ухлаётирсан
Дунё ташвишларин шу он унутиб
Кўнгил тўлди чоғи, бамайлхотирсан
Мен ҳам эзилгандим шу кунни кутиб.
Сочларинг силайман, роҳат этар бахш
Дунёда азизам сенинг борлигинг
Энди бузолмайди юракларни ғаш
Қувонтирар қушдай беозорлигинг.
Назаримда билмайсиз мени
Тунлар сизни уйқуга чорлаб
Аллалаган наво ўша мен
Субҳидам тонг аста сийпалаб
Уйғотажак сабо ўша мен.
Боғ кезганда беринг эътибор
Салом берган гуллар ўша мен
Юрагингиз ҳайқирса такрор
Қувонч берган кунлар ўша мен.
Зулмат ногоҳ тўсса йўлингиз
Шуъла сочган ой ҳам билинг мен
Уйқуда ким тутиб қўлингиз
Қалбин очган у ҳам билинг мен.
Ногоҳ кимдир етказса озор
Билинг, зинҳор мен эмасман у
Юрак куйса васли бўлиб зор
Йиғлатган зор мен эмасман у.
Мен ўшаман сизни авайлаб
Исмингизга юқтирмаган гард
Ва лек номин айтмай атайлаб
Суйиб-севиб юрган ўша мард.
Балким энди билмоқ истарсиз…
Юртим аёлларига
Не сабаб, бир йилда, фақат бир бора
Аёл зотин қутлаб, айтарлар таҳсин?
Ҳаёт гўзаллиги асли аёлдан
Эркаклар гапимнинг мағзини чақсин.
Аёл бор дунёда, қалбларда баҳор
Аёл бор дунёда, ҳаёт гашти бор
Аёл бор дунёда – суюкли бир ёр
Сиз ила эртанги кунга умид бор.
Онасиз, аёлсиз, опа ё сингил
Сизга муҳаббатдан завқланар кўнгил
Сиз борсиз дунёда, қайғу чекмас дил
Сизни куйламоқдан, толмас Жавоҳир!
Сенга
Юрагим талпинар яна сен томон
Соғиндим азизам сени хўп ёмон
Ушалмаган орзуим, дилдаги армон
Сен томон боролмас мен юрган йўллар.
Менинг осмонимда юлдузим сенсан
Юлдуз ҳам не экан, қуёшга тенгсан
Не азоб, мен эмас, бошқани дерсан
Узатсам, на илож, етмас бу қўллар.
Тунларни улайман ухламай, тонгга
Севги азоб солар бечора жонга
Жоним – дея қолсанг, майли бир онга
Гулга тўлмасмиди ҳам ўнгу-сўллар.
Тақдирга тан бермоқ тўғримас балки
Севгисига эришсин ошиқлар халқи
Курашмайин енгилган, фақат шу фарқи
Муҳаббат оташида пишмаган ғўрлар.
Томирда оқаркан ҳаёт или қон
Юрак уриб турса, чиқмай турса жон
Аср балки кўпдир, етар балки он
Мақсадига эришсин қалб қўри зўрлар.
Инонгум, бир куни қалбинг уйғонар
Тунлар ором бермай юрак тўлғонар
Сен ҳам сева олсанг мени бир қадар
Балки туташ келар биз юрган йўллар.
Қадр
Жавобин сўрадим оҳиста
Берган саволимга ўша кун
Йўқ,– дединг, сиздайлар бир даста
Кун ўрнига алмашди қаро тун.
Тилимни тишладим, на чора
Бошимдан яхна сув қуйгандай
Юрак зор йиғлади, бечора
Таним азоб чекди, куйгандай.
Хотирамдан бирма-бир ўтарди
Ғўрлик қилиб сўзлаган у сўзлар
Вақт эса, илдамлаб кетарди
Қарамасди мен томон у кўзлар.
Сўнгра хайрлашдик жўнгина, осон
Топталган, эҳ ҳисларим йиғларди
Эр йигит қадрига йиғласа ёмон
Аёл буни қайдан ҳам биларди…
***
Бўлгин майли қора қош, майли қора кўз
Майли сочларинг ҳам бўлсинлар қора
Лекин кўнгил деган, оқ бўлсин мудом
Покиза дилларни айламай яра.
Баҳор қайтмайди
Қанчалар нохуш ҳам, бўлса ҳам оғир
Сенсиз яшамоққа кўнмай на илож
Биз билган боғларнинг тўкилган барги
Янги куртакларга борми эҳтиёж.
Тарих қайталанар, чархпалак дунё
Қишдан сўнг баҳорнинг келиши тайин
Аммо бизлар учун баҳор қайтмайди
Қайтмагай муҳаббат, нечоғ кутмайин.
Энди айри йўлдан бормоқлик тақдир
Кўчангдан ўтишга ғурур қўймас йўл
Майлига ёнингдан жой олсин ўзга
Сенга ҳамроҳ омад, эркам бахтли бўл.
***
Табиатда ҳар фаслнинг бордир ўз ўрни
Бунга асос излаб, оғритма бошинг
Ҳеч шубҳасиз, ўн саккиз ёш гўзалдир, аммо
Ўз ўрнида қолишмас ўттиз– қирқ ёшинг.
Ҳатто саксоннинг ҳам бордир зийнати…
Ҳаёт давом этади
Ўйлагандим, сен кетган оқшом
Осмон-фалак тўзиб кетади
Қалб йиғлади бевафоликдан
Аммо ҳаёт давом этади.
Кунлар ўтар майли бир маром
Ўксик юрак байрам кутади
Оғрийди дил, сенсиз тор дунё
Лекин ҳаёт давом этади.
Кўникаман аста борлиққа
Бир кун алам ўтиб кетади
Келар байрам биз томонга ҳам
Чунки ҳаёт давом этади.
Сўнган эҳтирослар
Ёқтиргансан, аммо, севолмагансан
Акс ҳолда иккимиз бирга бўлардик
Куярдик, ёнардик, севги ишқ-олов
Ўлсак балки бир кун бирга ўлардик.
Ёнгинамда эдинг, эдим ёнингда
Бир ҳаводан бирга олардик нафас
Кетдинг сен йўлингдан, ўзга йўлдан мен
Кенг дунё бизларга бўлди тор қафас.
Ишонтирмоқ балки муҳаббатимга
Келмаган қўлимдан, гуноҳкор ўзим
Юракни ларзага солиб, уришга
Ожизлик қилгандир бемаврид сўзим.
Балким яна қанча сабаблар бисёр
Энди эҳтирослар сўнгани армон
Сендан менга қолди ширин ҳаёллар
Сен ҳам эслаб тургин мени ҳар замон.
Муҳаббат қўшиғи
Юлдузлар сочилган мисоли маржон
Деразам устида ой қолган қотиб
Бу оқшом негадир дилда маъюслик
Ҳижрон азоб берар ханжардай ботиб.
Кунларим, тунларим бирдай беаёв
Қувонч нашидаси келолмас яқин
Қайдандир чалинар қулоққа нола
Севгимни ўзгалар қиларми талқин?
Куйланар қора қош, қора сочли қиз
Исми ҳам ўшандан эмас ўзгача
Тиғлайди юракни қолдириб бир из
Муҳаббатим акс этган сўнгги сўзгача.
Уйқудан йўқ асар, отар оппоқ тонг
Қўшиқни эслайман сўнгги сўзгача
Қора қош, қора кўз, қора сочли қиз
Исми ҳам ўшандан эмас ўзгача.
Кимдир муҳаббатим куйлар қўшиқда.
Мактуб
Бугун олис-олислардан сенга мактуб битарман
Уни олгач, ҳайронлигинг маъносига етарман
Ўтгач талай вақт орадан унутгансан балки сен
Хаёлимни ўғирлаган, кўнгилдаги маҳбуб сен.
Унутмоқнинг иложи йўқ, ёзмоқдаман мен мактуб
Хаёлимда турар расминг, кўзларимда ёш қалқиб
Гарчи мактуб битсам ҳам мен, асли ёзган юракдир
Талпинар дил, қўймас ҳаёл, васлинг менга тилакдир.
Юлдуз тўла кўм-кўк осмон, учрашгандик бир бора
Бизга кулиб сувин отган боғ қўйнида фаввора
Сўнгра тақдир олисларга улоқтирди ажратиб
Фаввора ҳам ёшин тўкди, ён атрофга сачратиб.
Балки қалбинг эгаллаган бу вақтда ўзга ёр
Мактубдаги сўзлар сенга туюлгандир мисли дор
Бир нарсага ундар ишонч, майли бўлсин тушингда
Келар ўша бизнинг оқшом, айриб ақлу-ҳушингдан.
Қор
Майда ёғаётган ёмғир томчиси
Сал туриб айланди оқ лайлак қорга
Зум ўтмай дала-қир, уйимиз томи
Оқ чойшаб ёйгандай, тўлди виқорга.
Кўзлар қамашади кумуш рангидан
Кўкдан ёғилмоқда барака уни
Элимнинг ризқ-рўзи, насибаси у
Фаровон турмуши, эртанги куни.
Ҳавас ҳам ҳайрат-ла ёзаман кафтим
Нозик қор парчаси қўнар қўлимга
Руҳимда тетиклик, қалб жўшар нурдан
Поёндоз тўшалгач, қордан йўлимга.
Ёғавер оппоқ қор! – ундайман секин
Аммо меёрингдан кетмагин ошиб
Гарчи кўп яхшидир, оз бўлса ёмон
Ҳарқалай одамзот қолмасин шошиб.
Баҳор
Қиш тугаб боради, сўнг келар баҳор
Уйғонар майсалар, қайтар қушлар ҳам
Ёзар япроқларин юз йиллик чинор
Ҳаста юракларни ташлаб кетар ғам.
Наврўз кириб келар, толиққан юртга
Қишнинг қора совуқ, аччиқ қаҳридан
Далалар уйғонар, қумурсқа-қуртга
Жон кирар, қувнашар баҳор меҳридан.
Бошланар ўланлар, ёр-ёр айтишлар
Катта тўйхонага айланар олам
Баҳор сен гўзалсан, истагим мангу
Яйраб-яшнаб ўтсин, бағрингда одам.
Баҳор кириб келар
Жанг борар аёвсиз, кунда, ҳар куни
Қиш билан баҳорнинг синашлари куч
Бўйин эгмоқликни билиб номус-ор
Қиш шохин тирайди, бўлса ҳам ўй пуч.
Сўнгра аста–секин қўл келиб баланд
Баҳор кириб келар, ёзиб поёндоз
Яна аввалгидай авж олар ҳаёт
Қишдан сўнг гул баҳор қаранг қандай соз!
***
Яна баҳор қоқади эшик
Қишнинг куни қолган саноқли
Изғиринли, совуқ ҳаводан
Баҳор гашти нечук ардоқли.
Садоқат
Ногоҳ отилган ўқ кўкда оққушни
Парвози авжида айирди жондан
Қордай оқ сийнаси зум ўтмай, шу он
Лоладай қизарди тўкилган қондан.
Беҳуш танасини кўтармоқ ожиз
Қанотлар бўйсунмас, кўринг, бу не ҳол?
Шиддат-ла, Она– ер тортар домига
Муқаррар ҳалокат, йўқ қарши мажол.
Ёнида жуфти ҳам эди парвозда
Кўз кўрди лек юрак қилолмас қабул
Наҳот кўм-кўк осмон энди ғарибдай
Наҳот муҳаббатин куйламас булбул.
Кўз очиб-юмгулик, бир ўқ шарпаси
Жуфтисиз яшашлик, тор энди дунё
Ёрига содиқлик – будир ҳақиқат
Бошқаси ёлғондир, бошқаси риё.
Бир зумда ҳал бўлди, қўйилди нуқта
Қанотлар йиғилди, шумғиди пастга
Жуфти ажал топиб қулаган жарга
Унинг ҳам танаси қулади аста.
Одамлар бир зумга юргизинг фикр
Қушдай садоқатга қодирмизми биз?
Ўшнинг қизлари
Дунё кезиб келинг, топмайсиз асло
Ўшнинг қизларидай гўзал қизларни
Озода, хушбичим, сўзида маъно
Шубҳасиз, лол қилар сизу-бизларни
Пазандалик асли онадан мерос
Юз битта таомни пиширар осон
Билмагани фақат ёмонлик халос
Эрни икки дунё қилмайди сарсон.
Ўшлик қизни севсанг укам маслаҳат
Уйланажак қизингга зимдан разм сол
Сўраб-суриштиргин, шошилма фақат
Онасини кўргину сўнгра қизин ол…
Илон ўйнатувчи
Майин куй таралар, сурнай навоси
Саватчадан бошин кўтарар илон
Шунчаки илонмас, бешак заҳарли
Турли муқом қилар, маст у, куй билан.
Даврада ёш– қари, эркак ҳам аёл
Олқишлар ҳайрат-ла, илон ҳожасин
Ёғилар тангалар, «сўлкавой» гоҳо
Пулга тиккан учун юрак парчасин.
Томоша тугайди, тарқар оломон
Илон ўйнатувчи йўл олар уйга
Ўйлари чулғанган, бошда минг ҳаёл
Хотин солар бугун яна не куйга?
Хонанда Ш. Қаюмовга
«Сиз ўшами?»– оддийгина бир оғиз луқма
Маҳоратинг зўрлигига қоламан қойил
Яратолдинг қўшиқлардан дурлар шодасин
Ҳеч шубҳасиз, ҳар бири ҳам қалбларга мойил.
Қодирий ҳам кутмаганди, ўтгач бир аср
Ўш фарзанди шўрлик руҳин айларини шод
Ўз миллатин фидоиси, қўшиқ куйчиси
Санъати-ла боболарин айларини ёд.
Юксакларга кўтарилсин шуҳратинг, Шуҳрат
Қўшиқларинг тинглаганнинг олқишин олгин
Қаршимасман, шеърларимдан сарасин танлаб
Ёқтирганинг чиройли бир қўшиққа солгин.
Хонанда А. Санаевга «Йиғладим»
Кўз ёшлари қуриб битди, ҳамон йиғлар Анваржон
Тақдир шўрлик куйиб кетди, тамом йиғлар Анваржон
Бир бошига шунча алам, кўргуликлар каммиди
Муҳаббатдан топмай рўшно, мудом йиғлар Анваржон.
Йиғлаш учун туғилибди, туғилмаса бўлмасми
Кўз ёш тўкиб суғормаса, тирик жонзот ўлмасми
Раҳми келиб бирор жанон, бечоранинг ҳолига
Савоб учун ваъдасида, тура қолса бўлмасми.
Илтимосим, гўзал қизлар, қолмасангиз уволга
Анваржондай ошиқ йигит, учрамасин заволга
Биронтангиз кўнгил қўйиб, осилишдан қутқаринг
Йигит бўлиб у ҳам бир кун етишсинда висолга.
Хонанда О. Назарбековга
Ҳар янги қўшиғинг янги бир олам
Сендайин, дунёга кам келган, ҳофиз
Озод мамлакатнинг озод куйчиси
Санъатинг шайдоси ҳар бир ўғил-қиз.
Камтарлик бобида олгансан таълим
Устозлар дуоси бўлмиш ижобат
Ўзбекнинг ғурури, шайдо булбули
Кекса-ёш олқиши сенга мукофот.
Кўп йиллар ижодинг сўнмасин нури
Кўкдаги юлдуздай чарақлаб тургин
Нафақат Тошкентмас, Ўш томонда ҳам
Қўшиқларинг ила меҳмонда юргин.
Куйдирдингиз
Куйдирдингиз бунчалар бизни
Қиё боқмай биз томон бир бор
Суйган эдик ёқимтой қизни
Висолига ҳамон бўлиб зор.
Тошбағирлик бўлганми мерос
Юрагингиз севги билмасми
Тилагимиз муҳаббат холос
Назарингиз бизни илмасми.
Кўча-кўйда учрашсак гоҳо
Сезмагандай бурасиз юзни
Бизлар учун эдингиз танҳо
Қадрларсиз қачондир бизни.
Эрир балки юракдаги муз
Муҳаббат ҳам боқар сиз томон
Огоҳ бўлинг, баланд димоғ қиз
Биз куйдирсак алами ёмон.
Бизни куйдирган ёр
Баҳор ҳам ёз ўтиб айланди кузга
Кунлар сони етди тўқсонми-юзга
Наҳот оҳим етмади бир бора сизга
Бизни куйдирган ёр, сиз ҳам бир куйинг.
Исмингиз доимо юрган тилимда
Севгимни асрадим куйган дилимда
Биздайини топмассиз етти иқлимда
Бизсиз муҳаббатга майли бир тўйинг.
Ўтгач ою-йиллар, айлангач замон
Балки биз ҳам бўлармиз сизга бир армон
На илож, ушбу кун бўлибмиз ёмон
Ғариб шу севгини бизларга қўйинг.
Куйиб кул бўлсак ҳам бир сўз демасмиз
Ҳажрингизда ёш тўксак, эркак эмасмиз
Бизни севмасангиз, биз ҳам севмасмиз
Бизни куйдирган ёр, энди сиз куйинг…
Нотаниш қизга
Кўпдан бери тунларим бедор
Хаёлларим ўғирладингиз
Ўзгаларни кўрмайди кўзим
Юрак сизни қўмсайди ёлғиз.
Исмингизни билмайман ҳатто
Бир кўрдиму, йўқотдим ҳушим
Кундузларим ўтар ҳижронда
Тунлари-чи, йўқотдим тушим.
Тимсолингиз чизиб ҳаёлан
Орзуларга чўмаман гоҳо
Кўп бўлса ҳам гўзал парилар
Сиз қизгина мен учун танҳо.
Ярашади нозли кулгингиз
Ҳатто бироз уйсангиз ҳам қош
Мунчоқдайин қора кўзлардан
Тўкилмасин алам ила ёш.
Яна оқшом чўкар борлиққа
Мен ўртаниб ўйлайман сизни
Қизиқтирар ногоҳ бир савол
Сиздай бир қиз ўйларми бизни?..
Ноз қилманг
Зоримиз бор, йўқ зўримиз
Мудом бизни қийнагайсиз
Сизга муштоқ уй тўримиз
Наҳот шуни билмагайсиз.
Ваъдаларнинг бари ёлғон
Рост гап ҳеч ҳам билмайсизми
Демак одат бўлиб қолғон
Кейин аттанг қилмайсизми.
Ўн саккиз ёш мангу эмас
Ою-йиллар эшик қоқар
Хафа бўлса қайтиб келмас
Димоғдор қиз кимга ёқар.
Қалбимизни забт этибсиз
Юрак қистаб, қўймайди ҳеч
Қўполгина хат битибсиз
Ҳушёр бўлинг, бўлмасин кеч.
Ноз ярашар қиз болага
Меъёрини билсангиз бас
Кўмиб ташлай гул-лолага
Ҳасадгўйлар қилсин ҳавас.
Мавжуда
Кечир мени, кечиролсанг Мавжуда
Қалбим тори узилганди авжида
Ўзга гулнинг ҳидига маст бўлгандим
Ёнган эдим бошқа ишқнинг ҳажрида.
Йўлларимга кўз тикканинг билардим
Гоҳо-гоҳо сочларингни силардим
Аммо кўпроқ ўз ўйларим гадоси
Сендай қизга бевафолик қилардим.
Сабабчиман, тўкилса кўз ёшларинг
Мен туфайли эгилганди бошларинг
Шунда ҳамки, менга озор бермоқдан
Авайланиб, кермас эдинг қошларинг.
Муҳаббатинг ўйинчоқ деб билибман
Тайёр бахтга ношукурлик қилибман
Ҳавас билан чин севгини фарқламай
Йўқотган сўнг армон ичра юрибман.
Уйим тўри чимилдиқ-ла безалган
Лекин афсус, қочирибман назардан
Чунки келин чимилдиқда сен эмас
Қайда даво «бебурд» деган касалдан.
Кечир мени, кечиролсанг Мавжуда
Гуноҳкорман, кириб ақлим кеч, жуда
Қалбим тирнар, қўймас мени ҳаёлинг
Йўқдир ором на кундуз на уйқуда.
Дилором
Самога юлдузлар сочилган замон
Хаёлим етаклар мени сен томон
Айтолмайин сирларим, қийналдим ёмон
Хаёлларим ўғриси сенсан Дилором.
Биламан, дардларим ҳали билмайсан
Билганда ҳам балки, кўзга илмайсан
Аҳволимни кўриб ҳам раҳм қилмайсан
Дардимнинг давоси сенсан Дилором.
Кун ўрнига алмашар яна янги кун
Оловга айланар кечаги учқун
Эртанги кунда ҳам яшашим учун
Умримнинг давоми сенсан Дилором.
Кошкийди
Майин қор парчасидай қўнсанг қўлимга
Сўнгра эриб кетсанг меҳрим тафтидан
Чанқоғим қондирсанг ёзги ёмғирдай
Қўймасам розиман сени кафтимдан, кошкийди.
Баҳор ёзса чечак, бўлсанг атиргул
Ҳидласам таратган атрингдан тўйиб
Куйласам шохингга қўниб булбулдай
Барча армонларим бир четга қўйиб, кошкийди.
Ёз бўлсанг қуёшда товланган узум
Бир-бир узиб олсам юзингдан бўса
Кетмасанг ёнимдан бир дамга йироқ
Чидардим ҳар қанча аразинг бўлса, кошкийди.
Куз ҳам бўлсанг майли, кечки муҳаббат
Олис учган турналар қайтишар баҳор
Тунлари аллалаб, уйғотсам аста
Сочларинг сийпалаб ҳар тонг, ҳар наҳор, кошкийди.
Бизларни ҳам
Жоним, – дединг, астагина қўлимдан тутиб
Яшаганман шу кунгача бир сизни кутиб
Кимлигингиз билмасам ҳам, билардим аммо
Фақат Сизсиз, ўзга эмас, фақат Сиз, танҳо.
Яна дединг,– тақдиримдан нолимайман ҳеч
Учратдимку Сизни ахир ҳеч бўлмаса кеч
Бу дунёда борлигингиз ўзи битмас бахт
Ҳеч бўлмаса кўриб турсам, ҳар замон, ҳар вақт.
Сўнгра дединг, қизиқтирмас молу-давлат ҳам
Сиз бўлсангиз заиф қалбим тарк этар алам
Фақатгина, Сизни суйиб, кутган шу аёл
Қалбингизда уйғотолса ширин бир хаёл.
Не ҳам дейин, бир тарафда эркаклик ғурур
Бизларни ҳам севишаркан, эр бошим мағрур
Аммо тақдир тақозоси оғир нечоғли
Суюкли ёр, ширин турмуш, рости, ардоғли.
Ўтди йиллар, ойлар қувиб, ўзгарди аср
Гоҳо баҳор, гоҳида куз, айланар фасл
Учратмадим аммо қайта ўша аёлни
Баъзан-баъзан ўғирлайди тубсиз хаёлни.
Кўз ўнгимда гавдаланар аёл тимсоли
Эгик боши, кўзларда ёш, мунчоқ мисоли
Астагина титроқ қўлин тортар қўлимдан
«Энди Сизсиз дунё менга аччиқ ўлимдан».
Муҳаббат
Ишон бир кун дарвозанг қоқиб
Ҳар қадаминг этгандай таъқиб
Лолалардан гулханлар ёқиб
Кириб келар қалбга муҳаббат.
Ором йўқдир кечаю-кундуз
Ҳижронларга шерикдир юлдуз
Ҳаёлингни олган ўша қиз
Кириб келар қалбга муҳаббат.
Роҳатидан кўпроқ азоби
Бордир гуноҳ, бордир савоби
На кекса-ёш, билмас жавобин
Кириб келар қалбга муҳаббат.
Вафосиз ёр
Энг зўр ҳакам, дейдилар, Вақт
Ҳамки, Вақт, дардлар давоси
Ўтгач замон, бўлғуси унут
Гар, бўлмаса ёрнинг вафоси.
Қўлдан-қўлга ўтиб, мисли қуш
Гўё парвоз этар хаёлда
Жуда борса бозори чаққон
Узун сочли, қўҳли аёлда.
Ўтар йиллар, босиб юз ажин
Чиройидан қолмагач асар
Оҳ! Қанчалар аламли дунё
Бирон кимса солмаса назар.
Муҳаббатим илмайин кўзга
Нозик дилим қаттиқ оғритдинг.
Хазон бўлган муҳаббат
Камситилган ноўрин, ноҳақ
Таҳқирланган жуда бешафқат
Токчаларнинг қайси бирида
Унсиз яшар шўрлик муҳаббат.
На тирикмас ва на ўликдир
Баҳра олмас энди ундан дил
Йиғиб сўнгги кучин, токчадан
Отилди-ю, синди тамом чил...
Юз биринчи нигоҳ
Нигоҳимиз учрашган юз бор
Ўтар эдик, бермай эътибор
Юз биринчи, сездирган, нигоҳ
Ўйғонганин қалбларда баҳор.
Чечак отди боғдаги майса
Лолалардан ёйилди гилам
Тўлғонтирар юракда найза
Гўзал экан нечук бу олам.
Дейишарди, энг нозик туйғу
Бир қарашда кирмиш юракка
Майли бўлсин юзинчи урғу
Олиб борса бизни тилакка.
Сотилган севги
На сен-у, на менга бўлмас энди наф
Сен кетдинг йўлингдан, мен қолдим ёниб
Севги тамом бўлди, ортга боқмадинг
Берган ваъдалардан батамом тониб.
Саноқсиз оқшомлар бизники эди
Ой ҳам неча бора кузатган зимдан
Ё осмон узилди ва қақшади ер
Айби муҳаббатми? Жавоби кимдан.
Жавоби жўнгина, севги «сотилди»
Пули кўп харидор чиқди йўлингдан
Бўйинга илинди тиллодан занжир
Узоқ савдолашмай олди қўлингдан.
На илож, тенгингдир балки у кимса
Баъзида муҳаббат бўлар кўзи кўр
Виждон азоб берса, эсларсан, балки
Ким билсин, кимимиз пешонаси шўр?
Сизни кутиб
Сизни кутиб тунни тонгга уладим
Нозик бир ҳис ила киприк юммадим
Кўрганмисан – дея, ойдан сўрадим
Аммо сиз келмадингиз, келмадингиз.
Кундуз ҳам пойладим сизнинг йўлингиз
Энтикиб тутай деб, нозик қўлингиз
Сизга ташна эдим, недир ўйингиз
Кутганим билмадингиз, билмадингиз.
Баҳор гулларини тўкди қай замон
Йўлингиз тушмади ҳали мен томон
Билинг мен қийналсам сизга ҳам ёмон
Мен ғарибни кўрмадингиз-куймадингиз.
Фақат бир орзу-ла, билинг тирикман
Яхши-ёмон кунда сизга шерикман
Сизни, деб яшашдан асло зерикмам
Айтинг, нечун биз томон келмадингиз, келмадингиз.
Кимлигинг билолмай
Ҳиссиз юракларни ундайсан уришга
Йиғида қалбимни зўрлайсан кулишга
Қўймайсан ҳаққингда ўйламай туришга
Кимлигинг билолмай мен ҳамон доғда.
Фаришта эмасман, дегандинг чоғи
Шайтон ҳам эмассан, кўнглим ардоғи
Севилиб-севмаган, севгим япроғи
Айни баҳорда ҳам мен хазон боғда.
Тунлари ўйлайман маҳзун чеҳрангни
Кундузлар енголмай жоду-сеҳрингни
Аяйсан бизлардан токи меҳрингни
Ер қайда, қўл етмас, сен баланд тоғда.
Қасдландим неча бор кечмоқни сендан
Осонроқ туюлди кечмоқлик жондан
Шамдай куйиб битсам, жон чиқса тандан
Балки шунда руҳим бўлар ардоғда.
***
Сени ким деб атайин? – билмайман ҳамон
Дўстим-ми, дардим-ми, ёки муҳаббат?
Дўстим, демоқ учун, туйғу ўзгача
Севгидан– чи, озор етарди фақат.
Сизни севиб
Сизни севиб мумкин адашдим
Бўйсунмади менга муҳаббат
Висолингиз ширин туш бўлиб
Ҳижрон азоб берганди, фақат.
Нигоҳимиз тўқнашса гоҳо
Қизарарди анор юзингиз
Гап сўрасам бермайин жавоб
Сузиларди хумор кўзингиз.
Сунбул-сунбул сочларингизни
Силаган қўл балки тушунмас
Унинг учун мумкин бир эрмак
Аммо эрмак менингчун эмас.
Чиндан сизни суйиб-соғиниб
Ҳаёлимда эркалардим, рост
Қўлим ила тутиб қўлингиз
Эртагимга етаклардим, рост.
У эртакнинг қаҳрамони Сиз!
Оймисиз ё кунмисиз
Ой дейми, кун дейми ёки юлдузми
Тунимми, тонгимми ёки кундузми
Хаёлим ўғирлаб, бермайсиз тинчим
Дунёда тенгги йўқ гўзал бир сизми.
Ухласам тушларим кўрки ўзингиз
Маст қилар оғудай, хумор кўзингиз
Сизга, танҳо сизга, бордир ўтинчим
Биздай девонадан бурманг юзингиз.
Кун эмас, ҳафтамас, ойлар муштоқман
Узун тунлар бедор, ҳануз уйғоқман
Менинг ҳаёлимда сиз тубсиз денгиз
Мен эса чанқаган соҳил, қирғоқман.
Қирғоқлар
Мисли икки қирғоқ, ўртамизда сой
Баҳорги тошқиндай туташмас йўллар
Сен унда интизор, мен ҳам бунда зор
Ҳавода муаллақ узатган қўллар.
Овозим етмайди шамол дастидан
Ёзган хатларимни жўнатмоқ гумон
Икки дил бир-бирин соғина туриб
Сен менга армону, мен сенга армон.
Тўла матнни Word форматида шу ерда очишингиз мумкин
© Баҳодир Шералиев, 2011
Количество просмотров: 4846 |